Асрга татигулик йиллар

  • 11:07
  • 10,07-2019
  • 67
  • Улашинг

Бунёдкорлик, яратувчанлик борасида гап кетар экан, мустақиллик йилларида Хоразм вилоятида ҳам фахрланса арзигулик ишлар амалга оширилганлигига гувоҳ бўлиш мумкин. Вилоят ҳудудида кўплаб турар жой бинолари, ишлаб чиқариш корхоналари, таълим муассасалари, маданий-маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари бунёд этилди. Барча жабҳаларда эътирофга лойиқ натижаларга эришилди. Қўлга киритилган ютуқлар замирида юртимиздаги тинчлик ва осо­йишталик муҳим ўрин тутади. Бундай шарафли вазифани амалга оширишда Ички ишлар вазирлиги тизимидаги соҳавий хизматлар, шу жумладан, Халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш қўшинлари Урганч алоҳида батальони ҳарбий хизматчиларининг ҳам муносиб ҳиссаси бор.

Мухбиримиз ИИВ Халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш қўшинлари Урганч халқаро аэропортида хавфсизликни таъминлаш алоҳида батальони командири, подполковник Азамат Салманов билан суҳбатлашди.

– Маълумки, Халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш қўшинлари Президентимизнинг 2018 йил 8 майдаги қарорига мувофиқ Ички ишлар вазирлиги тасарруфига ўтказилди ва унга фуқаро авиацияси объектлари, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпаниясининг халқаро аэропортларини қўриқлаш ва мудофаа қилиш, объектларда жамоат тартиби ва хавфсизликни таъминлашдек муҳим вазифалар юклатилди. Ҳарбий қисмимиз эса 1994 йилнинг 20 июль куни Вазирлар Маҳкамаси қарорига мувофиқ ташкил этилган.

Ўтган чорак аср мобайнида тизимда амалга оширилган туб ислоҳотлар натижасида ҳарбий хизматчилар самарали фаолият олиб бориши учун етарли шароитлар яратилди. Сафларни маънан етук, жисмонан бақувват кадрлар билан жамлаш ишлари ижобий ҳал этилди. Ҳарбий қисм ва унга ёндош ҳудудларда кенг кўламдаги қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Ҳарбий қисм биноси замон талабларига мос ҳолда капитал таъмирдан чиқарилди. Барча қулайликларга эга бўлган хизмат хоналари, ётоқхона, ошхона ҳамда дам олиш хоналари мебель жиҳозлари ҳамда маиший техникалар билан таъминланди. Ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзолари учун турар жойлар ажратилди. Хуллас, ҳарбий қисмнинг жанговар техникалар, қурол-аслаҳа, алоқа воситалари ҳамда зарур хизмат анжомлари билан таъминланиши, аскар ва офицерларга етарли хизмат шароитларининг яратиб берилиши соҳанинг жадал ривожланишида муҳим омил бўлди.

Айни кунда ҳарбий қисмда Президентимизнинг 2018 йил 4 августдаги «Ўзбекис­тон Рес­публикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг маънавий-маърифий савиясини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори талаблари асосида бир қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Айниқса, ҳафтанинг ҳар душанба куни маънавият ва маърифат дарси, жума куни эса «Маънавий юксалиш ва ватанпарварлик куни» машғулотларининг мунтазам ўтказиб борилаётгани ходимларнинг маънавий юксалишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Мазкур тадбирларда давлат ва жамоат ташкилотларининг етакчи мутахассислари, олимлар иштирок этиб, аждодларимизнинг қаҳрамонлиги, фидойилиги, халқига, ватанига бўлган чексиз садоқатини аниқ рақамлар ва қизиқарли воқеалар мисолида ҳикоя қилиб беришяпти.

Жисмонан бақувват, маънан етук ҳамда ўз касбига садоқат билан хизмат қиладиган фидойи аскарларимиз доимо юртимизнинг чинакам ҳимоячиси бўлиб келган. Шундай экан, шахсий таркибнинг касбий маҳорати ва жанговар шайлигини ошириш, улар жисмонан бақувват, маънан баркамол бўлиши учун барча зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Ўтказилаётган йиғилишларда, ўқув ва амалий машғулотларда, маърифат ва маънавият дарс­ларида бу масалага алоҳида эътибор қаратиляпти. Айниқса, «Устоз-шогирд» анъанаси, фахрий ходимларнинг бой ҳаётий тажрибаси ёш аскарларга синчковлик билан ўргатиб борилаётгани хизмат самарадорлигининг ошишида муҳим омил бўлмоқда.

Ҳарбий хизматчиларни тарбиялаш, уларнинг қалбига Ватан ҳимояси муқаддас бурч эканлигидан ғурурланиш туйғусини сингдириш, шахсий таркибнинг ахлоқий, маънавий-руҳий тайёргарлик савиясини ошириш, уларнинг букилмас иродаси, жанговар руҳи, фаол ҳаётий позициясини шакллантириш борасидаги ишлар узлуксиз давом этмоқда.

ИИВ буйруғига асосан, жорий йилнинг 24–28 июнь кунлари Урганч халқаро аэропортида хавфсизликни таъминлаш алоҳида баталь­онининг жанговар шайлиги текширувдан ўтказилди. Тадбирнинг биринчи куни юқори жанговар шайликка келтирилган бўлинмаларнинг белгиланган манзилга ўз вақтида етиб бориши ва объектларни ҳимоя қилиши ҳамда ҳудуддаги шартли душманларни фуқароларга зарар етказмаган ҳолда қўлга олиш вазифаси тўлиқ бажарилди. Шунинг­дек, доимий бошқарувни ташкил этиш, хавфсизлик талабларига риоя қилиш, қурол-аслаҳаларнинг соз ва шайлигини таъминлаш, ҳамкорликдаги кучларнинг белгиланган муддатларда манзилга етиб бориши ва вазифаларнинг тўлиқ бажарилишига эришиш талаб даражасида эканлигини эътироф этилди. Текширув хулосасига кўра, ҳарбий қисм жанговар топшириқларни бажаришга тайёр, деб баҳоланди.

Ёшларни Ватанга муҳаб­бат, бурчга садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг миллий армиямизга бўлган қизиқишини шакллантириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилнинг ўтган 6 ойи мобайнида вилоят ҳудудидаги 18 та таълим муассасасида ўқувчилар билан учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилди. 3 марта «Очиқ эшиклар куни» ташкил этилиб, ушбу тадбирларга умумтаълим мактаблари, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ҳамда Хива меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари, шунингдек, SOS болалар маҳаллалари уюшмасининг вилоят филиали қарамоғидаги ижтимоий кўмакка муҳтож ёшлар таклиф қилинди. Тадбирларда келажагимиз эгалари бўлган ёшлар ҳарбий қисм аскарларининг жанговар кўргазмали чиқишларини, қўл жанги машғулотларини томоша қилишди ва аскарлар ҳаёти билан яқиндан танишишди. Айниқса, ҳарбий техникалар ҳамда замонавий қурол-
яроғларнинг намойиш этилиши тадбир иштирокчиларида ўзига хос қизиқиш уйғотди. Тадбирларда ёшларга бадиий китоблар, ўқув қуроллари совға қилинди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 октябрдаги 812-сонли қарорига мувофиқ, ҳарбий қисм муддатли ҳарбий хизматчиларининг маънавий-маърифий, маданий савияси ва билимини ошириш бўйича бешта фандан жами 48 соатлик ўқув дастури бўйича машғулотлар ўтказилмоқда.

Қўшин қўмондонининг 2019 йил 27 январдаги буйруғига асосан, батальон шахсий таркибидан 2018–2019 ўқув йили учун ҳарбий-касбий тайёргарликдан якуний синовлар қабул қилинди. Бунда «Энг илғор ҳарбий спортчи», «Энг яхши китобхон», «Энг илғор гуруҳ», «Энг илғор гуруҳ командири», «Энг илғор взвод» ва «Энг илғор взвод командири» номинациялари бўйича ғолиб­лар аниқланиб, муносиб рағбатлантирилди.

Бугунги кунда ҳарбий хизматчиларимиз сафида жасоратли, мард, фидойи, юксак касбий тайёргарликка эга бўлган, жиноятчиликка қарши курашишга мустаҳкам бел боғлаб, намунали хизмат қилаётганлар кўпчиликни ташкил этади. Уларни ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоя қилиш, хизматини муносиб тақдирлаб бориш ишлари белгиланган режа асосида давом этмоқда. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, мус­тақиллик йилларида юрт тинчлиги, халқ осойишталигини таъминлаш, ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашдаги самарали хизматлари учун Урганч халқаро аэропортида хавфсизликни таъминлаш батальони ходимларидан олти нафари давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланди. Ҳукуматимиз томонидан берилган бундай юксак эътибор ҳарбий хизматчиларимиз зиммасидаги вазифалар нақадар масъулиятли, нечоғлик шарафли эканлигидан далолат беради.

Қўлга киритган ютуқларимиз қанчалик салмоқли бўлса, галдаги вазифаларимиз ҳам шунчалик масъулиятли ва шарафлидир. Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти истиқлол йилларида амалга оширилган ишларга ижобий баҳо бериш билан бирга, олдимизга катта вазифаларни қўйди. Биринчи навбатда, қўриқланаётган ҳудудлар хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш, жиноят содир этишга олиб келадиган ҳолатларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш борасидаги ишларимизни янада жадаллаштиришимиз лозим. Ҳарбий хизматчиларимиз белгилаб берилган бундай вазифаларни чуқур таҳлил қилиб, тинчлик ва осойишталикни таъминлашда мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланишмоқда. Бу борада жорий йилнинг
6 ойи таҳлилига назар ташлайдиган бўлсак, ҳарбий хизматчиларимиз томонидан ҳудудлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича барча зарурий чора-тадбирлар кўрилди ва 12 та маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланди. Шунинг­дек, белгиланган ҳудудларда жиноят содир этилишига йўл қўйилмади.

Ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний ҳамда жанговар маҳоратини ошириш хизмат самарадорлигининг ошишида муҳим роль ўйнайди. Шу боис улар иштирокида ўтказилаётган машғулотлар малакали мураббийлар томонидан олиб борилмоқда. Натижада ўтган йилларда 4 нафар ҳарбий хизматчи халқаро тоифадаги спорт устаси, 7 нафар ҳарбий хизматчи спорт устаси, 8 нафари эса спорт усталигига номзодлик меъёрларини бажаришди. Айни кунда ҳарбий хизматчиларимиз янада самарали натижаларни қўлга киритиш учун астойдил ҳаракат қилишмоқда.

Халқимизнинг беҳадик яшаши ва меҳнат қилишига эришиш, барқарор турмуш тарзини вужудга келтириш учун астойдил ҳаракат қилаётган ҳарбий хизматчиларимиз куну тун ҳушёрлик билан хизмат қилишмоқда. Бундай шарафли вазифа она Ватанга фидойилик, истиқлол ғояларига садоқат, меҳнаткаш халқимизга бўлган ҳурмат ва эътиборнинг ёрқин ифодасидир.

 

Худойберган ЖАББОРОВ ёзиб олди.

Хоразм вилояти.

Муаллиф олган суратлар.