ЙПХ Инспекторлари беллашуви

  • 12:05
  • 15,05-2019
  • 41
  • Улашинг

   Мамлакатимизда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, фуқароларимизнинг ҳаёти ва соғлигини, мол-мулкини ҳимоя қилиш юзасидан самарали тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, қонун ва қоидалар, меъёрий ҳужжатларга замон талабидан келиб чиққан ҳолда қўшимча ва ўзгартишлар киритиб бориш орқали ҳаракат иштирокчиларида йўл интизомига қаттиқ амал қилиш ҳиссини юксалтиришга, ҳаракатланиш маданиятини оширишга катта аҳамият бериляпти. Бунга мисол қилиб, Президентимиз томонидан 2017 йил 11 июль куни тасдиқланган “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3127-сонли қарорини кўрсатиш ўринлидир.

   

Аҳамиятли томони шундаки, қарорда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашнинг асосий йўналишларини амалга ошириш бўйича Ички ишлар вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг энг муҳим вазифалари белгилаб берилди. Жумладан, йўл-патрул хизмати ходимларининг хизмат вазифаларини лозим даражада бажариши устидан назоратни коррупция ва ваколатини суиистеъмол қилиш ҳолатларини истисно этадиган тарзда кучайтириш, шунингдек кадрларни танлаш, уларни касбий тайёрлаш ва қайта тайёрлашнинг таъсирчан механизмини жорий этиш вазифаси қўйилди. Чунки юксак эътиқодли, чуқур билимга эга, муомалада маданиятли ходимлар ҳаракат иштирокчилари билан юзага келиши мумкин бўлган турли зиддиятларнинг олдини олади. Фуқаролар ўртасида соҳага йўл ҳаракати хавфсизлиги нисбатан ижобий фикрларни шакллантиради.

   Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, шунингдек, қарор ижросини таъминлаш мақсадида ИИВ ЙҲХ бош бошқармаси томонидан бир қатор ишлар амалга оширилди ва бу борадаги ишлар давом эттирилмоқда.

   Кадрлар малакасини, касбий ва жанговар тайёргарлигини ошириш устувор вазифалардан бири эканлигини инобатга олган ҳолда, ЙҲХББ томонидан ИИВнинг “Ички ишлар органлари йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари ўртасида кўрик-танлов ўтказиш тўғрисида”ги буйруғига асосан ЙПХ инспекторлари ўртасида кўрик-танлов ташкил этилган бўлиб, бу танловлар ҳар йили маълум бир ҳудудда ўтказиб келинмоқда. Бу йилги кўрик-танлов мусобақалари Бухоро вилоятида ташкил этилди.

   Кўрик-танловга Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ, Тошкент шаҳар ИИББ ва вилоятлар ИИБ ЙҲХБларининг ходимлари жалб этилди. Иштирокчилар икки гуруҳга бўлинган ҳолда мусобақа  дастурига киритилган шартларни бажаришни бошлашди. Йўл ҳаракати қоидаларидан имтиҳон, меъёрий ҳужжатлар бўйича тест синови, ўқ отиш, қўл жанги, спорт тўсинида тортилиш, 100 ва 3000 метрга югуриш, тартибга солувчининг ишораларини изоҳи билан амалий кўрсатиш ва якка тартибдаги суҳбат каби турлар ҳар бир ходимнинг касбий ва жанговар холати қандай эканлигини яққол кўрсатади.

   Мусобақалар қизғин баҳс ва кўтаринкилик билан бошланди. Ҳар бир иштирокчи ўз жамоаси ғалабасига муносиб улуш қўшиш учун астойдил тайёргарлик кўрганлигини намойиш этмоқда. Мусобақаларни ўтказиш учун яратилган қулай шарт-шароитлар эса уни янада қизғин ўтишига замин яратмоқда.

   Ғолиблар тўғрисида гапиришга ҳали эрта. Олдинда  жиддий беллашувлар, синовлар турибди. Танлов якунида иштирокчиларни Бухоро вилоятининг диққатга сазовор жойлари, тарихий қадамжоларига сайёҳат уюштириш ҳам режалаштирилган.

 

                                             Акмал ЮНУСОВ

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ матбуот хизмати бошлиғи