Ишчан руҳдаги мулоқот

  • 12:06
  • 10,06-2019
  • 133
  • Улашинг

Туркия Бош вазири Девони ҳузуридаги Туркия Ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлигининг (TIKA) Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари Али Эҳсон Чағлар бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Республикаси ИИВга ташриф буюрди. Меҳмонлар билан ИИВ Ташкилий департаментининг Юридик таъминлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари
Азамат Раджапов суҳбатлашди.

TIKA Туркияни тарихий ва маданий ришталар билан боғлаган давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида 1992 йилда ташкил этилган. 2002 йилгача TIKA 12 та филиал очиб, 2500 дан зиёд турли йўналишдаги лойиҳа ва дастурларни амалга оширди. Агентлик Туркиянинг фаол ва принципиал ташқи сиёсатига мувофиқ, ўзи фаолият олиб бораётган мамлакатлар сонини ошириб бормоқда. Бугунги кунда TIKA 59 та давлатда 61 та дастурни рўёбга чиқариш бўйича мувофиқлаштириш марказларига эга бўлган, 170 та мамлакатда ўз фаолиятини юритаётган йирик ташкилотдир.

Учрашувда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид ишларнинг ҳолати, суд-ҳуқуқ ва ҳуқуқ-тартибот соҳаларида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳамда уларнинг натижалари муҳокама этилди. Мулоқот чоғида таъкидланганидек, Ўзбекистонда, жумладан, ички ишлар органлари тизимида амалга оширилаётган туб ўзгаришлар, авваламбор, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилгандир. Меҳмонлар
2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бў­йича Ҳаракатлар стратегияси билан таништирилди.

Мазкур ҳужжатни амалга ошириш жараёнида суд ҳокимиятининг тўла мустақиллигини таъминлаш, одил судлов сифати ва шаффофлигини ошириш, «Хабеас корпус» институтини кенг жорий этиш, коррупция­га қарши курашишнинг самарали тизимини яратиш, адолат ўрнатиш ва ишнинг тўғри ҳал этилиши учун муҳим бўлган бошқа масалаларда, шунингдек, қонуний, асосланган ва адолатли қарор чиқаришда суд ва тергов органларининг масъулиятини оширишга қаратилган бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингани қайд этилди. Эътироф этилганидек, Ҳаракатлар стратегияси амалга оширилаётган қисқа давр ичида ички ишлар органлари фаолиятини такомиллаштириш масалаларига оид 100 га яқин қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Жумладан, ички ишлар органлари тизимида олиб борилаётган ислоҳотларга алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув якунида Али Эҳсон Чағлар 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини рўёбга чиқариш доирасида мамлакатимиз раҳбариятининг инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширган чора-тадбирлари ва уларнинг натижаларини юқори баҳолади. Бу эса, ўз ўрнида, Ўзбекистоннинг жаҳон майдонидаги нуфузига ижобий таъсир кўрсатаётгани таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, ички ишлар органларининг инсон ҳуқуқларини таъминлашга оид фаолиятидаги катта ва ижобий ўзгаришлар ҳам делегация аъзоларида яхши таассурот қолдирди.

Учрашув иштирокчилари келгусида ҳам ўзаро манфаатли ҳамкорлик масалалари бўйича очиқ мулоқот ўтказишга умид билдиришди.

 

Бобур МУҲАМЕДОВ,

майор.