Ҳукуматлараро комиссиянинг 10-йиғилиши бўлиб ўтди

  • 11:02
  • 16,02-2019
  • 154
  • Улашинг

 

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Р. Эргашев бошчилигидаги делегация Ўзбекистонда истиқомат қилаётган немислар масалалари бўйича Ўзбекистон–Германия Ҳукуматлараро комиссиясининг Берлин шаҳрида бўлиб ўтган ўнинчи йиғилишида иштирок этди.

 Тадбирда Германия томонидан Федерал ҳукуматнинг кўчиб келганлар ва озчиликни ташкил этувчи миллатлар ишлари бўйича вакили, Ҳукуматлараро комиссиянинг ҳамраиси Бернд Фабрициус қатнашди.

 Ф. Фабрициус мажлисни очар экан, Германия делегациясининг 2018 йил март ойида Ўзбекистонга қилган ташрифини ёдга олди. Ўшанда Ўзбекистонда истиқомат қилаётган немислар билан боғлиқ бир қатор масалалар муҳокама этилган эди. Ҳукуматлараро комиссиянинг 10-йиғилишига тайёргарлик доирасида Ўзбекистон Республикаси ИИВда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида, Бухоро ва Фарғона вилоятлари ҳокимиятларида бир қатор икки томонлама самарали учрашувлар ўтказилган.

Бернд Фабрициус ўзбекистонлик шериклар билан ўтказилган музокаралар жуда самарали ва фойдали бўлганини, ўтган давр мобайнида томонлар қўшма коммюникеда белгиланган бир қатор вазифаларни амалга оширишганини таъкидлади. Шунингдек, Ҳукуматлараро комиссия маданиятлараро мулоқотни ривож­лантиришга муносиб ҳисса қўшаётганини қайд этди.

Ўзбекистон Республикасининг бир қатор шаҳарларида фаолият юритаётган немис маданият марказларига кўрсатилаётган ёрдам ва кўмак учун миннатдорлик билдирди.

Маълумки, Германия Ўзбекистонни Марказий Осиё минтақасидаги муҳим шерик деб ҳисоблайди. ГФР 1991 йил 31 декабрда Ўзбекистон Респуб­ликасининг мустақиллигини дунёда биринчилар қаторида тан олган давлатлар сирасига киради. 2017 йилда Германия Федератив Республикаси ва Ўзбекистон Рес­публикаси ўртасидаги дипломатик алоқалар ўрнатилган сананинг 25 йиллиги нишонланди. Бу давр ичида икки дўст давлат ўртасида сиёсий, иқтисодий ва маданий муносабатлар тўлалигича шаклланди. Шу билан бирга, Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистон сиёсий ва иқтисодий нуқтаи назардан, шунингдек, хавфсизлик масалаларини ҳал этишда Германия, Европа Иттифоқи учун катта стратегик аҳамият касб этади.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил январь ойида Германияга режалаштирилаётган сафари икки томонлама муносабатлар ривожланишида муҳим воқеа бўлиб, бу икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг чуқурлашишига хизмат қилади.

Федерал ҳукумат вакили Бернд Фабрициус хавфсизлик борасида, сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-ижтимоий соҳаларда Ўзбекистон Республикаси билан кўп қиррали ишчан ҳамкорликнинг келгусидаги ривожига Германия катта қизиқиш билдираётганини айтиб, Ўзбекис­тонда истиқомат қилаётган этник немисларни қўллаб-қувватлаш масаласида самарали ҳамкорликни давом эттириш ниятида эканлигини маълум қилди. Ўз ўрнида, делегациямиз аъзолари Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ Германияга кўмаклашишга тайёр эканини билдирди.

Тадбир давомида немис миллатига мансуб Ўзбекистон фуқароларини ижтимоий ва тиббий томондан қўллаб-қувватлаш масаласи муҳокама этилди. Келиб чиқиши немис бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси ёрдамга муҳтож бўлса, у ёки бу сабаб билан Ўзбекистонда амалга ошириш мумкин бўлмаган муҳим тиббий операцияни ўтказиш зарурати туғилганда, Гамбург шаҳридаги Қизил Хоч жамияти билан алоқа боғлаш имкониятига эга. Шундан сўнг мазкур ташкилот тегишли клиника билан тўғридан-тўғри шартнома тузиб, зарур харажатларни ўз зиммасига олади.

Учрашув якунида Бернд Фабрициус Ўзбекистонда яшовчи немислар ҳамда Ўзбекистондан кўчиб кетган ва ҳозир Германияда истиқомат қилаётган немис миллатига мансуб шахслар икки дўст давлат ўртасидаги ўзига хос кўприк эканини таъкидлади.

Делегациямиз раҳбари, полковник Р. Эргашев ва Ўзбекистон Республикаси идоралари вакиллари ўз чиқиш­ларида маданиятлараро мулоқотни ривожлантириш, миллий диаспоралар ва этник озчиликни ташкил этувчи миллатларни қўллаб-қувватлаш борасида республикада амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий сиёсат ва бу соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот беришди.

Ҳукуматлараро комиссия йиғилишида, шунингдек, Ўзбекистон Респуб­ликасининг ГФРдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Н. Қосимов ҳам иштирок этди ва сўзга чиқди.

Куннинг иккинчи ярмида делегациямиз вакиллари ГФР Бундестагида бўлиб, Германия Социал-демократик партиясининг Бундестагдаги депутати, Германия Федератив Республикаси ТИВдаги Федерал ҳукуматнинг Россия, Марказий Осиё ва Шарқий шериклик давлатлари билан жамиятлараро ҳамкорлик бўйича координатори Дирк Визе билан музокаралар ўтказишди.

Тадбир якунида музокаралар натижалари бўйича ва 2019 йилда Ўзбекис­тон Республикасида ўтказилиши режалаштирилаётган комиссиянинг навбатдаги 11-йиғилишини ўтказишгача бўлган давр учун Ҳукуматлараро комиссиянинг вазифалари белгилаб берилган Қўшма коммюнике имзоланди.

Э. МАЪРУПОВ,

Ички ишлар вазирлиги

 Халқаро ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи ўринбосари,

подполковник.

Ўхшаш мақолалар