Иллатдан йироқ бўлинг!

  • 11:03
  • 13,03-2020
  • 119
  • Улашинг

Инсоният XXI асрда кўп­лаб глобал таҳдидларга дуч келмоқда. ОИВ инфекцияси ва ОИТС касаллиги ана шундай умумбашарий муаммолардан биридир. БМТнинг ОИВ/ОИТС бўйича дастури – UNAIDS маълумотларига кўра, бугунги кунда дунё бўйича 37 миллиондан ортиқ аҳолида ОИВ инфекцияси аниқланган. Жаҳон миқ­ёсидаги ушбу офат нафақат одамлар ҳаётига таҳдид солади, балки жамият ва давлат тараққиёти учун ҳам сезиларли даражада салбий таъсир кўрсатади.

Мамлакатимизда ОИВ инфекциясининг олдини олиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга, ОИВ инфекциясини юқтириш билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини олиш, бунга имкон бераётган сабаб ва шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўтган йили сентябрь ойида ИИВ Жиноят қидирув бош бош­қармасининг Гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши курашиш бошқармаси таркибида ОИВ инфекцияларини тарқатишга қарши курашиш бўлими ташкил этилиб, жойларда мазкур хизматнинг бўлим-бўлинмалари фаолияти йўлга қўйилди. Қисқа вақт мобайнида малакали ходимлардан иборат шахсий таркиб жамланиб, моддий-техник база шакллантирилди. Шунингдек, ҳисобот шакллари йўлга қўйилиб, ОИВ инфекциясини тарқатишга мойил шахслар назоратга олинди. Ўтган йилнинг 20–21 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган ўқув семинари ходимларнинг касбий малакасини оширишда муҳим ўрин тутди.

– Маълумки, ОИВ инфекцияси тарқалишининг олдини олишда давлат ва жамоат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлиги муҳим аҳамиятга эга, – дейди бўлим катта тезкор вакили, майор Регина Исломбекова. – Шу боис хизмат фаолиятимизда бу масалага алоҳида эътибор қаратганмиз. Хусусан, 2019 йил 20 августда Ички ишлар ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликларининг қўшма қарори қабул қилинган бўлиб, айни пайтда бир қатор ташкилот ва идоралар билан ҳамкорликда иш олиб боряп­миз. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги, Ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика ОИТСга қарши кураш маркази ҳамда унинг жойлардаги бўлимлари шулар жумласидандир.

Ҳар қандай иллатнинг, ҳуқуқбузарлик ёки жиноятнинг олдини олишда профилактик тарғибот тадбирлари муҳим ўрин тутиши, шубҳасиз. Шуни эътиборга олган ҳолда, бўлим ҳамда унинг ҳудудий бўлим-бўлинмалари томонидан жойларда кўп­лаб профилактик тадбирлар ўтказилмоқда. Биргина ўтган йилнинг ўзида давра суҳбатлари, семинарлар кўринишидаги 15 мингдан ортиқ тарғибот тадбирлари ташкил этилди. Маҳаллаларда, таълим муассасаларида, корхона ва ташкилотларда ўтказилган мазкур тадбирларда ОИТС касаллиги, шунингдек, ОИВ инфекциясини тарқатиш билан боғлиқ ҳолатлар, бундай ҳолатларга нисбатан жиноий жавобгарлик масаласи ҳақида иштирокчиларга батафсил маълумотлар берилди. Бундан ташқари, оммавий ахборот воситалари орқали 1400 га яқин долзарб мавзуларда чиқишлар қилингани ҳам эътиборлидир.

Таъкидлаш жоизки, амалга оширилаётган ишлар бесамар кетмаяпти. Бўлим хизмат фаолиятини бошлаганига кўп вақт бўлмаган бўлса-да, 2019 йилда ОИВ касаллигини юқтириш билан боғлиқ жиноий ҳолатларни аниқлаш аввалги йилга нисбатан 90 фоизга ортди. Табиийки, аниқланган ҳолатлар юзасидан айбдорларга нисбатан қонуний чоралар кўрилиши таъминланмоқда.

Мана, бир мисол. 1988 йилда Сурхондарё вилоятида туғилган С.С. исмли аёл турмуши бузилгач, иш топиш ниятида Тошкент шаҳрига келади. Аммо кўп ўтмай енгил табиатли аёллар билан танишади ва пул топишнинг тубан йўлини танлаб, фоҳишалик билан шуғуллана бошлайди. Шу орада кимдандир ОИВ инфекциясини юқтириб олади. Республика ОИТСга қарши кураш маркази томонидан рўйхатга олинади.

Таассуфки, шундан ке­йин ҳам С.С. носоғлом ҳаёт тарзини олиб бораётгани аниқланди. Ходимларимиз ўтказган тезкор-профилактик тадбирлар натижасида у ОИВ касаллигини юқтириш ёки юқтириш хавфи остида қолдириш жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида огоҳлантирилганига қарамай, пойтахтимизнинг Яшнобод туманида яшовчи тўрт нафар фуқарога жинсий алоқа пайтида касалликни юқтиргани маълум бўлди.

Мазкур ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар асосида жиноят иши қўзғатилиб, айни пайтда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Хулоса сифатида шуни қайд этиш лозимки, ОИВ касаллиги ва ОИТС кишини охир-оқибат туби кўринмас чоҳга етакловчи иллатдир. Шундай экан, доимо соғлом турмуш тарзига риоя этинг ва бу мудҳиш иллатдан йироқ бўлинг.

Шуҳрат Раджабов,

подполковник.

Камол ОЛЛОЁРОВ,

«Postda» мухбири.