Ҳамкорлик истиқболлари белгиланди

  • 10:10
  • 14,10-2019
  • 1045
  • Улашинг

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармасида Беларусь Республикаси ИИВ Жазони ижро этиш департаменти вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Беларусь Республикаси ИИВ Жазони ижро этиш департаменти бош­лиғи, генерал-майор Олег Маткин раҳбарлигидаги делегация аъзо­ларини Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари – ЖИЭББ бошлиғи, полковник Баҳромбек Адилов қабул қилди.

Полковник Б. Адилов мазкур учрашув ҳамкорликнинг янада ривожланишига хизмат қилишини таъкидлаб, меҳмонларни бош бош­қарма томонидан фаолиятнинг турли йўналишлари бўйича амалга оширилган ишлар натижалари билан таништирди. Мулоқот чоғида таъминот тартиби ҳамда махсус контингент устидан назорат қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, жазони ижро этиш муассасалари қошида ташкил этилган давлат унитар корхоналарининг фаолияти муҳокама этилди. Ходимларнинг касбий тайёргарлиги, шахсий таркибнинг хавфсизлигини таъминлаш масалалари ҳақида ҳам фикр юритилди.

Учрашув давомида пенитенциар соҳадаги ҳамкорлик ва биргаликдаги фаолиятнинг истиқболли йўналишлари, пенитенциар тизимнинг кадрлар салоҳиятини ошириш масалалари муҳокама этилди. Ўз ўрнида, делегация аъзолари ходимларнинг касбий тайёргарлигини ташкил қилиш юзасидан ўз тажрибалари билан ўртоқлашишди.

Колониялардаги ишлаб чиқариш мажмуасини ривожлантириш, минтақадаги ахлоқ тузатиш муассасаларида жазони ўтаётган маҳкумлар бандлигини таъминлаш кун тартибининг яна бир муҳим масаласига айланди. Томонлар маҳкумларга тиббий ёрдам кўрсатиш даражаси ҳақида сўз юритиб, уларни озодликдаги ҳаёт учун тайёрлаш жараёнини такомиллаштириш борасида ўзаро маълумот алмашишди, келгуси ҳамкорликнинг истиқболларини белгилаб олишди.

Меҳмонлар самимий қабул учун миннатдорлик билдиришди. Тадбир иштирокчилари учрашувнинг ишчан руҳда ўтганини ва идоралараро ҳамкорликнинг муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида қайд этишди.

Мазкур тадбир доирасида делегация аъзолари ИИВ ЖИЭББнинг бир қатор режимли муассасалари фаолияти билан танишишди. Уларга ҳамроҳлик қилган мутахассислар муассасада тарбиявий ишлар қандай тамойил­лар асосида олиб борилаётгани, ишлаб чиқариш фаолияти қандай ташкил этилаётгани ва тиббий хизмат қандай кўрсатилаётгани ҳақида сўзлаб беришди.

Азиза БАҲОДИРОВА,

лейтенант.

Содиқ ҲАКИМОВ олган сурат.