Сан-Франциско: кунботарда қуёш ботганда

  • 19:09
  • 28,09-2019
  • 951
  • Улашинг

(Давоми. Бошланиши ўтган сонда).

Жиноятчилар ороли

Олис-олисларда бир пайтлар кўпчилик номини хавотир билан тилга оладиган Алькатрас ороли кўринади. Алькатрас тарихда ўзининг қаттиқ тартибли қамоқхонаси билан ном қозонган.

Дастлаб XIX аср ўрталарида ҳарбий истеҳком сифатида қурилган бу қалъа кейинчалик ҳарбий асирлар учун қамоқхонага айлантирилган. Бу ерда узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинган энг ашадий жиноятчилар сақланган. Бир пайтлар жиноят оламининг машҳур вакили Аль-Капоне ҳам умрининг бир қисмини шу ерда тутқунликда ўтказган. Бу қамоқхона «Чўққи», «Алькатрасдан қочиш», «Биринчи даражали қотиллик» фильмлари орқали ҳам томошабинларга яхши таниш.

Алькатрас 1963 йилда қамоқхона сифатида ўз фаолиятини тўхтатади. Бунга сабаб қилиб маҳкумларни оролда ушлаб туриш жуда қимматга тушгани айтилади. 1969 йилда бир гуруҳ америкалик ҳиндулар оролни батамом эгаллаб олишади ва у ерни шахсий мулклари деб эълон қилишади. 1971 йилда Америка ҳукуматининг қарори билан ҳиндулар оролдан чиқарилади ва у «Олтин кўприк» Миллий томошабоғининг бир қисми деб эълон қилинади.

Бир пайтлар бу орол алоҳида иҳоталанган ҳудуд ҳисобланган. У ерга фақат тегишли рухсатномаси бўлган давлат хизматчилари киритилган, холос. Бугунги кунда орол ва ундаги эски қамоқхонага бориш туристлар учун қийинчилик туғдирмайди. Қирғоқдан Алькатрасга махсус паромлар қатнайди. Афсуски, саёҳатимиз дастурида бўлмагани учунми, бу тарихий оролга бориш ва эски қамоқхонани кўздан кечириш насиб этмади.

«Олис ғарб»нинг шарқона гўшаси 

Маълумки, дунёнинг турли йирик шаҳарларида (Хитойдан ташқари) хитойликлар яшайдиган ёки фаолият кўрсатадиган даҳалар Чайна-таун (China Town) деб аталади. Дунёдаги энг катта ва энг қадимий хитойликлар даҳаси ҳам айнан Сан-Францискода жойлашган.

XIX асрнинг 60-йилларидан бошлаб Хитойдан тинч океани орқали жуда кўп муҳожирлар Сан-Францискога оқиб кела бошлайди. Улар Американинг йирик концернларида арзон ишчи кучи сифатида ёлланиб ишлашарди. Бу эса кейинчалик шаҳарда ишсизлик даражасининг ортиши ва аҳолининг жиддий норозилигига сабаб бўлди. 1882 йилда маҳаллий ҳукумат хитойликлар миграциясини чеклаш ҳақида қарор чиқарди. Аммо кейинчалик шаҳарда аҳолининг камайиб кетиши бу қарорнинг бекор қилинишига сабаб бўлди.

Бугун шаҳар аҳолисининг бешдан бир қисмини хитойликлар ташкил қилади. «Чайна-таун» кўчаларини кезар экансиз, ўзингизни Америкада эмас, кўпроқ Пекин ёки Шанхай кўчаларида юргандек тасаввур қиласиз. Чунки ҳар қадамда хитой маҳсулотлари билан савдо қиладиган дўконлар, Хитой ресторанлари, маданий марказлари, девор ва пештоқларда Хитой иероглифлари кўзга ташланади.
1970 йилдан бошлаб ҳар йили бу ерда хитойча янги йил фестивали ўтказилади.

Зиддиятлар шаҳри

Сан-Франциско ҳар жиҳатдан зиддиятли шаҳар. У бир қарасангиз тинч, сокин, хавфсиздек туюлади. Аммо бу шаҳарни унчалик хавфсиз деб бўлмайди. Сан-Франциско дунёнинг энг кўп жиноят содир этиладиган 50 та йирик шаҳридан бири саналади. Уйсизлик шаҳарнинг энг катта муаммоларидан бири. Бу шаҳардаги ҳар бир уйи бор одамга битта уйсиз тўғри келади. Шаҳар кўчаларида тиланчилар, дуч келган жойда тунаб кетаверадиган дайдиларга ҳам тез-тез кўзингиз тушади. Гарчи шаҳар маъмурияти уларни камайтириш учун тегишли чоралар кўраётган бўлса-да, бу муаммо ҳали тўла-тўкис ҳал қилинмаган.

Сан-Франциско мамлакатнинг жиноятчилик нисбатан юқори шаҳарларидан бири. Кейинги йилларда оғир жиноятлар бироз камайган бўлса-да, майда қонунбузарликлар, айниқса, майда ўғирликлар ва фирибгарликлар аҳоли гавжум ҳудудларда учраб туради. Шу боисдан бу ерда полиция ходимлари ҳам нисбатан кўпроқ. Сан-Франциско полиция бошқармаси 1849 йилда ташкил топган. У ҳозирда шаҳарнинг турли гавжум нуқталарида ўз бўлинмаларига эга. 1890 йилдан бери шаҳарнинг кўрфаз қисмида Сан-Франциско полиция академияси фаолият кўрсатиб келади. Ҳар йили бу таълим масканини юзлаб ёшлар битириб чиқади. Бу ерда АҚШнинг турли ҳудудларидан келган курсантлар таълим олишади.

Хайриятки, сафаримиз асносида аэропорт полиция бюросидаги одатий текширувларни айтмаганда, полициячиларга ишимиз тушмади ҳисоб. «Олтин дарвоза» Миллий томошабоғида, кўрфаз яқинида жамоат хавфсизлигини назорат қилиб юрган бир нечта полиция ходимини кўрдик. Улар кинолардагидек жиддий ва самимий эди...

Самолёт ердан кўтарилган чоғда кунботарнинг ғарбида қуёш уммон бағрига эндигина бош қўйганди. Асрнинг шиддатли қиёфасини ўзида акс эттирган йирик шаҳар билан иллюминатор оша хаёлан хайрлашдик.

Рустам ЖАББОРОВ.