Сан-франциско: кунботарда қуёш ботганда

  • 11:09
  • 25,09-2019
  • 924
  • Улашинг

Одатда Ғарб деганда Европа ёхуд Американи тушунамиз. Аслида шарқ, ғарб, шимол, жануб тушунчалари ҳам нисбий эканини баъзан унутиб қўямиз. Биз ғарб деб атайдиган Американинг ғарбий қирғоқлари «Кунчиқар мамлакат» номини олган Япония учун шарқ ҳисобланиши Альберт Эйнштейннинг нисбийлик назариясини яна бир карра ёдга солади. Американинг Тинч океанига уланиб кетган Сан-Франциско қўлтиғида туриб, уммоннинг поёнсиз кенгликларига тикиларканман, беихтиёр шу фикрлар хаёлимдан ўтди.

...Мен Сан-Францискони киноларда кўрганман, у ҳақида китобларда ўқиганман (Америка ёзувчиси Жек Лондон ҳам шу ерда таваллуд топган). Айни дамда ортимда ана шу улкан шаҳар турганини тасаввуримга сиғдиролмайман. Қаршимда эса кўрфазнинг икки соҳилини бирлаштирган узун пўлат кўприк. Дарвоқе, Америка Қўшма Штатлари бўйлаб ташкил қилинган медиа-тур дастури бўйича сўнгги манзил – Сан-Францискога айнан мана шу – Бэй-бриж кўприги орқали кириб келдик.

Америкадаги энг узун кўприк

Окленд ва Сан-Франциско шаҳарларини боғлаб турадиган Бэй-брижнинг умумий узунлиги 7200 метрни ташкил қилади ва ўз меъморий ечимига кўра, дунёдаги энг гўзал ҳамда йирик осма кўприклар қаторида туради. Кўприкнинг нариги томонида Калифорниянинг йирик шаҳарларидан яна бири Окленд жойлашган. Ҳар куни бу кўприк орқали ўн минглаб машиналар ўтиб қайтади.

Худди шу ердан – соҳилдан сайёҳларни кўрфаз бўйлаб сайр қилдиришга мўлжалланган паромлар қатнайди. Паром ёрдамида кўрфаз оралаб шаҳардаги иккинчи кўприк – Golden Gateга қадар сузиб бориш мумкин. Америкада ҳеч нарсага навбат кутилмайди, деганлар янглишади. Биз ана шундай паромларнинг бирига чипта олиш учун анча навбат кутдик. Лекин навбатда турган турнақатор одамларнинг охири кўринмасди. Охири сабримиз чидамай, ортга қайтдик. Ҳарқалай, кўрфазни соҳилда туриб ҳам томоша қилиш мумкин-ку.

Қаршимизда кўрфаз, ортимизда эса ҳар йили миллионлаб сайёҳларга қучоқ очадиган машҳур шаҳар! Дарвоқе, Сан-Франциско шаҳри АҚШнинг катталиги бўйича 13-шаҳри ҳисобланади. Айни пайтда бу ерда 883 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади (негадир мен кўпроқ бўлса керак деб ўйларканман).

Авлиё франциск шарафига

Икки ярим аср муқаддам бу ерда Америка ҳинду қабилаларидан бири – олонлар истиқомат қилишган. Бу ерга илк бор испан истилочилари 1776 йилда кириб келган ва яқин орадаги оролда илк манзилгоҳлари (Буэ­но Йерба)ни қуришган. Кейинчалик испанлар оролдан материк томонга ҳам ўтиб, ўз ҳудудларини кенгайтира бошлашган.

Орол 1821 йилгача Испанияга, сўнг то 1848 йилгача Мексикага қарашли бўлган. Америка–Мексика урушидан кейин бутун Калифорния ҳудуди АҚШ ихтиёрига ўтади ва ўша даврлардан бошлаб авлиё Франциск шарафига Сан-Франциско номини олади. Бироқ шаҳарда ҳозирга қадар испан тили иккинчи тил саналади. Кўчаларда, жамоат жойларида ҳар икки тилдаги эълонларни кўриш мумкин.

1906 йилда юз берган кучли табиий офатлар шаҳарга ҳалокатли таъсир кўрсатади. 7,7 магнитудали зилзила ортидан соҳил бўйидаги шаҳар кучли сув тошқини остида қолади. Кутилмаганда келиб чиққан ёнғин шаҳарнинг катта қисмини култепага айлантиради. Шаҳарнинг қайта қад ростлаши учун йиллар керак бўлди. Бугун эса Сан-Франциско дунёнинг энг гўзал ва жозибадор шаҳарларидан биридир.

Сан-Франциско ўзининг нисбатан салқин иқлими билан бошқа шаҳарлардан фарқ қилади. Ҳатто Аризонада ёз чилласида нафас олиш қийин бўлиб турган бир пайтда кечки пайт Сан-Франциско кўчаларида қалинроқ кийинмасангиз, совқотишингиз ҳеч гап эмас. Бир пайтлар Марк Твен ҳазиллашиб: «Мен умримдаги энг қаҳратон қишни Сан-Францискода, ёз ойларида кўрганман», деган эди.

«Олтин дарвоза» остонасида

Хуллас, Бэй-бриждан «Олтин дарвоза»гача паромда сузиб бориш насиб этмади. Шаҳарнинг энг хушманзара масканларидан бўлган бу ҳудудга қуруқлик орқали – таксида боришга қарор қилдик. Шаҳардаги тирбанд­лик сабаб 10–12 чақиримлик масофани бир соатдан кўпроқ вақт давомида босиб ўтишга тўғри келди.

Соҳилбўйига яқинлашган чоғда йўлнинг икки томонини эгаллаган ям-яшил тепалик­лар, яшил ўрмонлар кўзга ташланади. Ниҳоят, «Олтин дарвоза» (The Golden Gate Park) томошабоғига кириб бордик. Томошабоғ –сайёҳлар ва шаҳарликларнинг энг севимли маскани. Баланд тепаликлардан туриб Тинч океанининг муҳташам манзараларини кузатиш кишига айрича завқ беради.

Томошабоғ шаҳарнинг океанга туташ Крисси-фильд водийсида жойлашган. Ўтган аср бошларида бу ерда ҳарбий аэродром қурилган. Биринчи жаҳон уруши даврида бу аэродром муҳим стратегик вазифаларни бажарган. 1919 йилда АҚШ Ҳарбий ҳаво кучлари майори Дана Крисси ҳарбий самолётда Солт-Лейк Сити аэродромида учиш-қўниш машқларини бажараётиб, ҳалокатга учрайди. Марҳум майорнинг номини абадийлаштириш мақсадида бу ҳудудга Крисси филд (Крисси даласи) номи берилади. 1976 йилда ҳарбий аэродром ёпилади. 1994 йилда эса «Олтин дарвоза» томошабоғи кенг омма учун очиқ деб эълон қилинади.

Крисси фильд ям-яшил далалар, мовий денгиз билан туташган ҳудуд. Олисдан шиддат билан ёпирилиб келаётган асов тўлқинлар худди бир муддат тин олмоқчидек ўзини заминнинг яшил кўрпаси устига ташлайди-ю, ниманидир унутгандек яна сирғалганча ортга қайтади. Майсазорда дам олиш кунини ўтказиш учун келган кўплаб оилаларни кўриш мумкин. Калифорнияда 70 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари яшайди. Шу боис қулоққа турфа тиллардаги хитоблар чалинади. Беихтиёр дайди шаббодалар қаердандир янги пишаётган кабоб ҳидини димоққа уради. Ана, сал нарироқда эронлик йигит қўрага терилган кабобларни газета билан елпияпти. Ўн-атрофида болалари чоп­қиллаб юрибди. Ундан сал нарироқда хитойлик ёш келин-куёв қўлтиқлашиб, сокин сайр қилишади. Зум ўтмай, ёнимиздан малласоч қиз телефонда ким биландир русча гаплашиб ўтиб кетди. Очиқ денгиз соҳилида қирмизи сари кийган ҳинд аёли кафтини пешонасига тираб, яқин атрофда чўмилаётган болаларини хавотир билан кузатарди.

(Давоми бор).

Рустам ЖАББОРОВ,

журналист.