Ютуқлар янги марралар сари чорлайди

  • 16:05
  • 27,05-2019
  • 773
  • Улашинг

 

           ИИВ Академиясида халқаро таълим хизматларини интеграциялаш ва жаҳон ахборот маконида нуфузини ошириш учун янада кенгайтириш ҳамда ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган ишлар сўнгги йилларда янада фаоллашди. Халқаро полиция академиялари ассоциацияси (INTERPA), Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ), БМТ Тараққиёт дастури, Халқаро миграция ташкилоти, БМТнинг Наркотиклар, уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси, Европа Иттифоқининг Будапешт шаҳридаги Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходимларини тайёрлаш бўйича агентлиги (CEPOL), Туркия Республикаси Бош вазири девони ҳузуридаги Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТIКА), Жанубий Корея Халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) билан ўзаро самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган.

           Мазкур ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик узоқ муддатли инновацион лойиҳалар, шунингдек миллий ҳамкор сифатида биргаликдаги тадбирларни амалга оширишдан иборат. Чунончи, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори билан ҳамкорликда «Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академиясида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга кўмаклашиш» лойиҳасини амалга оширишнинг ҳуқуқий асосини белгиловчи ўзаро англашув меморандуми мавжуд. Мазкур ҳужжатга мувофиқ Академияда кадрларни касбий тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш масалаларида халқаро экспертлар иштирокида қатор маҳорат дарслари, семинар-тренинглар, халқаро конференциялар ўтказилмоқда. Шунингдек, қатор ахборот ва инновацион марказлар ташкил этилди.

          Таъкидлаш жоизки, ҳозирги пайтгача ИИВ Академияси Хитой Халқ Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети, Қозоғистон Республикаси ИИВ Олмаота академияси, Россия Федерацияси ИИВ Барнаул юридик институти, Краснодар университети, Волгоград академияси, Беларусь Республикаси ИИВ Академияси, Туркия Полиция академияси ҳамда Ҳиндистон Республикаси Гужарат суд экспертизалари университети билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида баённома ва меморандумларни имзолаган. Шунингдек, Барнаул юридик институти профессори, юридик фанлар доктори, Россия Федерациясида хизмат кўрсатган юрист Равил Абизов «Ички ишлар органлари фаолиятининг криминалистик ва ижтимоий таъминланишининг замонавий тенденциялари» мавзусида Академиямиз профессор-ўқитувчилари ва курсантлари учун маҳорат дарси ҳамда «Жиноят қонунчилигидан ҳуқуқбузарликларга қарши курашда самарали фойдаланиш» мавзуида семинар-тренинг машғулотлари ўтказди.

          Халқаро ҳамкорлигимизнинг самараси ўлароқ, ИИВ тизимида илк маротаба Академия профессор-ўқитувчилари ва бир гуруҳ курсантлари ХХР Жамоат хавфсизлиги университетида ташкил этилган ўқув семинарда иштирок этишди. Ўтган йили эса ушбу олий ўқув юртидан 3 нафар профессор-ўқитувчи ҳамда 18 нафар талабадан иборат делегация мамлакатимизга ташриф буюриб, ИИВ тизимининг илғор тажрибалари, мамлакатимизнинг бой тарихи ва маданияти билан боғлиқ ўқув машғулотларида қатнашди. Академия делегацияси мазкур университетнинг 70 йиллик юбилейига бағишланган 10-Халқаро полиция форумида иштирок этди.

          Туркия Полиция академияси делегациясининг Академиямизга ташрифи чоғида Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТIКА)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси кўмагида Ўзбекистонда ва Туркия Республикасининг тегишли ўқув марказлари ҳамда таълим муассасаларида йил давомида маҳорат дарслари ташкил этишга келишиб олинди.

          Академия ходимлари Ҳиндистон Республикасининг Гужарат штатида ўтказилган Полиция академиялари халқаро ассоциацияси (INTERPA)нинг «Кибержиноятларга қарши курашиш соҳасидаги янги тенденциялар» мавзусидаги 8-конференциясида иштирок этди ва Гужарат суд экспертизалари университети билан халқаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.

          Корея Республикаси Бош прокуратураси ва мамлакатимиз ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ушбу ҳамкорлик доирасида Корея Республикаси Бош прокуратураси делегацияси аъзолари томонидан Академия профессор-ўқитувчилари ва курсантлари учун «Жиноятларни фош этиш ва тергов қилишда электрон ҳисоблаш воситаларининг ўрни ва аҳамияти» мавзуида машғулотлар ўтказилди. Ушбу машғулотлар Академияда фаолият юритаётган профессор-ўқитувчиларнинг назарий билимлари ҳамда амалий кўникмаларини бойитишга хизмат қилиб, келгусида «Тергов» ва «Эксперт-криминалистик фаолиятлар» йўналишларида таълим олаётган курсантларга янги инновацион технологияларни қўллашда яхши   самара беради.

          Яна шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, Академиянинг халқаро ҳамкорлигини янада ривожлантириш борасида Корея, Япония, Франция, Германия полиция университетлари, Россия Федерацияси ИИВ В. Кикоть номидаги Москва университети, В. Лукянов номидаги Орёл юридик институти, Қозоғистон Республикаси ИИВ Қарағанда академияси, Арманистон Республикаси ИИВ Академияси, Хитой Халқ Республикаси Жамоат хавфсизлиги вазирлиги темир йўл полиция академияси билан ўзаро ҳамкорлик ўрнатиш юзасидан мақсадли ишлар олиб борилмоқда.

          Халқаро ҳамкорлик талаблари асосида ўзаро делегациялар алмашуви ва профессор-ўқитувчилар ҳамда илмий ходимларнинг конференция, семинар-тренинг, маҳорат дарслари, стажировкалардаги иштироки натижасида хорижий мамлакатлар таълим муассасаларидан ўрганилган илғор тажрибалар республика ички ишлар органлари учун малакавий кадрлар тайёрлашнинг услуб ва шаклларини такомиллаштиришда жуда қўл келмоқда.

          Айни пайтда Академиямизнинг халқаро ҳамкорлиги ва хорижий инновацион тажрибаларни фаол ўзлаштираётгани, бу тажрибалар нафақат ички ишлар органлари, балки ҳуқуқ-тартибот тизимида қўлланилаётгани бизни қувонтиради, янги марраларни эгаллашга чорлайди.

 

Баҳодир Матлюбов,

ИИВ Академияси бошлиғи,

генерал-лейтенант.