Ўзбекистонда бўлиш қонун-қоидаларига амал қилиш – муҳим жиҳат

  • 13:06
  • 10,06-2019
  • 641
  • Улашинг

Пойтахтимизда ИИВ Халқаро ҳамкорлик бош­қармаси, Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бош­қармаси, Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ҳамда Ҳуқуқ­бузарликлар профилактикаси бош бошқармаси масъул ходимлари иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Тадбирда ХХРнинг мамлакатимиз ҳудудида меҳнат фаолиятини олиб бораётган фуқаролари, ХХРнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ходимлари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Брифинг давомида ХХРнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Цзянь Янь йиғилганларга мурожаат этаркан, Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасида фаолиятнинг деярли барча турлари бўйича, биринчи галда, бизнес ва тадбиркорлик соҳасида мус­таҳкам ва ўзаро манфаатли алоқалар йўлга қўйилганини таъкидлаб ўтди. Ушбу муҳим масалада шуни ҳисобга олиш керакки, хитойлик бизнесменлар истиқболли қўшма лойиҳаларни ривож­лантириш, республикамиз иқтисодиётига, унинг фаровонлиги ва гуллаб-яшнашига ҳисса қўшиш баробарида, аввало, қонунларга ҳамда юртимизда бўлиш қоидаларига қатъий риоя этишлари зарур. Умумий иш ва унинг ривожи уларнинг ўзини тутиш қоидалари, қонун ва ҳуқуқ-тартиботга қай даражада амал қилишига боғлиқ.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Халқаро ҳамкорлик бошқармаси бош инспектори, подполковник Ш. Агзамходжаев кўп томонлама Ўзбекис­тон – Хитой муносабатларининг муҳим аҳамиятини алоҳида қайд этди. Таъкидланганидек, мамлакатимизда кўп сонли хитой диаспорасини ташкил этган ҳамда бизнес ва тадбиркорлик, илм-фан, таълим соҳасида банд бўлган ХХР вакиллари Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги самарали ҳамкорлик жабҳасига катта ҳисса қўшишмоқда. ХХРнинг аксарият фуқаролари меҳнатсеварлиги, интилувчанлиги, юртимиз қонунлари, анъана ва удумларини ҳурмат қилишлари билан ажралиб туришади.

Тадбир чоғида иштирокчилар республика ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бош­қармаси тузилмаси ҳамда фаолияти, паспорт назорати, чет эл фуқаролари ва меҳнат визаларининг рўйхатга олиниши, уларни узайтириш билан боғлиқ асосий қоидалар, қонун бузилиши ҳолатида жавобгарлик чоралари билан таништирилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ ҳамда ҲПББ вакиллари бўлинмалар тузилмалари, йўл ҳаракати, яшаш ва ўзини тутиш қоидаларига риоя этиш, зарурат туғилганда, брифингда эълон қилинган «Ишонч телефонлари» орқали мулоқот қилиш одоби ҳақида сўз юритишди.

Таъкидлаш жоизки, тадбирда иштирок этган ХХР фуқаролари алоҳида фаоллик намоён этишди, мамлакатимизда бўлиш қоидалари, у ёки бу мунозарали вазиятлар билан танишиб, ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олишди.

– Хитой фуқароларининг мамлакатимизда бўлиши ва фаолият юритиши масаласига жиддий ёндашгани учун ХХРнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ходимларига алоҳида миннатдорлик билдирамиз, – деди подполковник Ш. Агзамходжаев. – Хитойлик дўстларимиз ҳамиша интизомлилик, ўзаро ҳурмат ва қонунга итоаткорлик борасида ўрнак бўлган. Биз ҳам ҳар қандай вазиятда уларни қўллаб-қувватлаб, имкон қадар ёрдам берамиз.

Георгий ПЕТРОСЯН,

ўз мухбиримиз