Кадрлар малакасини ошириш йўлида

  • 11:02
  • 16,02-2019
  • 1079
  • Улашинг

 

 
КАДРЛАР МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ ЙЎЛИДА

Шиддат билан ривожланиб бораётган бугунги даврда ҳар қандай мамлакат ўзининг таълим тизими самарадорлигини янада оширишда билимли ва малакали кадрлар салоҳиятига таянади, албатта.

 

Айнан мазкур талаб инобатга олинган ҳолда, Юртбошимиз ва ҳукуматимиз томонидан бу масалага алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, кадрлар соҳавий малакасини ошириш, хорижий тиллар ва тажрибаларни пухта ўрганиши учун етарли даражада шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Дунёнинг ривожланган давлатларидан етук мутахассислар таклиф этилиб, тажриба алмашилмоқда. Мамлакатимизда чет эл олий таълим муассасаларининг филиаллари ташкил этилаётгани ҳам фикримиз тасдиғидир.

Бундан ташқари, юртимиз кадрлари жаҳоннинг ривожланган мамлакатларида таълим олиши ва ўз соҳалари бўйи­ча малака ошириши босқичма-босқич амалга ошириляпти. Жумладан, ўтган йилнинг декабрь ойида ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси ҳамда республикамизнинг бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларининг ахборот хизмати вакиллари хорижлик ҳамкасблари билан ўзаро тажриба алмашиш мақсадида АҚШнинг «Open World» дастурига биноан, ушбу давлатнинг Вашингтон ва Чикаго штатларида хизмат сафарида бўлиб қайтди.

Маълумки, мазкур ташкилотларда фаолият юритаётган ахборот хизмати ходимларидан доимо тезкорлик ва аниқлик талаб этилади. Айнан ушбу жиҳат инобатга олинган ҳолда, 10 кунлик хизмат сафари давомида Ўзбекистон делегацияси вакиллари Вашингтондаги «Library of Congress» биносида Сербия, Молдова ҳамда Россия делегацияси вакиллари билан ўзаро учрашув ўтказишди. Унда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралардаги ахборот хизмати фаолияти, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ишлашнинг самарали усуллари муҳокама қилинди. Шунингдек, учрашувда «Open World» дастурининг ижрочи директори, элчи Жон Окиф ва Америка университети ўқитувчиси 
Ж. Кирк ҳам иштирок этиб, АҚШнинг Мустақиллик декларацияси ва конс­титуцияси ҳақида кенг маълумот беришди.

Шундан сўнг барча делегатлар Американинг турли штатларига йўл олди. Ўзбекистонликлар эса Чикагога бориб, у ерда Ўзбек – 
Америка ассоциацияси раҳбари Олим Шарипов, Чикаго лигалар иттифоқи клубининг жамоатчилик билан алоқалар йўналиши бўйича ижрочи директори Д. Коэн, стратегик суд жараёнлари ва коммуникациялар инқирози бўйича маслаҳатчи Р. Самборн, Иллинойс штатидаги Америка фуқаролар эркинлиги иттифоқининг коммуникация ва жамоатчилик сиёсати бўйича директори Э. Йонка, «Heartland Alliance Human Care» нодавлат нотижорат ташкилоти директори М. Мохонейлар билан жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролар билан самарали иш олиб бориш юзасидан учрашувлар ташкил этилиб, ўзаро тажриба алмашишди.

Бундан ташқари, хорижий тажрибаларни муҳокама қилиш ва ўзлаштириш мақсадида Чикаго штатидаги Иллинойс университети қошидаги коллежда тренинг бўлиб ўтди. Де Поля университетида эса нотиқлик санъати ва твиттер дипломатияси ҳақида ахборот тингланиб, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ишлашда ижтимоий тармоқларнинг муҳимлиги юзасидан амалий машғулотлар ташкил этилди.

Хизмат сафарининг сўнгги кунида «Kurth Lampe Worldwide» ташкилоти ижрочи вице-президенти К. Лампе иштирокида тренинг ўтказилиб, унда жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари билан ўзаро муносабатда муҳим роль ўйнайдиган сиёсий нутқ борасида сўз юритилди. Шундан кейин тренинг ва семинарларда фаол иштирок этгани учун делегация аъзоларига сертификатлар топиширилди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур учрашув ва тренинг­лар делегация аъзоларига ўз фаолиятига янгича қараш ҳамда ташкилоти томонидан амалга оширилаётган ишларни замонавий усуллардан фойдаланган ҳолда, кенг жамоатчиликка етказиб бериш бўйича янги билим ва кўникмаларни эгаллашида муҳим омил бўлди.

Албатта, буларнинг барчаси Президентимиз томонидан олиб борилаётган оқилона ташқи сиёсат ҳамда таълим тизими ва кадрлар масаласига қаратилаётган эътибор натижаси, десак, муболаға бўлмайди. Дарҳақиқат, ўтган йилнинг 18 декабрь куни давлатимиз раҳбари бошчилигида мамлакатимизда замонавий кадрларга бўлган эҳтиёжни таъминлаш, билимли ёшларни стратегик соҳаларга жалб этиш масалаларига бағишланган йиғилиш ташкил этилиб, унда сўнгги йилларда таълим тизимида амалга оширилган ишлар ва келгусида бажарилиши лозим бўлган вазифалар тўғрисида сўз юритилди.

Энг қувонарлиси, 2018 йил 25 сентябрда Президентимизнинг «Ўзбекис­тон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича «Эл-
юрт умиди» жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Бугунги кунда мазкур жамғарма олдига қўйилган вазифаларни амалга ошириш учун биргина 2019 йилнинг ўзида давлат бюджетидан 45 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилиши режалаштирилаётгани бу борадаги ишлар изчиллик билан давом этишидан дарак беради.

 

Мирзо Улуғбек МАДАЛИМОВ,

 

ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот  воситалари билан алоқалар бошқармаси мухбири, лейтенант. 

Ўхшаш мақолалар