Малайзия ички ишлар вазирлиги: қироллик полицияси

  • 10:07
  • 08,07-2019
  • 52
  • Улашинг

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ва Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси вакилларидан иборат делегация 21–26 июнь кунлари Малайзиянинг полиция тизимини ўрганиш мақсадида ушбу давлатга ташриф буюрди.

Малайзия Ички ишлар вазирлиги хавфсизлик, жамоат тартиби ва давлат чегараси режимини таъминлаш учун жавобгар бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ҳисобланади. Унинг асосий вазифалари хавфсизлик ва жамоат тартибини таъминлаш, жиноят ишларини тергов қилиш, фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини қайд этиш, паспортларни расмийлаштириш ва топшириш, миграция масалаларини тартибга солиш, жамоат бирлашмаларини рўйхатга олиш, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш, гиёҳвандликнинг олдини олиш ва уни даволаш, гиёҳвандларни реабилитация қилиш, диний нашрлар устидан назорат ўрнатиш, Қуръон матнининг ҳақиқийлигини таъминлаш ва бузиб кўрсатилишининг олдини олиш, мақола ва видеоматериалларнинг тарқатилишини назорат қилиш, кўнгиллилар корпусини бошқариш, пеницентиар тизим ва ҳуқуқбузарларни реабилитация қилиш дастурларининг самарадорлигини таъминлашдан иборат.

Малайзия ИИВ Қироллик полицияси, Денгиз ҳуқуқни муҳофаза қилиш агентлиги, Қамоқхоналар департаменти, Иммиграция департаменти, Миллий рўйхатга олиш департаменти, Ҳамжамиятларни рўйхатга олиш департаменти, Чегара хавфсизлиги агентлиги, Халқ кўнгиллилар корпуси, Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланишига қарши курашиш миллий агентлиги, Жамоат хавфсизлиги агентлиги, Одам савдосига қарши курашиш кенгаши, Муддатидан олдин шартли озод қилиш кенгаши, Малайзия кино цензураси кенгаши, Терроризмнинг олдини олиш кенгаши, Миллий типография каби давлат органларини ўз ичига қамраб олади.

Малайзия Қироллик полицияси – марказлаштирилган давлатда ҳуқуқ-тартиботни сақлаш учун жавобгар бўлган федерал полиция ҳисоб­ланади. Унинг фаолияти
1967 йилда қабул қилинган «Полиция тўғрисида»ги қонун билан тартибга солинади.

Полиция кучларини биргина ўринбосарга эга бўлган Полиция бош инспектори бошқаради. Ҳудудий бўлинмаларга комиссарлар ёки полиция бошлиқлари раҳбарлик қилади.

Малайзия полицияси тузилмаси ягона форматда ташкил этилган бўлиб, мамлакатда хавфсизликни таъминлаш бўйича – патруллик ва йўл ҳаракати назоратидан тортиб, барча вазифаларни қамраб олган.

Малайзия Қироллик полицияси жиноятчилик ва терроризмнинг олдини олиш билан шуғулланувчи қуйидаги олтита департаментга: жиноят ишларини тергов қилиш бўлими; гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятларни тергов қилиш бўлими; ички хавфсизлик ва жамоат тартиби бўлими; махсус бўлим; тижорат билан боғлиқ жиноятларни тергов қилиш бўлими ва йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилишни таъминлаш бўлими, шунингдек, бошқарув бўлими ва логистика (стратегик ресурслар ва технологиялар) бўлимидан иборат иккита департаментга эга. Бошқарув ва логистика департаментлари полиция тузилмасининг барча даражадаги фаолиятига жалб этилган. Ҳамма департаментлар полиция комиссари унвонидаги директорлар томонидан бошқарилади.

 Шунингдек, Қироллик полициясида ҳарбийлаштирилган батальон, контртеррор бўлинмаси, Пасукан Геракан Хас махсус вазифаларни бажариш кучлари, денгиз ҳарбий бўлинмаси, авиация бўлинмаси ва федерал захира кучлари мавжуд.

Шу билан бирга, Малайзия ҳукумати бир қанча полиция ёрдамчи кучлари хизматидан ҳам фойдаланади. Қироллик полициясидаги ёрдамчи полиция давлат муассасалари ва ҳукумат билан боғлиқ муҳим компаниялар (тузилмалар)да фаолият олиб борувчи хавфсизлик полициясига тегишли.

Қироллик полицияси учун кадрлар Малайзия полицияси Қироллик коллежи ва Малайзия Полиция ўқув марказида тайёрланади.

Малайзия полицияси Қироллик коллежи мамлакат Қироллик полициясининг асосий таълим муассасаси ҳисобланади. Мазкур коллеж Куала-Кубу-Бару Полиция коллежи, Жиноят ишларини тергов қилиш департаменти коллежи, Махсус тайёргарлик мактаби ва Йўл ҳаракати маркази каби тўртта тузилмадан иборат.

Ушбу олий таълим муассасасида қуйидаги марказлар ўз фаолиятини олиб боради: инқироз ва фалокатларни бош­қариш; тадқиқот ва ривож­лантириш; жиноят тергов ва процессуал ҳуқуқ; махсус тайёргарлик ва стратегик тадқиқотлар; илмий бошқарув маркази.

Битирувчилар ўз фаолиятини тезкор ҳаракат қилиш, разведка, контрразведка, таҳлилий бошқарув ва бошқа бўлинмаларда амалга оширади. Бунда тўпланган амалиётга мувофиқ, полиция органлари портловчи ускуналар ва уларнинг таркибий қисмлари билан ишлаш учун Малайзия Қуролли Кучлари мутахассисларини жалб қилишади.

Малайзия Полиция ўқув маркази 1904 йилда ташкил топган қадимий полиция институтидир. Малайзиянинг турли штатларида унинг
12 та филиали бор. Полиция ходимларини тайёрлаш ва малакасини ошириш олти ва тўққиз ойлик курслар давомида рўёбга чиқарилади.

Ўқув муассасасида
1968 йилдан буён хизмат-қидирув итларини парваришлаш ва ўргатиш билан шуғулланувчи Unit K9 кинология хизмати мавжуд.

Ҳукуматнинг Трансформациялар дастурига асосан, 2010 йилда Қироллик полицияси турли соҳаларда 55 та лойиҳа асосида Малайзия ҳудудида «Хавфсиз шаҳар» тизимини жорий этиш бўйича ишларни бошлаб юборди. Дастурнинг мақсади жиноятчилик сонини камайтириш, талабаларнинг яшаш шароитларини яхшилаш, кам таъминланган оилаларнинг ҳаёт даражасини кўтариш, қишлоқ жойларда инфратузилмали ўзгаришларни амалга ошириш ва жамоат транспорти ишини яхшилашдан иборат.

2002 йилда йўлга қўйилган полиция ҳисоботларининг компьютерлаштирилган тизими содир этилган жиноят ҳақидаги маълумотларни фақат матн форматида тақдим этади. Шу муносабат билан «Хавфсиз шаҳар» дастурини ишлаб чиқувчилар жиноятчиликнинг ҳолати ва йўналишини график тасвирлаш учун GIS Webapplication яратишни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйишди.

«Хавфсиз шаҳар» қуйидаги маълумотларни таҳлил қилиш имконини беради:

– криминоген ҳудуд – жиноятларни содир этиш тузилмаси ва мунтазамлилигини тасвирловчи рангли контурлар билан белгиланган жиноятчилик динамикасининг «қора нуқталарини» аниқлаш учун белгиланади;

– жиноят қайта содир этилган жой – 50 метр ва ундан узоқ радиусда муайян жиноят кўринишларининг такрорийлигини белгилаш учун қўлланилади, бу эса тезкор-қидирув ҳаракатларини такомиллаштиришга хизмат қилади;

– полиция патруллиги фаол бўлган ҳудуд – тегишли ҳудудда жиноятчиликнинг олдини олиш учун патруллик қилиш миқдорини ошириш заруратини кўрсатиб туради. Хусусан, мазкур сегмент белгиланган жойда жиноятчилик даражасини таҳлил қилади ва мактаб, банк, дўкон, ресторан, ёқилғи қуйиш шохобчалари билан таққослайди. Энг кўп юлдузча қўйилган жой ушбу ҳудудга қўшимча полициячиларни йўналтириш заруратига ишора қилади;

– жиноят содир этишнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар – «Хавфсиз шаҳар» доирасида ҳудудларнинг ёритилиши, видеокузатув камералари, авария сигналлари ва хавфсизлик кўзгулари билан таъминланишига оид тадбирларни амалга оширишга жавобгар бўлган маҳаллий ҳукумат органлари учун мўлжалланган. Мазкур дастур муайян ҳуддудда жиноят содир этилишига оид субъектив ва объектив далилларни таҳлил қилади ва ёритиш, видеокузатув ҳамда йўл инфратузилмасини яхшилаш бўйича чора-тадбирларни таклиф этади;

– жиноятларнинг вақт бў­йича таҳлили – жиноят содир этилиши сабабларини аниқлаш учун муайян вақт доирасида жиноятчилик тенденциялари ҳақидаги маълумотларни тақдим этади. Масалан, Малайзияда мотоцикллар энг кўп ўғирланган вақт ноябрь-декабрь ойларига тўғри келади, бу эса мактаб таътиллари даврига мос келади.

Шунингдек, мазкур дастур доирасида Малайзия миграция хизматининг чет эл фуқароларига оид электрон маълумотлар базаси тизимларини интеграциялаш режалаштирилмоқда, бу эса чет давлат фуқаролари томонидан содир этилган жиноятларни фош этиш кўрсаткичларини яхшилаш имконини беради.

Шу тариқа, Ўзбекистон Рес­публикаси ИИВ делегацияси полиция тизими тузилмаси, бўлинмаларининг асосий мақсад ва вазифалари, касбий фаолиятни ташкил этиш ва амалга ошириш, шунингдек, жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларга оид батафсил маълумотларга эга бўлди. Мазкур тажрибанинг бевосита ўрганилиши Ўзбекистондаги миллий шароит ва манфаатларни ҳисобга олган ҳолда, уни қўллаш имкониятини кўриб чиқишга, республиканинг тегишли ички ишлар органлари бўлинмалари фаолиятини такомиллаштиришга хизмат қилади.

 

Абдурашид АЛИШЕРОВ,

Ўзбекистон Республикаси ИИВ эксперт-таҳлил
гуруҳи аъзоси,

майор.