«БУДАПЕШТ ЖАРАЁНИ» ИСТАНБУЛДА ДАВОМ ЭТДИ

  • 11:03
  • 18,03-2019
  • 930
  • Улашинг

«Будапешт жараёни» – миграцияни тартибга солувчи комплекс ва барқарор тизимларни ривожлантиришга қаратилган элликдан зиёд давлат ва ўндан ортиқ халқаро ташкилотлардан ташкил топган маслаҳат форумидир. У миграция, қочқинлар, визалар, одам савдосига қарши курашиш каби масалалар бўйича энг яхши ҳаракатлар ва кўникмаларни кенг ёйиш учун ташкил этилган.

Конференция очилишида нутқ сўзлаган Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдўғон ҳозирда ноқонуний миграция ва халқаро терроризм ўзаро боғлиқлигини таъкидлаб, дунё миқёсида миграция жараёнларини тартибга солиш бўйича қатъий чоралар кўриш зарурлигига алоҳида тўхталди.

Конференцияда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари,
полковник А. Бобохонов иштирокчиларни мамлакатимизда миграция соҳасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан таништирди. Жумладан, бугунги кунда миграция жараёнларини тартибга солиш ва қоидаларни соддалаштириш, хорижий фуқароларни қабул қилиш бўйича сезиларли саъй-ҳаракатлар амалга оширилаётганлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти миграция билан боғлиқ бўлган соҳаларга тааллуқли ўнга яқин фармон ва қарорлар қабул қилганлиги ҳақида гапирди. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг Марказий Осиёда кўп йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларни ҳал этишга қаратилган фаол сиёсати, шубҳасиз, ушбу ҳудудда минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга ёрдам беришини алоҳида таъкидлади.

Тадбир якунида иштирокчилар конференция томонларнинг манфаатли музокаралари муҳитида ўтганлигини ва келгусида самарали ҳамкорликка пухта замин яратишини эътироф этди.

Ўз мухбиримиз.