Йўлда автомобилининг орқа ён ойналарига парда ўрнатиб ҳаракатланаётганларни кўриб қолдим. Айтинг-чи, автомобиль ойнасига парда ўрнатиш текин бўлдими?
Қурбон НУРБОЕВ.
Самарқанд шаҳри.
Шуни маълум қиламизки, парда, дарпарда, жалюзилар бўйича қонунчиликда ўзгаришлар рўй бермади. Енгил автомобиллар билан боғлиқ ҳолларда пардаларни икки ёнга орқа томонни кўриш учун ташқи кўзгуси мавжуд бўлган ҳолда фақатгина орқа ойна (лобовой)га ўрнатиш мумкин. Бундай ҳолатда ҳеч қандай рухсатнома олиш ёки тўлов қилиш талаб этилмайди.
Ён ойналарга пардалар ўрнатиш фақатгина М3 тоифадаги III класс автотранспорт воситаларига, яъни ҳайдовчи ўриндиғидан ташқари саккизтадан ортиқ ўриндиқлари бўлган ва оғирлиги 5 тоннадан ошиқ бўлган йўловчи ташиш транспортларига мумкин. Шунингдек, автомобиль олд ойнасининг 14 см.дан кўп бўлмаган тепа қисми тусини полоса шаклида ёруғлик ўтказувчанлиги чегараланмаган даражада ўзгартириш илгаригидек рухсатномасиз амалга оширилади.
* * *
Автомобиль ойналарини қорайтириш нархлари ўзгарди, нархлар тушди деб эшитдим. Шу гап ростми? Енгил автомашиналарда олд ён ойналарни қорайтириш қанчага тушади?
Абдувакил НИШОНОВ.
Жиззах шаҳри.
Автомобиль ойналарини қорайтириш қуйидагича белгиланди:
орқа ойна (лобовой) учун: текин (рухсатнома олиш шартмас);
олд ойнанинг тепа қисмидан 14 см. полоса – текин (рухсатнома олиш шартмас).
Орқа ён ойналар учун (1 йилга):
жисмоний шахсларга – базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробари (2 млн. 230 минг сўм);
юридик шахсларга – базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробари (2 млн. 230 минг сўм);
хорижий ташкилотларга – базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баробари (4 млн. 460 минг сўм) миқдорида.
Олд ва орқа ён ойналар учун (1 йилга):
жисмоний шахсларга – базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баробари (11 млн. 150 минг сўм);
юридик шахсларга – базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баробари (11 млн. 150 минг сўм);
хорижий ташкилотларга – базавий ҳисоблаш миқдорининг 80 баробари (17. млн 840 минг сўм);
туристик автобусларга – базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баробари (11 млн. 150 минг сўм) миқдорида.
* * *
Тонировкага рухсат бўлди дегандан кейин автомашинамнинг олд ва орқа ён ойналарини тўлиқ қорайтирмоқчи бўлдим. Лекин олд ён ойналарини тўлиқ қорайтириш мумкин эмас, дейишди. Шу тўғрими? Ҳамма ойналарни бирданига қорайтириш мумкин эмасми?
Баҳодир УМРЗОҚОВ.
Навоий вилояти.
Ҳа, бирданига ҳамма ойналарни бир хилда тусини ўзгартириш, яъни қорайтириш мумкин эмас. Қарорга кўра, тонировканинг ёруғлик ўтказувчанлик даражаси қуйидагича белгиланди:
орқа ойна (лобовой) – 100% гача;
орқа ён ойналар – 100% гача;
олд ён ойналар – 50% гача;
олд ойнанинг тепа қисмидан 14 см. дан кўп бўлмаган полоса – 100% гача;
туристик автобус, микроавтобус ва минивен ён ойналари – 50% гача.
* * *
Белгиланган суммани тўлаб, машинам ойналарини қорайтирсам, йўл-патруль хизмати инспекторлари кўрди дегунча тўхтатиб текшираверишга ҳақлими?
Илёс САТТОРОВ.
Сурхондарё вилояти.
Автомобилингиз ойнасинининг тусини ўзгартирганингиз (қорайтирганингиз)да ички ишлар органлари томонидан тонировкага рухсат берилганлиги тўғрисида махсус эмблема (голограмма) берилади. Ҳайдовчилар ушбу голограммани олд ойналарга ёпиштириб юришлари лозим. Шунда йўл-патруль хизмати инспекторлари сизни тўхтатиб текширишига ҳожат қолмайди.
* * *
Ўғлим билан битта автомобилни бошқарамиз. Яқинда муддати тугагани учун ўғлимнинг номига яна ишончнома расмийлаштиришим керак. Лекин эшитишим бўйича яқин қариндошлар ўртасида ишончнома расмийлаштириш бекор бўлибди. Шу тўғрими?
Мирсаид ПЎЛАТОВ.
Қашқадарё вилояти.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Адлия ҳамда Ички ишлар вазирликларининг «Автотранспорт воситаларини тасарруф этиш ва уларни бошқариш ҳуқуқини берувчи ишончномаларни расмийлаштириш бўйича кўрсатмани ўз кучини йўқотган деб топиш ҳақида»ги қарор лойиҳаси жойлаштирилган. Айни пайтда унинг муҳокамаси давом этмоқда.
Кўпчилик ҳайдовчилар ушбу лойиҳани ва унинг асосида ОАВда чиққан хабарларни нотўғри талқин қилиб, энди бутунлай ишончномасиз ҳам машина ҳайдаш мумкин экан, деб ўйлашмоқда. Лекин бундай эмас. Ҳозирча бу тартиб бекор бўлгани йўқ.
* * *
Яқинда машинада кетаётганимда мени ЙПХ ходими тўхтатди. Тезликни меъёрдан оширганимни айтиб, машинадан тушишимни талаб қилди. Аслида ЙПХ инспектори ҳайдовчидан қандай ҳолатларда машинадан тушишини талаб қилишга ҳақли?
Аброр МАМАРАҲИМОВ.
Фарғона вилояти.
Қуйидаги ҳолларда йўл-патруль хизмати ходими ҳайдовчи ёки йўловчилардан транспорт воситаси кабинасидан чиқишини талаб қилишга ҳақли:
– транспортдаги техник носозликни ва юк ташиш қоидаси бузилганлигини бартараф этиш мақсадида;
– ҳайдовчи транспортни маст ҳолда бошқараётган деб ҳисоблашга етарли асослар мавжуд бўлганда;
– транспортнинг двигатель ва агрегат қисмлари рақамлари ва рўйхатлаш ҳужжатларида ёзилган рақамлар ўртасида фарқ аниқланган тақдирда, бевосита ҳайдовчи иштирокида солиштириш мақсадида;
– транспорт воситасига тегишли ҳужжатлар ёки унда олиб кетилаётган юк ҳужжатлари мавжудлигини текшириш зарурати юзага келганда;
– ҳайдовчи ёки йўловчи жиноят содир этганликда гумон қилинаётганда;
– ҳайдовчининг транспорт воситаси кабинасида бўлиши йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга таҳдид солиши мумкин бўлган ҳолларда (ҳайдовчининг руҳий ҳолатига, ёшига, сезгирлик ва эътиборни сусайтирадиган дори воситалари таъсирида, йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид соладиган даражадаги чарчоқлик ва бетоблик ҳолатида, транспорт воситасини бошқара олишига шубҳа бўлганда).
Жисмоний нуқсони сабабли ҳайдовчининг транспорт воситаси кабинасидан чиқиш имконияти чекланган ҳолатлар бундан мустасно.
* * *
Йўлларда қўпол муомала қиладиган айрим ЙПХ ходимларини ҳам учратиш мумкин. Ҳайдовчиларни тўхтатганда бирданига ҳужжат талаб қилиб, терс гапирадиганлари бор. Аслида улар фуқаро билан қандай муомала қилиши керак? Мажбуриятлари қандай?
Собир ШЕРАЛИЕВ.
Сирдарё вилояти.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги 975-сонли қарори билан тасдиқланган, “Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисида”ги низомнинг 14-бандига асосан ЙПХ ходими ўз хизмат вазифаларини бажаришда қуйидагиларга мажбур:
– йўл ҳаракати қатнашчисини тўхтатганидан кейин унинг олдига бориш, ўзини таништириш, лавозими, унвони, фамилияси ҳақида маълумот бериш, унинг талабига кўра кўкрак нишон белгисини маълум қилиш ва хизмат гувоҳномасини очиқ ҳолда (бунда ЙПХ ходими томонидан хизмат гувоҳномасини йўл қатнашчиси ихтиёрига бериш тақиқланади) кўрсатиш;
– ҳар қандай вазиятда йўл ҳаракати қатнашчилари билан вазмин, хушмуомала, одобли ва эътиборли бўлиш, уларга ҳурмат билан ҳамда «Сиз» деб мурожаат қилиш, йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатларда муомала маданияти ва қонунийликка риоя қилиш;
– йўл ҳаракати қатнашчиларига уларни тўхтатиш сабабини, содир этилган ҳуқуқбузарлик юзасидан аниқ, лўнда тушунтириш бериш.
Саволларга ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги
бош бошқармаси матбуот хизмати бошлиғи,
майор Акмал ЮНУСОВ
жавоб берди.