ҚАНДЛИ ДИАБЕТ ҲАҚИДА НИМАЛАРНИ БИЛАСИЗ?

12:11, 04.09.2018
ҚАНДЛИ ДИАБЕТ ҲАҚИДА НИМАЛАРНИ БИЛАСИЗ?

Қандли диабет эндокрин касалликлар турига мансуб бўлиб, инсулин гормонининг тўлиқ ёки қисман етишмаслигидан келиб чиқади. Натижада қонда гипергликемия – қондаги глюкоза миқдорининг давомли ортиб бориши кузатилади.


 Касаллик организмдаги моддалар алмашинуви жараёнининг бузилиши билан тавсифланади. Бу касалликка чалинган бемор ўз вақтида тўғри даволанса, хасталикнинг олдини олиш мумкин. Бунинг учун бемор ўз касаллигини яхши билиши ва уни даволашда, имкони борича, кўпроқ иштирок этиши лозим. Бундан шу нарса келиб чиқадики, қандли диабетга чалинган бемор шу касаллик билан яшашни ўрганиши лозим.

Инсон истеъмол қиладиган маҳсулотлар асосан уч нарсадан: оқсил, ёғ, углеводлардан иборат. Оқсил тана учун қурилиш материали ҳисобланади, ёғ ва углеводлар эса куч-қувват манбаидир. Глюкозанинг асосий манбаи углеводлар бўлиб, унинг катта қисми ичакдан қонга глюкоза тарзида сўрилади ва самарали қайта ишланиб, қувватга айланиши учун инсулин мавжуд бўлиши зарур. Турли сабабларга кўра, танада инсулин етишмовчилиги юзага келганда, қандли диабет касаллиги ривожланади. Бу касалликнинг иккита асосий тури мавжуд: биринчиси – инсулинга қарам ва иккинчиси – инсулинга қарам бўлмаган қандли диабет.

Қандли диабетнинг биринчи тури асосан ўсмирлик ёшида пайдо бўлади. Касалликнинг энг муҳим аломатлари чанқаш, оғиз қуриши, катта миқдорда пешоб ажралиши, озиб кетиш, ҳолсизлик кабилардир. Беморлар бир кеча-кундузда 3–5 литрдан 7–8 литргача суюқлик ичишлари мумкин. Ташхис қўйилгунга қадар бемор 5–15 кг вазн йўқотади ва қони таркибидаги глюкоза миқдори энг юқори даражадан энг қуйи даражагача тез-тез ўзгариб туради.

Қандли диабет касаллигининг иккинчи турида ошқозоности безининг оролча ҳужайралари инсулин моддаси ишлаб чиқариш қобилиятини сақлаб қолади ва қон таркибидаги инсулин миқдори меъёрда ёки меъёрдан сал юқорироқ бўлади. Тана тўқималарининг инсулинга нисбатан сезгирлиги кескин пасайиши оқибатида инсулин тўла даражада ўз самарасини бермайди. Тўқималарнинг инсулинга нисбатан сезгирлиги йўқолиб боришининг асосий сабаби семиришдир. Шунинг учун ҳам қандли диабетнинг иккинчи тури билан оғриган беморларнинг кўпчилигида семириш касаллиги олдиндан бўлади.

Диабетнинг бу турига асосан ўрта ёшлилар ва кексалар чалинади. Касаллик бошланишида диабетнинг оғиз қуриши, чанқаш, озиш каби аломатлар унчалик яққол билинмайди, айрим беморларда озиш ҳам кузатилмайди, уларни кўпроқ ҳолсизлик, толиқиш, чанқаш безов­та қилади. Қон таркибидаги глюкоза миқдори юқори даражада бўлишига қарамай, диабетнинг иккинчи турида қон таркибида кчетон моддасининг ортиши ва унинг пешобда пайдо бўлиши жуда кам кузатилади. Бу турдаги диабет билан оғриган беморлар инсулин дорисини қабул қилмасликлари ҳам мумкин. Уларга парҳезга риоя этиш, жисмоний машқлар билан шуғулланиш, қанд миқдорини камайтирувчи дорилар қабул қилиш яхши ёрдам беради.

Қандли диабет билан оғриган беморлар кунига 5–6 марта ва аниқ вақтда овқатланишлари керак. Уларнинг таомномаси витаминлар, микро ва макроэлементларга бой бўлиши лозим. Ортиқча тана вазнига эга бўлган беморлар углеводларни жиддий чегаралашлари шарт. Шуни ёдда тутиш керакки, даволовчи шифокор тавсиясига бемор қатъий амал қилиши лозим. Фақат шифокоргина касалингиз тарихини, таҳлил натижалари ва ҳозирги аҳволингиздан келиб чиқиб ҳолатингизни тўғри баҳолаши мумкин.

Хамирли маҳсулотлар, торт, ёғли шўрва, манний ёрмали сутли бўтқалар, угра оши, ёғли гўшт, ўрдак ва ғоз гўшти, дудланган маҳсулотлар, ёғли балиқ консервалари, икра ва тузланган балиқ, шўр пишлоқ, қаймоқ, ширин творог маҳсулотлари, гуруч, тузламалар, узум, банан, анжир, мураббо, конфетлар, музқаймоқ, ширин шарбатлар, газланган ичимликлар, лимонадлар, ҳайвон ёғи, спиртли ичимликларни истеъмол қилиш мумкин эмас.

Макарон маҳсулотлари чегараланади. Нон кунига 200 гр, қора нон ёки махсус диабет хасталигига чалинганлар учун тайёрланган бўлиши керак. Асосан сабзавотли, ёғсиз гўштли ёки балиқли шўрваларни ҳафтасига 2 марта истеъмол қилиш мумкин. Ёғсиз мол гўшти, товуқ гўшти кунига 100 граммгача ёки балиқ маҳсулотларини кунига 150 граммгача қайнатилган ёки буғда димланган ҳолатда истеъмол қилиш лозим. Бошоқли, дуккакли, макаронли овқатларни камроқ тановул қилиш ва нон миқдорини камайтириш керак.

Бошоқли маҳсулотлардан сули ва гречка, баъзида буғдой, перловка, гуруч ҳам истеъмол қилиш мумкин. Картошка, лавлаги, сабзини кунига 200 граммдан қабул қилиш тавсия этилади. Бошқа сабзавотларни: карам, салат барги, редиска, бодринг, помидор ва кўкатларни истаганча истеъмол қилиш мумкин. Тухум кунига биттадан ошмаслиги, уни чала пишган ҳолда ёки бошқа таомларга қўшиб истеъмол қилиш керак.

Нордон, ширин-нордон мевалар; олма, апельсин, лимон, олхўри, маймунжон кабиларни кунига 200–300 граммгача истеъмол қилиш мумкин. Сут, қатиқ, простокваша, ширин бўлмаган йогуртни кунига 2 стакандан, баъзида пишлоқ, қаймоқ, сметанани шифокор рухсат берсагина истеъмол қилса бўлади.

Қандли диабетда творогни 100–200 грамм кунора турли кўринишда истеъмол қилиш тавсия этилади. Творог, сули ва гречкали бўтқалар, сули ёрмаси, перловкалар, наъматак каби маҳсулотлар организмни ёғ босишидан ҳимоя қилади. Қора ва кўк чой, сутли чой, аччиқ, қуюқ бўлмаган кофе, томат ёки бошқа нордон мева-сабзавотлар шарбатини ичиш мумкин.

Овқатнинг бир кеча-кундузлик қуввати 50 фоиз углеводлар, 20 фоиз оқсиллар, 30 фоиз ёғлардан иборат бўлиши ва доим назорат қилиниши зарур.

Ф. АШУРОВА,

Навоий вилояти ИИБ тиббиёт

бўлими поликлиникаси

умумий амалиёт шифокори.  

Ўхшаш мақолалар

Ҳаммасино кўриш►

14

Сонларни танлаш

16 феврал, Шанба  
14 13 12 11 10 9 8
7 6 5 4 3 1

Ҳаммасини кўриш ►

Хабарлар

КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИК ФАКУЛЬТЕТИ ТИНГЛОВЧИЛАРИ АМАЛИЁТДА

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 16 августдаги қарори асосида Ички ишлар вазирлиги Академиясида Касбий тайёргарлик факультети ташкил этилган эди. Қарорга кўра, факультетга илк   бор олий ва ўрта махсус маълумотга эга номзодлар танлов асосида қабул қилинди.


Ҳаммасини кўриш ►
Подполковник Жабборов Санжар Бўронович – Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимига

Кўп ўқилганлар

  • КЎП ХУСУСИЯТЛИ ҚЎЗИҚОРИН


    Қўзиқорин таомномамизда кундалик маҳсулотлар сирасига кирмаса-да, аммо севиб истеъмол қилинади. Баҳордаги ёғингарчиликлардан сўнг қир-адир ва дарахтзорларда турфа хил қўзиқоринлар ўсиб чиқади. 

    ✔ 7    🕔 11:06, 18.02.2019
  • ШОКОЛАД МАЗАЛИ, АММО...


    Шоколад нафақат кичкинтойлар, ҳатто турли ёшдагиларнинг ҳам севимли ширинлиги. Бироқ айрим ота-оналар шоколад таркибида аллергия қўзғатувчи бор, деб фарзандларини иложи борича ундан тийишади. Қайсидир маънода уларни қўллаб-қувватласа бўлади, лекин шоколадлар сизу биз ўйлагандек зарарли эмас. Унинг фойдали жиҳатлари ҳам бисёр.


    ✔ 6    🕔 10:55, 18.02.2019
  • ГОВМИЖЖА


    Говмижжа айни совуқ кунларда авж олади. Хасталикнинг биринчи белгилари қовоқ қичиши ва ачишиши билан кечиб, яллиғланган қовоқ қизара бошлайди.

    ✔ 27    🕔 12:21, 11.02.2019
  • ТУЯ СУТИНИНГ  ШИФОБАХШ  ХУСУСИЯТЛАРИ


    Табобат илмининг султони Абу Али ибн Сино «Тиб қонунлари» асарида туя сутининг шифобахшлиги хусусида ёзиб қолдирган.


    ✔ 27    🕔 12:06, 11.02.2019
  • ҚОВОҚНИНГ ШИФОБАХШ ХУСУСИЯТЛАРИ


    Қовоқ витамин ва минералларга жуда бой. Ундан тайёрланган таомлар истеъмол қилинганда, организм етарли миқдорда макро ва микроэлементлар, витаминлар билан таъминланади.


    ✔ 46    🕔 10:37, 04.02.2019
  • ЎПКА КАСАЛЛИКЛАРИГА ҚАРШИ ТАБИИЙ ВОСИТА


    Маълумотларга қараганда, чекувчиларда 30 ёшдан сўнг ўпканинг тўлақонли ишлашида муаммолар пайдо бўла  бошлайди. Бунга ҳар бир инсон саломатлигининг умумий аҳволи ва ўзига хослиги, турмуш тарзи, кундалик овқатланиши ҳам таъсир қилади.


    ✔ 36    🕔 10:37, 04.02.2019
Ҳаммасини кўриш ►
;