УЛУҒ СУЛТОННИНГ ФАРЗАНДИ АРЖУМАНДИ

12:54, 15.10.2018

Шарқнинг буюк мутафаккири ва Мовароуннаҳр ҳукмдори, қолаверса, икки ўғилнинг отаси бўлган Мирзо Улуғбек оддийгина сарой қушчисининг боласини ўзига «фарзанди аржуманд», яъни энг қадрли ва азиз инсон деб билгани ҳар кимда ҳам қизиқиш уйғотиши табиий. 


Агар ҳали мўйлови саб­за урмаган йигитчага аллома томонидан «Қаттиқ ишонч ва муҳаққақ умид бордурки, унинг шуҳрати яқин замонларда ва энг тез онларда жаҳон мамлакатларига ёйилиб, тараннум бўлур» дея баҳо берилганига эътибор қаратилса, бу қизиқиш яна минг чандон ортади...

Хўш, бундай юксак ном ва рутбага эга бўлган шахс ким ўзи? Нега у ҳақда қатор тарихий, ҳужжатли ва бадиий асарлар яратилган? Унинг тарих ва келажак олдидаги хизматлари нималардан иборат?

Юқоридаги каби саволларга жавоб топиш мақсадида таҳририятимизга севимли санъаткорларимиздан бири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ҳошим Арслоновни таклиф этдик ва мавзу юзасидан суҳбатлашдик.

 

Устоз ишончини оҚлаган шогирд

Бугунги дийдорлашувимизга сабабчи бўлган Али Қушчи, шубҳасиз, Шарқнинг энг буюк ва машҳур астрономи ва математигидир. Нафсиламрини айтганда, мен Мирзо Улуғбек ҳақида қанча кўп маълумотга эга бўлсам, унинг суюкли шогирди, устози бошлаб берган улкан ишларни нафақат якунига, балки такомилига етказган Али Қушчи ҳақида шунча кам билар эканман. Менга бу соҳада «Мирзо Улуғбек. Осмон тоқига қўйилган нарвон» фильмининг режиссёри Баҳодир Йўлдошев кўп ёрдам берди.

Эътироф этиш лозимки, жаҳон маданияти тамаддунига буюк ҳисса қўшган марказий осиёлик алломаларнинг бой тарихий мерослари мус­тақил мамлакатимизнинг тараққиёти учун бебаҳо омил бўлиб хизмат қилмоқда. Шундай алломалардан бири Али Қушчидир. У 1403 йили 17 апрелда Самарқандда таваллуд топган. Унинг тўлиқ исми Мавлоно Алоуддин Али ибн Муҳаммад Қушчи Самарқандий.

ХV асрнинг улуғ математик ва астроном олими Али Қушчига нисбатан Мирзо Улуғбек фарзанди аржуманд сифатида ишонч билдирган. Чунки у Али Қушчининг илмга бўлган муҳаббатини олдиндан кўра билган ва унга ўз даврининг етук олими бўлиб етишишида оталарча ғамхўрлик кўрсатган. Аслида Улуғбек саройида овчи қушларга қаровчи Муҳаммад исмли кишининг ўғли бўлган Али Қушчи отасидан етим қолганидан сўнг Улуғбек тарбиясида вояга етади.

Али Қушчи бошланғич билимларини Самарқанд олимларидан, математика ва астрономияга оид билимларини эса Қозизода Румий ҳамда Улуғбекдан олади. У фақатгина астрономия илми билан чекланмасдан, фалсафага оид асар ҳам ёзган. Бу соҳадаги олимларнинг фикрича, ўшанда 15 ёшга кирган Али Қушчининг фалсафага оид рисоласи худди шу муаммога бағишланган ХIII асрнинг таниқли олими Носириддин Тусийнинг рисоласидан ўзининг кенг қамровли ва чуқур тадқиқоти билан ажралиб туради.

У Улуғбек расадхонасини лойиҳалаштириш ва қуришда, уни замонанинг энг яхши асбоблари билан жиҳозлашда фаол қатнашади. Бевосита юлдуз ва сайёралар ҳаракатини кузатиб, фалакиёт илмига тегишли ҳисоблашларни бажаради. Оқибатда соҳада катта ютуқларни қўлга киритади. Улуғбек унга тўла ишонган ва ҳатто уни 1438 йили Хитойга элчи сифатида жўнатган. Сафардан қайтгач, у Хитой тарихи ва жўғрофияси ҳақидаги «Хитойнома» асарини ёзади. Али Қушчининг 1425 йилда ёзган «Ҳисоб ҳақида рисола» деб номланган асари мадрасаларда ўқув қўлланма сифатида фойдаланилган.

Юқоридагилардан ҳам кўриниб турибдики, Али Қушчи устозининг ишончини тўла оқлаган ва фарзанди аржуманд мақомига муносиб шогирд бўла олган.

 

Ўз даврининг Батлимуси

Али Қушчи бир неча илмий рисолалар ёзди ва Улуғбек мактабининг энг ёрқин намояндаси сифатида катта обрў-эътибор топди. У ўзидан сўнг математика, астрономия ва тилшуносликка доир 30 га яқин рисола қолдирганлиги маълум. «Рисола фи-ал-ҳисоб» («Арифметика бўйича рисола»), астрономияга бағиш­ланган «Рисолаи кусур» («Каср рисоласи»), арифметика, алгебра, геометрия ва тригонометрия масалаларига оид «Рисола ал-Муҳаммадийа фи ал-ҳисоб» («Муҳаммаднинг арифметика бўйича рисоласи»), «Рисола фи халли ал-шакл ал-ҳилал» («Ярим ой шаклини ўлчаш рисоласи»), «Шарҳи мифтох ал-улуми Тафтазани» («Тафтазанийнинг «Фанлар калити» асарига шарҳ») каби асарларида Самарқанд астрономия мактаби олимларининг изланишлари ва ютуқлари ўз аксини топган.

Мазкур асарларнинг қўлёзмалари ҳозирда Тошкент давлат шарқшунослик институти қошидаги Абу Райҳон Беруний номидаги илмий-тадқиқот қўлёзмалар маркази, Россия Фанлар академиясининг Санкт-Петербургдаги Шарқшунослик институти филиали, Россия Фанлар академияси кутубхонаси, Британия музейи, Оксфорд университети кутубхонаси, Кембридж университети кутубхонаси, Берлин давлат кутубхонаси, Машҳаддаги Имом Ризо мемориал мажмуа кутубхонаси, Туркиядаги Аё София кутубхонаси, Душанбедаги Фирдавсий номидаги миллий кутубхона ва бошқа шу каби турли китоб фондлари ва кутубхоналарда сақланиб келмоқда.

Юқорида келтириб ўтилган рисолалар нафақат Мовароуннаҳр, балки Европа, Яқин ва Ўрта Шарқ илмий давраларида жуда оммабоп бўлиб, Али Қушчи томонидан илгари сурилган тадқиқот йўналишларининг келажакдаги ривожи учун асос бўлиб хизмат қилди.

Ўзининг астрономик ишларида Али Қушчи маълум тажрибага зид эмаслигини тахмин қилган ҳолда, Ер ўз ўқи атрофида сутка давомида айланишини муҳокама қилган ва мазкур муаммонинг ечими учун Аристотелнинг табиий фалсафасидан фойдаланишни рад этган.

Шунингдек, Али Қушчи «Пи» рақамини 16 ўнлик белгиларгача ҳисоблаган (кўпбурчакнинг икки тарафидан 27 жуфтни ташкил этган ва 3*228 бурчакка эга кўпбурчаккача етиб борган).

Али Қушчидан 150 йил ўтиб, Ф. Виет «Пи» сонини бор-йўғи 9 ўнлик белгилар билан ҳисоблаб, кўпбурчак томонлари сонининг 16 жуфтини ҳосил қилади.

Али Қушчи 1474 йил 16 декабрь куни Истамбулда вафот этган. У Истамбулдаги Айюб масжиди ҳузуридаги қабристонга дафн қилинган. Масжиднинг кириш қисмида мармар тошга «Али Қушчи – илм инсони» сўзлари ўйиб ёзилган. Бу билан унинг олимлар ўртасида обрўси янада ошди. Бу борада Али Қушчини буюк фалакиётчи олим Клавдий Птолемейга таққослашгани ва ўз замонаси Батлимуси (Птолемейи) деб номлашгани бежиз эмас, албатта.

 

Ҳатто осмон йиҒлади

Кўряпсизми, Али Қушчи нафақат ўрта асрлар, балки бугунги кун учун ҳам қанчалар қадрли ва буюк шахс бўлган. Бу каби тарихий тақдир эгаларини саҳнада ё экранда жонлантиришнинг ўзи бўлмайди. Шунинг учун ҳам кўп ўқиб-ўрганишимга, қаҳрамонимнинг руҳиятига кириш учун кўп изланишимга тўғри келди. Бунда менга, юқорида айтганимдек, режиссёримиз Баҳодир Йўлдошевнинг ёрдами катта бўлди. Чунки у кинони суратга олишдан олдин алоҳида тайёргарлик кўрган. Али Қушчи руҳиятини ёрқинроқ акс эттириш учун ҳатто Туркияга бориб, у дафн этилган қабристонгача ўрганиб келди.

Яна бир жиҳатни алоҳида таъкидлашни истардим. Қирқ йилдан ортиқ саҳнада ва кинода роль ижро этиб, овоз берган, тарихий шахслар образини яратган бўлсам-да, Али Қушчи ижодимдаги энг ёрқин сиймолардан бири бўлиб қолади. Буни қарангки, бу ролга ҳеч бир синовсиз, ҳатто суратимни ҳам муҳокама қилмасдан тасдиқлашди. Мирзо Улуғбекнинг ўлдирилганини эшитган Али Қушчи осмонга илтижо қилаётган, такбир айтиб, муножот қилаётган саҳна ҳам бир мартанинг ўзида, ҳеч бир дублсиз суратга олинди.

Биласиз, биз актёрлар қанчалик табиий ўйнашга ҳаракат қилмайлик, нозик дидли томошабин санъаткор қаерда фалшга йўл қўйди, қаерда сохталик борлигини жуда яхши англайди. Бир нарсани тан олишим керакки, шу пайтгача ўйнаган ролларимда икки марта юрак-юракдан йиғлаганман. Биринчи марта бундан ўттиз йил олдин тили кесилган, бир сўз айтишга имконсиз Абдулла Набиев ролида кўз ёшларимни тия олмаганман. Етимликдан еттинчи осмонга олиб чиқилган, оддий қушчининг боласини машҳури жаҳон қилган, ўзига энг яқин сирдош, энг қадрли ва азиз одам деб билган буюк ҳукмдор ва олижаноб устозидан айрилган Али Қушчи ролига шунчалар киришиб кетган эканманки, суратга олиш ишлари тугаганда ҳам кўз ёшлар тўхтамади.

Энг ажабланарлиси, мен такбир айтиб, Яратганга илтижо қилаётганимда шаррос ёмғир қуйиб берди. Назаримда, орадан деярли беш юз етмиш йил вақт ўтган бўлса-да, само осмонга интилган фарзандига мотам тутиб кўз ёш тўкаётгандек туюлди.

Темир ҚУРБОН

суҳбатлашди.

Ўхшаш мақолалар

Ҳаммасино кўриш►

63

Сонларни танлаш

10 ноябр, Шанба  
63 62 61 60 59 58 57
56 55 54 53 52 51 50
49 48 47 46 44 43 42
41 40 39 38 37 36 35
34 33 32 31 30 29 28
27 26 25 24 23 22 21
20 19 18 17 16 15 14
13 12 11 10 9 8 7
6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш ►

Хабарлар

ЁШЛАР ЖИНОЯТЧИЛИККА ҚАРШИ

Андижонда мактаб ўқувчилари ўртасида ташкил этилган «Биз жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликка қарши бирлашамиз» кўрик-танловининг вилоят босқичи якунланди.



Ҳаммасини кўриш ►
Подполковник Дўстматов Рустамжон Холмирзаевич – Тошкент вилояти ИИБ бошлиғининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосари лавозимига
Подполковник Чориев Алиахмед Омонович – Тошкент вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари – Кадрлар бошқармаси бошлиғи лавозимига
Подполковник Агзамов Азизхон Абралханович – Тошкент вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари – Молия ва моддий-техника таъминоти бошқармаси бошлиғи лавозимига

Кўп ўқилганлар

  • УЛУҒ ШАЙХ  НАЖМИДДИН КУБРО


     Машҳур шайх, йирик тасаввуф олими, халқ қаҳрамони ва мутасаввиф шоир Нажмиддин Кубро 1145 йилда Хоразмда туғилиб, 1221 йилда мўғул босқинчиларига қарши курашда қаҳрамонларча ҳалок бўлади.

    ✔ 12    🕔 12:59, 12.11.2018
  • ПОЙИДА БУЮКЛИК  БУКИЛГАН СУЛТОН


    Бани башар бир кўришдаёқ жаннатмонанд юрт деб эътироф этаётган бу кўҳна замин жаҳон тамаддунининг тамал тошини қўйган шундай улуғ зотларга Ватан бўлганки, маърифатпарвар подшоҳ, фалакиётшунос олим Мирзо Улуғбек таъбири билан айтганда, «улар шу қадар буюкки, ҳатто буюкликнинг ўзи уларнинг пойида букилиб қолади».

    ✔ 59    🕔 11:33, 29.10.2018
  • НАШРЛАРИМИЗНИ «АФРОСИЁБ»ДА ҲАМ ЎҚИШАДИ


    Муштарийларимиз эндиликда «Афросиёб» тезюрар поездида «Postda» ҳамда «На посту» газеталари билан танишиш, ички ишлар органлари ходимлари фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи мақолаларни ўқиб, ўз вақтларини мазмунли ўтказиш имкониятига эга бўлдилар.


    ✔ 62    🕔 11:32, 29.10.2018
  • УЛУҒ СУЛТОННИНГ  ФАРЗАНДИ АРЖУМАНДИ


    Шарқнинг буюк мутафаккири ва Мовароуннаҳр ҳукмдори, қолаверса, икки ўғилнинг отаси бўлган Мирзо Улуғбек оддийгина сарой қушчисининг боласини ўзига «фарзанди аржуманд», яъни энг қадрли ва азиз инсон деб билгани ҳар кимда ҳам қизиқиш уйғотиши табиий. 

    ✔ 85    🕔 12:54, 15.10.2018
  • ЯНГИ АТАМАЛАР ИЗОҲИ


    – Сўнгги йилларда иқтисодиётга доир «биллинг», «аутсорсинг» каби атамалар тез-тез қўлланиляпти. Ушбу атамалар ҳақида тушунча берсангиз.

    Ўктам ТОШПЎЛАТОВ.

    Самарқанд вилояти.

    ✔ 104    🕔 12:26, 08.10.2018
Ҳаммасини кўриш ►
;