ИНТИҚИБ КУТГАН ЭДИК

11:00, 22.10.2018
ИНТИҚИБ  КУТГАН ЭДИК

Турли касб эгалари ўз соҳаси ташкил этилган кунни интиқиб кутади, шодланиб байрам қилади. Мана, 12 йилдирки, мамлакатимиз ички ишлар органлари ходимлари 25 октябрни касб куни сифатида нишонлаяпти.


 Бундан қарийб 13 йил муқаддам ушбу сананинг қонун билан белгиланиши тарихи хусусида мухбиримиз ИИВ Таркибий бўлинмалари ходимлари бирлашган касаба уюшма қўмитаси бош мутахассиси, юридик фанлар доктори, истеъфодаги полковник Абдуғофур Сатторов билан суҳбатлашди. Қуйида ана шу суҳбатни эътиборингизга ҳавола этамиз.

– Абдуғофур Ҳамидович, ўша кезларда сиз Ўзбекистон Респуб­ликаси ИИВ ШТБИХ бошлиғининг ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатар эдингиз. Соҳа ходимларининг касб кунини белгилаш зарурати ҳақидаги хотираларингиз билан ўртоқлашсангиз.

– Тасаввур қилинг – 2006 йилнинг ноябрь ойи. Юртимиз мустақилликка эришганига 15 йилдан ошяпти. Лекин, шунга қарамай, мамлакатимиз ички ишлар органлари ходимлари ҳамон шўро милицияси ташкил этилган 10 ноябрни касб куни сифатида нишонларди. Бу ҳам етмагандек, терговчилар 6 апрелни, алоқачилар 7 майни, Ахборот маркази ходимлари 23 сентябрни, жиноят қидирув хизмати вакиллари эса 5 октябрни ўзларининг касб куни деб ҳисоблашарди. Аслида бу саналар ҳам совет тузумидан қолган «мерос» эди.

Ноябрь ойининг бошларида ўша даврда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига раҳбарлик қилган генерал-лейтенант Баҳодир Матлюбов бу мантиққа тўғри келмаслигини айтиб, янги давр талабидан келиб чиқиб, соҳа ходимларининг ягона кунини белгилаш бўйича асосли таклиф тайёрлаш ҳақида топшириқ берди.

Шу тариқа иш бошланиб кетди. Вазир ўринбосарлари, бош бошқармалар бошлиқларидан иборат ишчи гуруҳ тузилди. Касб куни борасида турли фикрлар билдирилди. Жойлардан берилган таклифлар ҳам кўриб чиқилди. Охири 25 октябрь санасини республикамиз ички ишлар идоралари ходимларининг касб куни сифатида белгилашни таклиф этиш лозим деган тўхтамга келинди.

– Яна қайси саналар таклиф этилган эди-ю, нега айнан 25 октябрь санасига тўхталдилар?

– Бундан ташқари, 8 январни, 27 мартни касб куни санаси сифатида белгилаш таклифлари ҳам илгари сурилган эди. Сабаби, Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йилнинг 8 январидаги қарори билан «Ички ишлар идораларида хизматни ўташ тартиби тўғрисида»ги муваққат низом тасдиқланган, 2001 йил 27 мартда эса давлатимиз раҳбарининг мамлакатимиз ички ишлар идоралари фаолиятини такомиллаштириш чоралари борасидаги фармони қабул қилинган эди. Баъзи бир бошқарма бошлиқлари Муваққат низом тасдиқланган санани ёқлашди. Лекин генерал-лейтенант Б. Матлюбов бу таклифларга эътироз билдириб, мустақил Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ташкил топган санани соҳа ходимларининг касб куни сифатида белгилаш ҳар томонлама тўғри бўлишини таъкидлади.

Қизғин муҳокамалардан сўнг айнан 25 октябрга тўхталганимизнинг сабаби шундаки, 1991 йилнинг ушбу санасида Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳақида»ги қарори қабул қилиниб, мазкур қарорга асосан, мустақил юртнинг Ички ишлар вазирлиги ташкил қилинган эди. Шунингдек, қарор билан Ички ишлар вазирлиги тўғрисидаги низом ҳам ушбу санада тасдиқланган эди.

– Юқори идораларда бу борада вазирлик вакиллари иштирокида бўлиб ўтган муҳокамалар жараёнини ҳам гапириб берсангиз.

– Дастлаб таклифимизни асослантирувчи хат билан Президент девонига тақдим этдик. Девоннинг масъул ходимлари билан асослантирувчи хатни янада мукаммаллаштирдик. Улар маъқул топгач, ҳужжатларни Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига топширдик. Аввал парламентнинг қуйи палатаси Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасида вазирлигимиз вакиллари иштирокида таклифлар муҳокама қилинди. Қизғин баҳс-мунозаралар бўлиб ўтди. Биз ўз таклифимизни ҳар томонлама асослантирганимиздан кейин, қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

«Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар идоралари ходимлари кунини белгилаш тўғрисида»ги қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2006 йил 29 ноябрда қабул қилиниб, 1 декабрда Сенат томонидан маъқулланди. 6 декабрь куни Ўзбекистон Республикасининг Қонуни имзоланди. Унга кўра, 25 октябрь Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар идоралари ходимлари куни этиб белгиланди.

Эътибор берган бўлсангиз, ушбу йўналишда ноябрь ойининг дастлабки кунларида иш бошлаган эдик. Қисқа муддатда – орадан атиги бир ойгина ўтиб, саъй-ҳаракатларимиз ўз мевасини берди. Бу ИИВ ишчи гуруҳи аъзолари фидойилик билан ишлаганининг, Президент девони масъул ходимлари хайрихоҳ бўлганлигининг, яқиндан ёрдам берганлигининг, депутатларимиз ва сенаторларимиз таклифимизни тезкорлик билан кўриб чиққанининг самараси, албатта.

– Қонун қабул қилинганидан хабар топган пайтдаги ҳолатингизни эслай оласизми?

– Ўша кунни унутиб бўларканми?! Ахир, бу кунни интиқлик билан кутган эдик. Қувончимни, кўнглимдан кечган ўй-фикрларни ўшанда «Халқ сўзи» газетасида «Дил изҳори» рукнида чоп этилган мақоламда баён қилганман. Жумладан, соҳамиз ходимларига бундай эътибор, ғамхўрлик учун давлатимиз ва ҳукуматимиз раҳбариятига миннатдорлик билдирганман. Ўйлайманки, ўша мақола бошқа ҳамкасбларимнинг ҳам дил изҳори бўлган эди.

 Қонун қабул қилингач, соҳа вакилларини рағбатлантириш мақсадида Ҳукуматимиз раҳбарияти томонидан ИИВга «А’lo xizmatlari uchun» кўкрак нишонини таъсис этиш ҳақида топшириқ берилди. Кўкрак нишони тўғрисидаги Низом Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг 2007 йил 28 сентябрдаги 185-сон буйруғи билан тасдиқланди. 2007 йил октябрида осойишталик посбонларининг касб байрами илк бора нишонланган куни эса ўз вазифасини сидқидилдан бажарган, хизмат фаолиятида улкан ютуқларга эришган ички ишлар органлари ходимларидан бир гуруҳи «А’lo xizmatlari uchun» кўкрак нишони билан тақдирланди.

– Юқоридаги қонуннинг мантиқий давоми бўлган «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси устида ишлар қачон бош­ланган?

– Ўзим ҳам энди шу ҳақда гапиришга оғиз жуфтлаб турган эдим. Касб кунимиз ҳақида қонун қабул қилингач, вазирлигимиз раҳбарияти ички ишлар органларининг фаолиятини тартибга солувчи қонун лойиҳаси устида ишлаш борасида топшириқ берди. Ушбу қонунда ички ишлар органларининг асосий вазифалари, фаолият йўналишлари, мажбуриятлари ва ҳуқуқлари, соҳа ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш каби муҳим масалалар акс этиши керак эди.

Ушбу қонун лойиҳасини тайёрлаш билан вазирликнинг тегишли соҳавий хизматлари масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳ шуғулланди. Лойиҳани келишиш учун турли идораларга кўп бора қатнашимизга тўғри келган. Уларнинг таклифлари ҳисобга олиниб, ҳужжат такомиллаштирилди. Аммо унинг қабул қилиниши турли сабабларга кўра ниҳоятда чўзилиб кетди. Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев дастлаб имзолаган қонунлардан бири айнан «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги қонун бўлди.

Кези келганда айтишим керакки, Юртбошимиз ички ишлар органлари фаолиятига алоҳида эътибор бермоқда. Президентимиз томонидан ички ишлар органлари тузилмаларини тубдан такомиллаштиришга қаратилган бир қатор фармон ва қарорлари қабул қилинди. Улар асосида вазирлик тузилмаси оптималлаштирилди, унинг етакчи соҳавий хизматлари фаолияти самарадорлиги оширилди. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 7 февралдаги фармони билан тасдиқланган 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда уни амалга ошириш мақсадида 2017, 2018 йилларда қабул қилинган Давлат дастурларида ички ишлар органлари фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари ҳам аниқ белгилаб берилди.

Тизимда юз бераётган ижобий ўзгаришларни хорижий оммавий ахборот воситалари ҳам эътироф этмоқда. Жумладан, «Халқ сўзи» газетасининг шу йил 11 октябрь сонида ёзилишича, юз мингдан зиёд нусхада чоп этиладиган «La Croix» газетаси «Шавкат Мирзиёев Президент сифатида фаолиятини бошлаганидан сўнг кейинги икки йилда жиддий ислоҳотларни амалга оширди. У ўз маъмуриятини қайта ташкил этди, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини тартибга келтирди», – дея қайд этган.

– Суҳбатимиз якунида осо­йишталигимиз посбонларига байрам тилакларингизни билдирсангиз.

– Фурсатдан фойдаланиб, осо­йишталик посбонларини касб байрами билан самимий табриклаб, уларга машаққатли фаолиятларида янгидан-янги муваффақиятлар тилайман. Давлатимиз ички ишлар органлари ходимларини ипотека кредитлари асосида турар жой билан таъминлаш, уларнинг хизмат шароитини яхшилаш, фидойиларча хизмат қилаётганларни рағбатлантириш борасида ғамхўрлик қиляпти. Улар давлатимизнинг, Президентимизнинг ғамхўрликларига зиммаларидаги масъулиятли вазифаларни сидқидилдан бажаришлари, Ватанимизга, халқимизга, Юртбошимизга содиқ бўлишлари билан жавоб берадилар, деб ишонаман.

– Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат. Ўзингизга ҳам касб байрами муборак бўлсин!

Бобомурод ТОШЕВ 
суҳбатлашди.

Ўхшаш мақолалар

Ҳаммасино кўриш►

6

Сонларни танлаш

19 январ, Шанба  
6 5 4 3 1

Ҳаммасини кўриш ►

Хабарлар

БАЙРАМНИ ЯНГИ УЙДА НИШОНЛАШДИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 апрелдаги фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ, ички ишлар органлари ходимларини арзон уй-жойлар билан таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар белгилаб берилди.


Ҳаммасини кўриш ►
Полковник Кадиров Дониёр Бахтиёрович – ИИВ Транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бошқармаси бошлиғи лавозимига

Кўп ўқилганлар

  • СИЗ ЭМАСМИ, МАЪРИФАТНИ ЮРАГИМГА ЮҚТИРГАН...


    Ярим кечаси ишдан уйига қайтаётган профилактика инспектори тўртта қўйни ҳайдаб келаётган ўсмирни кўриб, унинг кимлиги, қаерда яшаши, қўйларни қаёққа олиб кетаётгани билан қизиқди.

    ✔ 6    🕔 12:54, 21.01.2019
  • Ҳарбийларнинг «собиғи» бўлмайди


    Жазони ижро этиш муассасасидан уч нафар маҳкум қочгани тўғрисидаги хабар ходимларни оёққа турғизди. Маълум бўлишича, оғир жиноят содир этган бу маҳкумлар муассасадан чиқиндиларни олиб чиқиб кетувчи трактор орқали қочишган.


    ✔ 4    🕔 12:14, 21.01.2019
  • ФИДОЙИ ХИЗМАТ ЭЪТИРОФИ


    Ички ишлар органларини тезкор ахборотлар бошқармасисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бу бошқармада ўз касбининг усталари жуда кўп. Подполковник Марат Юлдашевнинг ички ишлар органларидаги фаолияти ана шу хизмат билан боғлиқ.

    ✔ 36    🕔 12:10, 14.01.2019
  • ЭЗГУЛИК ҚУЁШИ СЎНМАСИН


    Пойтахтимизнинг Сергели тумани «Маданият» маҳалла фуқаролар йиғинида эл-юрт дарди билан яшайдиган, шу йўлда тиниб-тинчимайдиган бир отахон умргузаронлик қилишини эшитиб, у киши билан суҳбатлашиш мақсадида йўлга тушдик. 

    ✔ 26    🕔 12:09, 14.01.2019
  • ВАТАН ХИЗМАТИГА БАХШИДА УМР


    Хонадон соҳиби бизни илиқ қарши олди, унинг рафиқаси эса самимий табассум билан тузалган дастурхонга таклиф этди. Бир пиёла чой устида Ўзбекистон Республикаси ИИВ Қоровул қўшинларида узоқ йиллар давомида фидокорона хизмат қилган ва кўплаб шогирдларни тарбиялаган истеъфодаги полковник Реваз Биченовнинг ҳикоясини тингладик.


    ✔ 42    🕔 13:09, 07.01.2019
  • ЮЗЛАРИДАН НУР, СЎЗЛАРИДАН ДУР ЁҒИЛАДИ


    Свердловск ёнғин хавфсизлиги билим юртини тамомлаган лейтенант Қобул Полвоновни Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳридаги тергов ҳибсхонасига хизматга юборишди. 

    ✔ 50    🕔 10:47, 04.01.2019
Ҳаммасини кўриш ►
;