Шундай инсонлар бўладики, умрининг ҳар бир лаҳзасини эзгу ишларга сарфлаб, тоабад халқ қалбидан жой олади.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ тизимидаги тиббиёт хизматини ривожлантиришга
улкан ҳисса қўшган, вазирлик Тиббиёт бошқармаси ташкил этилишининг
ташаббускорларидан бири полковник Рауф Холматов ҳаёт бўлганида 100 ёшни қаршиларди.
Аммо у киши хайрли ишлари, эзгу амаллари билан доимо шогирдлари қалбида яшамоқда
ва бошлаган барча ишлари изчил давом эттириляпти.
Рауф
Холматов ўрта мактабни тамомлагач, пойтахтдаги қишлоқ машинасозлиги
техникумини тугаллаб, 1937–1938 йилларда Тошкент қишлоқ хўжалиги машинасозлиги
заводида меҳнат қилади. Орадан маълум вақт ўтгач, Тошкент давлат тиббиёт
институтида таҳсил олади ва 1942 йилдан ички ишлар органлари тизимида хизматни
бошлайди.
Ички ишлар халқ
комиссарлиги Фарғона вилояти бошқармаси санитария қисми инспектори, Ички ишлар
халқ комиссарлиги Хўжалик бошқармаси санитария бўлими катта инспектори, 2-сонли
поликлиникаси бошлиғи, Хўжалик бошқармаси санитария бўлими бошлиғи, Тиббиёт
хизмати бошлиғи каби лавозимларда самарали хизмат қилди. У кишининг фидойилиги,
ҳар бир ишга масъулият билан ёндашишини шогирдлари доимо юксак ҳурмат билан
тилга олади.
Раҳбарлик
лавозимларида хизмат қилган кезларида ҳам ёшларни фидойи, мард ва жасур қилиб
тарбиялашга муносиб ҳисса қўшди. Жамоат тартибини сақлаш вазирлиги стационари
бошлиғи, Тиббиёт бўлими бошлиғи лавозимларида хизмат қилиб, соҳада кўплаб
ижобий ўзгаришларни амалга оширган Рауф Холматов Ички ишлар вазирлиги Тиббиёт
бошқармаси бошлиғи лавозимидан истеъфога чиқади. У хизмат фаолияти давомида «Ўзбекистонда
хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими» фахрий унвони, «Ҳурмат белгиси» ордени
ва ИИВнинг қатор кўкрак нишонлари билан тақдирланган.
Яқинда
ИИВ Тиббиёт бошқармасида Р. Холматов таваллудининг 100 йиллигига бағишлаб
учрашув ташкил этилди. Унда бошқарма раҳбарияти ва шахсий таркиби, соҳа
фахрийлари иштирок этди. Бошқарма бошлиғи, майор Шуҳрат Нишанов тадбирни
очаркан, ўзбек халқининг ўлмас анъаналаридан бири бўлган устозларни эъзозлаш, ўтганларининг
порлоқ хотирасини доимо дилда сақлаб, улардан ўрнак олиш кишини юксак чўққиларга
олиб чиқувчи омил эканини таъкидлади.
Тадбирда соҳа фахрийлари истеъфодаги полковник
Ринат Равшанов ва истеъфодаги подполковник Тамара Миронова сўзга чиқиб, Рауф
Холматовнинг Ички ишлар вазирлиги тизимида тиббиёт хизматини ташкил этиш
борасида амалга оширган ишлари, хусусан, поликлиникалар, стационарлар, ҳарбий-тиббий
комиссиялар, санитария-эпидемиология хизматини ташкил этиш, уларнинг
моддий-техника таъминотини ривожлантириш ҳамда кадрларни тайёрлаш каби хайрли
ишлари ҳақида фикр-мулоҳазалар билдиришди.
Тадбир сўнгида
иштирокчиларга Рауф Холматовнинг ҳаёти ва фаолиятига оид эсдаликлардан иборат
видеоролик тақдим этилди. Мазкур учрашув, айниқса, ёш ходимларда унутилмас
таассурот қолдирди.
Иномжон РАҲИМХЎЖАЕВ,
лейтенант.