МАНГУ ҚЎШИҚ КАБИ ЯНГРОҚ

12:41, 12.11.2018
МАНГУ ҚЎШИҚ КАБИ ЯНГРОҚ

эсар Жайҳун шамоллари

Шеърлар бўладики, улар ўз шоиридан бир неча баробар узун умр кўради. Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири, Ибройим Юсуповнинг қалб қўрида тобланган, соҳир қаламидан тўкилган назмий сатрлар ана шундай умрбоқий асарлардир. 


Шоир бисотидаги бетакрор сатрларни ўқиганингизда танти ва ялангтўш қорақалпоқ халқи, унинг ўзига хос турмуш тарзи, бу юртнинг такрорланмас табиати кўз ўнгингизда намоён бўлади. Ҳатто айқириб оқаётган Амударёдан эсаётган саррин шаббодалар секингина юзингизни силаб қўйганини ҳис қиласиз...

Ўн йиллик армон

Нукусга хизмат сафари асносида бироз вақт топиб, Қорақалпоғис­тон Ёзувчилар уюшмасига бордим. Мақсад – Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Тўлепберген Қаипбергенов билан учрашиш эди. У билан ўзбек ва қорақалпоқ адабиёти, ўзаро ижодий алоқаларимиз, умуман, ижод олами ҳақида тўйиб суҳбатлашдик. Ўнлаб ўлмас асарлар ёзиб, ўзига ўқувчилар қалбида ҳайкал тиклаган Тўлепберген оғанинг қорақалпоқ халқининг яна бир буюк ижодкори Ибройим Юсуповни нақадар қадрлашига ҳавасим келди. Суҳбатимиз шеър баҳси ё ҳозирги замон насри ҳақида бўладими, театр ё драматургия масалалари бўладими, гап айланиб улуғ шоирга бориб тақалар, Тўлепберген оға эса Ибройим Юсупов ижоди ва унинг инсоний фазилатлари ҳақида тўлқинланиб гапирарди.

– Шоирга Яратганнинг ўзи юқтирган, – дейди суҳбатдошим янада завқланиб. – Йўқса, ўнлаб шеърий тўпламлар, яна шунча достонлар, қанчалаб пьесалар ва публицистик мақолалар, насрий асарларни яратишнинг ўзи бўладими? Унинг кўплаб қардош халқлар ва жаҳон адабиёти мумтоз асарларини қорақалпоқ тилига таржима қилиб, сайрата олган таржимонлигини ҳам билсангиз керак. Ибройим Юсуповнинг адабий таҳлил, шеъриятнинг мунозарали муаммолари, бадиий таржима масалаларига бағишлаб бир қанча мазмундор мақолалар ёзиб, ҳозирги замон қорақалпоқ адабиётшунослиги фанига улкан ҳисса қўшганини ҳам унутиб бўлмайди.

Азбаройи ўзбек бўлганингиз учун эмас, Ибройим Юсуповнинг яна бир жиҳатини айтиб кетмасам, дуруст бўлмас. Чунки ўзбек адабиёти билан абадий дўстлик мавзуси шоир ижодидаги энг ёрқин саҳифаларни ташкил қилади. У ижодкор, таржимон, матбуот ходими, жамоат арбоби сифатида ўзбек адабиёти ва маданиятининг йирик вакиллари билан дўстлашди, ижодий мулоқотларда, сафарларда бирга бўлди...

Агар телефон жиринглаб қолмаганда, Тўлепберген оғани тўхтатиб бўлмас эди. Оға менга узрхоҳ нигоҳ ташлади-ю, гўшакни кўтарди.

– Ўзи сени мақтаб турувдим, – боладай завқланиб кулди оға. – Тошкентдан меҳмон келган экан, шунга сен билан бир мақтаниб қўяй дедим-да... Хўп, ҳозироқ етиб бораман. Олиб бораман, албатта... – Гўшакни қўяркан, яна менга юзланди. – Шоирнинг бироз мазаси бўлмади, шифохонада ётибди. Шунга кўргани бормоқчи бўлиб турувдим. Сиз ҳақингизда айтувдим, бошлаб келгин, деб тайинлади.

Тўлепберген оға менга янги нашр этилган китобларига дастхат ёзиб бераётганда ҳам, шифохонага отланаётганимизда ҳам Ибройим Юсупов тўғрисида тинмай гапирар, унинг ижоди ҳам, инсоний фазилатлари ҳам ҳар биримизга ўрнак бўлишини бот-бот уқтирарди.

Ёзувчилар уюшмаси биносидан чиқишимиз билан уяли телефоним жиринглаб қолди. Беруний ва Тўрткўлга жўнаб кетиши керак бўлган гуруҳимиз аллақачон самолётга чиққан ва фақат мени кутишаётган экан. Оғага узримни айтиб, аэропортга чопдим. Лекин орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, нафақат улуғ шоир, олим ва ижодкор инсон, балки буюк қалб эгаси бўлган Ибройим Юсуповнинг юраги уришдан тўхтаганини айтишди. Шундай қилиб, Ибройим оға билан дийдорлашиш мен учун чўнг армонга айланди...

 

Озод овулидан порлаб чиҚҚан ¨рҚин юлдуз

Ибройим Юсупов 1929 йили 5 майда Чимбой туманидаги Озод овулида таваллуд топди. У болалигидан чўпон-чўлиқнинг, бахшиларнинг, йилқичию овчиларнинг ажиб сирли, одамни сеҳрлаб қўювчи эртак ва афсоналарини, айтимларини берилиб тингларди. Ана шулар таъсирида ўзи ҳам шеърлар машқ қилди. Дастлабки ёзган шеърларини баланд овозда далаларга, осмонга, қушларга ўқиб берарди...

Шоир ўзининг илк асари «Ватаним» шеъри эълон қилинган пайтдан (1946) бошлаб, ижодий фаолияти давомида «Бахт лирикаси» (1955), «Кунчиқар йўловчисига» (1959), «Ўйлар» (1960), «Етти наво» (1962), «Дала орзулари» (1966), «Кўнгил кўнгилдан сув ичар» (1971), «Тўмарис» (1974), «Илҳом», «Ташвишларга бой дунё» (1987), «Тузли шамоллар» (1988), «Кўнгилдаги кенг дунё» (1989), «Беклигингни бузма сен...» (1995), «Ҳар кимнинг ўз замони бор» (2004) каби шеърий тўпламларини нашр эттирди.

Унинг икки жилдлик «Танланган асарлар» тўплами икки маротаба – 1978–1979 ва 1992 йилларда нашр қилинган. Турли йилларда чоп этилган тўпламларда шоирнинг «Ўртоқ муаллим», «Акация гуллаган ерда», «Актрисанинг иқболи», «Гиламчи аёл», «Эски фаввора эртаги», «Дала армонлари», «Тўмарис», «Булбул уяси», «Фаришта ой», «Посейдоннинг ғазаби», «Ватан тупроғи» ва бошқа дос­тонлари эълон қилинган.

 

СерҚирра ижодкор

Ибройим Юсупов бир қатор пьеса ва публицистик мақолаларнинг ҳам муаллифи ҳисоб­ланади. У А. Пушкин,
М. Лермонтов, Т. Шевченко, Ж. Байрон, И. Гёте, Г. Гейне, Ф. Шиллер шеърларини, Шекс­пир сонетларини, Алишер Навоий ва Ҳофиз ғазалларини, Умар Хайём рубоийларини қорақалпоқ тилига юксак маҳорат билан таржима қилган.

Ибройим Юсупов наср ва драматургия соҳасида ҳам самарали қалам тебратди. 1963 йилда унинг «Қари тутнинг кузи» номли ҳикоялар, очерк ва публицистик мақолалар тўплами босмадан чиқди. Шоир «Қирққиз» пьесасини (Амет Шомуратов билан биргаликда), 1966 йилда «Ўмирбек лаққи» комедиясини, 1986 йили «Искандар подшонинг туши» драмасини, 1973 йили «Ажиниёз» операси либреттосини яратди.

Ибройим Юсупов адабий таҳлил, шеъриятнинг мунозарали муаммолари, бадиий таржима масалаларига бағишланган мақолалар ёзиб, ҳозирги замон қорақалпоқ адабиётшунослиги фанига ҳам улкан ҳисса қўшди. Унинг «Лирика ҳақида мунозара» (1956), «Урушдан кейинги қорақалпоқ поэзияси» (1956), «Халқ шоири Аббоз Добилов» (1958), «Дала Орфейи» (1957), «Қорақалпоғистон – Махтумқулининг иккинчи шоирлик ватани» (1958), «Махтумқули ва қорақалпоқ адабиёти» (1957), «Махтумқули асарларини таржима қилишдаги баъзи бир англашилмовчиликлар ҳақида» (1983) каби мақолалари шулар жумласидандир.

Унинг шеърлари ўзбек ва рус тилларига таржима қилиниб, алоҳида тўпламлар шаклида нашр этилган. Шунингдек, шоир ижоди қозоқ, украин, беларусь, грузин, латиш, болгар ва бошқа халқлар тилларига ҳам таржима қилинган.

Дарё-дарё нур бўлиб оққан қўшиқлар яратган шоир фақат ижод билан чегараланиб қолмаган. У 1949 йил Қорақалпоқ давлат педагогика институтини битиргач, 1961 йилгача шу олий даргоҳда ўқитувчи бўлиб ишлади. 1961–1962 йилларда «Амударё» журналининг бош муҳаррири, кейинги уч йил мобайнида Нажим Давқораев номидаги тил ва адабиёт институтида илмий ходим, 1965–1980 йилларда Қорақалпоғис­тон Ёзувчилар уюшмасининг раиси, 1980–1988 йилларда «Эркин Қорақалпоғистон» газетасида бош муҳаррир, шунинг­дек, кейинги йилларда Тинчлик қўмитасининг Қорақалпоғистон бўлимига (1988–1994), Республика Маънавият ва маърифат марказига (1994–2000) раислик қилди.

Шоирга «Қорақалпоғистон Респуб­ликасида хизмат кўрсатган санъат арбоби» фахрий унвони берилган. Бердақ номидаги давлат мукофотига лойиқ кўрилди. У узоқ йиллар мобайнида Ўзбекистон ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Олий Мажлисларига депутатликка сайланди. Шоир Ўзбекистон Республикасининг «Эл-юрт ҳурмати», «Дўстлик» орденлари, фахрий ёрлиқлари ва медаллари билан мукофотланди. Унга 2004 йили Ўзбекистон Респуб­ликаси Президентининг фармони билан «Ўзбекистон Қаҳрамони» олий унвони берилди.

 

Шоир номидаги маскан

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоби, Бердақ номидаги давлат мукофоти совриндори, энг муҳими, нафақат қорақалпоқ адабиёти, балки қардош халқлар адабиётининг ривожига ҳам ўзининг муносиб ҳиссасини қўша олган улкан ижодкор Ибройим Юсупов номида махсус мактаб бунёд этиш, унда шеърият ихлосмандлари, бўлажак адиблар таълим олишини йўлга қўйиш ташаббуси билан чиққанида икки қардош халқ вакиллари ҳам баравар қувонган эди.

Кейинчалик ҳам давлатимиз раҳбари бу ўлкага ташриф буюрганда ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати қурилиши билан танишган ва лойиҳани янада такомиллаштириш бўйича зарур тавсиялар берган эди.

Ўзбек ва қорақалпоқ халқлари учун бирдек азиз бўлган буюк шоир номидаги мазкур мактаб 2017 йилнинг сентябрида ўзининг илк ўқувчиларига эшикларини очганди. Мус­тақилликнинг 26 йиллик байрамига совға бўлган давлат умумтаълим мактаб-интернати 216 ўқувчига мўлжалланган бўлиб, муассасада 100 ўринли ётоқхона, ошхона, спорт зали, лаборатория, кутубхона, ахборот-технологиялари хонаси замонавий жиҳозланган. Турли тиллардаги адабиётларни қорақалпоқ тилига таржима қилиш бўлими, китоблар чоп этиш учун мўъжаз босмахона фаолияти ҳам йўлга қўйилди.

Бундай замонавий билим масканида таълим олган ёшлар келажакда ўз халқининг маънавиятини юксалтиришига, маданият хазинасини янги дурдоналар билан бойитишига ишончимиз комил.

Темир ҚУРБОНОВ,

филология фанлари номзоди.

Ўхшаш мақолалар

Ҳаммасино кўриш►

71

Сонларни танлаш

08 декабр, Шанба  
71 70 69 68 67 66 65
64 63 62 61 60 59 58
57 56 55 54 53 52 51
50 49 48 47 46 44 43
42 41 40 39 38 37 36
35 34 33 32 31 30 29
28 27 26 25 24 23 22
21 20 19 18 17 16 15
14 13 12 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш ►

Хабарлар

БОШ ҚОМУСИМИЗ – ФАРОВОН ҲАЁТИМИЗ АСОСИ

Тошкент вилояти ИИБда Конституциямиз қабул қилинган кун муносабати билан тадбир бўлиб ўтди.



Ҳаммасини кўриш ►

Кўп ўқилганлар

  • Сарҳадларда мудом сергакмиз


    Халқимизда хотиржам яшамоқчи бўлсанг, деворингни мустаҳкам қил, деган нақл бор. Давлатнинг девори эса сарҳадлар ҳисобланади. Чегараларда хотиржамлик, осойишталик ҳукм суриб, турли бузғунчилик ҳаракатларидан холи бўлса, демак, сарҳадлар мустаҳкамдир.

    ✔ 28    🕔 12:08, 03.12.2018
  • МАНГУ ҚЎШИҚ КАБИ ЯНГРОҚ


    эсар Жайҳун шамоллари

    Шеърлар бўладики, улар ўз шоиридан бир неча баробар узун умр кўради. Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири, Ибройим Юсуповнинг қалб қўрида тобланган, соҳир қаламидан тўкилган назмий сатрлар ана шундай умрбоқий асарлардир. 

    ✔ 67    🕔 12:41, 12.11.2018
  • ЭЗГУ ИШЛАР УНУТИЛМАС


    Шундай инсонлар бўладики, умрининг ҳар бир лаҳзасини эзгу ишларга сарфлаб, тоабад халқ қалбидан жой олади. 

    ✔ 53    🕔 12:34, 12.11.2018
  • ОТ ЎРНИНИ ТОЙ БОСАР


    Хотира ва қадрлаш халқимизга хос, миллий ўзлигимиз, урф-одатларимиз билан чамбарчас боғлиқ муқаддас тушунчалардир. Мен бу сўзларнинг амалдаги ифодасини ҳаётимда кўриб, она Ватан, оила деган муқаддас даргоҳга доғ туширмасликка, кексаларга ҳурмат, ёшларга дилкаш бўлишга уринаман. Тинч ва осо­йишта кечаётган ҳар бир кунимизга шукур қиламан. Бунда менга турмуш ўртоғим Алиқул Сафаровнинг порлоқ хотираси, ёди ҳамиша қанот бўлмоқда.


    ✔ 106    🕔 11:29, 29.10.2018
  • НОМИНГ БАРҲАЁТ, МАРД ЎҒЛОН!


    Мамлакатимизда турли миллат ва элат вакиллари билан аҳил-иноқликда умргузаронлик қилиб келмоқда. Истиқлол йилларида диний қадриятларимиз, асрий анъаналаримизнинг қайта тикланиши турли динга мансуб фуқароларимизнинг ҳам эмин-эркин ибодат қилишларига имкон яратди. Диний эркинлик­ларга кенг йўл очилди.

    ✔ 106    🕔 11:28, 29.10.2018
  • «СЕВИМЛИ ИШИНГ БИЛАН ШУҒУЛЛАНСАНГ, БАХТЛИ ИНСОНСАН!»


    Инсон ҳаётда шундай яшамоғи керакки, токи оламдан ўтганидан кейин ҳам унинг эзгу амал­ларини одамлар эслаб юрсин. Генерал-лейтенант 

    БУРХОН СИРОЖИДДИНОВ бу ёруғ оламни тарк этганига қанча йиллар ўтган бўлса-да, ҳали-ҳануз одамлар хотирасида барҳаёт, оила аъзолари у билан фахрланишади.


    ✔ 236    🕔 13:01, 15.10.2018
Ҳаммасини кўриш ►
;