ИНСОНЛАРГА ЭЗГУЛИКНИ СОҒИНИБ

12:52, 12.11.2018
ИНСОНЛАРГА ЭЗГУЛИКНИ СОҒИНИБ

Президентимизнинг 2018 йил 24 октябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар идоралари ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ ходимларни мукофотлаш тўғрисида»ги фармонига асосан, тизимнинг турли соҳавий хизматларида фаолият олиб бораётган ходимлар давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланди.


 Улар орасида ИИВ Марказий госпитали етакчи жарроҳи Бахтиёр Турсунов ҳам бор. Касб байрами муносабати билан ташкил этилган тадбирда Ички ишлар вазири, генерал-майор Пўлат Бобожонов умрини инсонлар саломатлигини сақлашга бағишлаган шифокорга «Меҳнат шуҳрати» орденини тантанали равишда топширди.

Бахтиёр Турсунов 1948 йил 1 октябрда Тошкент шаҳрида зиёлилар оиласида дунёга келди. Отаси – атоқли физиолог олим, Ўзбекистон Фанлар академияси физиология институтининг асосчиси, профессор Зиё Турсунов тўнғич фарзанди Бахтиёрнинг тиббиётга меҳри ўзгачалигини вақтида илғаб, уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлади. Мактабда ўқиб юрган кезларидаёқ шифокор бўлишни дилига туккан Бахтиёр 1966 йили Тошкент давлат медицина институтининг даволаш факультетига ўқишга кирди.

Олий ўқув юртини имтиёзли диплом билан тамомлаган қаҳрамонимиз яна икки йил ординатурада ўқишни давом эттириб, академик Ўктам Орипов қўл остида тиб илмининг сир-синоатларини чуқурроқ ўрганди. 1974 йили эса иқтидорли жарроҳ ва ўз соҳасининг келажаги порлоқ тадқиқотчиси сифатида Тошкент давлат медицина институти аспирантурасига қабул қилинди.

Бахтиёр Турсуновнинг илмий салоҳиятини муносиб баҳолаган устоз­лари унга изланишини Москвадаги Тиббиёт фанлари академиясида давом эттириш учун шароит яратиб беришди. Шундай қилиб, ёш шифокор олим 1974–1977 йилларда академик А. Бакулев номидаги Юрак-томир хирургияси илмий марказида илмий тадқиқот ва даволаш ишларини олиб борди.

Номзодлик диссертациясини муваффақият билан ҳимоя қилган Бахтиёр Турсунов 1990 йилга қадар Тошкент давлат медицина институтида педагогик фаолият олиб бориш баробарида, институт қошидаги 1-клиник шифохонада томирлар жарроҳлиги бўлимининг раҳбари лавозимида ишлади. Шу билан бирга, докторлик илмий ишини давом эттирди.

Тинимсиз изланишлар самараси ўлароқ, Б. Турсунов 1989 йили академик А. Покровский раҳбарлиги остида профессор Ю. Волинский билан биргаликда, эссенциал гипертония билан хасталанган беморда дунёда биринчи маротаба чап буйрак усти бези рентгеноэндоваскуляр деструкция операциясини амалга оширди.

Тиб илмида катта муваффақиятларга эришган маҳоратли жарроҳ, чин инсоний фазилатлар эгаси бўлган Бахтиёр Турсунов 200 дан ортиқ илмий иш, жумладан, иккита монография, битта ўқув қўлланма, Ўзбекистон Республикаси патентлари билан муҳофаза қилинган 10 та ихтиро ва 11 та рационализаторлик таклифлари муаллифидир. 1993 йили профессор илмий унвонига сазовор бўлган шифокор олим 1999 йилдан Россия, 2005 йилдан Европа ангиолог ва қон томир жарроҳлари жамиятлари аъзоси ҳисобланади. У 2012 йилда Евроосиё ангиологлари ва қон томир жарроҳлари ассоциациясининг фахрий аъзолигига қабул қилинган.

Ўз соҳасининг етук билимдони сифатида танилган Бахтиёр Турсунов 2009 йили ИИВ Марказий госпиталида фаолият бошлади. Унинг салоҳиятини етарли баҳолай олган госпитал бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди, полковник
Ҳ. Усмонов раҳбарлигида муассасада жарроҳлик амалиётларини ўтказиш учун барча шароитлар яратилган. Бу ерда айни пайтда жуда мураккаб жарроҳлик амалиётларини юқори савияда ўтказиш имкони мавжуд. Ана шу имкониятлардан унумли фойдаланган Бахтиёр Турсунов томонидан Ўзбекистонда биринчи бўлиб варикоз кенгайган веналарни лазер нури ёрдамида аблация қилиш, умуртқа арте­рия­сининг бош мия суягидан ташқари ва ичкари қисмларини стентлаш операциялари бажарилди. Шунингдек, қандли диабет билан хасталанган беморларда оёқ ва қўл артериялари касалликларига ташхис қўйиш ҳамда даволашни такомиллаштириш бўйича илмий изланишлар олиб борилмоқда.

Бахтиёр Турсунов шифокорлик фаолияти билан бирга, шогирдлар тарбиялаш, соҳада етук мутахассисларнинг кўпа­йишига ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда. Республикамизнинг тиббиёт соҳасида меҳнат қилаётган кўплаб ангиологлар ҳамда қон томир жарроҳлари айнан унинг шогирдларидир.

ИИВ Марказий госпитали ихтисослаштирилган жарроҳлик бўлинмасида ҳизмат қилаётган аксарият шифокорлар ҳам талабалик давридаёқ устоздан сабоқ олиб, тиббиёт оламига кириб келишган. Улардан бири госпиталнинг Нурли диагностика бўлинмаси бошлиғи, майор Файзулла Абдуллаев шундай деди:

– Устоз бизга талабалик давримиздаёқ бир нечта қатъий талаблар қўйган. Буларга амал қилмаган шогирдлар унинг ишончини қозона олмайди. Энг катта талаб – тиббиёт соҳасидаги энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлиш. Бунинг учун эса, табиийки, ҳар куни изланиш, ҳеч бир маълумотни эътибордан четда қолдирмаслик талаб этилади.

– Яна бир талаби, – дея суҳбатга қўшилди Ихтисослаштирилган жарроҳлик бўлинмаси катта ординатори, қон томир жарроҳи, капитан Суръат Темиров, – иш жараёнида, айниқса, беморни даволаш ёки операция давомида асосий кўрсаткичлардан тортиб, энг кичик, ҳатто арзимасдек кўринган жиҳатларга ҳам бирдек жиддий ёндашиш зарур. Акс ҳолда, кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди. Инсонлар шунинг учун бизга ишонишади, деб кўп такрорлайди устоз. Биз Бахтиёр Турсуновни нафақат етук шифокор сифатида, балки жамиятда, оилада ўзини тутиш, фарзандларни тарбиялашда ҳам ўрнак сифатида кўрамиз.

Бугунги кунда Бахтиёр Турсунов турмуш ўртоғи – тиббиёт фанлари номзоди Насимахон Қаюмова билан фарзандлари ва набиралар ардоғида. Эътиборли жиҳати, фарзандларнинг барчаси ота касбини давом эттириб, тиббиёт соҳасини танлади. Бир сўз билан айтганда, бу оилани бутун бошли шифокорлар сулоласи дейиш мумкин.

Дарҳақиқат, мудом эзгуликка интилган инсон мақсади, сўзи ва амали билан ўзгаларга наф келтирар экан, ўзи ҳам комилликка эриша боради. Натижада унинг ҳар бир иши нафақат атрофидагилар, балки умум­инсоний манфаатларга ҳам дахлдорлик касб этади.

 

Санжар ҚУРБОНМУРОТОВ.

Содиқ ҲАКИМОВ олган суратлар.

Ўхшаш мақолалар

Ҳаммасино кўриш►

14

Сонларни танлаш

16 феврал, Шанба  
14 13 12 11 10 9 8
7 6 5 4 3 1

Ҳаммасини кўриш ►

Хабарлар

КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИК ФАКУЛЬТЕТИ ТИНГЛОВЧИЛАРИ АМАЛИЁТДА

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 16 августдаги қарори асосида Ички ишлар вазирлиги Академиясида Касбий тайёргарлик факультети ташкил этилган эди. Қарорга кўра, факультетга илк   бор олий ва ўрта махсус маълумотга эга номзодлар танлов асосида қабул қилинди.


Ҳаммасини кўриш ►
Подполковник Жабборов Санжар Бўронович – Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимига

Кўп ўқилганлар

  • ШАРАФЛИ ХИЗМАТНИНГ МУНОСИБ ЭЪТИРОФИ


    Мамлакатимизда жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштиришда нафақат мутасадди ташкилотлар, балки кенг жамоатчиликнинг фаол иштирокини таъминлаш масаласига энг устувор вазифа сифатида эътибор қаратилмоқда. 

    ✔ 15    🕔 11:02, 18.02.2019
  • ЁШЛАР САДОҚАТНИ СИЗДАН ЎРГАНАР


    Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманидаги 70-сонли ўрта мактабни воҳалик­лар яхши билишади. Бу таълим даргоҳидан учирма бўлганларнинг аксарияти бугун юртимиздаги турли соҳаларда меҳнат қилиб, таълим берган устозлари ва халқимиз ишончини оқлашмоқда.


    ✔ 46    🕔 10:26, 04.02.2019
  • ЛАНГАРЛИК ИНСПЕКТОР


    Хатирчи тумани марказидан анча олисда жойлашган Лангар маҳалласи тоғли ҳудуд ҳисобланади. Профилактика инспектори, майор Абдисодиқ Усмонов кўп йиллардан буён шу ерда хизмат қилади. 

    ✔ 40    🕔 11:49, 28.01.2019
  • ФИДОЙИ ХИЗМАТ ЭЪТИРОФИ


    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 январдаги «Ватан ҳимоячилари куни ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 27 йиллиги муносабати билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ва ҳарбий хизматчилардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ ички ишлар органларининг қуйидаги ходимлари ҳам давлатимизнинг орден ва медаллари билан тақдирланди.


    ✔ 76    🕔 12:34, 21.01.2019
  • МИЛЛИЙ АРМИЯ ВА ХАЛҚИМИЗ ҚАНЧА ЯҚИН,  БИР ТАНУ БИР ЖОН БЎЛСА, ШУНЧА ҚУДРАТЛИ БЎЛАДИ


    Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонларига мувофиқ, Ватан ҳимоячилари куни ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 27 йиллиги муносабати билан бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ҳарбий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирланди. 


    ✔ 75    🕔 12:33, 21.01.2019
  • УНВОН МУБОРАК, АЗИЗ ҲАМКАСБЛАР!


    Юртимиз тинчлик-осойишталигини сақлаш, жамоат тартиби ҳамда хавфсизлигини таъминлашга қўшган муносиб ҳиссаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 27 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан қуйидаги ходимларга навбатдаги «полковник» махсус ва ҳарбий унвони берилди.


    ✔ 86    🕔 12:32, 21.01.2019
Ҳаммасини кўриш ►
;