УЛУҒ ШАЙХ НАЖМИДДИН КУБРО

12:59, 12.11.2018
УЛУҒ ШАЙХ  НАЖМИДДИН КУБРО

 Машҳур шайх, йирик тасаввуф олими, халқ қаҳрамони ва мутасаввиф шоир Нажмиддин Кубро 1145 йилда Хоразмда туғилиб, 1221 йилда мўғул босқинчиларига қарши курашда қаҳрамонларча ҳалок бўлади.


 Унинг нафақат гўзал шеърий сатрлари, балки жасурлиги, душман билан мардонавор олишгани ҳам тиллардан-тилларга кўчиб, халқ орасида кенг тарқалган. Қуйида заҳматкаш адабиётшунос олим Эргаш Очил томонидан тўпланган ана шундай ҳикоялардан баҳраманд бўласиз.

КУБРО ЖАСОРАТИ

Хоразмни истило қилишдан аввал Чингизхон донғи ўз ватанидан узоқ-узоқларга ҳам ёйилган улуғ Шайх Нажмиддин Куброга илтимос билан элчи йўллайди: «Мен Хоразмни қатли ом қилмоқчиман. Сиз оила аъзоларингиз билан шаҳарни тарк этиб, хоҳлаган томонингизга кетишингиз мумкин». Ватанпарвар Шайх унга шундай жавоб қайтаради: «Менинг етмиш беш йиллик умрим шу тупроқда кечди. Шу халқ билан бирга ҳаётнинг бутун аччиқ-чучугини тотдим. Энди унинг бошига оғир кун тушганда ташлаб кетиш мардликдан эмас!».

Нажмиддин Кубронинг ҳиммат ва муруввати шу қадар буюкки, бошқа ўлкалардан келган мурид­ларининг бегона тупроқда ўлиб кетишларини истамайди. Уларни туғилган юртларига жўнатиб, ўзи шаҳарни мудофаа қилишга отланади. Шогирдларининг бирга кетиш тўғрисидаги таклифларига жавобан: «Мен шу ерда шаҳид бўламан. Менга Хоразмни тарк этишга рухсат йўқ!» – дейди ва қўлига шамшир тутиб, қўйнига тош тўлдириб, ёв қаршисига чиқади. Уларга тош отади, бир нечтасини найза билан уриб йиқитади. Душманлар унга камондан ўқ узадилар. Ўқлардан бири Шайхнинг кўкрагига санчилади. Шаҳид бўлаётган пайтда у душман қўлидан байроғини тортиб олиб, шу даражада маҳкам сиқиб ушлаганки, ўн киши бўлиб ҳам унинг қўлидан байроқни олишолмагач, бармоқларини кесишга мажбур бўлишган. Шайхнинг бу жасорати ёвни ҳам ҳайратга солган. Мазкур воқеа тилдан-тилга ўтиб, афсонага, халқ учун ибрат намунасига айланди. Шундай мард инсонларнинг авлоди эканлиги билан фахрланиб, Мавлоно Жалолиддин Румий бир шеърида шундай ёзган эди:

Мо аз он муҳташамонем, ки соғар гиранд,

На аз он муфлисон, к-он бузи лоғар гиранд.

Ба яке даст майи  холиси имон нўшанд,

Ба яке дасти дигар парчами кофар гиранд.

 

«Биз бир ориқ эчкини дунё деб билган назари паст қашшоқлар қавмидан эмас, балки қўлида эътиқод қадаҳини тутган улуғ зотлар тоифасиданмиз. Бу тоифа бир қўли билан иймоннинг холис майини сипқорса, иккинчи қўли билан кофирлар байроғини маҳкам ушлайди».

 

КУБРО КАРОМАТИ

Мўғуллар ҳужуми вақтида Шайх Нажмиддин Кубро Урганч дарвозаси устига чиқади-да, оёғини узатиб, шаҳарни душман кўзига кўринмайдиган қилиб қўяди. Бу буюк Шайхнинг каромати эканлигини Хулагухон ҳузуридаги туслик бир аллома сезади ва унга:

Бу Шайх Кубронинг мўъжизасидир. Энди Хоразмни фақат хоразмлик кишигина кўриши мумкин, – деб маслаҳат беради.

Бир хоразмлик сотқинни тутиб келтирадилар. Мўғуллар топшириғига кўра, у Шайх билан музокара олиб боради. Лекин Кубро душманнинг бирор-бир шартига кўнмайди. Мана шундай ғоятда нозик ва масъулиятли бир вазиятда баъзи бир ғаламислар: «Шайх душман билан тил бириктирган», – деб Муҳаммад Хоразмшоҳ билан Нажмиддин Кубро ўртасига нифоқ соладилар. Жонини сақлаб қолиш мақсадида оила аъзолари ва аъёнлари билан шаҳардан чиқиб қочиш фикрига тушган шоҳ Шайхдан шаҳар дарвозаси устидан оёғини олишини талаб қилади. У оёғини олиши билан эса Хоразм яна ҳаммага намоён бўлади ва шуни кутиб ўтирган душман уни забт этади.

 

ҲАР КИМ ЎЗИ УЧУН

Мурид ҳамма нарсада пирига бўйсуниши, тўғрими-нотўғри, у буюрган барча юмушни қулоқ қоқмай, адо этиши шарт. Шайх, даставвал, ўз шогирдларидаги ғурур, кибрни йўқотиш, уларни мўмин, тавозели қилиб етиштиришга интилган. Бунинг учун маълум шартлар – юмушларни бажариш лозим эди. Бу тариқатда «мутаваззо хизмати» дейилади. Нажмиддин Кубро жисмонан нозик ва латиф йигит бўлмиш Маждиддинни ҳам шундай имтиҳонга солади, яъни уни сув ташиш, хонақоҳни супуриб-сидириш, нопок жойларни тозалаш ва бошқа юмушларни бажаришга мажбур этади. Шунда унинг онаси Шайхга одам юбориб айтади:

– Илтимос, ўғлимни қийнамасинлар, агар мазкур юмушларни бажаришга хизматкор керак бўлса, мен ўнта турк ғуломини юборай.

Нажмиддин унга жавобан дейди:

Ажабо, ўзинг табиб экансан, айт-чи, ўғлинг касал бўлса-ю, дорини турк ғуломи ичса, сенинг ўғлинг тузаладими?

 

МУНОСИБ ШОГИРД

Кейинчалик машҳур авлиё, етук шоир, забардаст олим ва ҳассос воиз бўлиб етишган Сайфиддин Бохарзий Нажмиддин Кубронинг халифаларидан ҳисобланиб, илм таҳсилини ниҳоясига етказгач, шайх хизматига келиб, унинг тарбиясини олган. Бохарзий хилватга кирганида иккинчи арбаъиннинг бошидаёқ устози у хилватда ўтирган хонанинг эшигига келади ва муборак қўли билан эшикни чертиб:

– Эй, Сайфиддин! – деб овоз беради ва қуйидаги байтни ўқийди:

Манам ошиқ, маро ғам   созвор аст,

Ту маъшуқи, туро бо ғам чи кор аст?!

Таржимаси:

Мен ошиқман, демак, ғамга сазовор,

Сен маъшуқ – ғам билан нима ишинг бор?

– Ўрнингдан тур-да, ташқарига чиқ! – дейди.

Шундай деб, унинг қўлидан тутганича хилватдан чиқаради.



КУБРО БАШОРАТИ

Шайх Нажмиддинга Хитойдан – Шарқий Туркистондан бир канизак туҳфа қилиб юборганларида никоҳ кечаси у шогирдларига айтадики: «Биз бу кеча шаръий лаззат билан машғул бўлмоқчимиз. Шунга мувофиқ равишда сиз ҳам риёзатни тарк этиб, фароғату осуда бўлинг».

Барча муридлар фароғат билан банд бўлганларида, Сайфиддин Бохарзий катта бир офтобани сувга тўлдириб, туни билан Шайх эшигида туради. Тонг пайти ташқарига чиққан Шайх эшиги олдида уни кўриб сўрайди:

– Мен бу кеча сизларга дам олинглар демаганмидим? Сен нега ўзингга бу ранжу машаққатни раво кўрдинг?

– Сиз ҳар ким ўз ҳузур-ҳаловати билан машғул бўлсин, дедингиз, – дейди жавобан у. – Менга эса ҳазрати Шайх остонасида хизматда туришдан ортиқ лаззату ҳузур йўқ.

Шунда шайх:

– Сенга башорат шуки, султонлар отинг жиловини тутиб югургай, – дейди.

Кунлардан бир куни султонлардан бири Шайх Сайфиддин зиёратига келади ва қайтишида айтадики:

– Сизга бир от назр қилмоқчиман. Илтимосим шуки, сизни унга ўзим миндирсам.

Шайх унинг илтимосини қабул қилади. Лекин от асов бўлиб, Шайх миниши билан чопиб кетади ва Султон бир қўли жиловда эллик қадамча унинг ортидан чопиб боради. Шунда Шайх султонга айтади:

– Отнинг асовлиги ҳикмати шундаки, бир кеча шайхулислом шайх Нажмиддин Кубро хизматида эдик. У киши башорат берган эдики, султонлар жиловингдан тутиб югургайлар. Бу пир сўзининг исботидир.

Ўхшаш мақолалар

Ҳаммасино кўриш►

14

Сонларни танлаш

16 феврал, Шанба  
14 13 12 11 10 9 8
7 6 5 4 3 1

Ҳаммасини кўриш ►

Хабарлар

КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИК ФАКУЛЬТЕТИ ТИНГЛОВЧИЛАРИ АМАЛИЁТДА

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 16 августдаги қарори асосида Ички ишлар вазирлиги Академиясида Касбий тайёргарлик факультети ташкил этилган эди. Қарорга кўра, факультетга илк   бор олий ва ўрта махсус маълумотга эга номзодлар танлов асосида қабул қилинди.


Ҳаммасини кўриш ►
Подполковник Жабборов Санжар Бўронович – Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимига

Кўп ўқилганлар

  • «ЮРАГИМДА ЯШАЙСАН, ЮРТИМ!»


    Ўзбек халқи яратган бой илмий-адабий мероснинг жаҳон халқлари мулкига айланишида Хоразмий, Беруний, Форобий, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Лутфий, Алишер Навоий каби ўнлаб улуғ алломалар қаторида, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг номи ҳам муносиб ўринни эгаллайди. Унинг ёрқин ижодий фаолияти, давлат, ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги катта мавқеи авлодлар томонидан зўр ҳурмат-эҳтиром билан хотирлаб келинмоқда.


    ✔ 7    🕔 10:55, 18.02.2019
  • ЭЛГА ҚИЛСА БИР ЖАФО


    юз қатла фарёд айларам

    Агар рақамларга назар ташласак, Алишер Навоий яшаган давр билан бизни салкам олти асрлик вақт девори ажратиб туради.

    ✔ 35    🕔 12:23, 11.02.2019
  • ЭНГ МУҲИМ ВАЗИФА


    осойишталикни сақлаш, хавфсизликни таъминлашдир

    Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов Жиззах вилоятига хизмат сафари давомида Жиззах шаҳар ИИОФМБга қарашли 3-сонли ички ишлар бўлими фаолияти билан танишаркан, унга вилоятда жамоат хавфсизлиги ва осойишталикни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

    ✔ 23    🕔 12:15, 11.02.2019
  • ИНСОН ШАХСИНИ  ТАСДИҚЛОВЧИ «МУҲР»


    Уильям Ҳершель XIX асрнинг охирларида Буюк Британиянинг Ҳиндистондаги маъмуриятида хизмат қиларди. У йилдан йилга маош олиш учун келадиган аскарлар сони кўпайиб бораётганига ҳайрон бўларди. 

    ✔ 41    🕔 10:38, 04.02.2019
  • МУҲИМ МАСАЛАЛАР МУҲОКАМАСИ


    2019 йилнинг 26 январь куни Ички ишлар вазирлигида жойлардаги кадрлар масалалари бўйича масъул ходимлар, ўз хавфсизлиги хизмати ҳамда соҳавий хизмат раҳбарлари иштирокида ўтган йилги фаолият якунлари ва жорий йилда амалга оширилиши назарда тутилган масалаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.


    ✔ 37    🕔 10:31, 04.02.2019
  • ЁШЛАРГА ПСИХОЛОГИК ЁРДАМ КЕРАК


    Барчамизга аён бир ҳақиқат бор: бола ҳеч қачон жиноятчи бўлиб туғилмайди. Уни эътиборсизлик ва носоғлом муҳит шу йўлга етаклаши мумкин. Фарзанд тарбияси хусусий иш эмас, балки ижтимоий масаладир.

    ✔ 53    🕔 12:18, 28.01.2019
Ҳаммасини кўриш ►
;