ЎРТАДАН ОҚИБАТ КЎТАРИЛМАСИН

12:59, 12.11.2018
ЎРТАДАН ОҚИБАТ КЎТАРИЛМАСИН

Умида (исмлар ўзгартирилди) деразадан ташқарига ўйчан тикиларкан, катта йўл бўйидаги дарахт­ларга кўзи тушди. Уларнинг заъфарон япроқлари новдаларидан чирт-чирт узилиб, ерга гиламдек тўшаларди. 


Умида бу манзарани аллақандай ачиниш билан кузатди. Ана, қуёш ҳам уфққа ботмоқда. Ҳадемай осмону фалакни ой ва юлдузлар ўзининг заррин нурларига белайди. Шу тариқа яна бир тун бошланади. Ҳар куни кеч кириши билан унинг кўнгли ғаш бўлар, лоақал шу тун осуда ўтармикан, деб сиқиларди.

...Кексалар икки ёшни унаштираётганда бежиз «Илоҳим, юлдузи юлдузига тўғри келсин», деб ният қилишмас экан. Умида ҳам барча қизлар қатори не-не орзу-умидлар билан бир йигитга турмушга чиқди. Аммо уларнинг табиати, дунёқараши, ўй-фикрлари бир-бирига мос келмади. Икки ёш арзимаган гапга чарсиллаб ёнар, сиркаси сув кўтармай дарров сан-манга бориб, аразлашиб қоларди. Яқинлари унга: «Ҳали фарзандлар туғилса, ҳаммаси изига тушиб кетади, бола оилавий ришталарни янада мустаҳкамлайди. Фақат сабр қил», деб кўп бора насиҳат қилишарди. Умида ўша ёруғ кунлар умидида эрининг қўрс ва қўпол муомаласига чидади. Кунлар, ойлар ўтиб фарзандли ҳам бўлишди, аммо барибир эру хотин бир-бири билан муроса қила олмади. Қайнона бу ёш оила қалтис бир шамолга ҳам нурашини биларди. «Балки, уларнинг оиласини бўлак қилсам, алоҳида яшашса, эру хотин бир-бирининг кўнглига йўл топиши осон бўлар», деб ўйлади. Шу ният билан оилавий жамғарилган пулга шинамгина уй харид қилиб, уларни кўчириб ўтказди.  

Ҳеч бир ишда ёлчитиб ишлолмайдиган оила бош­лиғи Жонибек унда-бунда киракашлик қилар, топган пули эса «қора қозон»ни қайнатишга бирда етса, бирда етмасди. Умида эрининг рўзғорга етарли пул тополмаётганидан нолир, бошқалардек тўкин ҳаётда, роҳат-фароғатда яшолмаётганига баттар алами келиб, бор заҳрини эрига сочарди. Тинимсиз жанжаллардан тўйиб кетган эр охири ичкиликка ружу қўйди. Шундан кейин топганидан барака ариди. Бунинг устига, уйига гоҳ келиб, гоҳ келмайдиган одат чиқарди. Келганида ҳам оёқда аранг турар, оғзидан боди кириб, шоди чиқарди. Болалари шунчалик безиллаб, юрак олдириб қўйишган эдики, унинг овозини эшитибоқ ўзларини кўрпа тагига яширишарди. Охири эзгу ниятлар билан боғланган муқаддас ришталар буткул узилди, оила дарз кетди, фарзандлар тирик етимга айланди...

Эр-хотин расман ажрашса-да, Жонибек: «Борадиган бошқа жойим йўқ», дея уйдан чиқиб кетмади. Собиқ хотини ва уч нафар фарзанди билан бир хонадонда худди бегоналардек яшайверди. Суд қарорига мувофиқ, болаларига ойма-ой алимент тўлаб борарди-ю, аммо ўз пуштикамаридан бино бўлган жигарбандларидан оталик меҳрини дариғ тутарди, қизғанарди...

Собиқ эр-хотиннинг ғиди-биди гаплари, кесатиқ сўзлари охири росмана жанжалга айланиб кетар, бу оиладаги нотинчликдан қўни-қўшниларнинг ҳам тоқати тоқ бўларди. Шу боисдан бир неча маротаба маъмурий баённома тузилиб, ишлари судда кўриб чиқилди. Маҳалла-кўй, қўни-қўшни олдида юзи шувут  бўлган Умида фарзандларининг тақдирини ўйлаб эзиларди. Шу тобда ҳам узоқ-узоқларга қараб кўнглида ана шу саволларга жавоб излаётганди...

Борлиқни сукунат қоплаган, ҳамма ширин уйқуда ётган маҳали шарақа-шуруқ қилиб эшик зулфи очилди. Умиданинг кўзига энди уйқу инган экан, чўчиб уйғонди. Ҳар кунгидек кайфи тарақ Жонибек ишдан қайтган эди.

– Қизиқ, шу ҳолатида қандай киракашлик қилар экан-а, тавба, – деб ошхонага ўтди Умида. Кранни очиб, муздек сув ичди. Жонибек Умиданинг ҳали уйғоқ эканини кўриб, ортидан борди.

– Ҳовурингизни совуқ сув билан босяпсизми, хотинжон? – деб гап ташлади беўхшов тиржайиб. Ундан келаётган бадбўй ароқ ҳидига Умида бурнини жи­йирди-да:

– Нари ўт! – деди асабий. Қўлидаги пиёлани стол устига тарақлатиб қўйди-да, ошхонадан чиқмоқчи бўлди.

– Эрингни ташлаб қаерга кетяпсан, хотинжон? – деди унинг билагидан маҳкам тутиб Жонибек.

– Сен ҳам эрмисан? – ўдағайлади Умида.

– Ҳа, ёдингиздан чиқдими, гўзалим? – деб бачкана қилиқларни бошлади Жонибек.

Умида жонҳолатда уни итариб юбориб:

– Қўлингнинг учиниям теккизма менга! Яқинлашма! – деди.

– Яхши, яхши! Сен бўлмасанг бошқаси...

Жонибек шундай деб уяли телефонини олди-да, ғудраниб-ғудраниб рақам тера бошлади.

– Алло, яхшимисиз, жоним? Ширин уйқунгиздан уйғотиб юбормадимми? Ҳа, уйғоқман денг. Демак, мени ўйлаб ухлолмаётган экансиз-да.

Жонибек бор овози билан гап­лашар, бир гапириб, ўн кулар, қандай бўлмасин, Умиданинг ғашини келтиришни хоҳларди.

– «Ширин суҳбат»ингизни тугатарсиз, балки, ахир болалар ухлашяпти. Гапларингиз ҳам жуда бемаънилашиб кетди, етар, – деди охири Умида.

– Ҳа, рашк қиляптиларми, хоним? – деди Жонибек хохо­лаб.

Телефонда гаплашаётган аёл Умиданинг овозини эшитди, шекилли:

– Қайси суюқоёқнинг уйидасиз? – деди жаҳл аралаш нозланиб Жонибекка. Бу гаплар Умидага ҳам эшитилди.

– Телефонни менга беринг-чи, ким ўзи у аёл, нега мени ҳақорат қиляпти?! – деди Умида чидолмай.

– Эй, қўйсанг-чи, бор, ётиб ухлагин. Мен билан ишинг бўлмасин, – деди Жонибек.

Умида унинг уяли телефонига ёпишди, Жонибек телефонни жонҳолатда деворга қараб отиб синдирди ва кўзлари қонга тўлганча ошхонага ўтди. Стол устида турган пичоқни олди-да:

– Нима қилай, айт? Ўзимни ўзим ўлдирайми? – деди пичоқни маҳкам ушлаганча.

Шовқиндан болалар ҳам уйғонди.

– Бас, етар! Болаларни қўрқитманг! – деди Умида.

Қўрқувдан дағ-дағ қалтираётган қизи Саида онасининг ёнига яқинлашган пайт Жонибек қўлидаги ошхона пичоғи билан ўзининг чап билагини кесди. Бирпасда шариллаб қон оқиб кетди. Қонни кўрган Саида отам ўзини ўзи ўлдирди деб ўйлаб ҳушидан кетиб йиқилди.

– Бу жанжалларнинг охири борми ўзи, эй худойим?! – деди йиғлаб Умида. Дарҳол «102» рақамига қўнғироқ қилиб, бўлиб ўтган воқеалар ҳақида айтди ва тезда ички ишлар органи ходимларидан етиб келишларини сўради.

– Ҳали сен мени қамоққа тиқмоқчимисан? Ўз болаларингнинг отасини-я?

– Сиз ҳам отамисиз? Оталик меҳри борми ўзи сизда?!

– Сен шу уйга эга чиқиш учун мени қамоққа тиқмоқчисан, ёлғиз ўзинг шу уйда яшамоқчисан, шундайми? Кўнглинг тусаганча яшаш учун мен халал беряпман сенга, тўғрими?!

– Ўз болаларининг бошини эркалаб силамаган отадан мен нима кутай, қани, айтинг ўзингиз?!

– Нима, сен уларга бошқа ота топиб бермоқчимисан? Мақсадинг шуми сени?!

Шу жанжал устига ҳудудий профилактика инспектори икки нафар ички ишлар органи ходими билан кириб келди. Жонибек уларни кўриб типирчилаб қолди. Тортмада турган санчқини олиб энди ўзига жароҳат етказмоқчи бўлган эди, ички ишлар органи ходимлари уни тўхтатиб қолишга улгуришди.

Жонибекнинг қилмишларига яраша одил суд ўзининг адолатли ҳукмини чиқарди. Аммо Жонибек ўзи учун ўзи қандай ҳукм чиқарди экан? Бир неча маротаба маъмурий баённома тузилиб, иши судда кўриб чиқилса ҳам, тўғри хулоса чиқармай, инсонийлик туйғуларини ҳам унутиб қўйган ота ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаб бўлгач, бундан сабоқ чиқарармикан?!

Аслида оиладаги носоғлом муҳитга ким айбдор: суд ҳукми билан ажрашса-да, бир хонадонда худди бегоналардек яшаб келаётган собиқ эр-хотинми ёки ёш келин-куёвнинг бир-бирига мослашиб кетишида эзгу кўприк вазифасини ўташ ўрнига жанжалларни ўзидан нари қилиб, уларни алоҳида хонадонга чиқариб юборган қайнонами? Эҳтимол, Жонибек бу сафар ўз хатолари ҳақида чуқурроқ ўйлаб кўрар, ота сифатида фарзандлари ҳақида қайғуриш унинг зиммасидаги бурч эканини тушунар. Аслида одил суднинг ҳам, яқинларининг ҳам умиди шу.

 

Мусо ЮСУПОВ,

жиноят ишлари бўйича

Тошкент шаҳар Олмазор туман суди судьяси.

Адолат ФАЙЗИЕВА,

журналист.

Ўхшаш мақолалар

Ҳаммасино кўриш►

71

Сонларни танлаш

08 декабр, Шанба  
71 70 69 68 67 66 65
64 63 62 61 60 59 58
57 56 55 54 53 52 51
50 49 48 47 46 44 43
42 41 40 39 38 37 36
35 34 33 32 31 30 29
28 27 26 25 24 23 22
21 20 19 18 17 16 15
14 13 12 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш ►

Хабарлар

БОШ ҚОМУСИМИЗ – ФАРОВОН ҲАЁТИМИЗ АСОСИ

Тошкент вилояти ИИБда Конституциямиз қабул қилинган кун муносабати билан тадбир бўлиб ўтди.



Ҳаммасини кўриш ►

Кўп ўқилганлар

  • ВИЖДОНИНИ ЖИҒИЛДОНГА АЙЛАНТИРГАН ШИФОКОР


    Хивалик Улуғбек (исм-шарифлар ўзгартирилди) ёшликдан юрак хасталигига чалинди. Отаси Муродбек ака уни вилоят шифохоналарида бир неча бор даволатди. Аммо бироз муддат ўтгач, Улуғбекнинг соғлиғи яна ёмонлашаверди. Аксига олиб, сўнгги пайтларда шифокорларнинг муолажалари ҳам, дори-дармонлари ҳам кор қилмайдиган бўлиб қолди.


    ✔ 33    🕔 12:12, 03.12.2018
  • БОСҚИНЧИНИНГ  СЎНГГИ «БЕКАТИ»


    Тўрақўрғон туманидаги «Янгиобод» маҳалла фуқаролар йиғинида туғилган Шомиддин Шораҳмонов (исм-шарифлар ўзгартирилди) энди йигирма бир ёшга тўляпти. Аммо у ишёқмаслик ва ўзгалар мол-мулкига кўз олайтириши туфайли босқинчилик ботқоғига ботиб, етти марта суднинг қора курсисига ўтиришга улгурди.


    ✔ 42    🕔 12:43, 26.11.2018
  • БОСҚИНЧИЛАР НИЯТИГА ЕТОЛМАДИ


    Ўз ишининг устаси бўлиш учун танланган касбига содиқ қолиш ва масъулиятни ҳис этиш лозим. Фуқароларимизнинг тинч ва осуда ҳаётини таъминлаш йўлида хизмат қилаётган инсонларга эса мардлик, қатъият ва пухта жисмоний тайёргарлик зарур.


    ✔ 61    🕔 11:19, 19.11.2018
  • ЎРТАДАН ОҚИБАТ КЎТАРИЛМАСИН


    Умида (исмлар ўзгартирилди) деразадан ташқарига ўйчан тикиларкан, катта йўл бўйидаги дарахт­ларга кўзи тушди. Уларнинг заъфарон япроқлари новдаларидан чирт-чирт узилиб, ерга гиламдек тўшаларди. 

    ✔ 67    🕔 12:59, 12.11.2018
  • БИР ИМЗОНИНГ БАҲОСИ


    Ургутлик Меҳрибону (исмлар ўзгартирилди) хаёлига келган фикрни қарорга айлантиргунча бироз муддат иккиланиб юрди. 

    ✔ 65    🕔 12:39, 12.11.2018
  • ИЛЛАТ ИЗЛАГАНГА...


    Туман тиббиёт бирлашмасига қарашли шошилинч тиббий ёрдам бўлимида ҳамшира бўлиб ишловчи Н. Мадина (исм-шарифлар ўзгартирилди)нинг қўли ишга бормай қолди. Нимадир сабаб бўлиб бошлиғи билан келишолмай қолгани учун ҳадеб унинг ишидан айб топавериши кундан-кунга вазиятни таранглаштириб бораверарди.


    ✔ 90    🕔 10:46, 05.11.2018
Ҳаммасини кўриш ►
;