ИРОДАСИ МУСТАҲКАМ ИНСОН

11:14, 19.11.2018
ИРОДАСИ МУСТАҲКАМ ИНСОН

Бахмаллик истеъфодаги полковник Қайнар Қаршибоевни нафақат Жиззах вилояти, балки республикада ҳам яхши билишади. Уни иродаси мустаҳкам, сабр-қаноатли инсон, дея таърифлашади. Ички ишлар органларида кўп йиллар хизмат қилган бу фидойи инсон билан суҳбатлашган киши ҳузур қилади.



 – Ривоят қилишларича, шундай қуш бор эканки, бирор жойга ўт кетса, олов янада ловулласин, деб тумшуғида хас-чўп олиб келиб алангага ташларкан. Бошқа қуш эса, у тумшуғида сув олиб келиб алангага сепаркан. Муштдеккина қушнинг олиб келган суви билан аланга ўчиб қолмайди, лекин шу қуш аланга тезроқ ўчсин, ҳаммаёқни домига тортиб кетмасин, дея ҳаракат қиларкан, – дея гап бошлади отахон.  – Гоҳида айрим одамлар ана шу қушчалик жамиятга ёрдами тегмаётганидан ғашим келади. Бундай инсонларга, айниқса, ички ишлар органларида хизмат қилган йилларим кўп бор дуч келганман. Уларга қараб «Ҳайф, инсонлик сенга!», дегим келарди. Бирор жойда жиноят содир этилса, уни кўрганлар кўрмадим дейди, эшитганлар, эшитмадим дейди, билганлар елкасини қисиб тураверади. Бу жиноят болалаб эрта-индин ўзи ҳам жабр чекишини билганлар, кимнингдир ҳаётига зомин бўлишига ақли етганлар, инсонийлик бурчини ҳис этганлар – ички ишлар органлари ходимларига ёрдам беради.

Зомин тумани ИИБ бошлиғи эдим, ўрта ёшли киши мени сўраб келди. Чўпон экан. Қирнинг овлоқ жойида бир юк машинаси дам олдинга, дам орқага юриб, кейин кетиб қолгани, ажабланиб, воқеа жойига борса, у ерда машина эзиб ташлаган бир қизнинг жасади ётганини айтди. Синчков инсон экан, машинада неч­та одам борлигию уловнинг давлат рақамини ҳам билиб олибди. Тезда тергов-тезкор гуруҳи билан етиб бордик. Ҳақиқатан ҳам айтилган жойда бир қизнинг жасади ётарди. Экспертлар дастлабки текширувда қизнинг номуси топталганини ҳам аниқлашди. Мурдани бўлимга олиб келдик, прокуратура ходимлари ҳам етиб келди. Дастлаб, қизнинг шахсини аниқладик. Бу орада йўл-ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари автомашина Даштобод шаҳарчасидаги қурилиш ташкилотига қарашли эканини аниқлашди. Ҳайдовчи шу ташкилотда ишлар экан, уни уйидан маст ҳолда топиб келдик. Шериги Сирдарё тумани «Малик» давлат хўжалигидаги қишлоқ хўжалик билим юртида ўқиркан, ходимлар уни ҳам олиб келди. Аввалига йигитлар қилган ишини тан олмади. Кейин уларни чўпон билан юзлаштирдик. Чўпон воқеани бирма-бир айтиб берганидан кейин, йигитларнинг боши хам бўлди.

Маълум бўлишича, қиз Зомин шаҳарчасида яшаркан. Сирдарё давлат педагогика институтида ўқиркан. Ўша куни уйига электричкада келиб Даштободда тушиб қолади. Зоминга бориш учун йўл четида турганида, автомашина келиб тўхтайди. Ҳайдовчи ундан қаёққа боришини сўрайди ва машинага чиқинг, ўша ёққа кетяпмиз, дейди. Қиз машинага ўтиради. Ҳайдовчининг шериги ҳам бўлиб, ярим йўлга келганда машина Зоминга эмас, далага қараб бурилади. Қиз ҳайрон бўлиб сўраганида, ҳайдовчи сал наридаги қишлоқда бир танишим яшайди, бирров кириб чиқаман, дейди. Кейин машинани овлоқроқ жойга олиб бориб, қизни икки йигит зўрлашади. Бу жиноят етмагандай, унинг устига машинани юргизади ва жиноятни ёпмоқчи бўлишади... Суд мажлиси Зоминнинг ўзида ўтказилди: қиз оилада ягона фарзанд бўлиб, ота-онаси анча ночор яшаркан. Маъракасини ўтказиш учун моддий ёрдам бердик. Жиноятчиларга энг оғир жазо тайинланди. Агар чўпон лоқайдлик қилганида бу жиноятнинг очилиши анча қийин бўларди. Балки ваҳший йигитлар яна бир жиноятга қўл уриши ҳам мумкин эди.

Ғаллаорол тумани ИИБга раҳбарлик қилаётган давримда ҳам шунга ўхшаш бир воқеа бўлганди: бир қишлоқдан мол ўғирланади. Суриштирувда қорамоллар тунда ғойиб бўлган. Орадан икки ҳафта ўтиб, айнан ўша кишининг қўшнисиникидан ҳам мол ўғирланади. У ички ишлар бўлимига мурожаат қилиб келди. Кимдан гумони борлигини сўрасак, икки-уч кишининг кўринишини тасвирлаб берди. Уларни танийсизми, деб сўрасак, у бошини эгиб қўшнимнинг молини ҳайдаб кетаётганида уларни кўргандим, лекин ҳеч кимга айтмагандим, ўшанда ички ишлар идораларига хабар берсам бўларкан, афсус, деди. 

Ёши саксондан ошган Қайнар ота воқеаларни худди кеча бўлгандай сўзларди. Суҳбат айни қизиган пайт­да отахоннинг турмуш ўртоғи Зуҳра ая бир неча меҳмонни бошлаб кирди. Улар отахон билан бирга хизмат қилган ҳамкасблар экан.

– Барака топкурлар, тез-тез йўқлаб туришади, – деди Қайнар ота мамнунлик билан. – Буларни кўрсам, жиноятчиларни қидириб, қор-ёмғирда юрганларимиз, уларни қўлга олгандан кейинги хурсандчиликлар ёдга тушади.

– Устознинг юриш-туриши, ходимлар билан сўзлашишининг ўзи бир мактаб бўлган, – деди истеъфодаги подполковник Тўйчи Йўлчиев. – Ҳар қандай шароитда ҳам масалани вазминлик билан ҳал этишни ўрганганмиз. Ҳеч қачон бақир-чақир қилмаганлар. Ички ишлар органлари ходимининг ижобий хислатларини шу инсонда кўрганмиз. Раҳбарнинг ўзи ибрат кўрсатса, қўл остидагилардан талаб қилиши осон бўлади, деган тамойил бу кишининг шиори эди.

– Қайнар ака ҳар бир ходимни ўз фарзандидай кўрган, – деди истеъфодаги полковник Ўктам Умаров. – Ходимларни хизматга жалб этиш билан бирга, уларни кези келганда, қаттиқ туриб ҳимоя қилган. Бирор ходим айбсиз бўла туриб, текширув ё муҳокамага тушиб қолса, унинг айбсизлиги исботланмагунча тинчимасди, керак бўлса раҳбариятга қайта-қайта мурожаат этарди.

Шу пайт Сурхондарё вилоятидан ички ишлар органлари фахрийси, истеъфодаги полковник Омон Чориев кириб келди.

– Қайнар ака билан жиноятчиларни тутиш учун вилоятимизга борганда учрашганмиз, – деди Омон ака. – Кейин хизмат юзасидан биз ҳам Жиззахга келганмиз. Ўртада ришталар узилмасин, деб қўнғироқлашиб турамиз. Бугун бу табаррук инсонни бир кўргим келган эди.  Бу киши ички ишлар органи учун туғилганлардан бири. Бир ишга киришса бутун вужуди билан ҳаракатда бўлишини кузатганман. Самимийликда ҳам кўпларга ўрнак бўлади.

Шу чоғ Қайнар ота шогирдларига қараб кулумсираганча сўз қотди:

– Топшириқни бажармаганларингда берган танбеҳларимни ҳам айтинглар, ҳайфсан олганларинг эсларингдан чиқмагандир!

– Агар талабчанлик қилмаганингизда, шу даражага эришмасдик, – деди Ўктам Умаров шогирдларга хос тавозе билан.

Дарвоқе, Қайнар Қаршибоев Жиззах шаҳар ИИБ бошлиғи бўлиб ишлаганида қўл остидаги ходимларнинг кўплари юқори лавозимларга кўтарилган. Ўз вақтида шаҳар ИИБни кадрлар ўчоғи деб аташган. Чунки кейинги йилларда вилоят ИИБ раҳбариятида хизмат қилган полковниклар Ботир Муродов, Ўктам Умаров, подполковник Ботир Сулаймонов, шунингдек, вилоят ИИБ соҳавий бўлимлари ва бир қатор туманлар ИИБ бошлиқлари Қайнар Қаршибоевнинг тажрибаларидан баҳраманд бўлган.

Бу фидойи инсон оиласида тўрт ўғил, икки қиз ўсиб вояга етди, ҳаммалари ўзлари танлаган касб бўйича олий маълумотли бўлдилар. Зокир Қаршибоев ёнғин хавфсизлиги хизматида ишлаб, подполковник унвонида нафақага чиқди.  

Инсон ҳаётида ҳар хил воқелар бўлиб туради. Ноҳақлик, адолатсизлик каби асабни эговлайдиган, руҳини туширадиган ишлар ҳам бўладики, уни енгиб ўтиш осон эмас. Қайнар Қаршибоевнинг ҳаётида бўлиб ўтган воқеаларни эслатмоқчи эмасмиз, аммо у кишининг ҳақиқат барибир қарор топишига ишонгани ва иродасини букмай, ноҳақликка қарши мардларча турганини айтиб ўтиш жоиз.

Қайнар Қаршибоев оқланиб, яна оиласига қайтганидан кейин бир неча йиллар вилоят ИИБ фахрийлар кенгашини бошқарди.

– Устоз ички ишлар органлари фахрийларининг ҳолидан хабар олишдан эринмасди, – деди Ўктам Умаров. – Айниқса, беморлар, ёлғиз қарияларни тез-тез йўқлаб турарди. Мен у пайтда вилоят ИИБ бошлиғининг шахсий таркиб билан ишлаш бўйича ўринбосари эдим. Фахрийларга моддий ёрдам керак бўлса, раҳбариятни тинч қўймасди.

– Беморларни йўқлаб бориш жуда катта савоб иш, – деди Қайнар ота. – Кексайганида кимдир йўқлаб келса, бемор, кўнглидаги барча ғашликлар тарқаб, ўзини дадил ҳис этади.

– Отахон, фидойи ички ишлар ходими бўлиш учун ёшлар қайси жиҳатларга эътибор бериши керак?

– Аввало, ўқиб-ўрганишдан эринмаслик керак. Чунки даврдан ортда қолмаслик учун тинмай изланиш лозим. Касбга садоқатли бўлиб, унинг қийинчиликларидан чўчимаслик, хизматда ҳалол бўлиш инсонни улуғлашини шиор қилиб олиш керак. Агар раҳбар бўлсанг, тажриба, маҳоратингни бошқаларга ўргатишинг лозим. Ана шунда инсон касбидан барака топади, эзгу ниятига етади.

 

Садриддин ШАМСИДДИНОВ.

Жиззах вилояти.

Ўхшаш мақолалар

Ҳаммасино кўриш►

71

Сонларни танлаш

08 декабр, Шанба  
71 70 69 68 67 66 65
64 63 62 61 60 59 58
57 56 55 54 53 52 51
50 49 48 47 46 44 43
42 41 40 39 38 37 36
35 34 33 32 31 30 29
28 27 26 25 24 23 22
21 20 19 18 17 16 15
14 13 12 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш ►

Хабарлар

БОШ ҚОМУСИМИЗ – ФАРОВОН ҲАЁТИМИЗ АСОСИ

Тошкент вилояти ИИБда Конституциямиз қабул қилинган кун муносабати билан тадбир бўлиб ўтди.



Ҳаммасини кўриш ►

Кўп ўқилганлар

  • ШАРАФЛИ ЙЎЛ


    Жаҳон тажрибасидан маълумки, саноат салоҳиятини юксалтириш, ички бозорни қўшимча қийматга эга маҳсулотлар билан тўлдириш, энг муҳими, янги савдо йўлаклари очишда эркин иқтисодий зоналар муҳим ўрин тутади.

    ✔ 2    🕔 11:38, 10.12.2018
  • ШОГИРДЛАР МЕҲРИГА САЗОВОР УСТОЗ


    Инсоннинг қадр-қиммати қилган эзгу амаллари билан ўлчанади, эл-юртнинг ҳурматида, шогирдлар меҳрида намоён бўлади. Фарғоналик ички ишлар органлари фахрийси, истеъфодаги полковник Улуғбек Охуновни шогирдлари фидойи инсон сифатида ҳурмат қилишади.


    ✔ 24    🕔 12:09, 03.12.2018
  • МЕҲРНИ УЙҒОТАР ДИЙДОР


    Ўзбекистон Республикаси ИИВ Фахрийлар кенгаши ташаб­буси билан ИИВ Тошкент ўрта махсус мактабини 1978 йилда битирган бир гуруҳ ички ишлар органлари фахрийлари пойтахтимизда учрашдилар.


    ✔ 42    🕔 12:37, 26.11.2018
  • УМРНИНГ ҲАР ЛАҲЗАСИ ГЎЗАЛ


    Истеъфодаги майор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист Толибжон Ҳамролиев эл-юрт тинчлик-осойишталиги йўлида куч-ғайратини аямай, кўп йиллар ички ишлар органларида хизмат қилган.


    ✔ 35    🕔 12:21, 26.11.2018
  • ИРОДАСИ МУСТАҲКАМ ИНСОН


    Бахмаллик истеъфодаги полковник Қайнар Қаршибоевни нафақат Жиззах вилояти, балки республикада ҳам яхши билишади. Уни иродаси мустаҳкам, сабр-қаноатли инсон, дея таърифлашади. Ички ишлар органларида кўп йиллар хизмат қилган бу фидойи инсон билан суҳбатлашган киши ҳузур қилади.


    ✔ 51    🕔 11:14, 19.11.2018
  • ЭЛ ЭЪЗОЗЛАГАН ИНСОН


    Фозилжон Абдуллаев Тошкент молия институтини тамомлагач, тақсимот бўйича ИИВга юборилди. Ички ишлар вазирлиги, ўз нав­батида, уни Фарғонага жўнатди.

    ✔ 61    🕔 12:35, 12.11.2018
Ҳаммасини кўриш ►
;