ЧОРАК АСР «ТИЛСИЗ ЁВ»ГА ҚАРШИ

11:24, 19.11.2018
ЧОРАК АСР «ТИЛСИЗ ЁВ»ГА ҚАРШИ

...Июль ойининг 19-санаси. 4-ҳарбийлаштирилган ёнғин хавфсизлиги қисми нав­батчиси Миробод туманида жойлашган савдо дўконида ёнғин бўлаётгани ҳақида хабар топганида соат тонгги бешларга яқинлашиб қолганди. Ёнғин ўчирувчилар кўз очиб юмгунча жанговар шай бўлиб, машиналар томон югуришди. Бундай пайтда ҳар бир сония қадрли, ҳисобли...



Бўлинма воқеа жойига етиб борганида савдо дўкони ёнғин исканжасида қолган, тирқишлардан бурқсиб тутун чиқиб турарди. Ён-атроф­да саросима ичида ҳар ёққа жонсарак боқаётган беш-олти нафар киши ёнғин ўчирувчиларни кўриб, бироз таскин топгандек бўлди. Бўлинма командири, сафдор Умарқул Рустамов улардан вазиятни билишга киришди. Ким эканлиги, ичкарида одам бор-йўқлиги билан қизиқди.

– Ичкарида тўрт ё беш киши бўлиши керак. Илтимос, тезроқ ёрдам беринг­лар. Бўлмаса... – ваҳима билан гапираётган бу йигит шу дўконда сотувчи бўлиб ишлар экан. Сафдор ундан бинодаги хоналар жойлашуви, жабрланувчилар қаерда эканлигини сўраб олди.

Шундан кейин бўлинма командири ҳамкасбларига оловни ўчириш бўйича тегишли топшириқ бериб, ўзи газниқобларни кийганча, икки нафар шериги билан ичкарига йўналди. Ҳаммаёқ тутун билан қопланган, савдо залида эса олов тобора авж олиб борарди. Залдан ўтишгач, иккита эшикка дуч келишди. Биринчиси очиқ, олдида салқин ичимликлар тўла яшиклар уюлиб ётган иккинчи эшик эса ёпиқ эди. Шу пайт ўша томондан ёрдам сўраб бақирганларнинг овози эшитила бошлади. Афтидан саросимада ташқарига қочаётганлар яшикларни туртиб юборган, натижада эшик очилмай қолган кўринади. Сафдор Умарқул Рустамов буни тезда англаб, шошилинч чора кўра бошлади. Ёнғин ўчирувчилар яшикларни бошқа ёққа олиб, эшикни очишганда бирин-кетин беш киши: бир йигит ва тўрт нафар қиз чиқиб келди. Тутун таъсиридан йўталиб, ваҳимага тушиб қолганлар хавфсиз жойга олиб чиқилиб, уларга биринчи ёрдам кўрсатилди.

Тинимсиз миннатдорлик билдираётганларнинг аҳволи яхшилигини билгач, бўлинма командири У. Рустамов касбдошлари ёнига қайтди. 10 дақиқага бормай «тилсиз ёв» бартараф қилинди. Ке­йин маълум бўлишича, ёнғин қисқа туташув натижасида келиб чиққан экан.

– Бу каби ёнғинлар, улардан жабрланганларни олиб чиққан вазиятлар жуда кўп бўлган, – дейди сафдор Умарқул Рустамов камтарлик билан. – Лекин мен улардан раҳмат эшитиш, миннатдор бўлиши учун бу ишни қилмайман. Ўт ўчирувчилик, одамларга зарар етказаётган оловни даф қилиш – менинг касбим. Шу орқали бино ва иншоотларни «тилсиз ёв»дан асраб қолсак, кўмакка муҳтож кишига ёрдам берсак, шунинг ўзи катта бахт. Одамларга нафим тегаётганидан фахрланаман.

Аслида бир соҳада, яна битта жойда кўп йил хизмат қилиш, касбидан ҳурмат-эътиборга эришиш осон иш эмас. Бундай дейишимизнинг боиси бор, албатта. Мақоламиз қаҳрамони салкам чорак асрдан буён «тилсиз ёв» билан курашиб келади. Биргина 2017 ва жорий йилнинг ўтган даврида у 91 та турли даражадаги ёнғинларни бартараф қилишда, инсонларни қутқаришда иштирок этгани қаҳрамонимизнинг қанчалик ўз касбининг етук мутахассиси, тажрибали ва жасур ходим эканлигидан далолат беради.

Соҳага кириб келиши ҳам ўз-ўзидан бўлмаган. Ўшанда мактабнинг 7 ёки 8-синфларида ўқирди. Кутилмаганда қўшни уйлардан бирида ёнғин келиб чиқди. Қўшнининг уйи ёнаётганини кўрган киши борки, жим қараб туролмайди. Фалокат одамларни жипслаштириб, уни ўчириш учун ҳар ким қўлидан келганига ҳаракат қилади. Бу ерда ҳам ёнғинни кўрган қишлоқ аҳли оловни ўчиришга киришди. Лекин у ўчиш ўрнига тобора авж олиб борарди. Шу пайт узоқдан сиренанинг овози эшитилди. Одамлар умид билан ўша томонга қарашди. Бу унчалик узоқ бўлмаган туман марказидан «учиб келаётган» ёнғин ўчириш машинаси эди. У зумда етиб келиб, оловни даф қилишга киришди. Ўз ишининг устаси бўлган йигитлар қишлоқ аҳли ўчиролмаган оловни 5–10 дақиқада бартараф этишга муваффақ бўлишди.

Ўшанда ёнғин ўчирувчиларнинг чаққон хатти-ҳаракати, олов билан қўрқмай олишиши Умарқул хотирасида ўчмас из қолдирганди. Катта бўлсам у мен ҳам ўт ўчирувчи бўламан, дея кўнг­лига тукканди. Вақт ўтиб унинг болаликдаги орзуси ижобат бўлди. Бугун у ўз касбининг моҳир устаси, 20 дан ортиқ шогирдлар устози.

– Сафдор Умарқул Рустамов меҳнатсевар, ташаббус­кор ва талабчанлиги билан алоҳида ажралиб туради, – дейди Миробод тумани ЁХБ бошлиғи, подполковник Камол Муратов. – Унинг биз қадрлайдиган фазилати ёнғиндан қўрқмаслиги, дов­юраклигидир. Ёнғин ўчирувчида бу фазилат жуда ҳам зарур.

Кўп йиллик ҳалол меҳнат, фидойилик кун келиб ўз мевасини бериши, эътироф этилиши тайин. Бунга жорий йилда – Ички ишлар идоралари ходимлари куни муносабати билан Ўзбекис­тон Республикаси Президентининг фармонига кўра, давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлганлар қаторида сафдор Умарқул Рустамовнинг борлиги ёрқин мисолдир. Касбини ардоқлаб, кўплаб одамларни олов чангалидан олиб чиққан сафдор «Жасорат» медали билан тақдирланди.

Бугун касбидан эътибор топган, жамоадошлари ҳурматга сазовор бўлган Умарқул Рустамов ўз ёшлигини ўғлида кўргандек бўлади. Миробод туманидаги енгил саноат касб-ҳунар коллежини тамомлаётган ўғли Сарвар ҳам келажакда ўт ўчирувчи бўлишни, ота-касбини давом эттиришни ният қилган. Шу мақсадда отасидан йўл-йўриқ, маслаҳатлар олади, бирон нарсани баҳона қилиб коллежнинг ёнгинасидаги ҳарбийлаштирилган ёнғин хавфсизлиги қисмига кунора келиб туради. Мақсади сари одимлайди. От изини той босади дегани шу бўлса керак-да...

Фозилжон

МАМАШАРИПОВ,

журналист.

Ўхшаш мақолалар

Ҳаммасино кўриш►

14

Сонларни танлаш

16 феврал, Шанба  
14 13 12 11 10 9 8
7 6 5 4 3 1

Ҳаммасини кўриш ►

Хабарлар

КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИК ФАКУЛЬТЕТИ ТИНГЛОВЧИЛАРИ АМАЛИЁТДА

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 16 августдаги қарори асосида Ички ишлар вазирлиги Академиясида Касбий тайёргарлик факультети ташкил этилган эди. Қарорга кўра, факультетга илк   бор олий ва ўрта махсус маълумотга эга номзодлар танлов асосида қабул қилинди.


Ҳаммасини кўриш ►
Подполковник Жабборов Санжар Бўронович – Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимига

Кўп ўқилганлар

  • ШАРАФЛИ ХИЗМАТНИНГ МУНОСИБ ЭЪТИРОФИ


    Мамлакатимизда жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштиришда нафақат мутасадди ташкилотлар, балки кенг жамоатчиликнинг фаол иштирокини таъминлаш масаласига энг устувор вазифа сифатида эътибор қаратилмоқда. 

    ✔ 15    🕔 11:02, 18.02.2019
  • ЁШЛАР САДОҚАТНИ СИЗДАН ЎРГАНАР


    Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманидаги 70-сонли ўрта мактабни воҳалик­лар яхши билишади. Бу таълим даргоҳидан учирма бўлганларнинг аксарияти бугун юртимиздаги турли соҳаларда меҳнат қилиб, таълим берган устозлари ва халқимиз ишончини оқлашмоқда.


    ✔ 46    🕔 10:26, 04.02.2019
  • ЛАНГАРЛИК ИНСПЕКТОР


    Хатирчи тумани марказидан анча олисда жойлашган Лангар маҳалласи тоғли ҳудуд ҳисобланади. Профилактика инспектори, майор Абдисодиқ Усмонов кўп йиллардан буён шу ерда хизмат қилади. 

    ✔ 40    🕔 11:49, 28.01.2019
  • ФИДОЙИ ХИЗМАТ ЭЪТИРОФИ


    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 январдаги «Ватан ҳимоячилари куни ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 27 йиллиги муносабати билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ва ҳарбий хизматчилардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ ички ишлар органларининг қуйидаги ходимлари ҳам давлатимизнинг орден ва медаллари билан тақдирланди.


    ✔ 76    🕔 12:34, 21.01.2019
  • МИЛЛИЙ АРМИЯ ВА ХАЛҚИМИЗ ҚАНЧА ЯҚИН,  БИР ТАНУ БИР ЖОН БЎЛСА, ШУНЧА ҚУДРАТЛИ БЎЛАДИ


    Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонларига мувофиқ, Ватан ҳимоячилари куни ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 27 йиллиги муносабати билан бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ҳарбий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирланди. 


    ✔ 75    🕔 12:33, 21.01.2019
  • УНВОН МУБОРАК, АЗИЗ ҲАМКАСБЛАР!


    Юртимиз тинчлик-осойишталигини сақлаш, жамоат тартиби ҳамда хавфсизлигини таъминлашга қўшган муносиб ҳиссаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 27 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан қуйидаги ходимларга навбатдаги «полковник» махсус ва ҳарбий унвони берилди.


    ✔ 86    🕔 12:32, 21.01.2019
Ҳаммасини кўриш ►
;