ҲАРАКАТЛАР СТРАТЕГИЯСИ: ҚОНУН УСТУВОРЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ ВА СУД-ҲУҚУҚ ТИЗИМИНИ ЯНАДА ИСЛОҲ ҚИЛИШ БЎЙИЧА АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАР

11:27, 19.11.2018

Самарали суд-ҳуқуқ тизимини яратиш қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни сақлаш, инсон, жамият ва давлатнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ишонч­ли ҳимоя қилишда энг устувор вазифалардан ҳисобланади.



2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг асосий йўналишларидан бири қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишдан иборат. Ушбу йўналиш мамлакатда демократик ҳуқуқий давлат ва эркин фуқаролик жамиятини барпо этишда муҳим аҳамиятга эга вазифалар, жумладан, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинлик­ларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини, шунингдек, суд-ҳуқуқ тизимида қонунийликни мустаҳкамлашга қаратилган олтита бўлимни ўз ичига олади.

Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш соҳасида қуйидаги асосий йўналишларни ажратиш мумкин:

Биринчидан, суд ҳокимиятининг чинакам мус­тақиллигини таъминлаш, суд нуфузини ошириш, суд тизимини демократлаштириш ва такомиллаштириш бўйича кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, мамлакатимиз суд тизимида янги институт – Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши жорий этилиши катта янгилик бўлди. У судьялар ҳамжамияти органи ҳисобланиб, суд ҳокимияти мустақиллиги конституциявий принципини таъминлашга кўмак беради.

Таъкидлаш лозимки, мазкур ислоҳот халқаро ҳуқуқий ҳужжатлардаги энг асосий демократик принциплар ва стандартлар, хусусан, БМТнинг суд ҳокимияти органлари мустақиллигига доир Асосий принциплар негизида ўтказилди. Худди шу каби суд органлари Франция, Италия, Испания, Польша, Болгария каби мамлакатларда самарали фаолият олиб бормоқда.

Конституциявий судлов асослари мустаҳкамланди, жумладан, «Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Бу эса мазкур суднинг ваколатларини янада кенгайтириш ва унинг таркибини шакллантириш тартибини демократлаштириш орқали чинакам мустақиллигини таъминлаб, унинг самарадорлиги ва нуфузини янада кучайтирди.

Бундан ташқари, 2017 йил 12 апрелдаги қонун билан судьяларнинг ўз лавозимида муддатсиз қолиши жорий этилди. Бу судьялар мустақиллигининг энг муҳим элементларидан бири – судьялар ўзгармаслиги кафолатига айланди. Хусусан, янги қоидаларга кўра, судья белгиланган тартибда биринчи марта беш йилга, кейинги гал ўн йилга ва кейинчалик муддатсиз равишда лавозимга тайинланади ёки сайланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик судининг фуқаролик, жиноят, маъмурий ва иқтисодий соҳадаги ягона орган – Ўзбекистон Республикаси Олий судига бирлашиши ҳам муҳим янгилик бўлди. Бу ислоҳот суд тизимидаги бошқарув функцияларида ўзаро такрорийликка чек қўйиб, ягона суд амалиётини шакллантиришга имкон яратди.

Янги суд тизими – маъмурий судлар пайдо бўлиши ҳам катта аҳамият касб этади. Улар оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни, шунингдек, маъмурий ҳуқуқбузарлик­лар тўғрисидаги ишларни кўришга ваколатли. Маъмурий судларнинг ташкил этилиши инсон ҳуқуқларини ҳимоя этишда муҳим қадам бўлди. Боиси, у мамлакатимизда мажбурлов тусига эга процессуал чораларни қўллашнинг асосли ва қонуний эканлигига кўмаклашади.

Замонавий иқтисодиёт талабларидан келиб чиқиб ҳамда тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишни янада такомиллаштириш мақсадида хўжалик судлари иқтисодий судларга айлантирилди. Бунда мамлакат иқтисодий салоҳияти тобора ўсиб бориши инобатга олиниб, туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари тузилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 июлдаги фармони билан суд органлари фаолиятининг шаффофлигини янада таъминлаш, аҳоли билан очиқ мулоқотни кенгайтириш ва одил судловни амалга оширишда жамоатчилик ролини кучайтириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, босқичма-босқич Ўзбекистон Республикаси Олий суди веб-сайтида суд қарорларини тизимли равишда эълон қилиш тартиби жорий этилмоқда. Суд амалиётига қабул қилинган суд ҳужжати ўқиб эшиттирилганидан сўнг унинг мазмун-моҳияти суд процесси иштирокчиларига тушунтирилиши илк марта киритилмоқда.

Иккинчидан, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинлик­ларини ишончли ҳимоя қилиш бўйича тизимли чоралар амалга оширилди. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 ноя­бр­даги фармони билан жиноят ишлари бўйича далил сифатида фойдаланишга йўл қўйилмаслиги белгиланган етти хил усул аниқ белгилаб қўйилди. Жиноят-процессуал кодексида тўғридан-тўғри назарда тутилган ҳоллардан ташқари, судларда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши принципини чеклайдиган қўшимча талабларни жорий этиш тақиқланади.

2018 йил 4 апрелдаги қонун билан исботлашни амалга ошираётган шахслар ёки исботлашда иштирок этиш учун жалб қилинаётган шахслар томонидан далилларнинг терговга қадар текширув ва жиноят ишлари материаллари бўйича далилларни тўплаш, текшириш ва баҳолаш чоғида ғаразли ёки бошқа паст ниятларда ҳужжатларга ёхуд ашёларга била туриб ёлғон маълумотларни киритишда ва ўзга бузиб кўрсатишларда намоён бўладиган далилларни сохталаштириш (қалбакилаштириш) учун жиноий жавобгарлик белгиланди. (ЖК 2301-м.). Шунинг­дек, тезкор-қидирув фаолияти натижаларини сохталаштириш (қалбакилаштириш) учун ҳам жавобгарлик ўрнатилди (2302-м.). Шу билан бирга, ёлғон хабар бериш ва ёлғон гувоҳлик бериш учун жавобгарлик кучайтирилди.

Қонунчиликни ҳамда жиноят ишларини тергов қилиш ва кўриб чиқиш услубиётини янада такомиллаштириш, суд-тергов фаолиятида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишни кенгайтириш орқали фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, жиноят иши бўйича иш юритувда коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш, юритув­ни оптималлаштириш ва соддалаштиришни кўзда тутадиган «Электрон жиноят иши» тизими жорий этилмоқда. Айтиш лозимки, 2018 йил 1 декабрдан Тошкент шаҳрининг Яккасарой ва Миробод туманларида «Электрон жиноят иши» пилот лойиҳаси ишга тушади.

Президентимизнинг 2018 йил 19 сентябрдаги фармонига асосан, террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон Респуб­ликаси фуқароларини жиноий жавобгарликдан озод этиш тартиби такомиллаштирилди. Айтиш жоизки, биргина 2017 йилда содир этган қилмишига пушаймон бўлган ҳамда тинч турмуш тарзига қайтган 18 мингдан зиёд фуқаро террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар фаолиятида иштирок этишга мойил бўлган шахслар рўйхатидан чиқарилди. Уларнинг 10 мингдан зиёдига ишга жойлашишда, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишда амалий ёрдам кўрсатилди.

Учинчидан, изчил равишда маъмурий, жиноий, фуқаролик ва хўжалик қонунчилиги такомиллаштирилмоқда. Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш доирасида янги таҳрирда Фуқаролик-процессуал, Иқтисодий-процессуал кодекслар, шунингдек, Ўзбекистон Рес­публикаси Маъмурий суд юритуви кодекси қабул қилинди. Улар мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган демократик янгиланишлар моҳияти ва мазмунини тўлиқ акс эттиради. Хусусан, Ўзбекистон Респуб­ликаси Маъмурий суд юритуви кодекси ва «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши, маъмурий ишларни кўриш процессуал тартибини белгилайди, давлат органлари фаолиятида қонунийликни мустаҳкамлаш, юридик ва жисмоний шахслар ҳуқуқ ва манфаатларини амалга оширишнинг замонавий тартиботларини жорий этишга имкон яратади.

Президентимизнинг 2018 йил 14 майдаги қарори билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш концепцияси тасдиқланди. Унинг асосий йўналишлари ва вазифалари жиноят қонунчилиги нормаларини унификация қилиш, жиноий жавобгарлик ва жазо тизимини такомиллаштириш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлат манфаатларининг таъсирчан ва ишончли муҳофаза қилинишини таъминлаш кабилардан иборат.

Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилиги нормаларини либераллаштириш ва жиноий жазоларни инсонпарварлаштиришга алоҳида урғу берилмоқда. Мисол учун, 2017 йил 29 мартдаги қонун билан қамоқ жазоси бекор қилинди, жазо тизимига янги, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тури – «мажбурий жамоат ишлари» киритилди.

Бундан ташқари, поч­та-телеграф жўнатмаларини хатлаш ҳамда мурдани эксгумация қилишга санкция бериш ҳуқуқи прокуратурадан судларга ўтказилди. Шунингдек, судларга қамоқ ёки уй қамоғига олишга муқобил эҳтиёт чоралари сифатида бошқа чораларни қўллаш ҳуқуқи берилди. Шу орқали суд юритувида «Хабеас корпус» институтини қўллаш доираси кенгайди, жиноят процессида суд назоратининг роли ва аҳамияти ошди.

Бундан ташқари, суд томонидан жиноят ишини қайта терговга қайтариш институти тўлиқ бекор қилинди, суд муҳокамасида терговнинг тўлиқ ўтказилмаган ҳолатларини тўлдириш механизми белгиланди. Назорат тартибида суд қарорларини қайта кўриб чиқиш муддати 3 йилдан 1 йилга қисқартирилди.

2017 йил 6 сентябрдаги қонун билан терговолди текшируви ва суриштируви институтлари тубдан такомиллаштирилди. Хусусан, суриштирув ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар бўйича судга қадар иш юритишнинг соддалаштирилган шакли сифатида жорий этилади. Бу чоралар жиноят ишини тергов қилишни жадаллаштириш, дастлабки тергов иши сифати ва натижасининг ошишига, шунингдек, жиноят ишларини тергов қилишда такрорийлик ва сансалорлик ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади, жиноят процессида фуқаронинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтиради.

2018 йил 3 июлда «Медиация тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Ушбу қонун Ўзбекистонда низоларни муқобил ҳал қилиш тартибини ривожлантиришда муҳим ҳуқуқий пойдевор бўлиб, мамлакат суд тизимига юкламани пасайтиришга имкон берди. Қонун фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан, жумладан, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш муносабати билан келиб чиқадиган низоларга, шунингдек, якка меҳнат низоларига ва оилавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга медиацияни қўллаш билан боғлиқ муносабатларга нисбатан, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, амал қилади.

Ўзбекистон Респуб­ликаси Президентининг 2018 йил 2 июлдаги қарорига кўра, ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш, шунингдек, оилавий-маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари белгиланди. Қарор билан оилавий ва шахслараро низоларнинг, депрессив вазиятларнинг барвақт олдини олиш, шунингдек, ушбу жараёнда кенг жамоатчилик иштирок этишини таъминлаш масалалари кучайтирилди.

Тўртинчидан, жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга катта эътибор берилмоқда. Мамлакатда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида комплекс чоралар амалга оширилди, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси билан шуғулланадиган давлат органлари иши ва шакли тубдан такомиллаштирилди. Бундан ташқари, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишда манзилли ва комплекс ёндашувга эътибор қаратилди.

Хусусан, ҳар пайшанба куни – Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни деб эълон қилинди. Ушбу кун давомида ички ишлар органлари томонидан давлат ва нодавлат ташкилотлар, жамоатчилик вакиллари билан биргаликда ҳар бир жиноятни батафсил ва ҳар томонлама ўрганиш, қонун доирасида унинг содир этилишига сабаб бўлган шарт-шароитларни бартараф этишга қаратилган тизимли ишлар олиб борилмоқда. 

Профилактика инспекторлари фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш бўйича таъсирчан мезонлар жорий этилди, уларга ишлаш учун муносиб шарт-шароитлар яратилди. Шу жумладан, бириктирилган ҳудудда хизмат уйлари билан таъминланди, вазифаларнинг самарали бажарилиши учун моддий рағбат чоралари жорий этилди. Ҳар ой фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида профилактика инс­пекторлари ҳисоботини эшитиш тартиби жорий этилди. Бундан ташқари, профилактика инспекторларини лавозимга туман (шаҳар) Халқ депутатлари кенгаши қарори билан тасдиқлаш тартиби ўрнатилди. Ички ишлар органлари патруль-пост хизмати тизимида отлиқ гуруҳлар, мотоциклда ҳаракатланадиган йўл-патруль хизмати гуруҳлари ташкил этилди.

Ўзбекистон Рес­публикаси Президентининг 2018 йил 14 февраль ва 19 июндаги қарорлари билан пойтахтда жамоат тартибини сақлаш, жиноятчилик билан курашиш ва ҳуқуқбузарлик­ларни профилактика қилишнинг мутлақо янгича тизими жорий этилди.

Пойтахтда жамоат тартибини сақлашнинг муҳим бўғини сифатида «Хавфсиз шаҳар» концепцияси имкониятларидан кенг фойдаланишни айтиб ўтиш лозим. Биринчи нав­батда, жиноятлар содир этилса, ушбу концепция уларни фош этиш учун ўзаро мувофиқлаштирилган ҳолда ҳаракатланиш ва тезкорлик билан қарорлар қабул қилишни таъминлайди. Шунингдек, жамоат тартибини сақлаш, жиноятчилик билан курашиш ва ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш тизимига «Хавфсиз пойтахт» концепцияси жорий этилди. Бундан ташқари, жорий йилнинг 30 июлидаги «Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун ҳам шахс, жамият ва фуқарони экстремизмдан ҳимоя қилиш, Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузуми, ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш, жамиятда тинчлик, миллатлараро ва динлараро тотувликни таъминлашга қаратилган.

Умуман таъкидлаш лозимки, Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган чоралар, ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш, қонун устуворлигини, жамиятда тартиб ва хавфсизликни таъминлашда муҳим рағбат бўлиб, унинг замирида «Инсон, унинг ҳаёти, ҳуқуқи ва эркинлиги – энг олий қадрият» деган эзгу ғоя мужассам.

 

Азамат РАЖАПОВ,

ИИВ Ташкилий

департаменти

Юридик таъминлаш бошқармаси

бошлиғи ўринбосари,

катта лейтенант.

Ўхшаш мақолалар

Ҳаммасино кўриш►

71

Сонларни танлаш

08 декабр, Шанба  
71 70 69 68 67 66 65
64 63 62 61 60 59 58
57 56 55 54 53 52 51
50 49 48 47 46 44 43
42 41 40 39 38 37 36
35 34 33 32 31 30 29
28 27 26 25 24 23 22
21 20 19 18 17 16 15
14 13 12 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш ►

Хабарлар

БОШ ҚОМУСИМИЗ – ФАРОВОН ҲАЁТИМИЗ АСОСИ

Тошкент вилояти ИИБда Конституциямиз қабул қилинган кун муносабати билан тадбир бўлиб ўтди.



Ҳаммасини кўриш ►

Кўп ўқилганлар

  • СОЛИҚ СИЁСАТИДАГИ  ЯНГИ ТАРТИБЛАР:  улар нималарни ваъда қилмоқда?


    Президентимизнинг 2018 йил 29 июндаги «Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепция­си тўғрисида»ги фармони аҳолида катта қизиқиш уйғотди.

    ✔ 4    🕔 11:30, 10.12.2018
  • ЁШЛАР ЕТАКЧИЛАРИ  МАЛАКА ОШИРДИ


    Ички ишлар органларида Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилотлари фаолиятининг йўлга қўйилгани тизимдаги ёш ходимларни Ватанга муҳаббат ва бурчга садоқат руҳида тарбиялаш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, улар орасидан истеъдодли ва иқтидорли ёшларни юзага чиқариш, ижтимоий муаммоларини ечишга кўмаклашишга хизмат қилмоқда.


    ✔ 3    🕔 11:27, 10.12.2018
  • ИИВ МАЛАКА ОШИРИШ ИНСТИТУТИ:  ВАЗИФАЛАР ВА УСТУВОР ЙЎНАЛИШЛАР


    Ички ишлар органлари фаолияти самарадорлигини ошириш ва такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг навбатдаги босқичи сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 августдаги «Ички ишлар органлари бошқарув, назорат ва шахсий таркиб билан ишлашнинг самарали тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори муҳим воқеа бўлди. Қарорга асосан, вазирликнинг ташкилий тузилмасида мустақил таълим муассасаси – Малака ошириш институти ташкил этилди.


    ✔ 49    🕔 12:42, 26.11.2018
  • МАҚСАД – ОДАМЛАРНИ РОЗИ ҚИЛИШ


     Президентимизнинг 2017 йил 8 августдаги «Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида жойларда секторлар фаолиятининг йўлга қўйилиши Арнасой туманида ҳам ўзининг ижобий самарасини бермоқда.


    ✔ 40    🕔 12:41, 26.11.2018
  • ҲАРАКАТЛАР СТРАТЕГИЯСИ: ҚОНУН УСТУВОРЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ ВА СУД-ҲУҚУҚ ТИЗИМИНИ ЯНАДА ИСЛОҲ ҚИЛИШ БЎЙИЧА АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАР


    Самарали суд-ҳуқуқ тизимини яратиш қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни сақлаш, инсон, жамият ва давлатнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ишонч­ли ҳимоя қилишда энг устувор вазифалардан ҳисобланади.


    ✔ 68    🕔 11:27, 19.11.2018
  • ЖАМОАТ ХАВФСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШНИНГ МУҲИМ ОМИЛИ


    Жорий йил 22 октябрда қабул қилинган қонун билан бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, жумладан, Ўзбекистон Респуб­ликасининг Жиноят, Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекслари, шунинг­дек, «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.


    ✔ 50    🕔 11:13, 19.11.2018
Ҳаммасини кўриш ►
;