ЎЗБЕКИСТОН – БАҒРИКЕНГ ИНСОНЛАР ЮРТИ

12:12, 26.11.2018
ЎЗБЕКИСТОН – БАҒРИКЕНГ  ИНСОНЛАР ЮРТИ

Жонажон Ватанимизда неча асрки, диний ҳамда миллатлараро бағрикенглик ҳукм сурмоқда. Бу муқаддас заминда ҳозирги кунда ҳам турли миллат ва дин вакиллари тинч-тотув ҳаёт кечириб, юртимиз равнақи ва фаровонлиги йўлида меҳнат қилмоқда.


 Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг ўринбосари Нуриймон Абулҳасан билан суҳбатлашдик.

– Нуриймон ака, суҳбатимиз аввалида бағрикенглик, мамлакатимизда динлараро мулоқотнинг тарихи ва бугунги ҳолати  ҳақида маълумот берсангиз.

– Бағрикенглик тўғрисида сўз юритишдан аввал, Ўзбекистонда узоқ ўтмишдан турли миллат ва элат вакиллари истиқомат қилиб келганлигини айтиш жоиз. Ҳозирги кунда юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари тинч-тотув яшамоқда. Мамлакатимизда бирор марта диний тўқнашув ёки урушлар юзага келмаган. Бу шундан далолатки, ота-боболаримиз бағрикенг инсонлар бўлишган. Бугунги кунда турли давлатларда кўпинча динлараро мулоқот тўғри йўлга қўйилмагани натижасида ўзаро жанжаллар, урушлар, қон тўкилишлар юз бераётганини барчамиз оммавий ахборот воситалари орқали билиб турибмиз.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов «...бизнинг энг катта бойлигимиз, энг юксак қадриятимиз – жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликдир», – дея алоҳида таъкидлаган эди. Бугунги кунда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳам бу масалага янада чуқурроқ ёндашиш вазифасини белгилаб берди. Дин ишлари бўйича қўмита томонидан ҳар йили 16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни муносабати билан кўплаб конференциялар, оммавий ахборот воситалари орқали чиқишлар ташкил этилади.

Тошкент ислом университети базасида ўтказилган бу йилги конференцияга ўзгача ёндашилиб, Ёшлар иттифоқи фаоллари ҳам жалб этилди. Чунки ёшларимиз турли миллат, дин вакилларидир. Нима учун ёшларга алоҳида аҳамият қаратяпмиз? Боиси, Президентимиз келажак авлоднинг ҳам ўзаро бир-бирига ҳурмат, меҳр-оқибати ёшлик давриданоқ шаклланишига эътибор қаратиш асосий мақсадимиз бўлиши лозимлигига алоҳида урғу берди. Олдин бу тадбир маълум бир доира, яъни диний ташкилотлар ўртасидагина нишонланган. Бу галги конференцияда диний ташкилотлардан ташқари, Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган  Ёшлар иттифоқи вакиллари, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази мутахассислари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда Миллий маданий марказлар, жамоатчилик, дипломатик корпус вакиллари, хорижий меҳмонлар, халқаро миқёсдаги экспертлар қатнашди. Конференциянинг Ёшлар ижодиёт уйида бўлгани ҳам ўзига хос мазмун касб этди.

Бугунги кунда динлараро мулоқот, умуман бағрикенгликни тарғиб этиш – замон талаби. Чунки радикаллашув, ёшлар орасида турли ғояларга берилиш ҳолатлари айнан мана шу бағрикенгликнинг йўқолиб бораётганидан, десак хато бўлмайди. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа дин вакилларига жуда катта эътибор қаратган. Бир куни саҳобалар билан бирга ўтирганда, нас­ронийлар олдларидан тобут билан ўтиб қолишган. Пайғамбар алайҳиссаломнинг рўпарасига келганда, у зот суҳбат асносида насронийларнинг бир вакили вафот этганини билиб, ўрниларидан тургандан кейин ўнг ва чап тарафдаги саҳобалар ҳам ўрниларидан туришган. Кейин пайғамбар алайҳиссалом юзини озгина ерга қаратиб, ҳурмат бажо келтирган. Бу ҳолатни кўриб, ҳайрон қолган саҳобаларга Ислом моҳияти шу эканлиги, буни англаб олиш кераклиги, бошқа дин вакили бўлса-да, Аллоҳ таолонинг яратган бандаси, унинг бандасига ҳурмат бажо келтириш Холиқига ҳурмат бажо келтириш билан тенг бўлишини айтган. Бу воқеа Исломнинг илк ривожланаётган, Қуръони карим нозил бўлаётган вақтда юз берган.

Бундан ўзимизга хулоса қилишимиз керакки, ҳар бир мусулмон ёнида қайси дин вакили яшаши ёки ишлашидан қатъи назар, унга биринчи галда инсон сифатида ҳурмат бажо келтириши керак.

– Интернет тармоқларида диний илмга эга бўлмаган фойдаланувчилар томонидан панд-насиҳатлар, ривоятлар, ҳатто ҳадисларнинг нотўғри қўлланиши сингари ҳолатлар учраб турибди. Бу эса ўзаро баҳс-мунозара ва асоссиз тортишувларга сабаб бўляпти…

– Дарҳақиқат, бугунги глобаллашув жараёнида интернет тармоқлари орқали миллий низоларни келтириб чиқаришга ҳам уринишлар тез-тез кўзга ташланмоқда. Бундан ташқари, бошқа дин вакилларига нафрат назари билан қараш ёки қайсидир динни камситишга ўхшаш ҳолатларга ҳам дуч келяпмиз. Бунинг асосий сабаблари диний маърифатнинг етишмаслигида, диннинг асл мазмун-моҳиятини тушунмасликда. Бугун ёш авлодни ўзимизнинг улуғ сиймоларимиз қолдириб кетган бебаҳо китоблар, бой илмий мерос асосида тарбиялашимиз керак.

Қуръони каримда барча инсонларнинг бир ота-онадан тарқалганлиги айтилади. Шундай экан, бирортамизнинг бошқа инсонлардан устун ёки кам жо­йимиз йўқ. Шунинг учун биз ўтирволиб, чаласаводликка бориб, яҳудий жаҳаннамга киради, мусулмон жаннатга тушади ёки насроний фақатгина жаҳаннамда ёнади, дейишга ҳеч қандай ҳаққимиз йўқ. Мусулмон одам бундай дейишдан тийилиши керак. Бошқа динга эътиқод қилган киши ҳам мақбул амаллари туфайли жаннатга дохил бўлиши мумкин. Буларнинг барчаси Оллоҳнинг ҳукмида.

– Мамлакатимиздаги мавжуд диний ташкилотлар фаолиятига тааллуқли маълумотлар ҳам муштарийларимизни қизиқтириши табиий. Шу ҳақда ҳам тўхталиб ўтсангиз.

– Ҳозирги кунда республикамизда жами 2257 та диний ташкилот, жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозияти, 13 та вакиллик, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Мир араб олий мадрасаси, 9 та ўрта махсус Ислом билим юрти, 2056 та масжид (жами 2082 та исломий диний ташкилот), Рус православ черкови Тошкент ва Ўзбекистон епархияси, Рим-католик маркази, Тўлиқ Евангель христианлари маркази, Евангель христиан-баптист черковлари уюшмаси, Ўзбекистон Библия жамияти, православ ва протестант семинарияси, 152 та христиан черкови, 8 та яҳудий ва 6 та баҳоий жамоаси, битта Кришна жамияти ва битта буддавий ибодатхонаси фаолият кўрсатмоқда. Шу ўринда Фиқҳ (Фарғона вилояти), Калом, Ҳадис (Самарқанд вилояти), Ақида (Қашқадарё вилояти) ва Тасаввуф (Бухоро вилояти) каби илмий мактаблар, шунингдек, Имом Бухорий ҳамда Имом Термизий илмий-тадқиқот марказлари мавжудлигини ҳам эслаб ўтиш лозим.

Юртимизда диндорлар ўз диний байрамларини эркин нишонлайди. Мустақиллик йилларида мамлакатимизнинг 116 минг нафардан зиёд фуқароларига Ҳаж, 93 минг нафардан ортиқ кишига Умра сафарига бориш, 1000 нафардан ошиқ фуқарога Россия, Греция ва Исроил давлатларидаги муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш имконияти тақдим этилди. Мана бир неча йилдирки, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпаниясининг чартер рейслари орқали муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш мақсадида Исроилга сафар ташкил этилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг 2006 йил 26 августдаги Фармонига асосан «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича Жамоатчилик кенгаши тузилган. Ҳозирда Ҳаж ва Умра зиёратларининг ташкилий ишлари Ўзбекистон Респуб­ликаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қарорлари асосида амалга оширилмоқда.

Авваллари фуқароларимиз Умра сафарига бориш учун йиллаб навбат кутишарди. Энди фуқаролар эҳтиёжларини қондириш мақсадида давлатимиз раҳбарияти кўрсатмаси ва жамоатчилик кенгаши қарори асосида белгиланган чекловлар (квота) олиб ташланди. Қолаверса, илгари узоқ навбат кутиб, Умра зиёратига борувчи фуқаролар 13 млн. 650 минг сўм миқдорида пул тўлашарди. Жамоатчилик кенгаши томонидан Умра сафарига бормоқчи бўлган ҳар бир фуқаро учун тўланадиган маблағ қиймати эндиликда 5 млн. 804 минг сўм (бориш-келиш авиачиптасидан ташқари) қилиб белгиланди. Мазкур маблағга Саудия Арабистони Подшоҳлиги расмий визаси, Макка ва Мадина шаҳарларидаги 5 ва 4 юлдузли меҳмонхона, ўзбек ошпазлари томонидан тайёрланадиган таомлар, 24 соатлик бепул тиббий хизмат, мамлакатимиз рамзлари туширилган махсус либос, ибодат қўлланмаси, бейжик, замонавий транспорт ҳамда бошқа зиёрат хизматлари киритилган. (Тошкент – Жидда – Тошкент авиачиптаси нархи эса 5 млн. 96 минг сўм).

Шу билан бирга, Умра мавсумини йил давомида ташкил этиш бўйича Ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Мустақилликка эришганимиздан сўнг юзлаб масжидлар, черков ва ибодатхоналар, жумладан, Тошкент, Самарқанд ва Навоийда православлар ибодатхоналари, Тошкентда католиклар черкови, Самарқандда арманлар черкови қурилди ва қайта таъмирланди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ, 189 та объект – диний мажмуалар, муқаддас қадамжо ва мақбаралар  бепул фойдаланиш учун Ўзбекис­тон мусулмонлари идорасининг Вақф хайрия фонди тасарруфига ўтказилди.

Юртимиз Қуръони каримни яхши қироат қиладиган қорилари билан ҳам машҳур. Жорий йилда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан январь ойидан апрелгача Қуръон тиловат қилувчилар ўртасида турли миқёсда (туман, шаҳар, вилоят ва республика) кўрик-танловлар ташкил этилди. Уларда жами 5397 нафар киши (шундан 2114 нафари хотин-қизлар) иштирок этди. Хусусан, БМТнинг Дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шоҳиднинг Ўзбекистонга қилган ташрифи натижалари бўйи­ча тавсияларни амалга ошириш мақсадида махсус «Йўл харитаси» қабул қилинди. Унга кўра, қўмитамиз тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда дин ва эътиқод эркинлиги соҳасига оид қонунчилик базасини такомиллаштиришни назарда тутувчи чора-тадбирларни ташкил этишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди.

Шерзод АБДУСАМАДОВ суҳбатлашди.

Ўхшаш мақолалар

Ҳаммасино кўриш►

71

Сонларни танлаш

08 декабр, Шанба  
71 70 69 68 67 66 65
64 63 62 61 60 59 58
57 56 55 54 53 52 51
50 49 48 47 46 44 43
42 41 40 39 38 37 36
35 34 33 32 31 30 29
28 27 26 25 24 23 22
21 20 19 18 17 16 15
14 13 12 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш ►

Хабарлар

БОШ ҚОМУСИМИЗ – ФАРОВОН ҲАЁТИМИЗ АСОСИ

Тошкент вилояти ИИБда Конституциямиз қабул қилинган кун муносабати билан тадбир бўлиб ўтди.



Ҳаммасини кўриш ►

Кўп ўқилганлар

  • ШЕЪР КЎНГИЛНИ ТАРБИЯЛАЙДИ


    Шеъриятни инсоннинг борлиқ билан суҳбати дейиш мумкин. Бу суҳбатга эҳтиёж қачон туғилади? Мисол учун, кимдир табиат, ҳаёт гўзалликларидан илҳомланиб, завқини, туйғуларини шеър орқали ифода этади.

    ✔ 5    🕔 11:22, 10.12.2018
  • ҚОНУНДА БЕЛГИЛАНГАНИДЕК


    Мамлакатимизда мустақилликнинг илк кунлариданоқ хотин-қизларга ғамхўрлик кўрсатиш, уларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, қонуний манфаатларини таъминлаш, сиёсий фаоллигини ошириш, касбий, жисмоний, маънавий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, оналик ҳамда болаликни муҳофаза қилиш, соғлом оилани шакллантириш масалалари давлат сиёсати даражасига кўтарилди. 

    ✔ 3    🕔 11:20, 10.12.2018
  • КИНОФЕСТИВАЛНИНГ ОЧИЛИШИ ВА  «SCORPION» ФИЛЬМИ ПРЕМЬЕРАСИ


    27 ноябрь куни Алишер Навоий номидаги давлат академик катта театрида «PROlogue–2018» халқаро кинофестивали ўз ишини бошлади.


    ✔ 31    🕔 12:17, 03.12.2018
  • ЎЗБЕКИСТОН – БАҒРИКЕНГ  ИНСОНЛАР ЮРТИ


    Жонажон Ватанимизда неча асрки, диний ҳамда миллатлараро бағрикенглик ҳукм сурмоқда. Бу муқаддас заминда ҳозирги кунда ҳам турли миллат ва дин вакиллари тинч-тотув ҳаёт кечириб, юртимиз равнақи ва фаровонлиги йўлида меҳнат қилмоқда.

    ✔ 44    🕔 12:12, 26.11.2018
  • УЛУҒ ШАЙХ  НАЖМИДДИН КУБРО


     Машҳур шайх, йирик тасаввуф олими, халқ қаҳрамони ва мутасаввиф шоир Нажмиддин Кубро 1145 йилда Хоразмда туғилиб, 1221 йилда мўғул босқинчиларига қарши курашда қаҳрамонларча ҳалок бўлади.

    ✔ 72    🕔 12:59, 12.11.2018
  • ПОЙИДА БУЮКЛИК  БУКИЛГАН СУЛТОН


    Бани башар бир кўришдаёқ жаннатмонанд юрт деб эътироф этаётган бу кўҳна замин жаҳон тамаддунининг тамал тошини қўйган шундай улуғ зотларга Ватан бўлганки, маърифатпарвар подшоҳ, фалакиётшунос олим Мирзо Улуғбек таъбири билан айтганда, «улар шу қадар буюкки, ҳатто буюкликнинг ўзи уларнинг пойида букилиб қолади».

    ✔ 116    🕔 11:33, 29.10.2018
Ҳаммасини кўриш ►
;