ЖАҲОННИ ЛОЛ ҚОЛДИРГАН ЖАВОҲИР

11:50, 03.12.2018
ЖАҲОННИ ЛОЛ  ҚОЛДИРГАН ЖАВОҲИР

Талабалик йилларининг энг ёрқин хотираларидан бири устозларимиз ўртасида ўтказиладиган шахмат мусобақалари эди, десам, хато қилмаган бўламан. 


Айниқса, Ўзбекистон Қаҳрамони, донишманд олим Озод Шарофиддинов ва таниқли адабиётшунос Раҳматилла Иноғомовнинг қизғин беллашувларини соатлаб кузатишдан зерикмасдик. Яна ўнлаб устозларимиз ўйинларини завқу шавққа тўлиб томоша қиларканмиз, уларнинг тилшунослик ва адабиётшунослик соҳасидаги салмоқли илмий ишлари, бир-биридан мароқли маърузалари ва тахта узра кечаётган тафаккур ўйинлари ўртасида узвий боғлиқлик борлигига амин бўлардик...

Ғолибликка интилиш Қонимизда бор

Аждодлари одамзотнинг илк бешиклари бўлган Тешиктош, Селенгур ғорларидан тўраган, «Авесто» ва «Алпомиш» каби ўнлаб маданий обидаларни яратган, сополдан илк ваннани, сув қувурларини ихтиро қилган халқнинг шахмат тошларини ҳам кашф қилганига ишонмай бўладими?! Алп Эр Тўнга, Жалолиддин Мангубердидек ўлмас қаҳрамонларни, Амир Темурдек соҳибқиронни, Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбекдек заковат юлдузларини, Навоий, Бобур, Қодирий, Чўлпондек миллат ғурурига айланган зотларни берган халқнинг тахта узра кечадиган тафаккур ўйинларида ғолиб бўлишига шубҳаланиш мумкинми?!

Ахир, 1972 йили археологик қазишмалар чоғида Сурхондарё вилоятининг Далварзинтепа шаҳристонидан топилган ва қадимшунослар томонидан I–II асрларга оид деб эътироф этилган шахмат тошлари бу қадимги ўйиннинг ватани айнан Ўзбекис­тон эканидан, аждодларимиз уни тафаккурнинг тамал тошларидан бири даражасига кўтарганидан далолат бермайдими? 1975 йили кўҳна Афросиёбдан топилган шахмат доналари шахматнинг ватани биз яшаб турган ана шу табаррук замин эканига узил-кесил нуқта қўйди. Зеро, шу кунга қадар бу фикрни инкор қилувчи бирон-бир ашёвий далил топилгани йўқ.

Соҳибқирон Амир Темур даврида бу тафаккур ўйини янада юксак мақомга кўтарилгани, Темурийлар салтанати давридаги шахмат ўйинларига оид қимматли маълумотлар Алишер Навоий, Бобур, Хондамир каби салафларимиз асарлари орқали бизгача етиб келгани ҳам фикримизнинг яққол далилидир.

 

Асотирнинг ҲаҚиҚатга айланиши

Халқимизда Рустами достон номи билан боғлиқ ўнлаб асотирлар мавжуд. У мардлик, жасорат ва қаҳрамонлик тимсолига айланган. Шундан бўлса керак, ҳали-ҳамон Рустам исми берилган йигитларимиз элимиз ардоғида, халқимиз эътиборида. Зеро, улар буюк аждодларининг зафарли юришларини давом эттирмоқда.

2004 йили Рустам Қосимжонов шахмат бўйича жаҳон чемпиони бўлганида азал-абад ғолиблик қонида бўлган халқимиз асотирларнинг ҳақиқатга айланишига яна бир карра амин бўлди. Унинг шахмат тожини кийиши ўзбек шахматида руҳий юксалиш бўлди. Айнан шу йили таваллуд топган Нодирбек Абдусатторов 8 ёшгача бўлган болалар ўртасида жаҳон чемпиони бўлганидан сўнг бу тафаккур ўйинининг интеллектуал ўйин сифатида боланинг ақлий ривожланишига туртки беришига, қобилиятларини ривожлантиришига ва маънавиятини юксалтиришига шубҳа қолмади. Нодирбекнинг 13 ёшу 1 ой 11 кунлигида гроссмейстерлик талабини бажариб, бу борада жаҳонда иккинчи кўрсаткични қайд этгани эса барчамизга ғурур бағишлади.

Дунёнинг ёш шахматчилари рўйхатидаги энг юқори поғоналарда юртимизнинг икки вундеркинди – Жавоҳир ва Нодирбекнинг турганлиги қалбимизга фахр бағишлаши билан бирга, яқин йилларда жаҳон шахмат тожининг яна юртимизга қайтишига умид уйғотди.

 

ЖавоҲирнинг жаҲоний жаҲди

Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида бўлиб ўтган «First Saturday GM» халқаро турнирида Жавоҳир Синдоров муваффақиятли иштирок этиб, учинчи гроссмейстерлик талабини бажарди ва 12 ёшида жаҳоннинг энг ёш халқаро гроссмейстерига айланди.

Бундан бир йил олдин Жавоҳир халқаро шахмат устаси унвонига сазовор бўлиб, Президентимизнинг қимматли совғаси билан тақдирланди.

Ўтган бир йил ичида Жавоҳир ўз устида тинимсиз ишлаб, жорий йил июнь ойида «Воронеж опен–2018» халқаро мусобақасида биринчи, сентябрь ойида Туркияда ўтказилган 20 ёшгача ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иккинчи гроссмейстерлик талабини бажарганди.

Шуниси қувонарлики, Жавоҳир 12 ёш 10 ой 8 кунда гроссмейстерлик унвонини қўлга киритиб, жаҳон шахмат тарихида
С. Корякиндан (12 ёшу 7 ой) кейин иккинчи, шахмат ватани бўлмиш Осиёда эса биринчи — энг ёш шахматчи сифатида ўз номини тарих йилномаларига муҳрлаб қўйди.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда спортни, жумладан, болалар спортини ривожлантириш, ўсиб келаётган ёш авлодни ҳар томонлама соғлом ва баркамол инсонлар қилиб тарбиялаш, уларнинг иқтидор ва салоҳиятини юзага чиқариш, жаҳон майдонларида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир истеъдодли спортчиларни тайёрлаш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга доимий эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг шу йил 3 июндаги «Жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, 10 августдаги «Нуфузли халқаро спорт мусобақаларида юксак натижаларга эришган Ўзбекистон спортчиларини жамоат ва спорт ишларига кенг жалб этиш ҳамда спортчиларни ва уларнинг тренерларини рағбатлантириш тўғрисида»ги қарорлари соҳа ривожида муҳим дастуруламал бўлмоқда. Бугун юртимиз спортчилари нуфузли спорт анжуманларида – жаҳон ва қитъа чемпионатлари, Олимпия ва Осиё ўйинларида юқори натижаларга эришиб, Ватанимиз довруғини бутун дунёга тараннум этмоқда.

 

Эътибор, эътироф, эъзоз

Туркиянинг Анталия шаҳрида ўтган Халқаро шахмат федерацияси – ФИДЕнинг 88-Конгрессида ёш шахматчимиз Жавоҳир Синдоровга халқаро шахмат устаси унвони берилгани халқимиз қалбидаги умид учқунларини алангалатган бўлса, не ажаб.

Жаҳон ва Осиё чемпионати ғолиби, халқаро шахмат устаси Жавоҳир Синдоров Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан энг сўнгги русумдаги замонавий ноутбук (Macbook) билан тақдирлангани эса унинг тинимсиз изланишлари эътибор топаётганидан далолатдир.

Хабарингиз бор, жорий йилнинг июнь ойида ҳиндистонлик Рамешбабу Прагнанандха 12 ёш 10 ой 13 кунда гроссмейстерга айланиб, иккинчи ўринга чиқиб олгани 13 ёшу 1 ой 11 кунлигида гроссмейстерлик талабини бажариб, иккинчи кўрсаткични қайд этган Нодирбек Абдусатторовни учинчи ўринга тушириб қўйганди.

Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида бўлиб ўтган «First Saturday GM» халқаро турнирида Жавоҳир Синдоровнинг муваффақиятли иштирок этиши ва учинчи гроссмейстерлик талабини бажариб, 12 ёшида жаҳоннинг энг ёш халқаро гроссмейстерига айланиши ҳинд шахматчисини 5 кунга ортда қолдирди. Энг қизиғи, бу ота-боболаримиздан қолган енгилган полвон ори учун майдонга тушиш удумининг бардавомлигини яна бир карра исботлади...

Биз учун ниҳоятда муҳим бўлган ғалабани қўлга киритган ёш шахматчимиз мамлакатда катта ҳурмат-эҳтиром билан кутиб олинди. Кенг жамоатчилик вакиллари билан учрашувда Шавкат Мирзиёевнинг жаҳоннинг энг ёш халқаро гроссмейстери Жавоҳир Синдоровга йўллаган табригини Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов ўқиб эшиттирди. «Бундай улкан эътироф юртимиз ёшларининг барча соҳаларда, жумладан, ақл-заковат мусобақаси бўлган шахмат бўйича ҳам катта марраларни забт этишга қодир эканини яна бир бор яққол намоён этмоқда.

Айни вақтда бу тарихий воқеа ўзининг буюк илмий кашфиётлари, маънавий-интеллектуал салоҳияти ва тафаккури билан дунёни ҳайратга солган улуғ алломаларимизнинг муносиб вакиллари юртимиздан етишиб чиқаётганини кўрсатади», дейилган табрикда.

Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Жаҳонгир Ортиқхўжаев эса умидли шахматчимизга Сергели тумани Чорбоғ маҳалласидаги 102-уйнинг 3 хонали хонадон калитини тантанали равишда топширди.

 

Асп юриши давом этмоҚда

Ўн икки ёшидаёқ миллатимиз ғурурига айланган халқаро гроссмейстер Жавоҳир Синдоров билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Зеро, у халқимизнинг ҳеч кимдан кам бўлмаганини ва ҳеч кимдан кам эмаслигини яна бир карра жаҳон афкор оммасига исботлаб берди. Бинобарин, ёш шахматчимиз билан мактаб, коллеж, олий таълим муассасалари ва жамоаларда ўтказилаётган учрашувлар, спорт мусобақалари янада қизиқарли ва сермазмун бўлмоқда.

Яқинда ИИВ ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг 5–9 синф ўқувчилари ўртасида спортнинг шахмат тури бўйича ўтказилган мусобақанинг финал босқичи ҳамда халқаро гроссмейстер Жавоҳир Синдоров билан ёшларнинг учрашуви фикримиз тасдиғидир. Ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси ИИВ таркибий бўлинмалари ходимлари Бирлашган касаба уюшма қўмитаси ва ИИВ Кадрлар бош бошқармаси Ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи етакчилар кенгаши ҳамкорлигида Ўзбекис­тон Республикасининг «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги қонуни ижросини таъминлаш ҳамда ўқувчиларни спортнинг оммавий турларига кенг жалб этиш ва улар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилди.

Тадбир аввалида ўқувчи ёшлар халқаро гроссмейстер Жавоҳир Синдоровга ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, унинг шахматга қизиқиши, устозлари ва эришган ютуқлари ҳақида суҳбатлашдилар. Шунингдек, унга ўз тенгдошлари китоблар ва эсдалик совғалари тақдим этиб, у келгусида ҳам халқимиз ва Юртбошимиз ишончини оқлашини тилашди.

Шундан сўнг мактаб-интернатда шахмат бўйича бўлиб ўтган мусобақада саралаш босқичидан ўтган ўқувчи ёшлар ғолиблик учун кураш олиб бордилар. Тасдиқланган регламентга асосан, 5«А»-синф ўқувчиси Акмал Қодиров учинчи ўрин, 7«Д»-синф ўқувчиси Нурлан Абдуллаев иккинчи ўрин ва 9«В»-синф ўқувчиси Асадбек Абдусаматов биринчи ўрин соҳиби бўлди. Фахрли ўринларни эгаллаган ўқувчи ёшлар ИИВ таркибий бўлинмалари ходимлари Бирлашган касаба уюшма қўмитаси томонидан тақдирланди.

Бу каби кўрик-танлов ва маънавий-маърифий тадбирлар келажакда ички ишлар органлари ходими бўлишни ният қилган ўғил-қизларнинг ўз устида ишлаб, чуқур билим эгаллаб, халқ манфаатлари йўлида ҳалол ва садоқат билан хизмат қилувчи, фидойи юрт посбонлари бўлиб етишишига муҳим омил бўлади.

Темир ҚУРБОН.

Ўхшаш мақолалар

Ҳаммасино кўриш►

71

Сонларни танлаш

08 декабр, Шанба  
71 70 69 68 67 66 65
64 63 62 61 60 59 58
57 56 55 54 53 52 51
50 49 48 47 46 44 43
42 41 40 39 38 37 36
35 34 33 32 31 30 29
28 27 26 25 24 23 22
21 20 19 18 17 16 15
14 13 12 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш ►

Хабарлар

БОШ ҚОМУСИМИЗ – ФАРОВОН ҲАЁТИМИЗ АСОСИ

Тошкент вилояти ИИБда Конституциямиз қабул қилинган кун муносабати билан тадбир бўлиб ўтди.



Ҳаммасини кўриш ►

Кўп ўқилганлар

  • Фахримизга  айланган  Сарвиноз


    Спорт ёшларнинг иродасини тоблайди, қалбида ўз халқи, юрти билан фахрланиш туйғуларини шакллантиради.


    ✔ 2    🕔 11:35, 10.12.2018
  • ЖАҲОННИ ЛОЛ  ҚОЛДИРГАН ЖАВОҲИР


    Талабалик йилларининг энг ёрқин хотираларидан бири устозларимиз ўртасида ўтказиладиган шахмат мусобақалари эди, десам, хато қилмаган бўламан. 

    ✔ 25    🕔 11:50, 03.12.2018
  • БУХОРОЛИК САМБОЧИЛАР  БИРИНЧИ ЎРИНДА


    Республика ИИВ тизимидаги тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбарлик отряди ходимларидан ҳар қандай мураккаб вазифаларни бажаришга шай туриш ва спортнинг барча турларини пухта ўрганиш талаб этилади.

    ✔ 45    🕔 12:46, 26.11.2018
  • ЧЕМПИОНЛИККА МУНОСИБ ЎҒЛОН


    Куни кеча эрта тонгда Тошкент халқаро аэропортида Россия Федерациясида ўтказилган универсал жанг бўйича ҳаваскорлар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг ғолиб ва совриндорлари муносиб кутиб олинди. Маросимда уларнинг ота-онаси, яқинлари, ҳамкасблари ҳамда омма­вий ахборот воситалари вакиллари жам бўлди.


    ✔ 46    🕔 12:45, 26.11.2018
  • ОТАМ, ОНАМ ВА МЕН – СПОРТЧИЛАР ОИЛАСИ


    ИИВ Қоровул қўшинларига қарашли 7531-ҳарбий қисмда оилавий спорт мусобақаси бўлиб ўтди.


    ✔ 34    🕔 12:26, 26.11.2018
  • СОВРИНДОРЛАР САФИДА


    ИИВ Академияси вакиллари мамлакатимиз ва дунё миқёсидаги спорт мусобақаларида юқори натижаларни қўлга киритиб, давлатимиз байроғини баланд кўтаришмоқда.


    ✔ 30    🕔 12:25, 26.11.2018
Ҳаммасини кўриш ►
;