МАҚСАД – ЙЎЛ ҲАРАКАТИ ХАВФСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ

11:53, 03.12.2018
МАҚСАД – ЙЎЛ ҲАРАКАТИ  ХАВФСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ

Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирларнинг қабул қилингани ва жиноий жавобгарликдан озод қилиш институтининг такомиллаштирилгани муносабати билан «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун кучга кирди. 


Ушбу қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг йўл ҳаракати хавфсизлиги билан боғлиқ айрим моддаларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи, полковник Холматжон Сайдалиев қуйидагиларни сўзлаб берди:

 – Барча соҳаларда бўлгани каби, йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматида ҳам сўнгги пайтларда кўплаб ўзгариш­лар, янгиликлар юз бермоқда. Бу бежиз эмас, албатта. Мамлакатимизда автомобиллар сони йилдан-йилга ортиб бор­япти. Шунга мутаносиб равишда кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, йўл ҳаракати соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар сони анча юқори даражада сақланиб қолмоқда. Маълумотларга кўра, 2016 йилда йўл ҳаракати соҳасида 3385051 та ҳуқуқбузарлик қайд этилган бўлса, 2017 йилда бу кўрсаткич 3727430 тага етган, яъни 10,1 фоизга ортган. Тегишлича, йўлларда ҳаётдан кўз юмган, турли тан жароҳати олганлар сони ҳам ортиб борган.

Хабарингиз бор, мазкур қонун қабул қилингунига қадар ҳам қоидабузарликлар учун қўлланиладиган жазолар енгил эмасди. Аммо таҳлиллар аксарият ҳайдовчилар амалдаги маъмурий чораларга оддий бир ҳолдек қарашга ўрганиб қолганлигини кўрсатди. Шу сабабли муаммони қатъий ҳал этиш комплекс ёндашувларни, жумладан, йўл ҳаракати хавфсизлиги ва транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жазони умумий асосда кучайтиришни тақозо этди. Бу эса, йўл ҳаракати иштирокчиларини интизомли бўлишга, уларни йўл ҳаракати хавфсизлиги ва транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларига сўзсиз риоя қилиш зарурлигига ишонтиришга хизмат қилади.

Таҳлиллардан маълум бўладики, бугунги кунда транспорт воситасини спиртли ичимликдан маст ҳолда бошқариш оқибатида содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари кўп учрамоқда. Шуни инобатга олган ҳолда, ушбу қоидабузарлик учун жазо чораси кескин кучайтирилди. Илгари транспорт воситасини алкоголли ичимлик, гиёҳванд модда таъсирида ёки ўзгача тарзда маст ҳолда бошқарган ҳайдовчиларга нисбатан бир йилу олти ойдан уч йил муддатгача ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этиш жазоси қўлланилган бўлса, эндиликда шу муддатга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиш билан бирга, қўшимча равишда республикамизда жорий этилган энг кам иш ҳақининг йигирма беш баравари миқдорида жарима ҳам солинади. Бундан ташқари, илгари худди шундай ҳуқуқбузарлик транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахс томонидан содир этилган бўлса, бу энг кам иш ҳақининг ўттиз баравари миқдорида жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўларди. Жорий этилган янги ўзгаришларга кўра энди бундай ҳолат юз берса, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахсга энг кам иш ҳақининг қирқ баравари миқдорида жарима ёки 15 сутка муддатга маъмурий қамоқ жазоси қўлланилади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 131-моддаси учинчи қисмида алкоголли ичимликдан, гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст шахсга транспорт воситасини бошқаришни топширганлик энг кам иш ҳақининг ўн беш баравари миқдорида жарима солишга ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан икки йилдан уч йилгача муддатга маҳрум этишга сабаб бўларди. Эндиликда бундай ҳолатда қонунбузар икки йилдан уч йилгача ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилинади ҳамда ундан энг кам иш ҳақининг йигирма беш баравари миқдорида жарима ундирилади.

Кодекснинг 136-моддаси (Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг ва йўл ҳаракати бошқа иштирокчиларининг мастлиги ёки маст эмаслигини аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаши)га асосан, 23 октябрга қадар қоидабузар транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан бир йилу олти ойдан уч йилгача муддатга маҳрум этилган бўлса, эндиликда бу қоидабузарлик учун бир йилу олти ойдан уч йилгача ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этиш ҳамда энг кам иш ҳақининг ўн беш баравари миқдорида жарима жазоси қўлланилади.

Кўряпсизки, жазо чоралари анча кучайтирилди. Бунинг бошқа сабаблари ҳам бор. Алкоголли ичимликдан мастлик таъсири остида ҳайдовчининг энг муҳим функциялари бузилади, масалан, реакцияси сустлашади, йўл ҳаракати қоидаларига беписандлик шаклланади, ўзини ўзи назорат қилиш қобилияти йўқолади. Қонда алкоголь миқдори ортган сари мўлжал олиш ҳисси сусаяди. Қонунга ўзгартиш киритишда масаланинг ана шу муҳим томонлари инобатга олинди.

Оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисаларини келтириб чиқараётган қоида­бузарликлардан яна бири – белгиланган тезлик талабларига амал қилмасликдир.

Маълумотларга кўра, 2016 йилда йўл-патруль хизмати инспекторлари томонидан тезлик билан боғлиқ 421272 та қоидабузарлик аниқланган бўлса, 2017 йилда бу кўрсаткич 506948 тани ташкил этган. Бунга автоматлаштирилган бошқарув тизимига уланган фоторадарлар қайд этган қоидабузарликларни қўшадиган бўлсак... Тезликни ошириш оқибатида келиб чиқаётган йўл-транспорт ҳодисалари, уларда ҳаётдан бевақт кўз юмаётган, тан жароҳати олганлар сонини айтишнинг ўзи оғир. Шу сабабли ҳам бу каби қоидабузарликларга нисбатан кўриладиган жазо чоралари ҳам кучайтирилди. Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1283-моддаси 3-қисми санкциясида транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 40 километрдан ортиқ катталикда ошириб юбориши энг кам иш ҳақининг етти баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади, деб белгиланган эди. Бундан буён ана шундай қоидабузарлик учун энг кам иш ҳақининг тўққиз баравари миқдорида жарима солинади.

Шунингдек, белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 20 километрдан ортиқ, лекин 40 километрдан кўп бўлмаган катталикда худди шундай ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор ошириб юбориш ёхуд белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 20 километрдан кўп бўлмаган катталикда худди шундай ҳуқуқбузарлик учун икки марта маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор ошириб юбориш энг кам иш ҳақининг ўн беш баравари миқдорида жарима солиш ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан бир йил муддатга маҳрум этиш билан жазоланади.

Юқоридагилардан ташқари, транспорт воситасини бошқариш чоғида уяли телефондан фойдаланганлик учун энг кам иш ҳақининг икки баравари ўрнига уч баравар, бир йил давомида шу қоидабузарликни такроран содир этганлик учун энг кам иш ҳақининг уч баравари ўрнига тўрт баравар ёки олти ойгача ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этиш жазоси ҳам белгиланди. Қолаверса, ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини бошқариш ва йўловчилар ташишда хавфсизлик камаридан фойдаланиш қоидаларига, шунингдек, мотоцикл ва мопедлар ҳайдовчиларининг мотошлемлардан фойдаланиш қоидаларига риоя этмаслиги илгари энг кам иш ҳақининг бешдан бир қисми миқдорида жарима солинишига сабаб бўлган бўлса, энди бундай қоидабузарлик учун энг кам ойлик иш ҳақининг иккидан бир қисми миқдорида жарима жазоси қўлланилади.

Кези келганда таъкидлаш лозимки, аксарият ўлим билан якун топган йўл-транспорт ҳодисаларида ҳайдовчи ёки йўловчи хавфсизлик камарини тақмаган бўлади. Кескин тормоз ёки кучли тўқнашув вақтида йўловчи олд ойнага боши билан урилиб, оғир жароҳат олса, ҳайдовчининг кўкрак қисми рул чамбарагига сиқилиб қолиши натижасида ўлим юз беради. Шу сабабли ҳам хавфсизлик камарини ҳамма тақиши шарт. Бу, биринчи навбатда, ўша инсонларнинг ўзи учун фойдали.

Кодекснинг транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар (анча миқдордаги моддий зарар деганда, энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдоридан ошиб кетган зарар тушунилади) етказилишига олиб келиши билан боғлиқ 133-моддасига ҳам ўзгартириш киритилди. Қонун қабул қилингунига қадар ушбу моддага асосан, энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга ёки транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан бир йилдан уч йилгача муддатга маҳрум этиш жазоси қўлланар эди. Эндиликда унинг жарима санкцияси энг кам иш ҳақининг беш бараваридан етти бараваригача кўтарилди.

Хулоса қилиб айтганда, янги қонун йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги ҳуқуқий асосларни янада ривожлантириб, фуқароларнинг ҳаёти ва саломатлигини муҳофаза қилиш, транспорт воситалари эгалари масъулиятини ошириш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ва жабрланганлар сонини камайтиришга хизмат қилади. Қонунни ишлаб чиқиш ва қабул қилишдан кўзланган асосий мақсад ҳам шундан иборат.

 

Мансуржон РИХСИЕВ ёзиб олди.

Ўхшаш мақолалар

Ҳаммасино кўриш►

71

Сонларни танлаш

08 декабр, Шанба  
71 70 69 68 67 66 65
64 63 62 61 60 59 58
57 56 55 54 53 52 51
50 49 48 47 46 44 43
42 41 40 39 38 37 36
35 34 33 32 31 30 29
28 27 26 25 24 23 22
21 20 19 18 17 16 15
14 13 12 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш ►

Хабарлар

БОШ ҚОМУСИМИЗ – ФАРОВОН ҲАЁТИМИЗ АСОСИ

Тошкент вилояти ИИБда Конституциямиз қабул қилинган кун муносабати билан тадбир бўлиб ўтди.



Ҳаммасини кўриш ►

Кўп ўқилганлар

  • ВАТАНИМИЗ ТАРАҚҚИЁТ ЙЎЛИНИНГ ҲУҚУҚИЙ КАФОЛАТИ


    Ўзбекистон Рес­публикаси Конс­титуцияси қабул қилинганининг 26 йиллиги муносабати билан 7 декабрь куни «Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройида тантанали маросим бўлиб ўтди. 

    ✔ 3    🕔 11:44, 10.12.2018
  • ДОЛЗАРБ МАВЗУЛАРДА МАЪЛУМОТЛАР БЕРИЛДИ


    Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси томонидан оммавий ахборот воситалари ходимлари учун брифинг ташкил этилди.

    ✔ 3    🕔 11:42, 10.12.2018
  • КАМ ТАЪМИНЛАНГАНЛАР ДОИМИЙ ЭЪТИБОРДА


    Самарқанд вилояти Жомбой тумани Алишер Навоий номидаги маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи Ҳасанжон Раббимовнинг қувончи ичига сиғмайди. Негаки, унга кўпдан бери орзу қилган ногиронлик аравачаси олиб келинди.


    ✔ 3    🕔 11:37, 10.12.2018
  • ИЧКИ ИШЛАР ОРГАНЛАРИ ТИЗИМИДА  ПРОБАЦИЯ ХИЗМАТИ ТАШКИЛ ЭТИЛАДИ


    Сўнгги икки йил ичида ички ишлар органларини халқ, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қиладиган тузилмага айлантириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. 

    ✔ 36    🕔 11:54, 03.12.2018
  • МАҚСАД – ЙЎЛ ҲАРАКАТИ  ХАВФСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ


    Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирларнинг қабул қилингани ва жиноий жавобгарликдан озод қилиш институтининг такомиллаштирилгани муносабати билан «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун кучга кирди. 

    ✔ 32    🕔 11:53, 03.12.2018
  • ОР-НОМУС, ҚАДРИЯТ ВА МИЛЛАТ ТИМСОЛИ


    Ассалом, ор-номус, қадрият, миллат тимсоли! Пойингга бош уриб келдим мен бугун. Қара, сени ўпиб қилар қасамёд, зарра гард юқтирмай асрамоқ учун, тиз чўкиб қаршингда юрт ўғлонлари. 

    ✔ 71    🕔 11:29, 19.11.2018
Ҳаммасини кўриш ►
;