ЭЛЧИХОНА ВА ВАКОЛАТХОНАЛАР ҲИМОЯСИ – батальон ходимларининг асосий вазифаси

12:00, 03.12.2018
ЭЛЧИХОНА ВА  ВАКОЛАТХОНАЛАР ҲИМОЯСИ –  батальон ходимларининг асосий вазифаси

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг дунёнинг кўплаб давлатлари билан дипломатик муносабатлар ўрнатилди.


 Пойтахтимиз Тошкент шаҳрида биринчилар қаторида АҚШ, Германия, Хитой, Туркия, Ҳиндистон, Покистон, Франция ва бошқа давлатларнинг элчихоналари, дипломатик ваколатхоналари фаолияти  йўлга қўйилди. Агар республикамизда 1992 йили 14 та дипломатик ваколатхона аккредитациядан ўтган бўлса, ҳозирги кунга келиб 45 та элчихона, 50 дан зиёд халқаро ташкилот ва 1500 та хорижий ширкат ва компанияларнинг ваколатхоналари фаолият кўрсатмоқда.

Албатта, элчихона ва ваколатхоналарнинг самарали фаолият кўрсатиши мамлакатимиз учун фойдадан холи эмас. Негаки, улар орқали юртимизга хорижликларнинг қизиқиши ортади, чет давлатлар ва халқаро молия ташкилотларининг сармояси кириб келади, қўшма корхоналар ишга тушади, иқтисодиётимиз ривожланади. Шунинг учун уларни муҳофаза қилиш, чет эл фуқаролари, хорижлик ҳамкорлар хавфсизлигини таъминлаш лозим бўлади. Мана шу масъулиятли вазифани ИИВ ППХ ва ЖТСББ Хорижий давлатлар дипломатик ваколатхоналарини қўриқлашни таъминлаш бўйича алоҳида батальони ходимлари шараф билан адо этишмоқда.

 

Бурч ва масъулият

Алоҳида батальон ходимлари хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар дипломатик ваколатхоналари биноларини қўриқлаш, хавфсизлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ҳамда тегишли ҳудудга бегона шахс ва транспорт воситаларининг берухсат киришининг олдини олиш, жиноий ниятларни кўзлаган, объектга маънавий ва моддий зарар етказишга мойил шахсларни аниқлаш ва жиноий хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслик мақсадида, қўриқланаётган ҳудудни доимий назорат қилиб туришни ўзларининг асосий вазифаси деб билишади. Бундан ташқари, қўриқланаётган объектлар хавфсизлигига таҳдид солувчи турли кўринишдаги жиноий тажовузлар, террорчилик-қўпорувчилик ҳаракатлари содир этилишининг олдини олиш ёки хавфни ўз вақтида аниқлаш мақсадида, зарур ҳолларда, Тошкент шаҳар ИИББ ва ҳудудий туман ИИОФМБ тезкор хизматлари билан доимий равишда ҳамкорликни йўлга қўйишади.

Турли салбий ҳолатлар, муаммоли вазиятларни бартараф этишда объектлардаги ички хавфсизлик хизмати ходимлари билан ҳамкорликнинг яхши йўлга қўйилгани ҳам ўз самарасини бермоқда.

 

Батальон улар билан фахрланади

Батальон шахсий таркиби орасида ўз хизмат вазифасига масъулият билан ёндашиб, қаҳрамонлик кўрсатган, ҳатто юртимиз тинчлиги ва равнақи йўлида ўз жонини фидо қилган ходимлар ҳам борки, барча улар билан ҳақли равишда фахрланади. Жумладан, 2004 йил 30 июль куни Тошкент шаҳрида жойлашган Исроил давлати ва Америка Қўшма Штатлари элчихоналарида содир этилган террорчилик-қўпорувчилик ҳаракатлари пайтида юрт тинчлиги йўлида қаҳрамонларча ҳалок бўлган катта сержант Иброҳим Норметов ва сафдор Ихтиёр Ҳакимовнинг жасорати ҳамкасбларига ҳали-ҳамон куч бағишлаб турса, ушбу фавқулодда ҳолатда вазиятни тўғри баҳолаб, хизмат бурчини сидқидилдан бажарган майор Музаффар Мирзааҳмедов ва катта сержант Улуғбек Қўчқоровнинг мардлиги ва қатъияти доимо эътироф этиб келинади.

Ходимларнинг бу қаҳрамонлиги давлатимиз раҳбарияти томонидан муносиб баҳоланди ва улар юксак мукофотлар билан тақдирланди.

 

Қулай шароит – самарали хизмат гарови

– Бир пайтлар батальон ходимлари объектларда ёзнинг жазирамаси-ю, қишнинг изғиринли кунларида ҳам қуёшга тобланиб, қор-ёмғирга тутилиб, ўз вазифасини бажарган бўлса, бугун бунинг бутунлай аксини кўриш мумкин, – дейди батальон командири, подполковник Умидбек Атажанов. – Барча постларда ходимлар самарали хизмат қилиши, қийинчиликларга дуч келмаслиги учун зарур шароитлар яратилган. Постларда ташкил этилган мўъжазгина «уй»да ошхона, ювиниш хонаси, ҳожатхона, дам олиш хонаси ташкил этилган бўлиб, буларнинг барчаси ходимларнинг яхши хизмат олиб бориши учундир.

Яқин-яқиндан бошлаб қўриқланаётган объектлар олдида атрофни бемалол назорат қилиш имконини берувчи бир кишилик кузатув пунктлари ҳам ташкил этилдики, бундан кўзланган мақсад ходимларнинг соғлиғини сақлаш, уларга ғамхўрлик қилишдан иборат. Яъни қор-ёмғир ёғаётган пайтда ходим шу ерда туриб, хизмат вазифасини ҳеч қийинчиликсиз бемалол адо этиши мумкин.

 

Қидирувдаги шахс ушланди

Қайд этиш лозимки, алоҳида батальон ходимлари объектларни ишонч­ли қўриқлаш баробарида, кўплаб жиноятларни фош этиш, жиноятчиларни қўлга олишда ҳам жонбозлик кўрсатишмоқда.

Жорий йилнинг 20 июнь куни пойтахтимизда жойлашган Бирлашган Араб Амирликлари элчисининг қароргоҳи олдида бўлиб ўтган ҳолатни олайлик.

– Ўша куни кечки 7:30 ларда ҳамкасбим – сафдор Ш. Маҳкамов билан постда турганимизда Шайхонтоҳур тумани ИИОФМБ 4-сонли ИИБ тезкор вакили, лейтенант А. Эшмуродов келиб қолди, – дейди батальоннинг 6-отряди сафдор-ходими, сафдор Р. Маҳаммаджонов. – Муқаддам бир неча бор судланган, қотиллик жиноятида гумон қилинувчи сифатида қидирувда бўлган аёл кишининг суратини кўрсатиб, «уни кўриб қолсанглар хабар беринглар» деди. Орадан уч-тўрт соат ўтиб, элчихона атрофини кузатиб юрганимда қидирувда бўлган ўша кимсага ўхшаш аёл киши бир киши ҳамроҳлигида ўтиб кета бошлади. Унинг исмини эслаб қолгандим. Шунинг учун таваккал қилиб, «Фалончи опа» дея чақирдим. Шу маҳал аёл беихтиёр мен томонга қаради ва хато қилганини сезиб, қочиб қолмоқчи бўлди. Лекин биз ҳамкасбим билан уни қўлга олдик.

Қуйидаги воқеа эса ўтган йили 21 октябрь куни хориж ваколатхонасига қарашли автоуловларни таъмирлаш ва сақлаш базасида юз берди. Ўша куни хизматга жалб этилган ходимлар қўриқланаётган объект ҳудудини кўздан кечириб юрганида омборнинг дераза қисми дарз кетганига гувоҳ бўлади. Ходимлар воқеа жойига яқинроқ борганида моддий бойликларни ўғирлашга ҳаракат қилаётган номаълум кимсага дуч келадилар. Қилмиши фош бўлиб қолганини англаган кимса ходимларга фаол қаршилик қилиб, қочиб қолишга уринди. Лекин мақсадига етолмади.

 

МашҚда оҒир бЎлса...

Батальон ходимлари хизмат фаолияти давомида ҳар хил инсонларга дуч келиши, мулоқот қилиши мумкин. Афсуски, улар қўриқлаётган объектларга ғараз ниятда келадиганлар ҳам учраб туради. Бунда ходимларнинг ҳар қандай ҳолатга шай туриши, зарур пайтда жиноятчи билан рўбарў келиб, уларни зарарсизлантириши талаб этилади. Шуни инобатга олган ҳолда, алоҳида батальон раҳбарияти шахсий таркибнинг жисмоний ва жанговар тайёргарлигини янада ошириш мақсадида ўқув машғулотларига катта эътибор қаратилмоқда.

Жорий йилнинг апрель ойида ИИВ ППХ ва ЖТСББ Кинолог ходимлар ва хизмат-қидирув итларини тайёрлаш марказида амалий ўқув машғулоти ўтказилди. Машғулот давомида ходимларнинг хизмат, жанговар ва жисмоний тайёргарлиги янада оширилиб, ҳар қандай вазиятга шайлиги синовдан ўтказилди.

Хулоса қилиб айтганда, ИИВ ППХ ва ЖТСББ Хорижий давлатлар дипломатик ваколатхоналарини қўриқлашни таъминлаш бўйича алоҳида батальонининг ҳар бир ходими зиммасидаги вазифани сидқидилдан бажариб, объектларни ишончли қўриқламоқда. Улар элчихона ва ваколатхоналарга, халқаро ташкилотлар биноларига ташриф буюраётган хориж ва мамлакатимиз фуқароларига хушмуомалалик билан муносабатда бўлиш баробарида, уларнинг хавфсизлигини ҳам муносиб ҳимоя қилишмоқда.

 

Фозилжон МАМАШАРИПОВ.

Абу КЕНЖАЕВ олган суратлар.

Ўхшаш мақолалар

Ҳаммасино кўриш►

71

Сонларни танлаш

08 декабр, Шанба  
71 70 69 68 67 66 65
64 63 62 61 60 59 58
57 56 55 54 53 52 51
50 49 48 47 46 44 43
42 41 40 39 38 37 36
35 34 33 32 31 30 29
28 27 26 25 24 23 22
21 20 19 18 17 16 15
14 13 12 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш ►

Хабарлар

БОШ ҚОМУСИМИЗ – ФАРОВОН ҲАЁТИМИЗ АСОСИ

Тошкент вилояти ИИБда Конституциямиз қабул қилинган кун муносабати билан тадбир бўлиб ўтди.



Ҳаммасини кўриш ►

Кўп ўқилганлар

  • КАСБИМ БИЛАН ФАХРЛАНАМАН


    Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари саратоннинг иссиғи-ю, қишнинг чилласида ҳам ҳайдовчи, йўловчи ва пиёдаларнинг кўзлаган манзилларига соғ-саломат етиб олиши ҳамда йўлларда белгиланган тартиб-қоидаларга оғишмай назорат қилишига масъул.


    ✔ 7    🕔 11:31, 10.12.2018
  • САЙЁҲЛАР ХАВФСИЗЛИГИ ТАЪМИНЛАНМОҚДА


    Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017–2021 йилларда Хоразм вилояти ва Хива шаҳрининг туризм салоҳиятини комплекс ривожлантириш дас­тури тўғрисида»ги қарорига кўра, ички туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Бу йўналиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган ишлар самарали давом этяпти.

    ✔ 4    🕔 11:23, 10.12.2018
  • ДОИМО ЁРДАМГА ШАЙ


    Хизматингдан кимдир мамнун бўлиб, миннатдорлик билдирса, кўнглинг тоғдек кўтарилади, ишга бўлган иштиёқинг ортади. Фаолиятимиз давомида бунга кўп бор амин бўлганмиз. Албатта, бунда ходимларимиз қаторида, беминнат кўмакчимизга айланган хизмат итларининг ёрдами катта бўлган.


    ✔ 24    🕔 12:09, 03.12.2018
  • МАҲОРАТНИ ИШГА СОЛИБ


    Жиноят жойида кўзга аранг кўринадиган зарра ҳам тилсиз гувоҳга айланади. Бу кўп йиллик тажрибаларда ўз исботини топган.

    ✔ 27    🕔 12:08, 03.12.2018
  • Ишонч масъулият юклайди


    Ички ишлар органларининг қўриқлаш хизмати фаолиятига баҳо берилганида, аввало, қўриқланаётган объектларда ўғрилик, ёнғин ва шунга ўхшаш нохуш ҳолатларнинг рўй бергани ёки бермагани инобатга олинади. 

    ✔ 30    🕔 12:07, 03.12.2018
  • ҲУШЁРЛИК – ОСОЙИШТА ҲАЁТИНГИЗ ГАРОВИ


    Куз-қиш мавсумида аксарият фуқароларимиз томонидан хонадонларни қўшимча равишда иситиш чораларини кўриш ҳоллари оммалашади.


    ✔ 23    🕔 12:06, 03.12.2018
Ҳаммасини кўриш ►
;