ҲУШЁРЛИК – ОСОЙИШТА ҲАЁТИНГИЗ ГАРОВИ

12:06, 03.12.2018
ҲУШЁРЛИК – ОСОЙИШТА ҲАЁТИНГИЗ ГАРОВИ

Куз-қиш мавсумида аксарият фуқароларимиз томонидан хонадонларни қўшимча равишда иситиш чораларини кўриш ҳоллари оммалашади.



 Фуқаролар хонадонларида иситиш тизими ва ёқилғи маҳсулотларидан фойдаланишда хавфсизлик талабларига риоя этилишини таъминлаш борасидаги назорат – ИИВ Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари зиммасига улкан вазифалар юклайди.

Бугунги кунда мазкур хизмат томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 июлдаги «Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини 2018–2019 йил куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 ноябрдаги «Аҳоли хонадонларида иситиш тизими ва ёқилғи маҳсулотларидан фойдаланишда хавфсизлик талабларига риоя этилишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори, шунингдек, ИИВ томонидан тузилиб, аҳоли турар жойларида содир бўлиши мумкин бўлган ёнғинлар, газ ва ҳаво аралашмасининг чақнаши, фуқароларни ис газидан заҳарланиши ва бошқа нохуш ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган тегиш­ли режалар асосида жойларда бир қатор тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Кўрилаётган чора-тадбирлар самарасини таҳлил қилиб бориш ҳамда шу орқали қўшимча тадбирларни белгилаш мақсадида тузилган тезкор штаб ва ишчи гуруҳ томонидан режа бўйича белгиланган барча вазифалар юзасидан қатъий назорат ўрнатилган. Шу билан бирга, юқорида кўрсатиб ўтилган қарор ва топшириқлар талабларини фуқароларимиз ҳаёти ва соғлиғи учун нақадар долзарблигидан келиб чиқиб, барча кўрилаётган тадбирлар ҳудудий ички ишлар органлари, газ ва электр идоралари ходимлари, шунингдек, жамоатчилик вакиллари билан ўзаро ҳамкорликда ташкиллаштирилмоқда.

Хусусан, бугунги кунда респуб­ликамизда ёнғинларнинг, газ ва ҳаво аралашмасидан чақнаш, фуқароларни ис газидан заҳарланиши ва бошқа нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати, фавқулодда вазиятлар бошқармаси, газ идоралари, электр таъминоти хизмати, ёнғинга қарши курашиш жамияти ва бошқа дахлдор ташкилотлар ходимларидан иборат 474 та ишчи гуруҳи тузилиб, уларга жами 3850 нафар тааллуқли идора вакиллари бириктирилган.

Мазкур гуруҳлар томонидан мавсум доирасида жорий йилнинг 24 ноябрь кунига қадар 9259 марта рейд ўтказилиб, уларда 1636 та хусусий уй-жой мулкдорлар ширкатига тегишли ҳудудлар, 5963 та маҳалла, кўп қаватли уйлардаги 288375 та хонадон, шунинг­дек, маҳаллалардаги 732843 та аҳоли турар жойи, 3096 та дала ҳовлининг ёнғинга қарши ҳолати текшириб чиқилган. Эътиборлиси шуки, ишчи гуруҳлар томонидан кўп қаватли уйлар ва аҳоли турар жойларида ўтказилган ўрганиш ва текширувлар давомида жами 63253 та камчилик аниқланиб, уларнинг аксарияти жойида бартараф этилишига эришилган.

Айниқса, кўп қаватли уйларда олиб борилган профилактик тадбирлар бўйича 4746 та ностандарт шланглар орқали газ мосламаларига уланганлик ҳолати, 17 маротаба ноқонуний равишда газ сўрғичлардан фойдаланиш ҳолати аниқланиб, тегишли чоралар кўрилган. Тадбирлар давомида тегишли идора вакиллари билан ҳамкорликда носоз дудбурон ва печларнинг 661 та хавфсизлик автоматикалари таъмирланишига эришилган.

Бундан ташқари, маҳаллаларда қаровчиси йўқ, спиртли ичимлик­ларга ружу қўйган, ёлғиз яшовчи қария ва ногиронлар ҳамда руҳий касалликлар диспансери рўйхатида турувчи 33047 нафар фуқаронинг турар жойлари бўйича тегишли профилактик тушунтириш ишлари ўтказилиб, олиб борилган текширувлар натижалари бўйича ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузган ёхуд ёнғин назорати органларининг ёзма кўрсатмаларини бажармаган 1553 нафар раҳбар, жавобгар шахс ва фуқарога нисбатан 43 миллион 558 минг 886 сўм миқдоридаги маъмурий жарима белгиланган.

Ўтган давр мобайнида ёнғин хавфсизлиги қоидалари ва газдан фойдаланиш қоидалари талабларини тарғиб қилиш орқали фуқаролар саводхонлигини ошириш мақсадида 360236 нафар фуқаролар иштирокида 12136 марта тегишли учрашув ва йиғинлар ўтказилган. Юқоридагилар билан бирга, инсонлар ҳаётини ёнғинлардан ҳимоя қилиш, газ ва ҳаво аралашмасидаги чақнаш, ис газидан заҳарланиш ва бошқа нохуш ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида рес­публика, вилоят, шаҳар ва маҳаллий телеканаллар орқали 324 та кўрсатув ва лавҳалар, радиотармоқлар орқали 5668 та эшиттириш ташкил этилган. Бундан ташқари, газета саҳифаларида 191 та мақола чоп этилиб, 582428 тиражда 1479 хилдаги эслатма, йўриқнома ва плакатлар ишлаб чиқилиб, 405707 нафар фуқарога тарқатилишига эришилган.

Олиб борилган профилактик-
огоҳлантирув ишларга қарамай, республика ҳудудида газ, электр ва бошқа иссиқлик энергияси турларидан нотўғри фойдаланиш ҳамда техник қоидаларга риоя этмаслик ёки эҳтиётсизлик, шунингдек, носоз ҳолдаги газ асбоб-ускуналаридан фойдаланиш ҳоллари ҳанузгача учраб турибди. Бунинг оқибатида мавсум давомида ўтказиб келинаётган тадбир бошидан бери жами 32 та нохуш ҳолат содир бўлиб, шулардан 12 та газ ва ҳаво аралашмасининг чақнаши билан боғлиқ ҳодисалар қайд этилган ва уларда 22 нафар фуқаро куйиш тан жароҳатини олган. Бундан ташқари, 19 марта ис газидан заҳарланиш ҳолатлари қайд этилиб, уларда 37 нафар фуқаро жабрланган, 13 нафар фуқаро эса ҳалок бўлган.

Мисол учун, жорий йилнинг 25 ноя­брь куни Фарғона вилояти Фурқат туманида яшовчи 1991 йилда туғилган фуқаро Ж. Д. томонидан фарзанди 2018 йилда туғилган        А. Д.нинг назоратсиз қолдирилиши оқибатида, у қўлбола усулда ясалган иситиш печига газ баллонидан уланган резина шлангини тортиб юборади ва натижада куйиш жароҳати билан касалхонага ётқизилган.

Шунингдек, 20 ноябрь куни Жиззах вилояти Зарбдор туманида яшовчи фуқаро Д. У. уйида қўлбола усулда ясалган иситиш печига уланган табиий газни ёқиб, назоратсиз қолдириши оқибатида газ ўчиб қолиб, ундан сизиб чиққан ис газидан ўзи, қизи ва унинг уйида меҳмонда бўлган 4 нафар қариндоши заҳарланиб, уларга тиббий ёрдам кўрсатилган.

Афсуски, бу каби мисолларни яна давом эттиришимиз мумкин. Юқоридаги мисоллар айрим фуқароларимиз ҳали-ҳануз хавфсизликни таъминлаш борасидаги амалий ишларга беэътибор бўлаётганлиги ва бу ҳолат ўзларининг ҳаёти ва соғлиғи билан боғлиқ оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлигини етарлича тушуниб етмаётганлигидан далолат бермоқда.

Бу борада рақамларга тўхталадиган бўлсак, жорий йилнинг ўтган 10 ойи давомида республика ҳудудида жами 9651 та ёнғин қайд этилиб, ушбу ёнғинларда 92 нафар инсон ҳалок бўлган ва 282 киши тан жароҳати олган. Ёнғинлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 548 тага, ёнғинларда инсонларнинг ҳалок бўлиши 30 тага ва тан жароҳати олиши 48 тага камайган. Албатта, бу ижобий кўрсаткич. Лекин биз учун ҳар бир инсоннинг соғлиғи, ҳаёти, тақдири ва хавфсизлиги масаласи жуда муҳимдир.

Шундай экан, юқоридаги каби нохуш ҳолатларнинг олдини олиш ва бу борада тизимли ишларни давом эттиришимиз талаб этилади.

ИИВ томонидан бошқа тегишли ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда барча йўналишлардаги ишларни чуқур таҳлил асосида ташкиллаштириб, юртимизда ишончли ёнғин хавфсизлигини таъминлаш йўлида керакли чора-тадбирларни қўллаб, ёнғинларнинг олдини олиш, содир бўлганларини тезда бартараф этиш, республикада мавжуд ёнғин ўчириш гарнизонлари моддий-техник базасини бойитиш, тизим фаолиятига янги, замонавий ўт ўчириш анжомлари, техникалари харид қилиш ва уларни жанговар ҳисобга қўйиш ишларини амалга оширишда давом этилади.

Якуний мақсад инсонлар ҳаёти ва соғлиғи борасида умумий хавфсизликни таъминлашдир.

Элдор Ҳакимов,

ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси ходими.

ЎзА.

 

Ўхшаш мақолалар

Ҳаммасино кўриш►

71

Сонларни танлаш

08 декабр, Шанба  
71 70 69 68 67 66 65
64 63 62 61 60 59 58
57 56 55 54 53 52 51
50 49 48 47 46 44 43
42 41 40 39 38 37 36
35 34 33 32 31 30 29
28 27 26 25 24 23 22
21 20 19 18 17 16 15
14 13 12 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш ►

Хабарлар

БОШ ҚОМУСИМИЗ – ФАРОВОН ҲАЁТИМИЗ АСОСИ

Тошкент вилояти ИИБда Конституциямиз қабул қилинган кун муносабати билан тадбир бўлиб ўтди.



Ҳаммасини кўриш ►

Кўп ўқилганлар

  • КАСБИМ БИЛАН ФАХРЛАНАМАН


    Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари саратоннинг иссиғи-ю, қишнинг чилласида ҳам ҳайдовчи, йўловчи ва пиёдаларнинг кўзлаган манзилларига соғ-саломат етиб олиши ҳамда йўлларда белгиланган тартиб-қоидаларга оғишмай назорат қилишига масъул.


    ✔ 7    🕔 11:31, 10.12.2018
  • САЙЁҲЛАР ХАВФСИЗЛИГИ ТАЪМИНЛАНМОҚДА


    Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017–2021 йилларда Хоразм вилояти ва Хива шаҳрининг туризм салоҳиятини комплекс ривожлантириш дас­тури тўғрисида»ги қарорига кўра, ички туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Бу йўналиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган ишлар самарали давом этяпти.

    ✔ 4    🕔 11:23, 10.12.2018
  • ДОИМО ЁРДАМГА ШАЙ


    Хизматингдан кимдир мамнун бўлиб, миннатдорлик билдирса, кўнглинг тоғдек кўтарилади, ишга бўлган иштиёқинг ортади. Фаолиятимиз давомида бунга кўп бор амин бўлганмиз. Албатта, бунда ходимларимиз қаторида, беминнат кўмакчимизга айланган хизмат итларининг ёрдами катта бўлган.


    ✔ 24    🕔 12:09, 03.12.2018
  • МАҲОРАТНИ ИШГА СОЛИБ


    Жиноят жойида кўзга аранг кўринадиган зарра ҳам тилсиз гувоҳга айланади. Бу кўп йиллик тажрибаларда ўз исботини топган.

    ✔ 27    🕔 12:08, 03.12.2018
  • Ишонч масъулият юклайди


    Ички ишлар органларининг қўриқлаш хизмати фаолиятига баҳо берилганида, аввало, қўриқланаётган объектларда ўғрилик, ёнғин ва шунга ўхшаш нохуш ҳолатларнинг рўй бергани ёки бермагани инобатга олинади. 

    ✔ 30    🕔 12:07, 03.12.2018
  • ҲУШЁРЛИК – ОСОЙИШТА ҲАЁТИНГИЗ ГАРОВИ


    Куз-қиш мавсумида аксарият фуқароларимиз томонидан хонадонларни қўшимча равишда иситиш чораларини кўриш ҳоллари оммалашади.


    ✔ 24    🕔 12:06, 03.12.2018
Ҳаммасини кўриш ►
;