АХБОРОТ ХУРУЖЛАРИ: МАҚСАД ВА ШАКЛЛАРИ

12:11, 03.12.2018
АХБОРОТ ХУРУЖЛАРИ:   МАҚСАД ВА ШАКЛЛАРИ

Мафкуравий жараёнлар мисли кўрилмаган даражада глобаллашиб бораётган, хатарли ахборот хуружлари куча­йиб, улар бутун ер юзига тарқалаётган ҳозирги пайтда даврнинг ўзи ҳар бир инсондан янгилик ва янги ахборотга нисбатан ҳушёр ва эътиборли бўлишни, уларни чуқур таҳлил қилишни тақозо этмоқда.



 XX асрнинг сўнгги ўн йиллигида яратилган илм-фан кашфиётининг амалий намунаси, яъни интернет тизимининг вужудга келиши натижасида ахборот-коммуникатив жараён тезлашиб кетди. Интернет орқали инсониятга ғоявий таъсир ўтказиш кўлами янада кенгайди. Тўғри, интернет инсониятнинг муҳим ютуғи бўлиб, бугунги ҳаётимизда қатор имкониятлар ҳам яратди. Буни инкор этолмаймиз, албатта. Бироқ кучли мафкуравий таъсир кўрсатиш воситаси бўлган ушбу воқелик жиддий муаммоларни ҳам келтириб чиқараётгани ҳеч кимга сир эмас.

Айниқса, виртуал олам фарзандларимиз эътибори ва қизиқишини тортиб бораётган бугунги даврда айрим компьютер ўйинлари ҳақида мисолларни келтириш ўринли. Мутахассислар маълумотларига кўра, глобал тармоқ орқали тарқатиладиган компьютер ўйинларининг 49 фоизи сезиларли даражада зўравонлик ва ёвузлик кўринишига эга, 41 фоиз жангари (турли отишмалар ва портлашларга асосланган) хусусиятга эга. Ўйинлар қаҳрамонлари ўз мақсадига етишиш учун турли зўравонликлар ва ёвузликлар содир этади. Ўйинларнинг 17 фоизида ана шу зўравонлик ва ёвузликни тарғиб қилиш бош мақсад ҳисобланади.

Умуман олганда, ҳозирги кунда интернет сайтларида ёшларга кучли таъсир этувчи ахборотларни қуйидагича таснифлаш мумкин:

биринчи гуруҳга экстремизм ва терроризм ғояларини, миллатчилик, ирқчилик, садизм кабиларни тарғиб этувчи ахборотлар киради;

 иккинчи гуруҳдаги ахборотлар ғарб ҳаёт тарзига хос, миллий менталитетимизга ёт одатлар ва кўникмаларни тарғиб этади. Бу, айниқса, ғарб ёшларининг кийиниши, одатларини тарғиб қилувчи мақолалар, клиплар, фильмларда яққол намоён бўлади;

учинчи гуруҳга беҳаёликни тарғиб қилувчи порнографик ахборотларни киритиш мумкин;

тўртинчи гуруҳдаги материалларга ҳали текширилмаган, ўз исботини топмаган турли ҳужумкор, вайронкор ахборотлар киради.

 

Интернет сайтларидан тарқатилаётган бу каби ёт ғоялар ва ахборотларнинг, айниқса, ёшларга салбий таъсир кўрсатаётгани ва бунинг оқибатида юз бераётган айрим воқеалар барча мамлакатлар афкор оммасини ташвишга солмоқда. Ёшларимиз онгини эгаллашга қаратилган ҳар қандай хатти-ҳаракатларга, миллий манфаатларимизга рахна солишга, маънавиятимизга тажовуз қилишга, тарихий хотирамизни бузишга уринаётган ғаразли кучларга қарши доимо муросасиз курашишимиз, бундай хавф-хатарлардан огоҳ бўлишимиз даркор.

Юртимизга «оммавий маданият», янаям аниқ қилиб айтсак, оломон маданияти асосан интернет тармоғи орқали кириб келяпти. Бу ҳол одоб-ахлоқ, миллий, умуминсоний ва диний қадриятларга ҳурмат пасайиши каби кўплаб нохушликларни келтириб чиқаряпти. Баъзи ёшларнинг ҳаёсизларча кийиниши, таналарига турли расмлар чиздириши, қулоқ ва бурунларини тешиб, «зирак» тақиб олишлари, қиз болаларнинг ўғил болаларга ўхшаб кийиниши каби «мода» унсурлари айнан интернет орқали тарқалаётган ғарб маданиятига тақлид туфайли ёйилаётгани шубҳасиз.

Хўш, одамлар, хусусан, ёшлар маънавиятига салбий таъсир кўрсатаётган омиллар нималардан иборат ва уларга қарши қандай кураш олиб бориш керак? «Оммавий маданият» ниқоби остидаги таҳдидлар қуйидаги кўринишларда намоён бўлмоқда:

– ахлоқий бузуқлик;

– зўравонлик;

– эгоцентризм, яъни худбинлик, лоқайдлик;

– тарихимиз миллий қадриятларимиз ва диннинг моҳиятини сохталаштиришга уриниш­лар;

– турли мафкуравий воситалар орқали минтақавий ва миллатлараро можароларни келтириб чиқаришга қаратилган ҳаракатлар;

– маҳаллийчилик;

– ароқхўрлик, кашандалик ва гиёҳвандлик;

– миллатчилик ва бош­қалар. 

 Мафкуравий хуружлар одамларнинг, аввало, ёшларнинг онгини эгаллашга йўналтирилади. Айниқса, «оммавий маданият» деб аталаётган иллат, халқимизнинг маънавий хазинаси бўлган одоб-ахлоқ, шарм-ҳаё, иффат-андиша каби фазилатларимизга тажовуз қилиб, минг йиллик миллий қадриятларимизнинг илдизига зиён етказмоқда. Шуларни ўйлар экансан, интернет орқали узатилаётган ахборотлар ичида умрини ўтказиб ўтирган айрим ёшларга ачинасан киши. Ахир, ушбу ахборотлар ичида зарарли, кераксизлари ҳам бор-ку.

Биринчидан, ҳар бир инсон ўзига фойдали, зарур ахборотларнигина қидириши, топиши ва олиши керак. Баъзан ёшлар билан илмий мавзуларда суҳбатлашсангиз ёки уларга бирор савол билан мурожаат қилсангиз, аксарияти дарҳол «Интернет бор-ку, тайёр материалларни олсангиз бўлмайдими?» – деб жавоб беришади. Наҳотки, интернет туфайли инсоният, айниқса, ёшлар китоб ўқиш, билим олиш, изланиш каби муҳим фаолиятдан йироқлашиб бораверса. Ваҳоланки, ҳақиқий илмга, билимга тинимсиз интилиш, изланиш ва меҳнат билан эришилади.

Иккинчидан, кераксиз ахборотларни олиш ёки уларга кўникишга, ўрганишга не ҳожат? Афсуски, орамизда қизиқиш нуқтаи назаридан, зарур бўлмаган ахборотларни ҳам олиб ўрганувчилар топилади.

Учинчидан, бундай кераксиз ахборотларга инсон учун энг муҳим, қимматли бўлган вақт бекорга сарф бўлади, бой берилади-ку.

Узоқ ўтмишдан яхши маълумки, ота-боболаримиз ўта маданиятли ва ориятли инсонлар бўлишган. Шунинг учун ҳам халқимизда оила тушунчаси муқаддас саналган, мустаҳкам маънавий қадрият даражасига кўтарилган. Оиладаги ўзаро муносабатлар, бир-бирига бўлган меҳр-оқибат, иззат-ҳурмат, қадр-қиммат сингари тушунчалар миллий маънавиятимизнинг таг замирини ташкил этади. Шундай экан, халқимизда минг йиллар давомида шаклланиб, сайқал топиб келган миллий урф-одатлар, маънавий қадриятларимизни ерга урадиган ёт маданиятнинг кириб келишига йўл қўймаслигимиз лозим.

«Оммавий маданият» ўз моҳиятига кўра сохта, ўйлаб топилган маданият бўлиб, ҳақиқий маданиятдан кескин фарқ қилади. У ижтимоий тараққиёт, умуминсоний қадриятларга жиддий ғов бўлади. «Оммавий маданият» – айрим гуруҳлар томонидан ўйлаб топилган, ғаразли мақсадга йўналтирилган, инсониятни инқирозга бошлайдиган ғоялар мажмуи. Бугунги кунда «оммавий маданият» ниқоби остида орамизда ахлоқсизлик, беҳаёлик, уятсизлик, фаҳш, жангарилик, ёвузлик каби кўп­лаб иллатлар илдиз отаётир.

Бундай пайтда биз ўзимизнинг миллий қадриятларимиз, анъаналаримизни чуқур ўрганиб, ҳаётга кенг татбиқ этишимиз, оммалаштиришимиз лозим. Шу тариқа, «оммавий маданият»нинг жирканч моҳиятини очиб, авлодларимизнинг «оммавий маданият» деб аталмиш иллатга қарши иммунитетини оширган, пировардида, бу хавф-хатарнинг кириб келаётган йўлини тўсган бўламиз.

Маънавий юксалишимизга қарши таҳдидлардан яна бири – эгоцентризм, яъни худбинликдир. Кейинги пайтда ғарбона индивидуализм билан суғорилган бу каби иллатларнинг инсониятга хавфи тобора ортиб бормоқда. Ўзлигидан узоқлашган, нафснинг қулига айланиб қолаётган кишигина худбинликни ўзига касб қилиб олади. Худбин одам фақат ўзим бўлсам, дейди ёки ўзимнинг билганим билган қабилида иш
тутади.

Ўзбекистон Республикасининг «Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуни, энг аввало, фарзандларимизни тарбиялаш, уларни зарарли ахборотдан муҳофазалаш, бунинг ҳуқуқий механизмларини жорий этиш, болаларнинг жисмоний, маънавий ва ахборот хавфсизлигининг қонуний белгиланган кафолатлари комплексини яратишни назарда тутгани билан аҳамиятлидир. Келгусида ушбу талабларни бажариш нафақат келажагимиз эгаларини зарарли ахборотлардан ҳимоя қилиш, шу билан бирга, ҳар биримизнинг фуқаролик позициямизни фаол намоён этишга имкон яратади.

Мазкур ҳужжатда ахборотга доир ҳуқуқларнинг чекланишига оид масала йўқ. Қонун келажагимиз эгалари бўлмиш болаларнинг соғлиғини муҳофаза этишга қаратилган. Унда болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи органлар ҳамда ташкилотлар тизими белгилаб берилган. Айни пайтда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари ҳам ушбу жараёнда иштирок этиши ўз ифодасини топган.

Ахборот маҳсулотининг ёшга оид тас­нифини белгилаш ва ёш тоифаларини қўйиш масалалари ушбу ҳужжатнинг муҳим жиҳатларидан ҳисобланади. Бу жамиятимиз ҳаётида янгилик бўлиб, эндиликда ОАВ, жумладан, интернет жаҳон ахборот тармоғидаги веб-сайтлар, блогерлар, реклама воситалари ҳамда бошқа турдаги ахборот тарқатиш каналлари орқали тарқатилаётган ахборотларда болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказиши мумкин бўлган ахборотдан ҳимоя қилиш мақсадида 0+, 7+, 12+, 16+, 18+ ёзувлари акс эттирилиши шарт қилиб қўйилган. Мазкур қонунга мувофиқ, ёшга оид таснифни белгилаш ахборот маҳсулотини ишлаб чиқарувчилар ва тарқатувчилар томонидан, жумладан, экспертларни жалб этган ҳолда, мамлакатимиз ҳудудида тарқатиш бошлангунга қадар амалга оширилади. Қонун кучга кириши билан ҳар бир ахборот тарқатувчи, яъни фуқаролар тарқатилаётган ахборотга ёш тоифасини ўзлари ёки бу соҳадаги экспертларнинг хулосасига кўра, қўйишлари керак бўлади.

Хулоса шуки, ахборот хуружлари орқали одамлар онгига сингиши мумкин бўлган лоқайдлик, ахлоқсизлик, худбинлик, шафқатсизлик, зўравонлик, беҳаёлик сингари иллатларга қарши муросасиз ва мунтазам равишда курашиш зарур. Бу курашда, керак бўлса, мавжуд техник имкониятлардан, аудио, видеороликлар, мультимедиа воситалари кабилардан мақсадли ва унумли фойдаланиш, одамларда атроф­га дахлдорлик, масъ­улият ҳиссини ошириш, мафкуравий иммунитетни янада кучайтириш бугунги кунда ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ аҳамият касб этмоқда. 

 

 Омонулла МУҲАММАДЖОНОВ,

 юридик фанлар доктори. 

Ўхшаш мақолалар

Ҳаммасино кўриш►

71

Сонларни танлаш

08 декабр, Шанба  
71 70 69 68 67 66 65
64 63 62 61 60 59 58
57 56 55 54 53 52 51
50 49 48 47 46 44 43
42 41 40 39 38 37 36
35 34 33 32 31 30 29
28 27 26 25 24 23 22
21 20 19 18 17 16 15
14 13 12 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш ►

Хабарлар

БОШ ҚОМУСИМИЗ – ФАРОВОН ҲАЁТИМИЗ АСОСИ

Тошкент вилояти ИИБда Конституциямиз қабул қилинган кун муносабати билан тадбир бўлиб ўтди.



Ҳаммасини кўриш ►

Кўп ўқилганлар

  • ЧИНГИЗ АЙТМАТОВ  АСАРЛАРИДА  ИНСОН ОМИЛИ


    Қирғизистон халқ ёзувчиси, Қирғизистон Фанлар академиясининг академиги, таниқли давлат, жамоат арбоби, дипломат Чингиз Айтматов 1928 йилнинг 12 декабрида Қирғизистоннинг Талас водийсидаги Шакар қишлоғида таваллуд топди.


    ✔ 34    🕔 11:38, 10.12.2018
  • АХБОРОТ ХУРУЖЛАРИ:   МАҚСАД ВА ШАКЛЛАРИ


    Мафкуравий жараёнлар мисли кўрилмаган даражада глобаллашиб бораётган, хатарли ахборот хуружлари куча­йиб, улар бутун ер юзига тарқалаётган ҳозирги пайтда даврнинг ўзи ҳар бир инсондан янгилик ва янги ахборотга нисбатан ҳушёр ва эътиборли бўлишни, уларни чуқур таҳлил қилишни тақозо этмоқда.


    ✔ 354    🕔 12:11, 03.12.2018
  • КОНСТИТУЦИЯ ВА ҲУҚУҚИЙ МАДАНИЯТ


    Жамият аъзоларининг юксак ҳуқуқий маданияти ҳуқуқий демократик давлат барпо этишнинг муҳим шарти ҳисобланади. Шу сабабли ҳам ўсиб келаётган ёшларни комил инсон даражасида тарбиялаш ва барча фуқароларнинг ҳуқуқий онгини ошириш, ҳуқуқий маданиятини юксалтириш жамият аъзоларининг асосий вазифасидир.


    ✔ 454    🕔 12:42, 26.11.2018
  • БОШ МАҚСАД – ХАЛҚ МАНФААТЛАРИГА ХИЗМАТ ҚИЛИШ


    Президентимиз бошчилигида барча соҳаларда кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилиб, уларнинг асосий мақсади фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган.

    ✔ 506    🕔 11:27, 19.11.2018
  • РАҲБАРЛИК  ПСИХОЛОГИЯСИДА  А Х Л О Қ


    Раҳбаршуносликда энг долзарб масалалардан бири раҳбарнинг ахлоқий етуклиги ва маърифатпарварлигидир. Зеро, ундаги маърифат омилининг устуворлиги бошқарув жараёнлари самарадорлигига бевосита таъсир кўрсатади. 

    ✔ 839    🕔 12:57, 12.11.2018
  • ТАНҚИДИЙ ТАҲЛИЛ, ҚАТЪИЙ ТАРТИБ-ИНТИЗОМ –  ФАОЛИЯТИМИЗ МЕЗОНИ


    Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик ҳар бир раҳбарнинг кундалик қоидаси бўлиши керак.

    Шавкат МИРЗИЁЕВ

    ✔ 630    🕔 11:10, 05.11.2018
Ҳаммасини кўриш ►
;