ВИЖДОНИНИ ЖИҒИЛДОНГА АЙЛАНТИРГАН ШИФОКОР

12:12, 03.12.2018
ВИЖДОНИНИ ЖИҒИЛДОНГА АЙЛАНТИРГАН ШИФОКОР

Хивалик Улуғбек (исм-шарифлар ўзгартирилди) ёшликдан юрак хасталигига чалинди. Отаси Муродбек ака уни вилоят шифохоналарида бир неча бор даволатди. Аммо бироз муддат ўтгач, Улуғбекнинг соғлиғи яна ёмонлашаверди. Аксига олиб, сўнгги пайтларда шифокорларнинг муолажалари ҳам, дори-дармонлари ҳам кор қилмайдиган бўлиб қолди.



Муродбек ака «Дард берган Оллоҳ давосини ҳам беради», деган умидда ўғлини вилоят ихтисослашган кардиология марказига ётқизди. Улуғбекни обдон текширувдан ўтказган шифокорлар уни операция қиладиган бўлишди. Бу гапни эшитган отанинг баттар хавотири ошди. Шифокорлар бундай беморлар жарроҳлик амалиётидан сўнг батамом соғайиб кетишини, фарзанди ҳам тез кунларда дарддан халос бўлишини унга ётиғи билан тушунтиришди. Ширин сўз – қалб малҳами, деганларидек, шифокорларнинг бу гапини эшитган Муродбек аканинг кўнгли бироз таскин топди. Хавотири босилиб, кўнг­лида умид учқунлари пайдо бўлди.

Хуллас, икки кундан сўнг Улуғбекни операция қиладиган бўлишди. Шифокорлар Муродбек акага жарроҳлик амалиёти учун бир литр қон зарурлигини, бунинг учун вилоят қон қуйиш маркази клиник лабораториясига мурожаат қилиши кераклигини айтишди. У тезда айтилган манзилга етиб борди. Лаборатория ходимлари қон топшириш учун беш нафар фуқаро кераклигини, уларнинг соғлиғи белгиланган тиббий текширув талабларига тўла мос келиши зарурлигини тушунтиришди.

Муродбек ака шошилганча уйига қайтди ва яқин қариндошларини қон қуйиш марказига бошлаб келди. Уларнинг бири 200 грамм қон топширди, қолганларининг ёнида фуқаролик паспорти бўлмагани учун тиббий текширувдан ўтказишмади. Муродбек аканинг ялиниб-ёлвориш­лари беҳуда кетди. Уйларига бориб, ҳужжатларни олиб келиш учун бир неча соат вақт керак. Аксига олиб, лаборатория ходимларининг иш куни ҳам якунланаётган эди. Муродбек аканинг хуноби ошди. Шу пайт ичкари хонадан оппоқ халат кийган бир шифокор чиқди-ю, қон топшириш учун келган донорларга нималарнидир тушунтира бошлади. Муродбек ака худди халоскори топилгандек дарҳол унинг ёнига борди ва мақсадини айтди.

– Бир литр қон икки миллион сўм туради, – деди у Муродбек акани кутиш зали томон бошларкан. – Аммо буни ҳам бир кунда тайёрлаб бера олмаймиз.

Шифокорнинг бу гапини эшитган Муродбек ака ялинишга тушди:

– Жо-о-о-н дўхтир, менга 800 грамм қон керак. Сал келиштириб айтинг.

– Майли, бир ярим миллион берақолинг. Қолгани биздан сизга ёрдам. Ҳа айтмоқчи, бу иш фақат мен орқали битади. Шу боис бошқа шифокорларга учрашиб ўтирманг.

– Тушундим, дўхтир, – деди Муродбек ака мушкули осон бўлаётганидан суюниб. – Ҳозирча ёнимда 300 минг сўм пулим бор. Қолганини эртага олиб келаман.

Муродбек ака чўнтагидаги пулни олиб, шифокорга бермоқчи эди, у эътироз билдирди:

– Шошманг, лабораториямизнинг барча жойларига камера ўрнатилган. Шунинг учун ҳовлига чиқиб, Бозорбой боғбонни топинг ва пулни ўша кишига беринг. Мен сизга боғбонимиз орқали 200 грамм қон топширганлиги ҳақидаги маълумотномани бериб юбораман.

Муродбек ака тезда Бозорбой боғбонни топди ва унга 300 минг сўм пул берди. Буни қарангки, кун бўйи югур-югур билан амалга ошмаган иш бир зумда битди. Муродбек ака бир парча қоғозни олганича кардио­логия марказига шошилди. Катта йўлга чиқаверишда таниши Ражаббойни учратиб қолди. У Муродбек аканинг дардини тинг­лади-ю, чўнтагидан уч юз минг сўм олиб узатди.

– Яхшилигингизни унутмайман, – деди Муродбек ака хурсанд бўлганича. – Эрта-индин, албатта, пулингизни қайтараман.

– Пулни қайтариш ҳақида ўйлаб ҳам ўтирманг, – деди у Муродбек ака билан хайрлашаркан. – Рози бўлиб беряпман. Худойим ўғлингизга шифо берсин.

Муродбек ака ортига қайтди ва яна ўша шифокорни топди. Бир зумда Бозорбой боғбон орқали иши битди. У зудлик билан маълумотномаларни кардиология марказига олиб бориб топширди.  

Эртасига Муродбек ака яна ўша шифокорнинг ҳузурига келди ва 400 грамм қон учун 2 та маълумотнома кераклигини айтди. Нафси ўпқонга айланган шифокор энди ҳар бир маълумотнома учун 500 минг сўм талаб қилди. Тамагирнинг бу сўзларини эшитган Муродбек аканинг ғазаби қайнади. Унга кўнглидаги аччиқ гапларини тўкиб-солмоқчи бўлди-ю, зўрға ўзини тутди. Наҳотки, беморларнинг дардига малҳам бўлиш ўрнига уларнинг чўнтагига кўз олайтирадиган бундай тамагир шифокорларнинг танобини тортадиган киши топилмаса?!

Югур-югурлардан силласи қуриган Муродбек ака охири ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат этишга мажбур бўлди. Отахоннинг аламли ҳасратини тинглаган соҳа ходимлари зудлик билан ишга киришди. Ўз нафсининг қулига айланган лаборатория мудири Карим Бекчонов хизмат хонасида Муродбек акадан 500 минг сўм пулни олаётган пайтда тезкор гуруҳ ходимлари томонидан қўлга олинди. Ўзгаларнинг пулини алдаш йўли билан қўлга киритишга урингани учун унга жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар суди томонидан тегишли жазо тайинланди.

Худойберган ЖАББОРОВ.

Алишер ҚАҲҲОРОВ.

Хоразм вилояти.

Ўхшаш мақолалар

Ҳаммасино кўриш►

71

Сонларни танлаш

08 декабр, Шанба  
71 70 69 68 67 66 65
64 63 62 61 60 59 58
57 56 55 54 53 52 51
50 49 48 47 46 44 43
42 41 40 39 38 37 36
35 34 33 32 31 30 29
28 27 26 25 24 23 22
21 20 19 18 17 16 15
14 13 12 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш ►

Хабарлар

БОШ ҚОМУСИМИЗ – ФАРОВОН ҲАЁТИМИЗ АСОСИ

Тошкент вилояти ИИБда Конституциямиз қабул қилинган кун муносабати билан тадбир бўлиб ўтди.



Ҳаммасини кўриш ►

Кўп ўқилганлар

  • ВИЖДОНИНИ ЖИҒИЛДОНГА АЙЛАНТИРГАН ШИФОКОР


    Хивалик Улуғбек (исм-шарифлар ўзгартирилди) ёшликдан юрак хасталигига чалинди. Отаси Муродбек ака уни вилоят шифохоналарида бир неча бор даволатди. Аммо бироз муддат ўтгач, Улуғбекнинг соғлиғи яна ёмонлашаверди. Аксига олиб, сўнгги пайтларда шифокорларнинг муолажалари ҳам, дори-дармонлари ҳам кор қилмайдиган бўлиб қолди.


    ✔ 33    🕔 12:12, 03.12.2018
  • БОСҚИНЧИНИНГ  СЎНГГИ «БЕКАТИ»


    Тўрақўрғон туманидаги «Янгиобод» маҳалла фуқаролар йиғинида туғилган Шомиддин Шораҳмонов (исм-шарифлар ўзгартирилди) энди йигирма бир ёшга тўляпти. Аммо у ишёқмаслик ва ўзгалар мол-мулкига кўз олайтириши туфайли босқинчилик ботқоғига ботиб, етти марта суднинг қора курсисига ўтиришга улгурди.


    ✔ 41    🕔 12:43, 26.11.2018
  • БОСҚИНЧИЛАР НИЯТИГА ЕТОЛМАДИ


    Ўз ишининг устаси бўлиш учун танланган касбига содиқ қолиш ва масъулиятни ҳис этиш лозим. Фуқароларимизнинг тинч ва осуда ҳаётини таъминлаш йўлида хизмат қилаётган инсонларга эса мардлик, қатъият ва пухта жисмоний тайёргарлик зарур.


    ✔ 61    🕔 11:19, 19.11.2018
  • ЎРТАДАН ОҚИБАТ КЎТАРИЛМАСИН


    Умида (исмлар ўзгартирилди) деразадан ташқарига ўйчан тикиларкан, катта йўл бўйидаги дарахт­ларга кўзи тушди. Уларнинг заъфарон япроқлари новдаларидан чирт-чирт узилиб, ерга гиламдек тўшаларди. 

    ✔ 66    🕔 12:59, 12.11.2018
  • БИР ИМЗОНИНГ БАҲОСИ


    Ургутлик Меҳрибону (исмлар ўзгартирилди) хаёлига келган фикрни қарорга айлантиргунча бироз муддат иккиланиб юрди. 

    ✔ 65    🕔 12:39, 12.11.2018
  • ИЛЛАТ ИЗЛАГАНГА...


    Туман тиббиёт бирлашмасига қарашли шошилинч тиббий ёрдам бўлимида ҳамшира бўлиб ишловчи Н. Мадина (исм-шарифлар ўзгартирилди)нинг қўли ишга бормай қолди. Нимадир сабаб бўлиб бошлиғи билан келишолмай қолгани учун ҳадеб унинг ишидан айб топавериши кундан-кунга вазиятни таранглаштириб бораверарди.


    ✔ 90    🕔 10:46, 05.11.2018
Ҳаммасини кўриш ►
;