ҲАМЖИҲАТЛИК – ЖИНОЯТЛАР КАМАЙИШИНИНГ МУҲИМ ОМИЛИ

13:02, 17.12.2018
ҲАМЖИҲАТЛИК –  ЖИНОЯТЛАР КАМАЙИШИНИНГ МУҲИМ ОМИЛИ

Мамлакатимизда тинчлик-осойишталикни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишга Хоразм вилояти ички ишлар органлари ходимлари ҳам ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.


 Улар халқимизнинг тинч, фаровон яшаши ва меҳнат қилиши учун барча имкониятлардан унумли фойдаланишмоқда. Осойишталик ҳукм сураётган маданият ва истироҳат боғлари, сайилгоҳлар, маҳалла гузарлари халқимиз мириқиб дам оладиган, маданий ҳордиқ чиқарадиган, байрам тантаналарини нишонлайдиган гўшаларга айланди.

 Вилоят ички ишлар органларининг маҳаллий ҳокимият ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари билан ҳамкорликда олиб бораётган изчил фаолияти ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Айниқса, ички ишлар тизимининг энг замонавий транспорт ва техника воситалари билан таъминланиши, ходимларга етарли хизмат шароитларининг яратиб берилиши соҳанинг жадаллик билан ривожланишида муҳим омил бўляпти. Жорий йилнинг ўтган даврида ходимларимизнинг юксак масъулият билан хизмат қилиши натижасида вилоятимиз ҳудудида барча турдаги жиноятлар кескин камайишига эришилди. Рақамлар бўйича таҳлил қиладиган бўлсак, умумий жиноятлар 38,2 фоизга, шу жумладан, оғир ва ўта оғир турдаги жиноятлар 30 фоизга камайди. Вилоятимиздаги 512 та маҳалланинг 248 тасида жиноят содир этилишига умуман йўл қўйилмади. Шунингдек, 175 нафар қидирувда бўлган шахс ушланиб, тергов органларига топширилди. Улардан 87 нафари узоқ йиллардан буён қидирувда бўлган шахслардир.

Мамлакатимизда чет эл валюталарининг эркин конвертациясини амалга ошириш бўйича ижобий ишлар олиб борилаётган бир пайтда, айрим шахслар ҳали-ҳануз қонунга хилоф равишда фаолият олиб бормоқда. Жорий йилнинг 16 сентябрь куни Урганч туманидаги Юқоридўрмон қишлоғида яшовчи Р. Мансур танишига 40 минг АҚШ долларини 8120 сўмдан жами 324 800 000 сўмга сотишга келишиб, шундан 20 минг АҚШ долларини 162 400 000 сўмга сотаётган пайтда Янгибозор тумани ИИБ ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси ходимлари томонидан қўлга олинди.

Кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда ўтказилаётган тадбирлар давомида жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш, паспорт тизими қоидаларига риоя қилинишини текшириш, жиноят содир этишга мойил шахсларни аниқлаш, улар билан профилактик ишлар олиб бориш, ички ишлар органлари ҳисобида турган шахсларнинг турмуш тарзини ўрганиб, профилактик суҳбатлар ўтказиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган оилаларга амалий ёрдам беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари, шифохона ҳамда бошқа ташкилотларда соқчилик ташкил этилиб, тунги навбатчилик гуруҳлари фаолияти изчил назоратга олинган.

Маҳаллаларимизда профилактика инспекторлари фаолияти такомиллашмоқда. Вилоят ҳудудида 346 та ички ишлар органлари таянч пункти фаолият олиб бормоқда. Фуқароларнинг оилавий муаммолари ва бошқа ҳар қандай масалалар маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, маҳалла посбони жамоат тузилмаси сардорлари ҳамда маҳалла фаоллари билан ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликда шу ернинг ўзида ҳал этилмоқда.

Мамлакатимиз Президентининг ташаббуси билан вилоятимиз ҳудудида хизмат қилаётган 361 нафар профилактика инспекторининг барчаси ўзи хизмат қилаётган ҳудудда хизмат уйлари билан таъминланди ва уларга имтиёзли кредит асосида автомашиналар берилди. Бундан ташқари, содир этилган жиноятларни фош этишда фидойилик кўрсатаётган ходимларимиз доимий равишда муносиб рағбатлантирилмоқда.  

Эътироф этиш керакки, мустақиллик йилларида хизматда алоҳида ўрнак кўрсатган ходимларимиздан 56 нафари давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлишди. Шунингдек, 86 нафар ходим ИИВнинг «A’lo xizmatlari uchun» кўкрак нишони, 60 нафари эса фахрий ёрлиқ билан тақдирланган. Шу йилнинг ўзида ҳам бир гуруҳ ҳамкасбларимизга «Ички ишлар органларининг фахрий ходими», ИИВнинг I, II, III даражали «Бенуқсон хизматлари учун» ва «Ёнғиндаги жасорати учун» кўкрак нишонлари берилганини фахр билан тилга олиш мумкин. Улар орасида профилактика инспекторлари ҳам кўпчиликни ташкил этади.

Юртимиз тинчлиги, халқимиз осо­йишталигини таъминлашда жисмонан бақувват, маънан етук ҳамда ўз касбига садоқат билан хизмат қиладиган фидойи ходимларимизнинг муносиб ўрни бор. Шундай экан, шахсий таркибнинг касбий маҳорати ҳамда жанговар шайлигини ошириш, жисмонан бақувват, маънавий жиҳатдан баркамол бўлишлари учун барча зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Бугунги кунда мамлакатимиз ички ишлар органлари ходимлари орасида коррупция, тамагирлик каби жирканч иллатларнинг олдини олиш мақсадида олиб борилаётган профилактик тадбирлар, тушунтириш ишлари ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Ҳазорасп тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли бўлимлардан бирини бошқараётган
Х. Қаҳрамон шу бўлимда ишловчи ҳамширадан келгусида ўз фаолиятини давом эттириши учун 50 АҚШ доллари беришини талаб қилади. Раҳбарнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларидан норози бўлган ҳамшира ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга мурожаат этади. Тезкор тадбир давомида 50 АҚШ долларини олаётган бўлим бошлиғи жиноят устида қўлга олинади ва унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошлаб юборилади. Аммо шифокор ўзига нисбатан қўзғатилган жиноят ишини «бости-бости» қилиш учун дастлабки тергов ҳаракатларини олиб бораётган Ҳазорасп тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси бошлиғи, капитан Арслонбек Рўзимовга 500 АҚШ доллари миқдорида пора таклиф қилади. Қасамёдига содиқ ходим бу ҳақда раҳбариятга ахборот беради. Ўтказилган тезкор тадбир жараёнида 400 АҚШ долларини пора тариқасида бераётган шифокорнинг кирдикорлари фош этилади.

Оқ халатига доғ туширган шифокор эндиликда бир эмас, иккита жинояти учун жавоб бермоқда. Қасамёдига содиқ бўлган бундай фидойи ходимларимиз пора беришдек оғир жиноятга қўл урган яна бешта ҳуқуқбузарликни фош этишди.

Йил сарҳисоби остонасида секторлар кесимида амалга оширилган ишларга ҳам қисқача тўхталиб ўтсам. Вилоят ҳудуди тўртта секторга бўлинган бўлиб, бу борадаги ишлар тизимли равишда ташкил этилган.

Учинчи сектор Урганч, Хонқа ва Янгиариқ туманларини ўз ичига олган бўлиб, ҳудуддаги 141 та маҳаллада 476 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Ўтган йилнинг август ойидан то шу кунга қадар ҳудуддаги 81 минг 607 та хонадон тўла ўрганиб чиқилди ва 1819 та муаммо аниқланди. Ишчи гуруҳнинг хонадонма-хонадон юриб ўрганиши натижасида ушбу муаммоларнинг 1380 таси жойида бартараф этилиб, 439 таси йўл харитасига киритилди ва айни кунда уларни тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.

Хонқа туманидаги Қарамази маҳалласидаги 100 ўринга мўлжалланган Феруз номидаги мактабгача таълим муассасаси 15 йилдан буён фойдаланилмаётгани сабабли, бино бутунлай яроқсиз ҳолга келиб қолганди. Жорий йилнинг май ойида вилоят ва туман ҳокимлиги, ИИБ ҳамда саховатпеша тадбиркорлар ҳомийлигида ушбу муассаса замон талабларига мос ҳолда қайта реконс­трукция қилинди ва тўлиқ таъмирдан чиқарилди. Қўшимча бинолар бунёд этилиб, Мустақиллик байрами арафасида 210 ўринга мўлжалланган мазкур муассаса ишга тушди. Шунингдек, Урганч туманидаги Тандирчи маҳалласида ҳам тўртта оилага мўлжалланган турар жой биноси бунёд этилди ва уй-жойга муҳтож бўлган имконияти чекланган оилаларга топширилди.  

Ички ишлар органлари ходимлари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, уларни ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя­лаш масалалари хизмат самарадорлигининг ошишида муҳим ўрин тутади. Шу боис, вазирликнинг тегишли буйруқлари асосида ходимларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини, сиёсий-ҳуқуқий билим савиясини ошириш борасида тегишли ишлар олиб борилмоқда. Айниқса, ходимларнинг оилавий шароитини ўрганиш, оила аъзолари билан турли маданий, спорт тадбирларини ўтказиш яхши самара бермоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида ўз хизмат фаолиятида юқори кўрсаткичларга эришган мингдан ортиқ ходим муносиб тақдирланди. Шунингдек, тиббиёт бўлими томонидан шифокорлар назоратига олинган 32 нафар ички ишлар органлари ходими ҳамда 43 нафар фахриймиз республикамиз ҳудудидаги сиҳатгоҳларда даволаниб қайтишди.

Шахсий таркиб ўртасида соғлом маънавий-ахлоқий муҳит шаклланаётгани улар эришаётган муваффақиятларда акс этмоқда. Бугун ички ишлар органлари ходимлари фақат соғлом ва ўз касбини чуқур ўзлаштирибгина қолмай, қонунларни пухта билиши, уларни фуқароларга тўғри тушунтириши билан обрў-эътибор, иззат-ҳурмат топмоқда. Бундай яқин ҳамкорлик мамлакат иқтисодиётини юксалтиришда, жамиятимизда соғлом муҳитни вужудга келтиришда, тинчлик ва осойишталикни таъминлашда муҳим аҳамият касб этиши, шубҳасиз.

Шавкат РАҲМОНОВ,

вилоят ИИБ бошлиғи, полковник.

Ўхшаш мақолалар

Ҳаммасино кўриш►

6

Сонларни танлаш

19 январ, Шанба  
6 5 4 3 1

Ҳаммасини кўриш ►

Хабарлар

БАЙРАМНИ ЯНГИ УЙДА НИШОНЛАШДИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 апрелдаги фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ, ички ишлар органлари ходимларини арзон уй-жойлар билан таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар белгилаб берилди.


Ҳаммасини кўриш ►
Полковник Кадиров Дониёр Бахтиёрович – ИИВ Транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бошқармаси бошлиғи лавозимига

Кўп ўқилганлар

  • Пўлат БОБОЖОНОВ:     ОДАМЛАР ТИНЧ ЯШАШИ УЧУН МАМЛАКАТИМИЗДА  ЖИНОЯТДАН ХОЛИ МУҲИТ ЯРАТИЛАДИ


    Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2019 йилда мамлакатимизни ривожлантиришнинг энг муҳим устувор вазифалари тўғрисидаги парламентга Мурожаатномасида халқимиз тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг барвақт олдини олишга тўхталди.


    ✔ 6    🕔 12:59, 21.01.2019
  • КАМЧИЛИКЛАРНИ БАРТАРАФ ЭТИШ


    шу куннинг муҳим вазифасидир

    Жорий йил 10 январь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган, мамлакатимиз тинчлиги ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш борасида келгусидаги вазифаларни белгилаб берган видеоселектор йиғилишида мавжуд камчиликлар ва йўл қўйилган хатолар жиддий танқид қилинди. 

    ✔ 4    🕔 12:46, 21.01.2019
  • ЮТУҚЛАР БИЛАН КИФОЯЛАНМАЙМИЗ


    Бугун мамлакатимизда туб ислоҳотлар жадаллик билан ҳаётга татбиқ этилмоқда.

    ✔ 3    🕔 12:45, 21.01.2019
  • АСОСИЙ МАҚСАД – АҲОЛИНИНГ ТИНЧ  ВА ОСОЙИШТА ҲАЁТИНИ ТАЪМИНЛАШ


    Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 10 январь куни Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги 7-ички ишлар бўлимига ташриф буюрди.


    ✔ 47    🕔 12:14, 14.01.2019
  • ХАЛҚ БАҲОСИ –  ЭНГ ХОЛИС БАҲО


    Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Рес­публикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқида «Сизларга яхши маълумки, биз 2017 йилни юртимизда «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб эълон қилдик. 

    ✔ 25    🕔 12:04, 14.01.2019
  • ИЛЛАТНИНГ ИЛДИЗИГА  БОЛТА УРИШИМИЗ КЕРАК


    Коррупция – жамиятни емирувчи, одамларнинг давлат идораларига ишончини сўндирувчи иллат. Мамлакатимизда сўнгги йилларда жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида ушбу иллатнинг олдини олиш, унга қарши курашишга доир кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.


    ✔ 55    🕔 12:59, 07.01.2019
Ҳаммасини кўриш ►
;