ҒИШТ ҚОЛИПДАН КЎЧГАНДА...

12:48, 24.12.2018
ҒИШТ ҚОЛИПДАН  КЎЧГАНДА...

Ёз кечалари бир тутам бўлади. Гўёки бошингиз ёстиққа тегиб, кўзингиз илиниб, озгина мизғишингиз билан хўроз қичқириб, тонг отиб турибди-да... Лекин аксига олиб, ўша кеча Аъзамжоннинг уйқуси келмади. 


«Мавлон фермернинг ишчилари кун бўйи офтобнинг тиғида ишлаган бўлса, ҳозир донг қотиб ухлаб ётгандир. Бедаси эса айни ўримга келган пайт. Қулай фурсатдан фойдаланиб қолай» деб, ўроғини олиб, бедазорга йўл олди.

Бедалар бўлиқ ўсган жойга етиб бориб, ён-верига қаради. Ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, беда ўришга тушди. Ўроғи ўткир, йўнғичқа кечки салқинда юмшаган, майинлашган. Ўрган сари завқи келарди. Ишга шунчалик берилиб кетибдики, фермернинг 4–5 нафар ишчиси яқинлашганини сезмай қолибди. Уларни пайқаб, ўзини тут панасига олганида эса кеч бўлганди.

– Нега бировнинг мол-мулкини талон-торож қиляпсиз?– деди улардан бири.

– Қўйсангиз-чи, йигитлар, – дея ўзини оқлаган бўлди Аъзамжон. – Икки қучоқ беда билан Мавлон фермернинг мол-давлати камайиб қолармиди?!

– Йўқ, бу ишни шундай қолдириб бўлмайди, – деди иккинчи йигит. – Профилактика инспекторига хабар бериш керак.

У деса, бу дейишди, бу деса, у де­йишди. Улар гапга кўнадиганга ўхшамагач:

– Унда тузукроқ кийимимни кийиб чиқай. Ҳали унинг идорасига ҳам борсак керак, – деди Аъзамжон бўшашиб.

– Майли, фақат тезроқ бўлинг, – деди йигитларнинг ёши каттароғи буйруқ оҳангида.

* * *

Аъзамжон кўчалик кийимини кийиб келса, бедазорда ҳеч ким йўқ. «Нима бало, хабар бергани кетишдими?!» хаёлидан ўтди унинг. Шу ўйда Мавлон фермерга қарашли иссиқхонага борди. Ичкари кирса, узоқроқ қариндоши Холмат уяли телефонида кимгадир ниманидир тушунтиряпти. «Ҳойнаҳой, инспекторга ёки фермерга бояги воқеа­ни гапириб бераётган бўлса керак», деб ўйлади.

– Ҳа, айтиб ниятингга етдингми?! – ўшқирди унга.

– Нега менга бақирасиз?! Ҳеч кимга ҳеч гапни айтганим йўқ. Оғайниларим «Қаердасан?» деб сўрашаётганди.

– Ўзингни оқлама, айтгансан! – деб Аъзамжон Холматнинг юзига тарсаки тортиб юборди. Холмат ҳам қараб турмади. Хуллас, иккови муштлашиб кетишди. Бақир-чақирни эшитиб, яқин орадагилар югуриб келиб, уларни ажратиб қўйишди.

Аъзамжон жаҳл билан уйига йўл олди. Холмат ҳам уйи олдига келиб, калтак егани алам қилиб, укасига қўнғироқ қилди.

* * *

Шу кеча Нормат қишлоғи яқинидан ўтувчи катта Фарғона канали бўйидаги насос станциясида қоровуллик қилаётганди. Аниқроғи, қоровулхонага кириб ётганди. Ёстиғининг тагида бир парча нон билан пичоқ бор эди. Онасининг айтишича, нон ҳар хил бало-қазолардан асраркан. Пичоқни эса ҳар эҳтимолга қарши сақларди.

Бир пайт уяли телефони жиринглаб қолди. Гўшакни қулоғига тутса, акаси йиғламоқдан бери бўлиб, Аъзамжон калтаклаганини айтиб берди:

– Нега уради?! – деди жиғибийрони чиқиб Нормат.

– Ўғринча Мавлон фермернинг даласида беда ўраётган экан, ишчилар тутиб олишибди. Менга «Сен айтиб бергансан», – деяпти.

– Ҳозир етиб бораман. Унга кўрсатиб қўяман, акамга қўл кўтариш қанақа бўлишини.

Нормат апил-тапил ўрнидан туриб, ёстиғи остидаги пичоқни қўйнига яшириб қишлоғи томон югуриб кетди.

* * *

Аъзамжон уйига кириб ётди. Лекин ҳарчанд уринмасин, азбаройи асабийлашганидан ухлай олмади. Охири ҳовлига чиқиб, юз-қўлини чайди. Қараса, кўчанинг нариги бетидаги дўкон олдида беш-олти нафар ҳамқишлоғи гурунглашиб туришибди. Улар билан ҳангомалашсам, кўнглимдаги ғашлик тарқалар, юз берган кўнгилсизлик унут бўлар, деб ўша томон юрди.

Яқинлашганда даврада Холмат ҳам борлигини кўриб баттар жини қўзиди. Аламидан чиқиш учун унинг ёқасидан тортди. «Ҳа, маза қилдингми?! Энди кўнглинг жойига тушдими?!» деб мушт туширмоқчи бўлганида ўнг кураги ўткир тиғ зарбидан қаттиқ санчди. Нима гаплигини ҳали англаб етмасидан Нормат ўнг кўксига ҳам пичоқ урди. Сўнг қўрқиб кетди, шекилли, пичоқни ташлаб, қочиб қолди. Аъзамжонни машинага ўтқизиб, дарҳол Қўқон шаҳар шошилинч тиббий ёрдам марказига олиб келишди.

Нормат нима қилиб қўйганини тушуниб етиб, эртаси куниёқ касалхонага келиб, Аъзамжондан кечирим сўради. Унинг муолажалари учун зарур дори-дармонларни етказиб берди. Аъзамжон 12 кун давомида даволаниш чоғида ўша машъум кеча юз берган воқеаларни хаёлан қайта-қайта таҳлил қилди. Ҳаммасини инсоф тарозисига солиб кўрди. Шунда ўзидан ҳам айб ўтганлигига иқрор бўлди. Норматнинг афсус чекаётганини, кечирим сўраганини, бир чеккаси узоқроқ бўлса ҳам қариндошлигини ўйлади.

Хуллас, суд жараёнида ўзига сўз берилганида, Норматга ҳеч қандай даъвоси йўқлигини айтиб, иложи борича, енгилроқ жазо тайинланишини сўради. Жиноят ишлари бўйича Ўзбекистон туман суди ҳамма жиҳатларни ҳисобга олиб, Норматга уч йил муддатга озодликни чеклаш жазосини тайинлади.

Бунинг маъноси шуки, кечки соат 19.00 дан эрталаб соат 7.00 гача бўлган вақтда унинг яшаш жойидан чиқиши чекланади. Бундан ташқари, Норматнинг зиммасига бир қатор қўшимча тақиқлар ҳам юкланди. Энди унга уч йил давомида кафе, бар, ресторан, тўйхона, чойхона каби жойларга бориш ман қилинади. Алкоголли ичимликлар ичиши, ичкиликбозликка мойил шахслар билан алоқа ўрнатиши ҳам мумкин эмас.

Кўриб турганингиздек, арзимас сабабдан чиққан жанжал бир инсонга оғир тан жароҳати етиши, бошқасининг эса озодлиги чекланиши билан якун топди. Аъзамжоннинг тан жароҳати-ку битди, лекин дил жароҳати битган-битмагани бизга қоронғи. Нормат эса уч йил давомида эмин-эркин яшай олмайди. Бунга ўзининг қизиққонлиги сабаб, албатта.

Ваҳоланки, ўшанда Аъзамжон жиззакилик қилмаганида, Мавлон фермердан узр сўраганида, осмон узилиб ерга тушмасди-ку. Фермер ҳам нима дерди, «Бу номаъқулчиликни бошқа қилманг», дерди-да. Профилактика инспектори ҳам ҳар икки томон ярашганини кўргач, икки қучоқ беда учун қоғозбозлик қилиб ўтирмасди-да...

Хуллас, шунда бунча дилхиралик бўлмасди. Майли, бўлар иш бўлди, бўёғи сингди. Можаро судгача бориб етди. Ғишт қолипдан кўчди. Ишқилиб, юз берган кўнгилсизликдан ҳар ким тўғри хулоса чиқариб олган бўлсин.

Воқеа иштирокчиларининг ярасини янгиламаслик учун уларнинг исмини ўзгартирдик. Аммо бу билан масаланинг моҳияти ўзгариб қолмайди, деб ўйлаймиз.

Умидбек ҲАСАНОВ,

Фарғона вилояти

Ўзбекистон тумани ИИБ

ҳузуридаги тергов бўлими

суриштирувчиси, майор.

Бобомурод ТОШЕВ,

журналист. 

Ўхшаш мақолалар

Ҳаммасино кўриш►

6

Сонларни танлаш

19 январ, Шанба  
6 5 4 3 1

Ҳаммасини кўриш ►

Хабарлар

БАЙРАМНИ ЯНГИ УЙДА НИШОНЛАШДИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 апрелдаги фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ, ички ишлар органлари ходимларини арзон уй-жойлар билан таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар белгилаб берилди.


Ҳаммасини кўриш ►
Полковник Кадиров Дониёр Бахтиёрович – ИИВ Транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бошқармаси бошлиғи лавозимига

Кўп ўқилганлар

  • МАЪНАВИЙ ТЎКИС, РУҲАН ТЕТИК БОЛА


    ғурурли ва албатта, ватанпарвар бўлади, лекин...

    Шарқ тафаккури тараққиётига улкан ҳисса қўшган буюк аллома Юсуф Хос Ҳожиб ота-оналарни бола тарбиясига эътибор беришга даъват этаркан, жамият фарзандлар хулқ-атворига қараб, ота-оналарга баҳо беришини айтиб, уларни огоҳлантиради. 

    ✔ 3    🕔 12:44, 21.01.2019
  • СОХТА ТАДБИРКОРНИНГ АЛДОВИ


    Юртимизда аҳолини имтиёзли кредитлар асосида турар жойлар билан таъминлашга катта эътибор қаратилмоқда. 

    ✔ 3    🕔 12:43, 21.01.2019
  • НАФС ҚУЛИГА АЙЛАНГАНЛАР


    Жиззах вилоятининг Дўстлик туманидаги 8-мактаб­гача таълим муассасасида фарзандлари тарбияланаётган ота-оналарнинг аксарияти бадал пули тўламагани учун суддан чақирув қоғози олишди.

    ✔ 21    🕔 11:51, 14.01.2019
  • КАСБИГА ДОҒ ТУШИРМАЙ...


    Баъзи фуқароларнинг қайсидир мансабдор шахсга пора таклиф қилгани, лекин ниятига етолмай, ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан қўлга олингани ҳақидаги хабарлар сўнгги пайтларда оммавий ахборот воситаларида кўп берилмоқда.

    ✔ 19    🕔 11:50, 14.01.2019
  • ҒИШТ ҚОЛИПДАН  КЎЧГАНДА...


    Ёз кечалари бир тутам бўлади. Гўёки бошингиз ёстиққа тегиб, кўзингиз илиниб, озгина мизғишингиз билан хўроз қичқириб, тонг отиб турибди-да... Лекин аксига олиб, ўша кеча Аъзамжоннинг уйқуси келмади. 

    ✔ 67    🕔 12:48, 24.12.2018
  • «Эшикни очинг, МИБданман»


    Эъзозахон (исм-шарифлар ўзгартирилди) уй юмушлари билан куймаланиб юрганда туйқус дарвоза тақиллаб қолди. Бориб очганди, қўлида папка кўтарган йигирма беш ёшлардаги йигит қисқагина салом бериб:


    ✔ 72    🕔 12:47, 24.12.2018
Ҳаммасини кўриш ►
;