ЯХШИ КУНЛАР ШУКРОНАСИ

10:36, 04.01.2019
ЯХШИ КУНЛАР  ШУКРОНАСИ

Санобар ая фарзандларини, уларнинг тақдирини ўйлаб тинмай эзиларди. Ахир, уч ўғли кутилмаганда бирданига жиноий жавобгарликка тортилса, тоғдек бардошли одам ҳам ғамга ботмайдими?



 ...Бахтиёр ота ва Санобар ая уч ўғилни тарбиялаб камолга етказишди. Уларнинг ҳам илм, ҳам ҳунар эгаллаши учун барча шароитни яратиб беришди. Уч ўғил ўзаро аҳил, иноқ, меҳрибон эди. Катта бўлгач, устачилик ҳунарини эгаллашди. Кейин муассислар кўмагида ўз бизнесларини бошладилар. Тез орада мебеллар оламида ўз маҳсулотлари билан кўзга кўринишди. Ота-оналарининг дуоси, насиҳатларини олиб кам бўлмаган йигитларнинг ишлари юришгандан юришиб кетди. Табиийки, атрофида дўст-ёрлар, улфатлар кўпайди. Улар ака-укаларни зиёфатларга, гап-гаштакларга тез-тез чорлайдиган бўлди. Дўстлари сафи кенгаяётганидан, давраларда ҳурмат-эътиборда бўлаётганидан завқланган ака-укалар бора-бора бундай тадбирларни ўзлари ҳам ташкил қиладиган бўлишди. Афсус­ки, дўст ниқобидаги айрим кимсалар тўғри ва ҳалол йўлда юрган инсонларнинг онгини заҳарлашга уринишди. Диний илми етарли бўлмагани сабабли нопок ва бузғунчи кимсаларнинг асл мақсадларини англаб етмаган ака-укалар осонгина тузоққа тушишди...

Икки акасининг абгор аҳволидан хабар топган Рустам айрим сабоқларнинг тингловчиси бўлганини эслаб, ўзидан хавотирга тушди ва яширинишга уринди. Икки фарзандини бир кунда темир панжара ортида кўрган ота-она қаттиқ изтиробга тушди, кенжасининг ҳам тақдири акаларинидек бўлмасин деб, унинг қаерда эканини сир тутишди. Мутасадди идоралар ходимлари ҳар қанча савол-жавоб қилмасин, «Билмаймиз!» деганча елка қисиб тураверишди.

Олиб борилган профилактик тадбирлар, мутасадди ташкилот вакилларининг тушунтириш ишлари Бахтиёр отада умид уйғотди. Болам айбини тан олиб, хатоларига иқрор бўлса, балки жазоси енгиллашар... Уни ҳам бағримдан юлиб олишмас? Бемор онасининг, оталари ортидан бўзлаб қолган жиянларининг қаровчиси бўлишига кўнишар? Ахир, бутун умр яшириниб юролмайди-ку... Кўнглидан ўтган гапларни турмуш ўртоғига айтганида, Санобар ая аввалига дод солиб йиғлади. «Уни ҳам қамаб қўйишса, нима қиламиз? Мен бу дардни кўтара олмайман. Қарорингизни ўйлаб кўринг!» деб рози бўлмади. Бахтиёр ота йиғилишларда эшитганларини сўзлаб берди, Юртбошимизнинг, халқимизнинг кечиримли эканини қайта-қайта такрорлаб, уни тинчлантиришга, хаёлидаги ваҳимали ўйларни тарқатишга уринди. Санобар ая Аллоҳга таваккал, дея кўнди ва кенжа ўғилни ҳам суд ҳукмига топширишди...

Қуёш нурига тўсиқ бўлган қора булутлар тарқади, бағрикенг халқимиз, инсонпарвар давлатимиз унинг тазарруларини қабул қилиб, тўғри йўлдан бориши учун бир имкон берди. Санобар ая ўғлининг эсон-омон қайтганидан қувониб, уни бағрига босганича тўйиб-тўйиб йиғлади...

Тазарру... Озодликдан маҳрум этилган ака-укалар бунинг қанчалар илоҳий кучга эга эканлигини англаб етишларига жазони ижро этиш муассасасидаги ўз касбига фидойи ходимларнинг мунтазам равишда олиб борган тарбиявий ишлари, муассаса психологи ҳамда диний уламолар билан ташкиллаштирилган суҳбатлар катта ёрдам берди. Улар нотўғри йўлда эканликларини англаб етишди. Кўнгилларида пушаймонлик, афсус-надомат уйғонди. 

Мамлакатимиз Бош қомуси қабул қилинганининг 26 йиллиги арафасида билиб-билмай жиноят содир этган, ҳозирги вақтда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига ўтган озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган шахсларни афв этиш тўғрисидаги Юртбошимиз фармонини бошқалар қатори ака-укалар ҳам умид, ҳаяжон, озодликка чиқиш орзуси ила кутдилар.

 

Афв этилган 136 нафар шахс орасида Рустамнинг акаси – Баҳодир Содиқов ҳам бор эди.

 

Баҳодир акани йўқлаб пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур тумани «Боғ кўча» маҳалла фуқаролар йиғинига бордик. Бизга маҳалла оқсоқоли Неъмат Мамашарипов пешвоз чиқди. Баҳодир ака ва унинг оиласи ҳақида сўраб-суриштирдик.

– Содиқовлар оиласи маҳалламизнинг бообрў, намунали оилаларидан бири ҳисобланади. Ҳаёт кутилмаган синовларга тўла, ҳамма ҳам адашиши, хато қилиши мумкин, – деди Неъмат ака. – Йиқилганни суяш, адашганга тўғри йўл кўрсатиш биз – катталарнинг вазифамиз. Бу оила катталарини яхши билганим боис уч нафар фарзандига ҳам кафиллик хати беришга иккиланмадим. Умид қиламанки, улар ишончимизни оқлашади.

Шундан сўнг оқсоқол ҳамроҳлигида Содиқовлар хонадонига йўл олдик. Машинамиз маҳалла идорасида унча узоқ бўлмаган хонадонларнинг бири олдида тўхтади. Ташқарида одамлар гавжум, хонадон эгалари меҳмонларни кузатишарди.

– Баҳодирдан кўнгил сўраб келаётганларнинг кети узилмаяпти, кутилмаган хушхабар барчанинг қалбини шодликка тўлдирди, – деди Неъмат ака. – Ана, бизга қараб келаётган киши Баҳодир бўлади.

– Мен ҳам меҳмонларни бошлаб келдим, – деди оқсоқол унга.

– Жуда яхши-да, қани, уйга марҳамат, – деб бизни ичкарига бошлади Баҳодир ака.

Юзларида нур балққан, кўзларида шодлик учқунлаган Бахтиёр ота ва Санобар ая дуога қўл очишди. Биз ҳам энди бу хонадонда яхши кунлар кўп бўлишини тиладик.

– Бағрингиз тўлиб, қувониб ўтирибсизми, аяжон? – деб кўнгил сўрадим Баҳодир аканинг онасидан.

– Шундай кунларга етказганига шукур, қизим, – деди кўз ёшларини артиб онахон. – Баҳодир – катта ўғлимиз, оилали, икки нафар фарзанди бор, бир қизини узатиб, набирали ҳам бўлди. Мана шу қақилдоқ қиз Руқияхон ҳаммамизнинг эркатойимиз, – деди тиззасида ўтирган жажжигина қизалоқни эркалаб.

– Боламнинг бошида шундай синовлар ҳам бор экан, ортда қолгани рост бўлсин, – дея суҳбат давом эттирди онахон. – Ҳеч қандай хат-ҳужжат сўрашмади, афвга тушмади, шекилли, болаларим, деб ич-
этимни еб ўтиргандим. Саккизинчи декабрь куни тонг саҳарлаб кичик ўғлим Рустам кийиниб, қаергадир кетишга чоғланаётганини кўрдим.

– Тинчликми, намунча саҳармардон кетяпсан? – деб сўроққа тутдим.

– Онажон, бир дўстимнинг тўйи эди, ошга кетяпман, – деди тутила-тутила. Аммо кўзлари бошқа гап айтиб турарди. «Тинчликмикан? Ниманидир яшираётган бўлмасин тағин» деб кўнглимга ғулғула тушди. Тушлик вақти бўлди ҳамки, қайтиб келмади. У билан бирга кетган қариндошларимнинг онасига қўнғироқ қилдим.

– Ҳали хабарингиз йўқми, бугун уйингизга меҳмон келади, – деб суюнчи сўради.

– Қандай меҳмон? Тинчликми ўзи? Ким келади? – кетма-кет саволларга кўмиб ташладим.

– Ия, чиндан ҳам хабарингиз йўқ, шекилли. Болалар Оҳангаронга, Баҳодиржонни олиб келгани кетишган. Айтишмаганмиди?

Қўлим қалтираб, телефон ерга тушиб кетди. Бошим айланиб, ўтириб қолдим. Ўша пайтдаги ҳолатимни сўз билан ифодалаш қийин...

– Мен «сюрприз» қилмоқчи эдим, айтиб қўйишибди. Келсам, уй тўла меҳмон, ҳаммалари эшикка термулганча йўлимга кўз тикиб ўтиришган экан, – суҳбатимизга қўшилди Баҳодир ака.

– Баҳодир ака, афв рўйхатига киритилишингизни кутганмидингиз? – деб сўрайман у кишидан.

– Ич-ичимдан сезгандим, умид қилгандим, албатта, аммо юрагимнинг бир четида ҳадик ва хавотир ҳам йўқ эмасди. Жазони ижро этиш муассасасида ўз хатоларимни анг­лаб етдим, мутасадди ташкилотлар, диний уламолар билан учрашувлар менинг қалб кўзимни очди, руҳиятимни тозалади. Қолаверса, ўзимни бу синовлар ўтиб кетишига, ҳали ҳаммаси яхши бўлишига ишонтирдим, ичимдаги бор дардимни меҳнат билан енгдим, ҳунарим мени ёруғликка олиб чиқди, ўша қийин кунларда куч, матонат, ирода бахш этди.

Шу пайт Баҳодир аканинг уяли телефони жиринглаб қолди. Узр сўраб, унга жавоб берди.

– Яна бир дўстимиз уйига қайтибди, етиб олгач, хабар бериб қўйинг, дегандим. Онажон, дўстимнинг онаси сизга салом айтиб қўйишимни тайинлади, – деди Баҳодир ака. – Муассасада ота-онамнинг насиҳатлари қанчалар тўғри эканини, тушуниб етдим. «Яхши билан юрсанг – етарсан муродга, ёмон билан юрсанг – қоларсан уятга», деган гапларни бекорга кўп такрорламасликларини тушуниб етдим.

Қалбимда оиламга садоқат, Ватанга ва халқимга муҳаббат туйғулари жўш урмоқда. Худо хоҳласа, ишларимни

қайта бошлайман.

Куни кеча муассисларимиз яна ҳамкорлик қилишни таклиф этишди. Жудаям хурсанд бўлиб кетдим. Ҳукуматимиз томонидан яратиб берилаётган кенг имкониятлардан оқилона фойдаланиб, юртимиз равнақига ўз ҳиссамни қўшсам, мендан бахтиёрроқ одам бўлмайди. Шу ўринда фурсатдан фойдаланиб, менга мана шундай имкон берган, кўнглимга яна ёруғлик олиб кирган Юртбошимизга ва бағрикенг халқимизга миннатдорлик билдираман, менга билдирилган ишончни тўла оқлашга ваъда бераман.

 

Адолат ФАЙЗИЕВА.

Ўхшаш мақолалар

Ҳаммасино кўриш►

6

Сонларни танлаш

19 январ, Шанба  
6 5 4 3 1

Ҳаммасини кўриш ►

Хабарлар

БАЙРАМНИ ЯНГИ УЙДА НИШОНЛАШДИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 апрелдаги фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ, ички ишлар органлари ходимларини арзон уй-жойлар билан таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар белгилаб берилди.


Ҳаммасини кўриш ►
Полковник Кадиров Дониёр Бахтиёрович – ИИВ Транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бошқармаси бошлиғи лавозимига

Кўп ўқилганлар

  • ЖАМОАТ ХАВФСИЗЛИГИНИ  ТАЪМИНЛАШ САМАРАДОРЛИГИ   ЯНАДА ОШИРИЛАДИ


    Ички ишлар органлари томонидан бугунги кунда жамоат тартибини сақлаш, жиноятчиликка қарши курашиш, жиноятларнинг барвақт олдини олиш, ҳуқуқ­бузарликлар профилактикасига қаратилган чора-тадбирлар мунтазам равишда амалга оширмоқда.

    ✔ 57    🕔 10:49, 04.01.2019
  • ЯХШИ КУНЛАР  ШУКРОНАСИ


    Санобар ая фарзандларини, уларнинг тақдирини ўйлаб тинмай эзиларди. Ахир, уч ўғли кутилмаганда бирданига жиноий жавобгарликка тортилса, тоғдек бардошли одам ҳам ғамга ботмайдими?


    ✔ 43    🕔 10:36, 04.01.2019
  • ЯНГИ НИЗОМДА  ЯНГИЛИКЛАР КЎП


    Ҳукумат қарори билан «Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланди.


    ✔ 75    🕔 12:43, 17.12.2018
  • СОЛИҚ СИЁСАТИДАГИ  ЯНГИ ТАРТИБЛАР:  улар нималарни ваъда қилмоқда?


    Президентимизнинг 2018 йил 29 июндаги «Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепция­си тўғрисида»ги фармони аҳолида катта қизиқиш уйғотди.

    ✔ 94    🕔 11:30, 10.12.2018
  • ЁШЛАР ЕТАКЧИЛАРИ  МАЛАКА ОШИРДИ


    Ички ишлар органларида Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилотлари фаолиятининг йўлга қўйилгани тизимдаги ёш ходимларни Ватанга муҳаббат ва бурчга садоқат руҳида тарбиялаш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, улар орасидан истеъдодли ва иқтидорли ёшларни юзага чиқариш, ижтимоий муаммоларини ечишга кўмаклашишга хизмат қилмоқда.


    ✔ 76    🕔 11:27, 10.12.2018
  • ИИВ МАЛАКА ОШИРИШ ИНСТИТУТИ:  ВАЗИФАЛАР ВА УСТУВОР ЙЎНАЛИШЛАР


    Ички ишлар органлари фаолияти самарадорлигини ошириш ва такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг навбатдаги босқичи сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 августдаги «Ички ишлар органлари бошқарув, назорат ва шахсий таркиб билан ишлашнинг самарали тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори муҳим воқеа бўлди. Қарорга асосан, вазирликнинг ташкилий тузилмасида мустақил таълим муассасаси – Малака ошириш институти ташкил этилди.


    ✔ 146    🕔 12:42, 26.11.2018
Ҳаммасини кўриш ►
;