АБДУЛЛА АВЛОНИЙНИНГ МАЪНАВИЙ-АХЛОҚИЙ ҚАРАШЛАРИ

10:45, 04.01.2019
АБДУЛЛА АВЛОНИЙНИНГ  МАЪНАВИЙ-АХЛОҚИЙ ҚАРАШЛАРИ

Ўзбек халқининг маърифатпарвар, халқпарвар ва фидойи фарзанди Абдулла Авлоний 1878 йилда Тошкентда туғилган. У етти ёшидан эски мактабда, сўнгра мадрасада ўқийди.


 Илмга чанқоқ, зийрак ва зеҳни ўткир Абдулла кўпроқ мустақил мутолаага берилди, Навоий ва Фузулий шеъриятини завқ билан ўқиди. Форс тилини ўрганиб, Саъдий Шерозий ва Ҳофиз Шерозий асарларидан баҳраманд бўлди. Улуғ шоир­ларнинг асарларини қунт билан мутолаа қилиш, ўқиганлари устида чуқур тафаккур юритиш унинг яхши шоир ва адиб, ватанпарвар зиёли бўлиб шаклланишида муҳим омил бўлди.

Авлоний 1904 йилда Тошкентда янги усулдаги мактаб очади. Унда ўша даврдаги мактаблардан фарқли равишда, аниқ ва табиий фанлар – математика, география, адабиёт каби фанлар ҳам ўқитилади.

ХХ аср бошларидаги маърифатпарвар зиёлилар орасида Абдулла Авлоний ўзининг фаоллиги билан алоҳида ажралиб турарди. У ўша даврда янги усулдаги мактаб очиш билан бирга, бу мактаблар учун дарсликлар ҳам тузди. «Биринчи муаллим», «Иккинчи муаллим», «Мухтасар тарихи анбиё ва тарихи ислом», «Туркий гулистон ёхуд ахлоқ» каби дарсликлар шулар жумласидандир.

«Биринчи муаллим» китобига энг кичик ёшдаги мактаб болаларига мос ҳикоялар киритилган. Ундаги ҳикоялар қисқа, тили содда ва мазмунлидир. Ҳикоя охирида қиссадан ҳисса тарзида ихчам хулосалар берилган.

Абдулла Авлоний «Иккинчи муаллим» китобида болаларнинг ёши ва дунёқарашига мос равишда ихчам, тушунарли ва ибратли ҳикояларни келтиради. Бу ҳикоялар болалар томонидан қизиқиш билан севиб ўқилади. Адиб Шарқ адабиётининг мумтоз намуналари – Алишер Навоийнинг «Ҳайратул аброр», Саъдийнинг «Гулистон» ва «Бўстон», Пошшохўжанинг «Мифтоҳул адл», «Гулзор» асарларида келтирилган ибратли ҳикояларни болаларнинг ёшига мослаб, қайта ишлаб, ўзи тузган ушбу дарсликка киритган. Авлоний, шунингдек, «Иккинчи муаллим» китобини тузишда рус классик ёзувчилари Л. Толстой ва Н. Криловнинг болаларга атаб ёзган асарларидан ҳам фойдаланган. Масалан, Авлонийнинг «Иккинчи муаллим» китобига киритилган «Ёлғон дўст» ҳикояси Л. Толстойнинг «Икки дўст» ҳикоясининг таржимасидир.

«Иккинчи муаллим» китобидаги ҳикоялар энг кичик мактаб ёшидан ўтган болаларга мўлжалланган. Ушбу китобдаги ҳикояларнинг «Биринчи муаллим» китобидаги ҳикоялардан фарқи шуки, уларнинг аксарияти ижтимоий аҳамият касб этган. Масалан, «Арслон ва Айиқ» ҳикоясининг мазмуни шундай: Арслон билан Айиқ дўст тутинади ва биргаликда саҳрода ов қилишади. Улар югуриб-елиб бир кийикни овлайди. Кийикни тақсимлаш вақтида иккови келишолмай, жанжаллашиб қолади. Жанжал урушга айланади. Иккови уришиб, бир-бирини қонга бўяб, ўлар ҳолатга етиб, ҳолсизланиб ётиб қолади. Буни пойлаб турган бўрилар келиб, тайёр ўлжани пок-покиза туширишади. Арс­лон билан Айиқ уришганига пушаймон бўлиб, суд­ралиб келиб, кийикнинг қолган-қутган суякларини ғажишади.

Абдулла Авлоний бу ҳикоя мисолида Туркистон халқларининг иттифоқсизлик ва ноаҳиллик оқибатида истибдод исканжасига тушиб қолганлигини мажоз билан кўрсатиб беради.

«Иккинчи муаллим» китобида ақл инсонга берилган энг улуғ неъмат эканлигини кўрсатувчи ҳикоялар анчагина. Ушбу китобга ёзган муқаддимасида ҳам муаллиф буни алоҳида таъкидлайди: «...Аммо, бизга берган неъматларин орасинда ақлдан азиз ва қимматли неъмат йўқдур. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам афандимиз: «Аллоҳ таоло бандаларига берган неъматлари орасинда ақлдан яхшироқ нарса йўқдир», – демишлар. Эй ўғлонларим! Сиз ҳам улуғ неъмат қадрини билингиз!»

«Ақлли Қарға» ҳикоясида шундай дейилади: «Ёз келиб, ҳамма жойда сувлар қурийди. Бир қарға ниҳоятда чанқаб, тиллари осилиб, ҳолсизланиб, сув тополмай қийналади. Ниҳоят, бир жойда турган кўзани кўриб қолади. Олдига бориб қараса, кўзанинг ичида сув бўлади. Бўйнини кўзанинг ичига тиқиб сув ичай деса, бўйи етмайди. Қарға ўйлаб-ўйлаб охири тумшуғида тош олиб келиб кўзанинг ичига ташлай бошлайди. Ниҳоят, тош ташлайвергач, кўзанинг ичидаги сув тошиб ташқарига чиқади. Ақлли қарға сувдан ичиб, чанқоғини қондиради».

Абдулла Авлонийнинг асарлари орасида «Туркий гулистон ёхуд ахлоқ» асари алоҳида ўрин тутади. Асарга ёзилган сўзбошида муаллиф унинг юқори синф ўқувчиларига, шунингдек, барча адабиёт мухлислари учун мўлжалланганини таъкид­лайди.

«Туркий гулис­тон ёхуд ахлоқ» асарида инсонларни яхшиликка чақирувчи, ёмонликлардан қайтарувчи илм – ахлоқ илми хусусида сўз юритилади. Муаллиф китоб аввалида тарбиянинг инсон ҳаётида тутган беқиёс ўрнига алоҳида тўхталади. «Тарбияни бола туғилган кунидан бошлаш зарур, – деб таъкидлайди у, – биринчи тарбияни уйда, она беради. Иккинчи тарбияни ота ва мактаб беради. Бу отанинг, муаллимнинг ва ҳукуматнинг вазифасидир». Ва ниҳоят, Абдулла Авлоний «Тарбиянинг замони» мақоласида миллатимиз учун шиор даражасига чиққан ушбу фикрларини эълон қилади:

«Тарбия бизлар учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидур!».

Абдулла Авлонийнинг «Туркий гулистон ёхуд ахлоқ» асари, муаллиф таъкидлаганидек, дарслик бўлиши билан бирга, кенг китобхонлар оммаси учун ҳам мўлжалланган. Муаллиф асарда, аввало, инсон хулқларини иккига бўлади: яхши хулқлар ва ёмон хулқлар.

«Яхши хулқлар» бўлимида инсонни камолотга етаклайдиган, унинг саодатли ҳаёт кечириши учун зарур бўлган 34 та инсоний фазилатни келтириб, уларнинг ҳар бирига таъриф беради. Ҳар бир фазилат ҳақидаги фикрини баён этиб бўлгач, мавзуга мос келадиган тўрт мисра ибратли шеър ёки донишмандларнинг фикри билан сўзни якунлайди. Масалан, «Ҳилм» фаслида шундай дейилади: «Ҳилм деб бўлар-бўлмас ишга аччиғланмайдургон, арслон юракли, юмшоқ табиатли бўлмоқни айтилур... Нафснинг роҳати, қалбнинг матонати, фикр­нинг саломати, виждоннинг ҳаловати ҳалим табиат бўлмоқ ила ҳосил бўлур.

Суқрот ҳаким: «Шиддат ила муомала қилган кишиларга ман виқор ва ҳалимлик ила муқобала қилурман. Чунки ҳилм шиддатни ва хусуматни паст қилур. Лекин кишини ожиз ва хорлик даражасига тушурадургон ҳалимликдан ман безор», – демиш».

«Яхши хулқлар» бобида Абдулла Авлоний ҳар бир яхши фазилатнинг чегараларини баён қилиб беради ва чегарадан чиқиш билан мазкур фазилатли хулқ салбий томонга ўтиб кетишини таъкидлайди. Масалан, саховатнинг чегарадан чиқиши исрофга сабаб бўлиши, иқтисод – тежамкорликни ҳаддан зиёда қилиш бахилликка олиб келиши ва ҳоказо.

«Туркий гулистон ёхуд ахлоқ» китобида, шунингдек, инсонга хос бўлган, унинг руҳий, маънавий ва ақлий камолотига моне бўладиган, уни саодатдан маҳрум қиладиган ёмон хулқ турларидан 19 таси баён қилинган. Булар ғазаб, шаҳват, жаҳолат, сафоҳат, ҳамоқат, атолат, хасосат, раховат, анонийят, адоват, намимат, ғийбат, ҳақорат, жабонат (қўрқоқлик), ҳасад, кизб (ёлғончилик), нифоқ, тама, зулм кабилардир.

Муаллиф ёмон хулқ турларидан ҳар бирини баён қиларкан, унинг қандай хатарли оқибатларга олиб келишини, охир-оқибатда эса одамни хор ва шарманда қилишини таъкидлайди.

Абдулла Авлонийнинг «Туркий гулистон ёхуд ахлоқ» асари адабиётшунос Бегали Қосимов таъкид­лаганидек, «асримиз бошларидаги педагогик тараққиётдагина эмас, балки умуман бу давр ижтимоий-эстетик тафаккур ривожида ҳам сезиларли из қолдирди».

Ушбу асарнинг халқимиз маънавий-маърифий ҳаётидаги ўрни бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган.

 

Акрамжон ДЕҲҚОНОВ,

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети доценти.

Ўхшаш мақолалар

Ҳаммасино кўриш►

6

Сонларни танлаш

19 январ, Шанба  
6 5 4 3 1

Ҳаммасини кўриш ►

Хабарлар

БАЙРАМНИ ЯНГИ УЙДА НИШОНЛАШДИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 апрелдаги фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ, ички ишлар органлари ходимларини арзон уй-жойлар билан таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар белгилаб берилди.


Ҳаммасини кўриш ►
Полковник Кадиров Дониёр Бахтиёрович – ИИВ Транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бошқармаси бошлиғи лавозимига

Кўп ўқилганлар

  • ИЧКИ ИШЛАР ОРГАНЛАРИ:  ТАРИХ ВА БУГУН


    Қарийб уч минг йиллик тараққиёт йўлини босиб ўтган ўзбек давлатчилиги тарихида давлат ва жамият хавфсизлиги, тинчлик-осойишталикни таъминлаш масаласига катта эътибор берилган.

    ✔ 75    🕔 12:47, 21.01.2019
  • ХОДИМНИНГ МУОМАЛАСИ УНИНГ МАЪНАВИЯТИНИ БЕЛГИЛАЙДИ


    Ички ишлар органлари тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларда Ватан ҳимояси, юрт тинчлиги ҳамда давлат келажаги учун жонкуяр, хизмат бурчини сидқидилдан бажарадиган фидойи, виждонли ва юксак маънавиятли ходимларни етиштириш вазифаси қўйилмоқда.

    ✔ 358    🕔 12:03, 14.01.2019
  • ДАВЛАТ, АРМИЯ, ХАЛҚ


    Жаннатмонанд Ўзбекистонимиз мустақилликка эришганига 27 йилдан ошди. Асрлар олдида бу сана денгиздан бир томчидек гап. Бироқ ана шу қисқа давр ичида Ватанимиз мустақил ва суверен давлат сифатида шаклланди ва том маънода улкан тараққиёт йўлини босиб ўтди.

    ✔ 527    🕔 13:06, 07.01.2019
  • АБДУЛЛА АВЛОНИЙНИНГ  МАЪНАВИЙ-АХЛОҚИЙ ҚАРАШЛАРИ


    Ўзбек халқининг маърифатпарвар, халқпарвар ва фидойи фарзанди Абдулла Авлоний 1878 йилда Тошкентда туғилган. У етти ёшидан эски мактабда, сўнгра мадрасада ўқийди.

    ✔ 524    🕔 10:45, 04.01.2019
  • ҚОНУНЛАРНИНГ ИНСОН  ҲАЁТИДАГИ АҲАМИЯТИ


     Қонунлар инсон тафаккурининг меваси сифатида жамият тараққиёти ва яшаш тарзини белгилаб беради. Жамият ва давлатнинг мувозанатда бўлиши ҳамда ривожланишида Конституция ва унинг асосида қабул қилинган қонунлар катта ўрин тутади.


    ✔ 514    🕔 12:51, 24.12.2018
  • Таълим ва тарбия – КАМОЛОТНИНГ  ИККИ ҚАНОТИ


    «Камолот» сўзини юртдошларимиз кўп қўллашади, суҳбатларида қайта-қайта талаффуз қилади. Аммо бу сўзнинг ўзаги «камол» (тўлиқ етуклик, мукаммаллик) эканига, «от» қўшимчаси кўпликни ифодалашига эътибор қилишмайди. 

    ✔ 492    🕔 12:57, 17.12.2018
Ҳаммасини кўриш ►
;