ИЛЛАТНИНГ ИЛДИЗИГА БОЛТА УРИШИМИЗ КЕРАК

12:59, 07.01.2019
ИЛЛАТНИНГ ИЛДИЗИГА  БОЛТА УРИШИМИЗ КЕРАК

Коррупция – жамиятни емирувчи, одамларнинг давлат идораларига ишончини сўндирувчи иллат. Мамлакатимизда сўнгги йилларда жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида ушбу иллатнинг олдини олиш, унга қарши курашишга доир кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.



Бу борада бир қатор қонунлар қабул қилиниб, мустаҳкам ҳуқуқий база яратилганини эътироф этиш жоиз. Хусусан, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида 2017 йил 3 январь куни «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Унинг ижросини таъминлаш мақсадида 2017 йил 2 февралда мамлакатимиз Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, 2017–2018 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастури тасдиқланди.

Ички ишлар вазирининг «Ўзбекистон Республикасининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонуни ижросини таъминлаш юзасидан ички ишлар органлари томонидан амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар тўғрисида»ги 2017 йил 30 мартдаги буйруғи билан Коррупцияга қарши курашиш бўйича Ички ишлар вазирлиги комиссияси тўғрисидаги низом ва комиссия таркиби; Ички ишлар вазирлиги соҳавий хизматларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги асосий вазифалари; 2017–2018 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастурини амалга ошириш юзасидан Ички ишлар вазирлигининг чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.

Режага асосан, ички ишлар органлари томонидан аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга доир тадбирлар мунтазам равишда ўтказиб келиняпти. Шунингдек, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аниқлаш, чек қўйиш ва уларнинг оқибатларини, шунингдек, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратиляпти.

Маълумки, ҳар қандай жиноятга жазо муқаррар бўлган тақдирдагина жиноятчиликнинг пайи қирқилади. Шунинг учун коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ички ишлар органларининг фаолияти натижалари телевидение, радио, босма ва электрон оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритиб борил­япти. Жумладан, мавзуга бағишланган дастурлар, интервьюлар, муҳокамалар, матбуот анжуманлари ва бошқа тадбирлар доимий равишда ташкил этилиши йўлга қўйилган.

Коррупциянинг олдини олиш борасидаги ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Мазкур йўналишда олиб борилаётган комплекс профилактик чора-тадбирлар натижасида бугунги кунда мамлакатимизда бу турдаги жиноятчиликнинг камайиш тенденциясига эришилмоқда. Хусусан, ўтган йилда коррупция билан боғлиқ жиноятлар 32,6 фоизга камайганлигини эътироф этиш лозим.

Шу ўринда ички ишлар органлари ходимлари томонидан аниқланган коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга айрим мисоллар келтирсак. 2018 йилнинг 4 июль куни Наманган вилояти ИИБ ЖҚБ коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ҳамда Наманган вилояти прокуратураси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди. Тезкор тадбир давомида Чуст тумани Давлат солиқ инспекцияси чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида ҳуқуқ­бузарликларни профилактика қилиш бўлими бошлиғи лавозимида ишловчи Т. Н. фуқаро Х. Х. дан унинг савдо дўконини текширмаслиги эвазига 300 АҚШ долларини олган вақтда қўлга тушди. Ушбу ҳолат юзасидан Наманган вилояти прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.

Ўтган йилнинг 15 август куни Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЖҚББ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ҳамда Тошкент шаҳар прокуратураси ходимлари ҳамкорлигида Ўзбекистон Миллий университети ҳудудида тезкор тадбир ўтказилди. Натижада мазкур олий таълим муассасасининг ижтимоий фанлар факультети декани А. Қ. ва унинг муовини Ю. Ж. фуқаро Р. Х. дан 2000 АҚШ доллари миқдоридаги пулни пора сифатида олган вақтда қўлга олинган. Улар бу пул эвазига Р. Х. ни университет магистуратурасига қабул қилишга ваъда беришган. Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 210-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Мамлакатимизда тадбиркорлик билан шуғулланишни истовчилар учун турли имтиёзлар, қулай шарт-шароитлар яратилмоқда. Хоразмлик Р. Х. ҳам ана шу имкониятлардан фойдаланиб, Хива шаҳар ҳудудида сабзавот ва полиз экинларини қуритиб сақловчи бино қуришни ният қилади. Хоразм вилояти ер тузиш ва кўчмас мулк давлат кадастри Хива шаҳар филиали ишлаб чиқариш бўлими ер тузиш мутахассиси
И. М. эса ундан ер майдони ажратиш бўйича шаҳар ҳокимининг қарорини чиқартириб бериш эвазига 2000 АҚШ доллари сўрайди. Бу пулларни 2018 йилнинг 6 октябрь куни олган вақтида ушланди. Унинг кўрсатувига асосан, тезкор тадбир давом эттирилиб, шу куни Хива шаҳар ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжаликлар масалалари бўйича ўринбосари О. Ш. ўз хизмат хонасида И. М. дан 2000 АҚШ доллари миқдоридаги пулни олган вақтда қўлга олинди.

Яна бир мисол, фуқаро А. С. туризм йўналиши бўйича тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишни режалаштиради. Шу мақсадда Бўстонлиқ туманидаги бўш ерда туристик зона ташкил қилиш учун Тошкент вилояти ҳокимлиги Молия бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ж. Н. га учрашади. У Бўстонлиқ туманидаги туризм учун ажратилган захира ерлардан 3 гектарини олиб бериш эвазига 5000 АҚШ доллари миқдорида пора талаб қилади. Давлатимиз раҳбарияти томонидан ҳозирги кунда тадбиркорларга яратиб берилаётган имкониятлардан бохабар бўлган А. С. ушбу талабнинг ноқонунийлигини тушунади ва ички ишлар органларига мурожаат қилади. Ўтган йилнинг 3 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЖҚББ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек тумани Паркент кўчасида Ж. Н. фуқаро А.С.дан 5000 АҚШ доллари миқдоридаги пулни олган вақтда ушланади. Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми, 28, 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилади.

Ички ишлар органлари ходимлари ўртасида коррупция ҳолатларининг олдини олиш давлатимиз ва вазирлик раҳбариятининг диққат марказида. Шу мақсадда тизимда кадрларни тайёрлаш, танлаш ва жой-жойига қўйишнинг илғор механизмларини жорий этиш, уларнинг малакаси, маънавий-ахлоқий фазилатларини оширишга алоҳида эътибор берилмоқда. Ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва уй-жой билан таъминлаш, маиший шароитларини янада яхшилаш чоралари кўриляпти. Шунингдек, ички ишлар органлари ходимларини тарбиялаш ва улар орасида коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича ИИВ Ўз хавфсизлиги бошқармаси ҳамда Кадрлар бош бошқармаси, тизимда бюджет маблағларини шакллантириш, давлат харидларини амалга ошириш ва молия-хўжалик фаолиятини назорат қилиш бўйича Назорат-тафтиш инспекцияси ва ушбу хизматларнинг ҳудудий бўлимлари ўз ишини янгича талаблар асосида ташкил этмоқда.

Пировард натижага эришишда ташкилий масалаларни ҳал этиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу боис коррупция билан боғлиқ жиноятларга қарши курашиш, тезкор-қидирув, жиноят ишлари бўйича суриштирув ва дастлабки терговни олиб бориш соҳасидаги ишларни яхшилаш мақсадида ИИВ Жиноят қидирув бош бошқармаси таркибида Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси, вазирлик ҳузуридаги Тергов департаменти таркибида эса бошқарув тартибига қарши жиноятларни тергов қилиш бўлими ташкил этилди.

Ички ишлар ва бошқа ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларини, тадбиркорларни ва бошқа манфаатдор шахсларни жалб қилган ҳолда, коррупцияга қарши курашиш мавзусида ўқув семинарлари, конференциялар, давра суҳбатлари ва бошқа тадбирлар ташкил этиляпти. Айниқса, коррупцияга қарши курашиш соҳасида ички ишлар органлари ходимларининг ҳуқуқий билимларини оширишга алоҳида эътибор қаратиляпти. Бундан ташқари, коррупциянинг ҳолати ва тенденциялари тизимли таҳлил қилиниб, самарали идоралараро ҳамкорлик ва маълумотлар алмашинувига эришиш чоралари кўриляпти.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Рес­публикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллигига бағиш­ланган тантанали маросимдаги маърузасида «Коррупцияга қарши курашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар қанчалик ҳаракат қилмасин, халқимиз бу жирканч иллатга муросасиз бўлмас экан, таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатмас экан, бу балога қарши самарали курашни ташкил эта олмаймиз», – деб таъкид­лаган эди. Дарҳақиқат, кўзланган натижаларга эришиш учун жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш бўйича самарали чоралар кўришимиз керак. Шундагина иллатнинг илдизига болта уриш мумкин.

 

Музаффар МАҲМУДОВ,

ИИВ ЖҚББ бошлиғининг

ўринбосари, полковник.

Ўхшаш мақолалар

Ҳаммасино кўриш►

6

Сонларни танлаш

19 январ, Шанба  
6 5 4 3 1

Ҳаммасини кўриш ►

Хабарлар

БАЙРАМНИ ЯНГИ УЙДА НИШОНЛАШДИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 апрелдаги фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ, ички ишлар органлари ходимларини арзон уй-жойлар билан таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар белгилаб берилди.


Ҳаммасини кўриш ►
Полковник Кадиров Дониёр Бахтиёрович – ИИВ Транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бошқармаси бошлиғи лавозимига

Кўп ўқилганлар

  • Пўлат БОБОЖОНОВ:     ОДАМЛАР ТИНЧ ЯШАШИ УЧУН МАМЛАКАТИМИЗДА  ЖИНОЯТДАН ХОЛИ МУҲИТ ЯРАТИЛАДИ


    Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2019 йилда мамлакатимизни ривожлантиришнинг энг муҳим устувор вазифалари тўғрисидаги парламентга Мурожаатномасида халқимиз тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг барвақт олдини олишга тўхталди.


    ✔ 6    🕔 12:59, 21.01.2019
  • КАМЧИЛИКЛАРНИ БАРТАРАФ ЭТИШ


    шу куннинг муҳим вазифасидир

    Жорий йил 10 январь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган, мамлакатимиз тинчлиги ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш борасида келгусидаги вазифаларни белгилаб берган видеоселектор йиғилишида мавжуд камчиликлар ва йўл қўйилган хатолар жиддий танқид қилинди. 

    ✔ 4    🕔 12:46, 21.01.2019
  • ЮТУҚЛАР БИЛАН КИФОЯЛАНМАЙМИЗ


    Бугун мамлакатимизда туб ислоҳотлар жадаллик билан ҳаётга татбиқ этилмоқда.

    ✔ 3    🕔 12:45, 21.01.2019
  • АСОСИЙ МАҚСАД – АҲОЛИНИНГ ТИНЧ  ВА ОСОЙИШТА ҲАЁТИНИ ТАЪМИНЛАШ


    Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 10 январь куни Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги 7-ички ишлар бўлимига ташриф буюрди.


    ✔ 47    🕔 12:14, 14.01.2019
  • ХАЛҚ БАҲОСИ –  ЭНГ ХОЛИС БАҲО


    Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Рес­публикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқида «Сизларга яхши маълумки, биз 2017 йилни юртимизда «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб эълон қилдик. 

    ✔ 25    🕔 12:04, 14.01.2019
  • ИЛЛАТНИНГ ИЛДИЗИГА  БОЛТА УРИШИМИЗ КЕРАК


    Коррупция – жамиятни емирувчи, одамларнинг давлат идораларига ишончини сўндирувчи иллат. Мамлакатимизда сўнгги йилларда жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида ушбу иллатнинг олдини олиш, унга қарши курашишга доир кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.


    ✔ 56    🕔 12:59, 07.01.2019
Ҳаммасини кўриш ►
;