«БОШЛОВЧИ СИФАТИДА ЭСДА ҚОЛИШНИ ИСТАМАЙМАН»

13:01, 07.01.2019
«БОШЛОВЧИ СИФАТИДА ЭСДА ҚОЛИШНИ ИСТАМАЙМАН»

Сўнгги йилларда барча соҳаларда бўлгани каби, телевидение фаолиятида ҳам ривожланиш, янгиликка интилиш яққол сезилмоқда. Телеканалларимизда намойиш этилаётган кўплаб ранг-баранг дастурлар ўз томошабинлари сафини кенгайтирмоқда. 


Айниқса, «Sevimli» телеканали орқали «Эслаб...» кўрсатувининг эфирга узатилаётганига эндигина уч ой бўлганига қарамасдан, минглаб мухлислар қалбидан жой олишга улгурди, десак, муболаға бўлмайди. Шу боис ушбу кўрсатув бошловчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фарҳод Абдуллаев билан бўлган суҳбатимиз сизни беътибор қолдирмайди, деган умиддамиз.

– Дастлаб «Эслаб...» кўрсатувининг яралиш жараёнига тўхталсак...

– Менга илгари ҳам телевидениедан жуда кўплаб лойиҳаларда бошловчилик қилишни таклиф қилишган. Ёки ўзингиз бирон кўрсатув ташкил қилинг, дейишган. Лекин мен доим бу таклифларни рад этганман. Ҳатто кундалигимга ҳам ёзиб қўйган эканман: «Мени умримнинг охирида актёр эмас, телебош­ловчи сифатида эслашларини истамайман. Йўқ, йўқ, йўқ!», деб. «Sevimli» телеканалининг бу кўрсатувига рози бўлишимга сабаб, улар менга қулоқ солишди. Фикрларимни қўллаб-қувватлашди. Сценарийларни таниқли журналист Муҳаббат Ҳамроева билан биргаликда маслаҳатлашиб ёзяпмиз. Олдинига турли вариантларни кўриб чиқдик. Бир ойда туғилганларни йиғсакмикан ёки ўтган инсонларни хотирласакмикан, деб ўйладик. Охири бир тўхтамга келдик. Яъни, айни пайтда орамизда умргузаронлик қилаётган, эл суйган қаҳрамонларни топиб, уларнинг завқли кунларини эслашга қарор қилдик. Назаримда, адашмадик. Чунки меҳнатимиз ўз натижасини беряпти. Айниқса, кўча-кўйда юрганимда ёши улуғ отахон, онахонлар мени кўриб қолишса: «Болам, бўларкан-у, шунақа кўрсатув қилса. Бизбоп кўрсатув чиқибди. Бунинг савоби ҳам бор», деб ташаккурларини айтишади. Таниш-билиш­лар қўнғироқ қилиб, ижобий фикрларини, таклифларини билдиришади. Кейинги қаҳрамонингиз ким, яна кимларни чақиришни режалаштираяпсиз, деб саволга тутишади. Шу даражада қизиқиш кучли. Албатта, бундай эътироф ижодий жамоамиз аъзоларининг кайфиятини кўтаради. Кейинги дастурларни тайёрлашимизда бизга куч-ғайрат бағишлайди.

 – Демак, эндиликда актёрлик билан телебошловчиликни бирга олиб бормоқчисиз.

– Йўқ. Мен бу кўрсатувни доимий олиб боришга розилик бермаганман. Вақтинчалик бошловчилик қилишга рози бўлишимдан мақсад айрим телебошловчиларга кўрсатув қандай олиб борилишини кўрсатиш эди. Телеканал раҳбарларини бошидан огоҳлантирдим. Бу ерда кўп ишламайман. Актёр эркин бўлиши керак. Мен ҳали ижоддан тўхтамаган санъаткорман. Асосий фаолиятим театрда кечади. Шунинг учун телеканал билан шартномани ҳар гал бир ой муддатга тузаман. Қачонки бу кўрсатувдан ўзимнинг кўнглим тўлмай қолса ёки кўрсатувга кейинчалик даражаси тўғри келмайдиган одамларни «тиқиштира» бош­лашса, секин бу ишимни йиғиштираман.

 – Таниқли инсонлар билан суҳбат деярли ҳар бир телеканал дастурларида бор. Бу янгилик эмас. Лекин «Эслаб...» кўрсатувининг қисқа муддатда эл оғзига тушишида қандай омил бор, деб ўйлайсиз?

– Ҳамма яхши кўрсатувларнинг асосий ютуғи унинг моҳияти ва мақсади чиройли ифодаланганида. Кўрсатув­ни шунчаки эмас, дилдан тайёрлаш керак. Самимий сўзлар томошабин юрагига етиб боради. Дабдабали, баландпарвоз, чиройли нутқ сўзлаш билан халқона, самимий гапиришнинг фарқи бор. Албатта, кўрсатув бош­ловчиси ҳам шунга мос бўлиши керак. Унинг истараси иссиқлиги, эркинлиги, ўзини тутиши, қаҳрамони билан тил топа олиши жуда муҳим. Асосийси – қаҳрамонини яхши ўрганиш. Дейлик, ҳар душанба қайси инсон билан суҳбат қилишимиз аниқланса, уни яқин билишимга қарамасдан, албатта, яна изланаман. Ҳамсуҳбатим ҳақида маълумотлар тўплайман. Шоир бўлса, шеърларини ўқиб, ёд оламан. Менинг яна бир ютуғим – кўнглимдаги инсонлар билан суҳбат олиб бораётганимда. Кўрсатувга таклиф қилинган қаҳрамон, аввало, сизга ёқмаса, кўрсатув барибир жонли чиқмайди. Бир амаллаб ўтказиш мумкин. Лекин қийналиб кетасиз. Буни томошабин ҳам тушуниб, ҳис қилиб туради. Журналистлар буни яхши тушунса керак. Агар раҳбарият журналистга ўзи ёқтирмаган «фалончи одам» билан суҳбат қилишни топширса, бир баҳона топиб, топшириқни бажармасликка ҳаракат қилади. Агар ўзининг кўнглидаги қаҳрамон бўлса, дунёнинг нариги чеккасида бўлса ҳам топиб, интервью олади.

 – Ўзингиз кўрсатувнинг қайси қаҳрамони билан суҳбатни мана шундай иштиёқ билан олиб бордингиз?

– Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим ижодини ўзим жуда ёқтирганим учун, юракдан жўшиб олиб бордим. Шеърларини қайта-қайта ўқиб чиқиб, мазза қилдим. Саволлар ўз-ўзидан қуюлиб келаверди. Кўрсатувни кузатганлар буни пайқашган бўлса керак.

 – Сизга шундай имконият берилса, телевидениени тўлиқ ислоҳ қилишни нимадан бошлаган бўлардингиз?

– Томошабинлар ўртасида сўровнома ўтказардим. Улар нима кўришни исташаётганини аниқлаб, дастурларни талабдан келиб чиқиб тузардим. Бошқа давлатлардан кўчириб кўрсатув тайёрламасдим. Масалан, ҳамма овқат пишириш жараёнини кўрсатиши шарт эмас. Айниқса, европа ошхонаси таомларини. Улар тайёрлаётган овқатлар учун масаллиқ ҳамма жойда бормикан? Қанчадан-қанча чекка-чекка қишлоқларимиз бор. Буни унутмаслигимиз керак. Мен бу масалани кенг­роқ ўйлардим. Ҳаммабоп, кўпчилик топа оладиган маҳсулотлардан таом тайёрлатган бўлардим, агар шундай кўрсатув берилса. Шунчаки канални тўлдириш учун бундай кўрсатувларни бермаган бўлардим. Зўрма-зўраки кўрсатувларни намойиш қилгандан кўра, керак бўлса, бир неча кунга «Биз изланяпмиз», деб ёзиб қўярдим. Бошловчиларнинг билими, салоҳиятини кўриб чиқардим.

 – Кўрсатувнинг келгуси сонларида яна кимларни, қайси соҳа вакилларини таклиф қилишни режалаштиргансиз?

– Бу саволларни деярли ҳар куни эшитаман. Биз жамоамиз билан кўрсатувга йиллик режа тузиб олганмиз. Лекин ишимиз доим ҳам режага мос келавермайди. Шу сабаб аниқ бир нарса дея олмайман. Кўрсатувимиз режасидаги қаҳрамонларнинг барчаси мухлислар кўнглидан жой олган таниқли инсонлар.

 – Халқимизга, қолаверса, бизнинг асосий муштарийларимиз бўлган ички ишлар органлари ходимларига байрам тилакларингиз...

– Аввало, ички ишлар органлари ходимлари хизматига тўхталиб ўтишни хоҳлардим. Чунки бу соҳа вакилларига ҳурматим жуда баланд. Ички ишлар органлари тизимида менинг укам, яқинларим, дўстларим, ошна-оғайниларим хизмат қилишади. Шу боис уларнинг меҳнати нақадар оғирлигини жуда яхши биламан. Бугун эрталаб соат саккизда Мустақиллик майдонига бордим. Ҳар доимгидай осойишталик посбонлари ўз постида. Улар билан кўришгач, ҳазиллашиб: «Укаларим, хафа бўлманглар. Элга тўй келса, сиз билан биз ишлаймиз, ўзимиз шундай касбни танлаганмиз», деб кўнгилларини кўтариб келдим. Улар билан яқинлигимиз, ўхшашлигимиз ҳам шунда. Байрам кунларини оиламиз аъзолари билан камдан-кам бирга нишонлаймиз. Халқ хизматида бўламиз.

Айниқса, байрам арафасида уларнинг қадри янада сезилади. Бу фидойиларни қандай қилиб ҳурмат қилмаслик мумкин?! Осойишталик посбонлари хизмат кийимида жиддий кўринишса-да, аслида ишдан ташқарида ҳақиқий мухлисга айланишади. Қучоқлашиб кўришиб, ҳазиллашиб гаплашишади. Мен, аввало, уларга мустаҳкам соғлиқ, оилавий хотиржамлик, бахт-саодат тилайман! Янги йил ҳамманинг хонадонига қут-барака олиб келсин. Юртимиз тинч бўлсин. Фарзандларимиз кўзидан қувонч аримасин! Барчангизни Янги йилингиз билан қутлайман!

– Самимий суҳбат учун ташаккур.

Нилуфар САПАЕВА

суҳбатлашди.

Ўхшаш мақолалар

Ҳаммасино кўриш►

6

Сонларни танлаш

19 январ, Шанба  
6 5 4 3 1

Ҳаммасини кўриш ►

Хабарлар

БАЙРАМНИ ЯНГИ УЙДА НИШОНЛАШДИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 апрелдаги фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ, ички ишлар органлари ходимларини арзон уй-жойлар билан таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар белгилаб берилди.


Ҳаммасини кўриш ►
Полковник Кадиров Дониёр Бахтиёрович – ИИВ Транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бошқармаси бошлиғи лавозимига

Кўп ўқилганлар

  • АМИР ТЕМУР ҚЎШИНИНИНГ  ҲАРБИЙ ТИЗИМИ


    Соҳибқирон мукаммал ҳарбий тизимни яратди ва бу ҳарбий-сиёсий тизим кейинчалик йирик давлатлар бошлиқларига, саркардаларига муҳим дастур вазифасини ўтаган.


    ✔ 5    🕔 12:08, 21.01.2019
  •  МУРОЖААТНОМАДА БЕЛГИЛАНГАН ВАЗИФАЛАР ҚУРОЛЛИ КУЧЛАР ТИЗИМИНИ МОДЕРНИЗАЦИЯЛАШГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ


    Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг парламентга Мурожаатномасида ўтган қисқа вақт ичида давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилгани таъкидлаб ўтилган эди.

    ✔ 27    🕔 12:07, 14.01.2019
  • Ватанпарварликнинг  ватани — ЮРАК


    Файласуф олим, инсонпарвар шоир, Нажмиддин Кубродан бошланган жувонмардлик тариқатининг давомчиси, Шарқда номи чиққан паҳлавон ва паҳлавонларга устозлик қилиб, «Пурёйвалий» лақабини олган, ватанпарварлиги билан элга намуна бўлган, мазмунан бой ва теран, шак­лан пишиқ, гўзал рубоийлари туфайли «Хоразм Ҳайёми» номи билан шуҳрат қозонган Паҳлавон Маҳмуд ҳақида нималарни биламиз?


    ✔ 23    🕔 12:03, 14.01.2019
  • БАРЧА ЭЗГУ ИШЛАР НИЯТГА БОҒЛИҚ


    Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини тингларканман, инсоннинг ҳамиша эзгу умид, яхши ният билан яшашида жуда катта ҳикмат борлигига яна бир карра ишонч ҳосил қилдим.


    ✔ 70    🕔 13:16, 07.01.2019
  • БОШ МАҚСАД – МУШТАРИЙЛАР ИШОНЧИНИ ОҚЛАШ


    Бугунги кунда республикамизда мингдан зиёд босма оммавий ахборот воситалари чоп этилади. Уларнинг ичида ИИВ нашрлари бўлган «Postda» ва «На посту» газеталари ўзининг муносиб ўрнига эга. 

    ✔ 49    🕔 13:13, 07.01.2019
  • ФАРЗАНДИНГИЗГА ҚАНДАЙ НАМУНА БЎЛЯПСИЗ?


    Аёл умри давомида икки бора туғилади: биринчиси, табиийки, ўз ҳаёти билан. Иккинчиси эса юраги остида яна бир митти юрак зарби пайдо бўлиши билан бош­ланади. Тўққиз ойлик қувонч ва ҳаяжондан сўнг оналик бахти насиб этади.

    ✔ 33    🕔 13:01, 07.01.2019
Ҳаммасини кўриш ►
;