ФАРЗАНДИНГИЗГА ҚАНДАЙ НАМУНА БЎЛЯПСИЗ?

13:01, 07.01.2019
ФАРЗАНДИНГИЗГА ҚАНДАЙ НАМУНА БЎЛЯПСИЗ?

Аёл умри давомида икки бора туғилади: биринчиси, табиийки, ўз ҳаёти билан. Иккинчиси эса юраги остида яна бир митти юрак зарби пайдо бўлиши билан бош­ланади. Тўққиз ойлик қувонч ва ҳаяжондан сўнг оналик бахти насиб этади.


 Оналик улуғ рутба, беқиёс шараф эканлигини ҳамма яхши билади. Аммо бу мақом фақатгина фарзанд дунёга келтириш билан ўлчанмайди. Гўзал тарбия бериш, солиҳ фарзанд ўстириш, ҳалолнинг ҳаромдан фарқини анг­лай оладиган инсонни шакллантириш кўп жиҳатдан онанинг зиммасида. Фарзанднинг илк тасаввурида энг идеал инсон онаси бўлиб гавдаланади: унинг гап-сўзига, хатти-ҳаракатига тақлид қилади. Агарки тақлид қилинувчи ҳақиқатан яхши инсон бўлса-ку, майли, аммо акси бўлса, жамиятга носоғлом аъзо қўшилиши бегумон.

Афсуски, бу бурч кўп ҳолларда унутилмоқда. Айнан оналарнинг шахсий «намуна»си ўлароқ, ёшларда дилни хира этгувчи одатлар пайдо бўлмаяптимикин, деган андиша кишини ўйга толдиради. Одам гавжум жойгаки, бош суқсак, аёлларнинг «лидер»лигига тўқнаш келаверамиз. Мутасадди ташкилотлар эшигини бирор нарса илинжида тақиллатаётган ҳам аёл, бозорни эгаллаётган ҳам аёл, энг ёмони, шаллақиликни қурол қилиб кўпни енгаётган ҳам аёл. Ана шундайларнинг уйида ҳам тоғдек эркаги, «онамнинг ўғлиман», дея улғаяётган фарзандлари бордир! Улар кимдан ўрнак олиб, кимни ҳимоясига олмоқда. Она эмасми, болага гўдаклик пайтидан бошлаб нима мумкин, нима мумкинмаслигини ўргатувчи, яхшининг ёмондан фарқини кўрсатиб бергувчи? Биз оналар мана шу «кўрсатгичлик» вазифамизни тўлақонли уддалаяпмизми? Атрофга бир боқинг ёинки болаларимизнинг уч-тўрт ёшлик даврини эслаб кўринг-а? Уларни кимдан қўрқитардик: тўполон қилса, докторнинг уколидан, гапимизга қулоқ осмаса, милициянинг олиб кетиб қолишидан, ялмоғиз ва ҳоказолардан. У ёғи онанинг фантазиясига боғлиқ. Натижада болаларимиз поликлиникага борсак, оқ халатлиларни кўрган заҳоти хархаша кўтарадиган, ички ишлар органи ходимини кўрганда, тарашамисол қотиб қоладиган бўлиб улғайишади. Бу бизнинг ёлғонимизга илк жавоблардир.

Катта ўғлим ёшига етмасидан шифокорлар билан тез-тез кўришишга «мажбур» бўлган эди. Шифокорлардан чўчимаслиги учун боламга шифокорларни эртак қаҳрамонлари сифатида тасвирлаб берардим. Шунгами, у саломатлик посбонларининг халатини қизиқиш билан ушлаб кўрар, турли асбоб-ускуналарини ўйинчоқ сифатида тасаввур қиларди. Укаси ҳам худди ўзига ўхшаш: ички ишлар органи ходими, аскарлар ҳақида кўп эшитгани учун чўчимайди, дадил муомала қилади. Шаҳримиз кўчаларида ҳарбий хизматчиларни кўриб қолса, «Аскарлар Ватанни ҳимоя қилади, ички ишлар органи ходими қоидабузарларни жазолайди, холос», деб изоҳ ҳам бериб қўяди. Чунки фарзандларимга шуни ўргатганман.

Аммо... Сўнгги бир-икки ой ичида ноодатий шов-шувли ҳодисалар кўп такрорландики, бу борада ҳали кў-ў-ўп гапиришимиз керак, шекилли, деб ўйлаб қолдим. Ички ишлар органи ходимлари талабларига очиқ-ойдин қаршилик қилиш борасида ҳудудлардан турли хабарлар ижтимоий оламни жонлантириб юборди.

Блогер Фарҳод Файзуллаев ёзади: «Ҳозир битта видеони кўриб қолдим, унда наманганлик аёл ва унинг қариндошлари томонидан уюштирилган бақир-чақир акс эттирилган.

Кўпчилик ўйлайди, Ғарбда полициячилар жуда хушмуомала, доим ёрдамга шай. Тўппа-тўғри, кўпчилик ривож­ланган давлатлардаги полициячилар одамгарчилик, ахлоқ қоидаларига қатъий риоя қилади. Аммо мана бу видеода кўрсатилган муомалани кўтармайди. Шартта қўлингизни қайириб, башарингизни асфальтга ишқалайди. Жуда шаллақиларни электрошокер билан «сийлайди». Қарабсизки, ерда қалтираб ётибсиз.

Айтмоқчиманки, бу видео­да бизнинг осойишталик посбонларимиз дунёдаги энг инсоний ва меҳрибон эканлиги кўриниб турибди. Чет элда бунақа муомалага умуман бошқача жавоб берилади. Менимча, биздаям бунақа муомалага татигулик жавоб берилиши керак, албатта, қонун доирасида».

Навбатдагиси Қашқадарёда ЙПХ ходимларига ҳужум қилган ота-она ва икки фарзанд ҳақида. Қашқадарё вилоятининг Косон тумани Гувалак маҳалласи ҳудудида йўл-патруль хизмати ходимлари — Жасур Йўлдошев, Иномжон Қораев ва Шаҳзод Чориев ҳужумга учраган.

Кичик сержант Жасур Йўлдошев «Кобальт» русумли автомашинани тўхтатиб, ҳайдовчидан ҳужжатларни тақдим этишни сўраган. Ўзини Ҳусниддин Тўрақулов деб таништирган ҳайдовчи ҳеч қандай ҳужжати йўқлигини айтган. Инспекторлар ушбу ҳолат юзасидан маъмурий баённома расмийлаштиради ва машинани жарима майдончасига олиб бориш кераклигини айтади. Шунда ички ишлар органи ходимларига қаршилик кўрсатилади.

Уларга нафақат ҳайдовчи Ҳусниддин Тўрақуловнинг ўзи, балки рафиқаси Муҳаббат Жуманазарова, ўғли Шоҳруҳ Эгамбердиев ва қизи Кумуш Эгамбердиева ҳам ходимларнинг қонуний талабига бўйсунмайди. Хусусан, Шоҳруҳ қўлига пичоқ олиб, ходимларнинг «Дамас» автомашинаси ойнасини синдиради, баллонларига шикаст етказади. Бу ҳам етмагандек, кичик сержант Жасур Йўлдошев ва сафдор Иномжон Қораев тан жароҳати олади.

Бу каби ҳолатларда бундан 20–30 йил олдинги ўзбек онаси қандай йўл тутарди? Аввало, боласига босиқликни насиҳат қилиб, ички ишлар органи ходимига ҳам «жон болам...»дан бошлангувчи илтимос айтиларди. Ҳозир-чи? Хизмат вазифасини бажараётган ходимнинг устига машинани ҳайдашни буюраётган ҳам она, «уларга бу ҳам кам...» деб ўғлига пичоқ тутқазаётган ҳам она... Ваҳоланки, халқ хизмати учун ҳар дам сергак бу ўғлонлар ҳам кимнингдир дилбанди, нуридийдаси-ку!

Фуқаролик ишлари бўйи­ча туманлараро судга иши тушган бир танишимиз ҳикоя қилади: «Ташқарида ёмғир забтига оляпти. Қўриқлаш хизматидаги ходимлар келган аризачиларни залга таклиф қилиб туришибди. Бир ёши катта аёл эшикдан кирди-ю, «менга ташқаридаги ўриндиқни киритиб бер, ўшанда ўтираман», деб талаб қилиб қолди. Ходим «Холажон, у ўриндиқ ёмғирда қолиб шалаббо бўлиб кетибди, залга кирақолинг, ўтиришга жой кўп, ҳам иссиққина», деди-ю, балога қолди. «Сениям мендек онанг борми?!.» деб ўдағайлаб кетган холанинг жавранишига тоқат қила олмадим. Ўрнимдан туриб бордим-у, «Опа, бундан икки-уч йил олдин бино ичига кириш тугул, ўша ташқаридаги ўриндиқда ўтиришга ҳам зор эдик. Мендек онанг борми, деб сўрашдан олдин, шу йигитнинг ўрнига ўз ўғлингизни қўйиб кўринг. Сизга иссиқ, шинам жойда ўтиришни таклиф қилганига шунчами...» дедим.

Баъзида имтиёзларни, ғамхўрликларни суиистеъмол қилаётгандекмиз. Шу ҳақда гап кетса, айримлар «Биз ўзбекларда шунақа, елкани тутсанг, бошни кўзлайди», деб муносабат билдиришади. Йўқ, бир-икки кишининг тутуми бутун миллатга баҳо бўла олмайди. Биз болаларимизнинг илк тасаввурлариданоқ қонунга ҳурматни, қоидаларга итоатни ўргатайлик. Бу йўлда хизмат қилувчиларни, эгнига шараф либосини илган ватандошларимизга ҳурмат туйғусини қарор топтирайлик. «Ана ички ишлар органи ходими келяпти» деб улғайтирилган боланинг онгида ўз-ўзидан орган ходимидан хавфсираш инстинкти пайдо бўлади. «Ички ишлар органи ходими бизни қонунга итоатга чақиради, қонунбузарлардан ҳимоялайди» деб уқтирилган болада эса ўша «қонунбузар»лар сафида бўлмаслик ғояси шаклланади.

Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида таъкидланганидек, «айрим кишилар жазодан қўрқиб қонунга итоат этса, бошқалар болаликдан олган тарбиясига кўра қонунни ҳурмат қилади». Болаларимизга гўдаклигидан қонунга итоат этишни сингдирайлик. Бунга, энг аввало, оналар масъулдир. Оналарки, болаларини фақат ва фақат яхшиликка етакловчи. Оналарки, ўзларини ҳам доимий равишда маърифат суви билан баҳраманд этгувчи.

Кўпчилик ичида овозини кўтариб ҳақ талашувчи онанинг фарзандига нақадар қийин, онанинг ўзи қонунни бузишга далолат қилгувчи дилбандларга нақадар номус... Бундай кундан Ўзи асрасин!

Дилдора РАҲМОНОВА.

Ўхшаш мақолалар

Ҳаммасино кўриш►

6

Сонларни танлаш

19 январ, Шанба  
6 5 4 3 1

Ҳаммасини кўриш ►

Хабарлар

БАЙРАМНИ ЯНГИ УЙДА НИШОНЛАШДИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 апрелдаги фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ, ички ишлар органлари ходимларини арзон уй-жойлар билан таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар белгилаб берилди.


Ҳаммасини кўриш ►
Полковник Кадиров Дониёр Бахтиёрович – ИИВ Транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бошқармаси бошлиғи лавозимига

Кўп ўқилганлар

  • АМИР ТЕМУР ҚЎШИНИНИНГ  ҲАРБИЙ ТИЗИМИ


    Соҳибқирон мукаммал ҳарбий тизимни яратди ва бу ҳарбий-сиёсий тизим кейинчалик йирик давлатлар бошлиқларига, саркардаларига муҳим дастур вазифасини ўтаган.


    ✔ 5    🕔 12:08, 21.01.2019
  •  МУРОЖААТНОМАДА БЕЛГИЛАНГАН ВАЗИФАЛАР ҚУРОЛЛИ КУЧЛАР ТИЗИМИНИ МОДЕРНИЗАЦИЯЛАШГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ


    Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг парламентга Мурожаатномасида ўтган қисқа вақт ичида давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилгани таъкидлаб ўтилган эди.

    ✔ 27    🕔 12:07, 14.01.2019
  • Ватанпарварликнинг  ватани — ЮРАК


    Файласуф олим, инсонпарвар шоир, Нажмиддин Кубродан бошланган жувонмардлик тариқатининг давомчиси, Шарқда номи чиққан паҳлавон ва паҳлавонларга устозлик қилиб, «Пурёйвалий» лақабини олган, ватанпарварлиги билан элга намуна бўлган, мазмунан бой ва теран, шак­лан пишиқ, гўзал рубоийлари туфайли «Хоразм Ҳайёми» номи билан шуҳрат қозонган Паҳлавон Маҳмуд ҳақида нималарни биламиз?


    ✔ 23    🕔 12:03, 14.01.2019
  • БАРЧА ЭЗГУ ИШЛАР НИЯТГА БОҒЛИҚ


    Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини тингларканман, инсоннинг ҳамиша эзгу умид, яхши ният билан яшашида жуда катта ҳикмат борлигига яна бир карра ишонч ҳосил қилдим.


    ✔ 70    🕔 13:16, 07.01.2019
  • БОШ МАҚСАД – МУШТАРИЙЛАР ИШОНЧИНИ ОҚЛАШ


    Бугунги кунда республикамизда мингдан зиёд босма оммавий ахборот воситалари чоп этилади. Уларнинг ичида ИИВ нашрлари бўлган «Postda» ва «На посту» газеталари ўзининг муносиб ўрнига эга. 

    ✔ 49    🕔 13:13, 07.01.2019
  • ФАРЗАНДИНГИЗГА ҚАНДАЙ НАМУНА БЎЛЯПСИЗ?


    Аёл умри давомида икки бора туғилади: биринчиси, табиийки, ўз ҳаёти билан. Иккинчиси эса юраги остида яна бир митти юрак зарби пайдо бўлиши билан бош­ланади. Тўққиз ойлик қувонч ва ҳаяжондан сўнг оналик бахти насиб этади.

    ✔ 34    🕔 13:01, 07.01.2019
Ҳаммасини кўриш ►
;