ЁНҒИН ЧИҚМАСИН ДЕСАНГИЗ...

13:09, 07.01.2019
ЁНҒИН ЧИҚМАСИН  ДЕСАНГИЗ...

Бугунги кунда юртимизда барпо этилаётган замонавий инфратузилма, янги иншоотлар ва кўркам бинолар хавфсизликни таъминловчи хизматлар зиммасидаги масъулиятни янада оширмоқда. 


Шундай соҳалар сирасига кирувчи ёнғин хавфсизлиги хизматида айни пайтда амалга оширилаётган ўзгаришлар тўғрисида Қорақалпоғистон Рес­публикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари, полковник Шукурулла Аюбов билан суҳбатлашдик.

 – Маълумки, Ёнғин хавфсизлиги хизмати ички ишлар органлари тизимидаги бошқа соҳавий хизматлар сингари, аҳолининг тинч-осуда ҳаётини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Шундан келиб чиққан ҳолда, соҳанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

– Халқимизда «Иш қуролинг соз бўлса, машаққатинг оз бўлур» деган нақл бор. Шу сабабли фуқаролар хавфсизлиги, аҳоли ва давлат мулкини ёнғиндан асраш борасидаги масъулиятни ҳисобга олган ҳолда, давлатимиз томонидан ушбу соҳа фаолиятини такомиллаштириш, айниқса, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди.

Президентимизнинг 2017 йил 23 майдаги «Ички ишлар органлари ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори шулар жумласидандир. Унда ушбу хизматнинг ёнғин техникаси парки ва махсус жиҳозларини узлуксиз янгилаш, шахсий таркибга қулай шарт-шароит яратиш, ходимларни ёнғин ўчириш анжомлари, кийим-бош, эҳтиёт қисмлар билан таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар белгилаб берилган.

Ушбу қарорга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси томонидан 2018 йилда Францияда ишлаб чиқарилган замонавий 410 дона ёнғин ўчириш каскаси, 385 комплект мавсумий ки­йим-кечак ва 17 дона «НЦПН-40» русумли ёнғин ўчириш сув насослари берилди. Шунингдек, бошқа манбалар ҳисобидан мебель, компьютер жамланмалари, оргтехника ва хўжалик истеъмол техникалари харид қилиниб, ёнғин хавфсизлиги қисмларига тарқатилди.   

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 8 августдаги қарори билан 2018–2022 йилларда ДЁХХни асосий, махсус ва ёрдамчи турдаги ёнғин ўчириш автомобиллари билан босқичма-босқич таъминлаш кўзда тутилган. Унга кўра, Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси томонидан 2018 йилда Самарқанддаги «SamAvto» масъулияти чекланган жамиятда ишлаб чиқарилган 2 та янги турдаги «ISUZU» русумли ёнғин ўчириш автомобили Қорақалпоғистон Республикасида янги қурилган ёнғин хавфсизлиги қисмларига берилди. Шунингдек, пул ўтказиш йўли билан СП «HONG XIANG GROUP» масъулияти чекланган жамиятдан учта замонавий турдаги «LF50QT-26» русумли скутерлар харид қилиниб, Нукус шаҳар Ёнғин хавфсизлиги бўлимларига топширилди.

Ҳозирги кунда Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ ёнғин хавфсизлиги хизматида «SamAvto» масъулияти чекланган жамиятда ишлаб чиқарилган тўртта «ISUZU» русумли ёнғин ўчириш автомобили мавжуд бўлиб, қарор талабларига асосан, ҳар йили тўрттадан «ISUZU» русумли ёнғин ўчириш автомобиллари билан таъминланиши режалаштирилган.

Шунингдек, 2017 йилда Хўжайли тумани 3-ҳарбийлаштирилган ёнғин хавфсизлиги қисми, ўтган йилда эса Нукус шаҳридаги 2-ҳарбийлаштирилган ёнғин хавфсизлиги қисми, Тахтакўпир туманида жойлашган 12-касбийлаштирилган ёнғин хавфсизлиги қисми биноси қайта қурилиб фойдаланишга топширилди. Мазкур бинолар замон талабларга тўла жавоб бериб, ходимларнинг хизмат вазифасини бажариши учун барча шароитлар яратилган. Яна бир жиҳати, бу қисмлар қошида республикада биринчилардан бўлиб ходимларнинг оила аъзолари билан бирга яшаши учун хизмат уйлари ҳам қуриб битказилди. Бу, ўз навбатида, ходимларнинг оиласидан кўнгли хотиржам бўлиб, хизмат самарадорлиги янада ошишини таъминлайди. Шу билан бирга, яқин вақт ичида Нукус шаҳридаги 3-ҳарбийлаштирилган ёнғин хавфсизлиги қисми, Қонликўл туманида жойлашган 6-касбийлаштирилган ёнғин хавфсизлиги қисми учун янги бинолар фойдаланишга топширилиши режалаштирилмоқда. Жорий йилда Шуманай туманида жойлашган 5-касбийлаштирилган ёнғин хавфсизлиги қисми биносини қайта қуриш ишларини ҳам амалга ошириш кўзда тутилган.

Миллий бойлигимиз бўлмиш пахта хомашёсини ёнғинлардан ҳимоя қилиш мақсадида Қорақалпоғистон Респуб­ликаси «Пахтасаноат» бирлашмаси томонидан шу кунга қадар 8 та янги замонавий «ISUZU» русумли 4 тонна сув сиғимига эга бўлган ёнғин ўчириш автомобили харид қилиниб, ҳудудий пахта тозалаш заводларига ва пахта қабул қилиш пунктларига берилди. Ушбу жанговар ҳисобдаги автомобиллар туман ҳудудида содир бўлган барча ёнғинларни бартараф этишда қўл келмоқда.

– Шу ўринда яна бир савол. Маълумки, олис ҳудудлардаги ёнғинларни бартараф этишда фақат Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати шахсий таркибининг эмас, балки фуқароларнинг ҳам шайлиги қайсидир даражада муҳим аҳамиятга эга. Бу борада қандай ишлар йўлга қўйилган?

– Гувоҳи бўлаётганимиздек, ёнғинлар кутилмаганда юз бериб, фавқулодда вазиятларни келтириб чиқаради. Албатта, бунда ёнғиннинг бартараф этилиши ўт ўчирувчилар етиб келгунига қадар воқеа жойидаги фуқароларнинг хатти-ҳаракатларига ҳам қайсидир даражада боғлиқ. Шуни ҳисобга олган ҳолда, бу борада Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси ва барча туман ҳокимликлари билан биргаликда йўл хариталари ишлаб чиқилган. Унга мувофиқ, туманлардаги ёнғин хавфсизлиги қисмларига узоқ ва сувсиз бўлган маҳаллаларда кўнгилли ёнғин ўчириш дружиналари ташкил этилган. Дружина аъзолари ИИВ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси томонидан махсус кийимлар, асбоб-анжомлар ва воситалар билан таъминланди. Ҳар ойда мутахассис ходимлар томонидан улар билан ёнғин ўчириш тактик ўқув машғулотлари ўтказилади.

– Айни кунларда ҳаво ҳарорати пасайгани боис аҳоли орасида газ ва электр энергиясига бўлган талаб ортиб бормоқда. Мавсумга тайёргарлик ишлари ва ҳозирда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишларга ҳам тўхталиб ўтсангиз.

– 2018 йил давомида ёнғин хавфсизлиги қисмлари шахсий таркиби томонидан ёнғинга қарши кураш жамиятларининг ходимлари, шаҳар-туман газ ва энергия таъминоти мутахассислари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари билан биргаликда республикадаги 907 мингдан ортиқ аҳоли турар жойлари ва 3700 дан ортиқ кўп қаватли уйлардаги хонадонлар, ертўла ва чордоқлар кўздан кечирилди. Халқ хўжалиги масканларида эса 4619 маротаба батафсил текширишлар ва 1257 та ёнғин-профилактика кўриклари ўтказилди.

Ўрганишлар давомида хонадонлар, бино ва иншоотларга ўтказилган электр ва газ таъминотининг ҳолати, иситиш печлари ва мўриконларнинг ёнғин хавфсизлиги талаблари асосида бўлиши, масканлардаги ёнғинга қарши сув таъминоти иншоотлари (гидрант, ҳовуз ва резервуарлар)нинг созлигига ва бош­қа ёнғинга қарши тадбирларни амалга оширишга алоҳида эътибор берилди.

Текширувлар якунига кўра, халқ хўжалиги масканлари ва фуқаролар хонадонларидаги камчиликлар юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, шаҳар ва туманлар ҳокимликларига 797 та ахборотнома, корхона ва ташкилотларнинг юқори органларига 685 та тақдимнома киритилди. Жойлардаги ёнғин хавфсизлиги талабларини бажармаган ёки қоидаларни бузган раҳбар ва масъул шахсларга ҳамда фуқароларга нисбатан жами 113 миллион сўмдан ортиқ маъмурий жарима солинди. Тарғибот ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, ходимларимиз томонидан 4633 маротаба корхона ва ташкилотларда суҳбат ва йўриқномалар ўтказилиб, 3230 маротаба маҳаллаларда фуқаролар билан учрашувлар ташкил этилди.

– Юқорида таъкидлаб ўтилган ишларнинг натижалари ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

– 2018 йил давомида ҳудудда 750 тадан ортиқ ёнғин содир бўлди. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 1,2 фоизга камайди. Шунингдек, ёнғин оқибатида ҳаётдан кўз юмганлар ўтган йилда 10 нафар бўлса, бу йил 1 нафарни ташкил этди.

Шу ўринда, ёнғин содир бўлган объектларни таҳлил қиладиган бўлсак, улардан 650 таси фуқароларнинг яшаш уйларида, 36 таси материаллар очиқ сақланадиган жойларда, 28 таси транспорт воситаларида, 19 таси савдо-сотиқ корхоналарида, 4 таси фойдаланилмаётган биноларда, 3 таси ишлаб чиқариш цехи ва омборларда, 2 таси қишлоқ хўжалигига қарашли иншоотларда содир бўлган.

Ушбу рақамлардан ҳам кўриниб турибдики, ёнғинлар содир бўлаётган асосий жойлар фуқаролар хонадонларига тўғри келмоқда. Бу эса, фуқароларимизнинг оддий хавфсизлик қоидаларига етарли даражада эътибор қаратмаётганлигидан дарак беради.

Жумладан, яқинда ходимларимиз томонидан ўтказилган профилактик тадбир давомида Нукус шаҳри Ашхобод кўчаси 4-уй 3-хонадонда газ ҳиди бор эканлиги аниқланди. Хонадон эгаси иштирокида уйдаги газ тармоғи кўздан кечирилганда, уйдаги газ плитасига уланган резина шланги ёрилиб, ундан газ сизиб чиқаётгани маълум бўлди. Буни қарангки, хонадон эгаси грипп бўлгани учун газ ҳидини сезмабди. Зудлик билан хона шамоллатилиб, газ таъминоти корхонасидан мутахассис чақиртирилди ва газ тармоғига хавфсиз уланишга амалий ёрдам берилди. Тадбир натижасида мазкур хонадонда яшовчи тўрт кишининг газдан заҳарланиши ва ёнғин келиб чиқишининг олди олинди.

Бугунги кунда инсон ҳаётига таҳдид солаётган бир қанча хавфлар мавжуд. Улар орасида бевосита ўзимизга боғлиқ бўлган, яъни бепарволигимиз, масъулиятсизлигимиз оқибатида содир бўладиган офат – ёнғин ҳисоб­ланади. Ёнғинлар кишилар ҳаётига таҳдид солиш билан бирга, йиллар давомида йиғилган мол-мулкнинг ҳам бир зумда кулга айланишига олиб келади. Шундан келиб чиққан ҳолда айтадиган бўлсак, барчамиз, энг аввало, ўз хавфсизлигимиз учун ўзимиз жавобгар эканлигимизни унутмаслигимиз керак. Шунингдек, аҳоли ўртасида соҳа ходимларининг ёнғин хавфсизлигини таъминлаш йўлидаги тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтириш кўзланган натижани беради.

Азамат ПИРНИЯЗОВ суҳбатлашди.

Ўхшаш мақолалар

Ҳаммасино кўриш►

6

Сонларни танлаш

19 январ, Шанба  
6 5 4 3 1

Ҳаммасини кўриш ►

Хабарлар

БАЙРАМНИ ЯНГИ УЙДА НИШОНЛАШДИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 апрелдаги фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ, ички ишлар органлари ходимларини арзон уй-жойлар билан таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар белгилаб берилди.


Ҳаммасини кўриш ►
Полковник Кадиров Дониёр Бахтиёрович – ИИВ Транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бошқармаси бошлиғи лавозимига

Кўп ўқилганлар

  • Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи:  «Ўтган йили пойтахтимизда  жиноятчилик деярли 50 фоизга камайди»


    Пойтахтимизнинг Юнусобод туманида жойлашган 7-ички ишлар бўлимида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун брифинг бўлиб ўтди. 2018 йил якунлари бўйича ташкил этилган брифингни Ички ишлар вазирининг ўринбосари – Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи, генерал-майор Рустам Жўраев олиб борди.


    ✔ 6    🕔 12:58, 21.01.2019
  • ҲАР ЖИҲАТДАН ФАОЛ ҲАРБИЙЛАР


    ИИВ Қоровул қўшинларига қарашли 7552-ҳарбий қисмдаги ҳарбий хизматчилар зиммаларидаги вазифани масъулият ва фидойилик билан адо этишмоқда.


    ✔ 3    🕔 12:54, 21.01.2019
  • МАРДЛИК ВА ЖАСОРАТНИНГ ЮКСАК БАҲОСИ


    Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигида Қуролли Кучларимизнинг 27 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

    ✔ 5    🕔 12:28, 21.01.2019
  • НУРОТАНИНГ АЗАМАТ ЎҒЛОНИ


    Абдимўмин Жўраев Навоий вилояти Нурота туманидаги 20-мактабда узоқ йиллар ёш авлодга таҳсил берди. Талабчан ва жонкуяр инсон оилада ўз фарзандларининг соғлом, билимли бўлиб камол топиши йўлида ҳам астойдил ҳаракат қилди. Эндиликда кексалик гаштини сураётган отахон эзгу мақсад, улуғ ният билан қилинган саъй-ҳаракатлар мевасидан баҳраманд.


    ✔ 3    🕔 12:16, 21.01.2019
  • ЙИГИТ ОМОН БЎЛСА, ҚЎРҒОН САЛОМАТ


    Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида давр талаби ва жаҳон андозаларига жавоб берадиган миллий армияни барпо этиш, мамлакатимиз мустақиллиги, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини таъминлаш йўлида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.


    ✔ 37    🕔 12:13, 14.01.2019
  • «ҚАЙРИЛМАС ҚАНОТЛИ СОРЛАРИНГ БОРДИР»


    Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи томонидан «Ўзбекистон белгиси» кўк­рак нишони билан тақдирланган баркамол ёшлар орасида у ҳам бор. Айнан шу жиҳати билан ўтган 2018 йил Қуролли Кучларимизнинг энг ёш капитани Фаррухбек Сотволдиевнинг ҳаётида унутилмас из қолдирди. 

    ✔ 28    🕔 12:08, 14.01.2019
Ҳаммасини кўриш ►
;