АСОСИЙ МАҚСАД – АҲОЛИНИНГ ТИНЧ ВА ОСОЙИШТА ҲАЁТИНИ ТАЪМИНЛАШ

12:14, 14.01.2019
АСОСИЙ МАҚСАД – АҲОЛИНИНГ ТИНЧ  ВА ОСОЙИШТА ҲАЁТИНИ ТАЪМИНЛАШ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 10 январь куни Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги 7-ички ишлар бўлимига ташриф буюрди.



 Ҳар бир ҳуқуқни муҳофаза қилиш органида жиноятчиликнинг жойи ва тури бўйича чуқур маълумот бўлиши, бунинг учун давлат идоралари, жамоат ташкилотлари мунтазам бирга ишлаши зарур. Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, прокуратура – ҳаммаси халққа хизмат қилиши керак.

Шавкат МИРЗИЁЕВ.

Мамлакатимизда тинчлик-осо­йишталикни мустаҳкамлаш, жамоат тартибини сақлаш ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Соҳани такомиллаштириш мақсадида кейинги икки йилда 100 дан ортиқ қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинди.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 14 февралдаги қарорига мувофиқ, Тошкент шаҳрида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг сифат жиҳатдан янги тизими жорий этилди. Ички ишлар органлари барча бўғинларининг тузилмаси ва ваколатлари қайта кўриб чиқилиб, пойтахтимизда тажриба тариқасида 73 та ички ишлар бўлими ташкил этилди. Ходимларнинг 65 фоизи аҳолига яқин бўлиши учун қуйи бўғиндаги ички ишлар бўлимларига ўтказилди. Уларнинг бевосита жойларда самарали хизмат ўташи учун муносиб ижтимоий-маиший шароит яратиб берилди.

Жамоат тартибини сақлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ишлари кенг жамоатчилик иштирокида ташкил этилаётгани самарасида 2018 йилда умумий жиноятчиликни камайтиришга эришилди. «Хавфсиз шаҳар», «Хавфсиз туризм», «Хавфсиз хонадон» тизимлари жорий этилгани, туну кун патруль хизмати йўлга қўйилгани натижасида одамларда адолат ва қонун устуворлигига ишонч пайдо бўлди.

Тошкент шаҳри мисолида кўплаб тажрибалар синовдан ўтказилди. Хусусан, илк бор жамоат жойларида бемақсад юрган, шубҳа уйғотган одамларнинг шахсини аниқлаш, улар иштирокида рўй бериши мумкин бўлган салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ички ишлар ходимлари ахборот-ресурс марказига уланган, барча маълумотларни зудлик билан олиш имкониятига эга планшетлар билан таъминланди.

Юнусобод туманидаги 7-ички ишлар бўлими ҳам замонавий тизим асосида ташкил этилган. Тезкор навбатчилик қисми, профилактика, тергов, жиноят-қидирув бўлинмалари, ички миграция ва фуқароликни расмийлаштириш гуруҳи, психолог фаолияти, ёнғин хавфсизлиги, тез ёрдам, фавқулодда вазиятлар ва бошқа хизматлар бир жойда жамланган. Шунингдек, хотин-қизлар билан яқиндан ишлаш учун аёл инспекторлар фаолияти йўлга қўйилган.

Тезкор навбатчилик қисмида ҳудудни туну кун назорат қилиш имконини берадиган видеокузатув тизими жорий этилган. Бўлим тумандаги 7 та – Увайсий, Юртобод, Шоштепа, Бободеҳқон, Меҳнатобод, Бебор, Оқтепа маҳаллалари аҳолисига хизмат кўрсатади.

 

Президентимиз пойтахт ички ишлар органларини аҳолига янада яқинлаштириш мақсадида ташкилий-штат тузилмасини мақбуллаштириш лойи­ҳаси билан танишди. Унга кўра, ички ишлар ходимларининг 86 фоизини қуйи бўғинга ўтказиш, туман ҳокимлиги, прокуратураси, солиқ инспекцияси ва бошқа идоралар билан ҳамкорликни кенгайтириш режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбари бу таклифни маъқуллаб, жиноятчиликнинг олди олиниши, буни одамлар сезиши учун, аввало, қуйи тизим мустаҳкам бўлиши зарурлигини таъкидлади.

Профилактика ишлари таҳлилга асосланиши керак. Ҳар бир ҳуқуқни муҳофаза қилиш органида жиноятчиликнинг жойи ва тури бўйича чуқур маълумот бўлиши, бунинг учун давлат идоралари, жамоат ташкилотлари мунтазам бирга ишлаши зарур. Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, прокуратура – ҳаммаси халққа хизмат қилиши керак. Шу билан бирга, жамиятда ҳам жаҳолатга қарши маърифат кучли бўлиши лозим. Муҳит шундай бўлиши керакки, ҳеч ким жиноятга қўл ура олмасин, деди Шавкат Мирзиёев.

Профилактика инспекторларини фаолият самарадорлигига қараб рағбатлантириш, профессионаллик даражасини ошириш масаласига эътибор қаратилди. Президентимиз профилактика инспекторлари ва уларнинг ўринбосарларини ўқитиш, малакасини ошириш бўйича Тошкент давлат юридик университетининг махсус филиалини ташкил этиш зарурлигини таъкидлади.

Шу ерда тезкор навбатчилик қисмидаги инновацион технологиялар, ички ишлар ходимларининг ўзаро хабар алмашишини таъминлайдиган «Минор» дастури, ходимлар хизмат ўтаётган жой тўғрисида ахборотни кўрсатиш ва ташвиш хабарини жўнатиш учун мўлжалланган «UzGPS» тизими ҳақида маълумот берилди.

Давлатимиз раҳбари ички ишлар бўлимидаги янги мутахассислар – психолог, вояга етмаганлар ва хотин-қизлар билан ишлаш бўйича профилактика инспекторлари билан суҳбатлашди.

Халқ билан ишлайдиган ходимлар психологияни чуқур билиши, одамларга кўмак, меҳр бериши керак. Жиноятга қўл урган ёшлар, хотин-қизларнинг аввало муаммоларини ўрганиш, маиший муаммолари бўлса, масъул ташкилотлар орқали ёрдам бериш, руҳан қўллаб-қувватлаш зарур. Шундагина уларнинг дунёқараши ўзгаради, натижа бўлади, деди Президент.

Шавкат Мирзиёев мазкур ички ишлар бўлимидаги паспорт хизмати хонасида бўлиб, биометрик паспортларни расмийлаштириш жараёнини кузатди. Жаҳон стандартлари асосида ташкил этилган тергов хонасини кўздан кечирди.

Ички миграция ва фуқароликни расмийлаштириш гуруҳида ҳудуддаги еттита маҳаллада яшовчи фуқароларга тезкор ва сифатли хизмат кўрсатилади. Фуқаролар ҳужжат тўлдириш, паспорт-виза тизими, ички ва ташқи миграция масалаларига оид барча саволларига шу ернинг ўзида жавоб олади, биометрик паспортларни расмийлаштириш электрон навбат орқали амалга оширилади.

Ички ишлар бўлими негизида ташкил этилган фавқулодда хизматларни тезкор бошқаришнинг ягона тизими фаолияти амалда кўрсатиб берилди. Бунда «Қутқариш хизмати – 1050», «Ёнғин хавфсизлиги – 101», «Тез тиббий ёрдам – 103», «Қўриқлаш – 102» техника ва анжомлари намойиш этилди. Бу фавқулодда ҳолатларни тезкор бартараф этишга хизмат қилади.

Президентимиз жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, жумладан, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига замонавий вертолётлар ажратиш бўйича топшириқлар берди.

 

* * *

Шу куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида мамлакатимиз тинчлиги ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш борасидаги келгуси вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Бугунги глобаллашув даврида янгидан-янги таҳдид ва хавф-хатарлар пайдо бўлмоқда, жиноятларни содир этиш усул ва воситалари, хусусиятлари ўзгариб бормоқда. Шуларни ҳисобга олган ҳолда, мамлакатимизда кейинги икки йилда бу борада 100 дан ортиқ қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинди.

Хусусан, ички ишлар тузилмалари ислоҳ қилинди. «Хавфсиз шаҳар», «Хавфсиз туризм», «Хавфсиз хонадон» тизимлари жорий этилди ва туну кун патруль хизмати йўлга қўйилди. Буларнинг самарасида ўтган йили жиноятчилик 33 фоизга камайди.

Кўрилаётган чоралар натижасида фуқароларимизда адолат ва қонун устуворлигига ишонч пайдо бўлмоқда. Лекин хотиржамликка берилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ, ҳали олдимизда қилинадиган ишлар кўп, деди давлатимиз раҳбари.

Йиғилишда жиноятчиликни жиловлашни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш зарурлиги таъкидланди.

Масалан, Андижон вилоятининг деярли барча туманларида оғир турдаги жиноятлар сони ошган. Вилоятда аёллар жиноятчилигининг салмоғи юқори бўлиб, мамлакатдаги кўрсаткичнинг 8,5 фоизини ташкил этган. Қорақалпоғистонда жиноятчилик 31 фоизга камайган бўлса-да, қотиллик ҳолатлари кўпайган. Наманган вилоятида ҳам бу борада аҳвол қониқарсиз.

Ички ишлар вазирлигига юқоридаги масалалар бўйича вазиятни тубдан яхшилаш, чуқур таҳлил асосида мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича «Йўл харитаси» ишлаб чиқиш вазифаси топширилди.

Хабарингиз бор, ўтган йили «ишлаганни – рағбатлантириш, ишламаганни – жазолаш тизими»ни жорий этган эдик. Бугун уни сарҳисоб қиладиган вақт келди, деди Президент.

Жиноятчиликни жиловлашда энг юқори натижага эришган 10 та ҳудуд – Ширин ва Гулистон шаҳарлари, Шаҳрисабз, Янгийўл, Кегейли, Қонликўл, Ховос, Сардоба, Миробод, Ўрта Чирчиқ туманлари ички ишлар бўлимлари бошлиқларини моддий рағбатлантириш, аксинча, бу борада кўрсаткичлари энг салбий бўлган 10 та ҳудуд – Нурота, Нишон, Элликқалъа, Пахтаобод, Дўстлик, Пахтакор, Избос­кан, Бўстонлиқ, Бувайда, Қуйи Чирчиқ туманлари ички ишлар бўлимлари бошлиқларига жарима шаклидаги интизомий жазо қўллаш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.

Энди ҳокимлар ҳам ҳар куни ўз ҳудудидаги жиноятлар билан боғлиқ вазиятни шахсан муҳокама қилиб бориши, шунингдек, жойлардаги Халқ депутатлари кенгашлари жиноятлар билан боғлиқ вазиятни таҳлил қилиб, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этишга ўз ҳиссасини қўшиши кераклиги таъкидланди.

Йиғилишда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Бугунги кунда «Маҳалла посбони» тузилмаси раҳбари лавозими ўрнига профилактика инспекторининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчиси лавозими жорий этилиб, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича уларнинг шахсий жавобгарлиги белгилаб қўйилди. Келгусида жамоат хавфсизлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшган ёрдамчиларга ички ишлар органларининг олий таълим муассасаларига квота асосида ўқишга кириш ҳуқуқи берилиши маълум қилинди.

Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва унга қарши самарали курашиш бўйича «ҳудудлар тажрибаси»ни жорий этиш зарурлиги таъкидланди. Масалан, Тошкент шаҳрида босқинчилик, Фарғонада фирибгарлик, Тошкент вилоятида ўғрилик жинояти кўп содир этилаётганини ҳисобга олиб, уларни профилактика қилиш бўйича ҳудудий усулларни шакллантириш талаб этилади.

Бош прокуратура академияси, Ички ишлар вазирлиги академияси, Миллий гвардия ҳарбий-техника инс­титутига ўзаро ҳамкорликда криминоген вазият оғир бўлган ҳудудларда илмий-тадқиқот ишлари ўтказиб, жиноятчилик аҳволи ўзгаришини криминологик прогнозлаш бўйича услубий қўлланма ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида ички ишлар органларида ишлайдиган психолог-педагоглар мактабини яратиш, олий ўқув юртларида психолог кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш зарурлиги қайд этилди.

Ёнғин хавфсизлигини таъминлаш масаласи муҳокама қилинар экан, ке­йинги вақтда ис газидан заҳарланиш ҳолатлари кўпайиб бораётгани кескин танқид қилинди.

Бунинг асосий сабаби иситиш жиҳозларининг созлигини техник кўрикдан ўтказиш ва таъмирлаш етарли даражада назорат қилинмаяпти. Бу билан нодавлат ташкилот ҳисобланган Ўзбекистон ёнғинга қарши курашиш жамияти шуғулланяпти.

Бош прокуратура ва Адлия вазирлигига ушбу жамият фаолиятини ялпи текширишдан ўтказиш ва соҳани такомиллаштириш бўйича таклиф киритиш вазифаси қўйилди. Бош вазирнинг биринчи ўринбосари, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Қурилиш вазирлигига иситиш жиҳозлари, мўри ва бошқа ускуналарнинг техник ҳолатига масъул давлат идорасини белгилаш, газ ва кўмир асосида иситишга мўлжалланган бино-иншоотларни ис газини ўлчаш ускуналари билан жиҳозлаш бўйича техник регламент ишлаб чиқиш юклатилди.

Йиғилишда аҳолининг мулк дахлсизлигини таъминлаш борасидаги вазифалар ҳам кўриб чиқилди. Эндиликда жамоат хавфсизлиги ва шахсий мулк дахлсизлигини таъминлашга Ички ишлар вазирлиги билан Миллий гвардия баб-баравар жавоб бериши таъкидланди.

Жазони ижро этиш муассасаларида меҳнатга лаёқатли шахсларни иш билан таъминлаш, давлат-хусусий шериклик тамойили асосида янги ишлаб чиқаришларни ташкил этиш бўйича ҳам топшириқлар берилди. Бундай шахсларни касбга ўргатиш эртага улар томонидан такрорий жиноятлар содир этилишининг олдини олишга хизмат қилади.

Видеоселектор йиғилишида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларини ўқитиш, уларнинг касб маҳорати ва маданиятини мунтазам ошириб бориш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳаси учун кадрлар тайёрлаш тизими энг янги ёндашувларга асосланиши, улар шиддат билан ўзгараётган замон ва шарт-шароитларга мос бўлиши зарур. Ёш кадрларда танқидий таҳлил, интизом, ҳалоллик, ватанпарварлик, ташаббускорлик, шахсий жавобгарликни шакллантириш керак, деди Шавкат Мирзиёев.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга раҳбар тайинлашда бутунлай янгича механизм жорий этиш бўйича топшириқ берилди. Унга мувофиқ, номзодлар маълум муддат давомида мақсадли индикаторларга эришиш шарти билан лавозимга тайинланиши, шартлар бажарилмаган тақдирда шартнома муддати узайтирилмаслиги лозимлиги белгиланди.

Фуқароларнинг ҳуқуқий мaдaниятини юксалтириш, аҳолининг барча қатламлари, айниқса, ёшларда ҳуқуқ­бузарликка нисбатан муросасизлик муносабатини шакллантириш жиноятчиликнинг олдини олишда муҳим омил бўлади. Лекин ҳуқуқий тарғибот кўпинча эскича усуллар, мажлисбоз­лик ва юзаки маърузалардан иборат бўлиб қолаётгани сабабли тўла самара бермаётир. Шу боис куни кеча Президент фармони билан тасдиқланган Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепциясини ўз вақтида ва самарали амалга ошириш вазифаси топширилди.

Танқидий руҳда ўтган йиғилишда кадрлар масаласи ҳам кўрилди. Ўз хизмат вазифасини бажаришда камчиликларга йўл қўйган кўплаб раҳбарлар қатъий огоҳлантирилди, айримлари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Видеоселектор йиғилишида жамоат хавфсизлигини таъминлашга масъул давлат органлари раҳбарларининг ҳисобот ва таклифлари тингланди.

 

Матназар ЭЛМУРОДОВ,

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

ЎзА мухбирлари.

Ўхшаш мақолалар

Ҳаммасино кўриш►

12

Сонларни танлаш

09 феврал, Шанба  
12 11 10 9 8 7 6
5 4 3 1

Ҳаммасини кўриш ►

Хабарлар

ҲАР ИШДА ТАШАББУСКОР ЎҚУВЧИЛАР

ИИВ Андижон академик лицейида малакали ўқитувчилар жамланган. Ўз навбатида, ўқувчилар ҳам ўтилаётган мавзуларни яхши ўзлаштириб, саф ва жисмоний тайёргарлик машғулотларида фаол иштирок этмоқда. 


Ҳаммасини кўриш ►

Кўп ўқилганлар

  • КИБЕРЖИНОЯТЧИЛИК – ГЛОБАЛ ХАВФ


    Мамлакатимизда ҳар бир фуқаронинг ўзи истаган ахборотни олиш ва ундан эркин фойдаланиш ҳуқуқи қонун билан кафолатланган. 

    ✔ 23    🕔 12:22, 11.02.2019
  • ТАНҚИДИЙ-ТАҲЛИЛИЙ РУҲДА


    Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, шунинг­дек, секторлар фаолиятини такомиллаштириш, аҳоли муаммоларини ҳал этиш борасида олиб борилаётган ишларни ўрганиш мақсадида Самарқанд вилоятида хизмат сафарида бўлди.


    ✔ 19    🕔 12:16, 11.02.2019
  • ҲАМКОРЛИК КУТИЛГАН  НАТИЖАНИ БЕРМОҚДА


    Юртимизда секторлар фаолияти йўлга қўйилганидан буён фуқароларни қийнаб келаётган турли муаммоларга ўз ўрнида барҳам берилаётгани нафақат уларни қувонтиряпти, балки мустақил давлатимиздан рози бўлиб яшаш ҳамда эртанги куни янада сермазмун ва порлоқ бўлишига ишонч билан интилишга ундамоқда.


    ✔ 29    🕔 10:39, 04.02.2019
  • ОТЧОПАРЛИКЛАРНИНГ ҚУВОНЧИ


    Андижон тумани ИИБ бошлиғи, подполковник Дониёр Ҳамидовга бириктирилган учинчи сектор ҳудудида 19 та маҳалла бор. Бу маҳаллаларда 60 мингга яқин киши истиқомат қилади.


    ✔ 28    🕔 10:30, 04.02.2019
  • ТАНҚИДДАН ХУЛОСА ЧИҚАРИЛДИМИ?


    ПАХТАКОР ВА ДЎСТЛИК ТУМАНЛАРИДА ПРОФИЛАКТИК ИШЛАР КУЧАЙТИРИЛМОҚДА

    10 январь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида мамлакатимиз тинчлиги ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш борасидаги келгуси вазифаларга бағишланган йиғилишда эришилган ютуқлар қаторида, йўл қўйилган хато ва камчиликлар ҳам айтиб ўтилиб, жиноятчиликни жиловлашни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш зарурлиги таъкидланди.

    ✔ 52    🕔 12:20, 28.01.2019
  • Пўлат БОБОЖОНОВ:     ОДАМЛАР ТИНЧ ЯШАШИ УЧУН МАМЛАКАТИМИЗДА  ЖИНОЯТДАН ХОЛИ МУҲИТ ЯРАТИЛАДИ


    Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2019 йилда мамлакатимизни ривожлантиришнинг энг муҳим устувор вазифалари тўғрисидаги парламентга Мурожаатномасида халқимиз тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг барвақт олдини олишга тўхталди.


    ✔ 81    🕔 12:59, 21.01.2019
Ҳаммасини кўриш ►
;