Пўлат БОБОЖОНОВ: ОДАМЛАР ТИНЧ ЯШАШИ УЧУН МАМЛАКАТИМИЗДА ЖИНОЯТДАН ХОЛИ МУҲИТ ЯРАТИЛАДИ

12:59, 21.01.2019
Пўлат БОБОЖОНОВ:     ОДАМЛАР ТИНЧ ЯШАШИ УЧУН МАМЛАКАТИМИЗДА  ЖИНОЯТДАН ХОЛИ МУҲИТ ЯРАТИЛАДИ

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2019 йилда мамлакатимизни ривожлантиришнинг энг муҳим устувор вазифалари тўғрисидаги парламентга Мурожаатномасида халқимиз тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг барвақт олдини олишга тўхталди.



Келгусида бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришга алоҳида эътибор қаратиш, одамлар тинч яшаши учун мамлакатимизда жиноятдан холи муҳит яратиш, соҳани чинакам халқчил тизимга айлантириш зарурлиги таъкидланди.

Қўйилаётган бу каби вазифаларни бажаришда ички ишлар органларида қандай ишлар амалга оширилади? Тизимнинг бугунги ҳолати бунга тайёрми?

Шу каби саволларга жавоб топиш мақсадида ЎзА мухбири Ички ишлар вазири Пўлат БОБОЖОНОВ билан суҳбатлашди.

– Президентимиз халқимизнинг тинчлиги ва фаровонлигини таъминлаш масаласига доимий эътибор қаратмоқда, – деди
П. Бобожонов. – Зеро, якунига етган 2018 йилда жамоат тартибини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Бунда асосий эътибор тизимни халқ манфаатларига хизмат қилишни ўз хизмат бурчи деб биладиган ижтимоий йўналтирилган профессионал тузилмага айлантиришга қаратилди.

Президент қарори асосида Тошкент шаҳрида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш мақсадида
73 та ички ишлар бўлими ташкил этилди. Аҳолига энг яқин жойларда куч ва воситалар фаолиятини бевосита бошқариш ва мувофиқлаштиришнинг самарали тизими яратилди.

Ички ишлар органларининг мутасадди раҳбарлари мунтазам равишда Халқ депутатлари кенгашлари ва аҳоли олдида ҳисобот бериб бормоқда.

«Хавфсиз пойтахт» концепцияси жорий этилди. Бу жараёнда прокуратура, суд, Миллий гвардия, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг янгича механизми яратилди.

Тошкент шаҳрида узлуксиз туну кун хизмат ўташ тартиби ташкил этилиб, жамоат тартибини таъминлаш кучларининг камида 70 фоизи тунги вақтларда хизмат олиб боришга жалб қилиниши натижасида пойтахтда жиноятчиликнинг 49,1 фоизга камайи­шига эришилди. Эндиликда нарядларнинг ҳодиса содир бўлган жойга 5–7 дақиқа ичида етиб боришлари таъминланмоқда.

Тошкент шаҳрида амалга оширилган ислоҳотлар ўзининг ижобий самарасини берганлиги боис ушбу тажриба Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларига ҳам татбиқ этилди.

– Жиноятларнинг олдини олиш, криминоген вазиятни барқарорлаштириш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Ўтган йилда жиноятлар асосан қандай сабаб ва омиллар натижасида содир этилган? Уларнинг олдини олиш бўйича қандай чоралар кўрилган? Энг муҳими, кўрилаётган чоралар натижа беряптими?

– Албатта, жиноятларнинг сабаб­ларини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Оила-турмуш муносабатларида қотиллик ва қасддан баданга оғир тан жароҳати етказиш каби жиноятларнинг содир бўлаётганлиги бу йўналишга кўпроқ эътибор қаратишни талаб этмоқда.

Секторлардаги раҳбарлар билан ҳамкорликда энг қуйи бўғинда аҳоли билан учрашиш, оилалардаги муаммоларни уйма-уй юриб ўрганиш ҳамда бартараф қилиш бўйича аниқ чоралар амалга оширилмоқда. Жамоатчилик ва маҳалла фаоллари билан биргаликда низолашаётган яқин қариндошларни яраштириш чоралари кўрилганлиги натижасида оила-турмуш доирасидаги қотилликлар 19,5 фоизга, оғир тан жароҳати етказиш билан боғлиқ жиноятлар эса 36,3 фоизга камайди.

Муқаддам судланганлар, хотин-қизлар, вояга етмаганлар томонидан содир этилаётган жиноятларнинг олдини олишга ҳам алоҳида эътибор қаратяпмиз. Бу борада Ёшлар иттифоқи, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда бандликка кўмаклашиш марказларининг ўрнини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.

Профилактик ҳисобда бўлган
3,5 мингга яқин вояга етмаган,
55 мингдан ортиқ ёш билан манзилли чора-тадбирлар олиб борилди. Давомат тадбирлари давомида 8 мингга яқин ўғил-қиз (3 мингдан зиёдроғи мактаб, қолганлари лицей ва коллеж ўқувчиси) таълим муассасаларига қайтарилди. Уларни спорт, факультатив тўгараклар, «Баркамол авлод» марказлари ва бизнес шохобчаларига жалб этиш чоралари ҳам кўрилди. Натижада жиноят содир этган ўқувчилар сони
1 минг 565 нафардан 973 нафарга ёки 37,8 фоизга камайди.

Хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда олиб борилган профилактик тадбирлар аёллар томонидан содир этилаётган жиноятларни 37,9 фоизга камайтириш имконини берди.

Ички ишлар органларининг маҳалла фаоллари, Хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи, прокуратура ва бошқа органлар билан ҳамкорлиги натижасида 2018 йилда 2 минг
301 маҳаллада биронта ҳам жиноят содир этилмади. Умумий жиноятчилик эса 2018 йилда 2017 йилга нисбатан 33,5 фоизга камайди.

Бундай салмоқли ва ижобий натижалар, энг аввало, жамоатчиликнинг кенг иштироки билан бевосита боғлиқ. Маҳаллаларда жиноятчиликни жиловлаш, ҳудуднинг криминоген вазиятини барқарорлаштиришни жамоатчилик иштирокисиз тасаввур қилиш қийин. Бироқ, Президентимиз таъбири билан айтганда, хотиржамликка берилишга ҳали эрта.

Шу сабабли, келгусида мамлакатимизда жиноятдан холи муҳит яратиш борасида тизимли равишда кенг қамровли профилактик тадбирлар олиб борилади.

– Жазони ўтаб чиққан шахслар келгусида жиноят содир этишининг олдини олиш бўйича қандай чоралар кўрилмоқда?

– Жиноят содир қилиб, жазони ўтаб чиққан шахсларни ижтимоий мослаштириш, жамиятнинг муносиб аъзоси сифатида шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

2018 йилда озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод қилиниб, ишламай юрган шахсларнинг 88 фои­зи ишга жойлаштирилиб, уларнинг
24 фоизига моддий ёрдам кўрсатилиши натижасида муқаддам судланган шахс­лар томонидан жиноят содир этиш ҳолатлари 49,1 фоизга камайди.

Эътиборли жиҳати – жазони ўташ муассасаларида меҳнатга лаёқатли шахсларни келгусида иш билан таъминлаш, касбга йўналтириш мақсадида касбий таълим марказлари очилади. Маҳкумлар меҳнат бозорида талаб этилаётган касбларга босқичма-босқич ўқитилади.

Жазони ижро этиш тизимида ишлаб чиқариш қувватини оширишга қаратилган ишлар олиб борилиши натижасида 81,9 фоиз маҳкумни меҳнатга жалб этиш имкони яратилди. 2018 йил давомида маҳкумларга тўланган ойлик иш ҳақининг 13,7 миллиард сўми уларнинг оила аъзоларига юборилган.

Бу борадаги ишларни янада жадаллаштириб, келгусида давлат-хусусий шериклик тамойили асосида ишлаб чиқариш қувватларини ошириш, ўтган йилга нисбатан 5 мингдан зиёд янги иш ўрни яратиш, уларнинг ойлик иш ҳақларини 1,5 баробарга ошириш режалаштирилган.

– Гумон қилинувчилар, айбланувчиларга нисбатан зўравонлик ва шафқатсизликка йўл қўймаслик инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг муҳим шартларидан ҳисобланади. Тизимда бундай иллатларнинг олдини олиш ва чек қўйиш борасида қандай чоралар кўрилмоқда?

– Дарҳақиқат, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Тизимда инсон ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш, гумон қилинувчилар, айбланувчиларга нисбатан зўравонлик ва шафқатсизликнинг ҳар қандай кўринишига чек қўйиш энг асосий вазифалардан бири этиб белгиланган. Бу борада Жиноят кодексининг тегишли моддаси янги таҳрирда қабул қилиниб, ушбу ижтимоий хавфли қилмиш учун жазо кучайтирилди.

Давлатимиз раҳбарининг «Суд­-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ижроси вазирлик тизимида алоҳида назоратга олинди.

Энг аввало, ходимларнинг ҳар бир фуқаро билан, шу жумладан, хоҳ у айбланувчи, хоҳ жабрланувчи бўлсин, улар билан хушмуомала бўлиши, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари таъминланиши қатъий белгиланди.

Вазирлик тизимида мавжуд муассаса ва ҳибсхоналарда сақланаётган шахслар, уларнинг яқин қариндошлари томонидан бу борада келиб тушаётган ҳар бир хабарга зудлик билан муносабат билдирилиб, айбдор ходимларга нисбатан кескин жазо чоралари кўрилмоқда.

Айбланувчи, судланувчи ва маҳкумларнинг Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ва прокурор номига йўллаган таклиф, ариза ва шикоятлари кўздан кечирилмаслиги ҳамда муҳрланган тарзда йигирма тўрт соатдан кечиктирмай, телеграммалар эса дарҳол юборилиши таъминланмоқда. Бундай тартиб вазирликнинг тегишли буйруқларида мустаҳкамлаб қўйилган.

Барча ҳудудларда тергов ҳаракатларини аудио ва видео қайд этиш имконини берувчи замонавий тизимлар билан жиҳозланган 21 та махсус хона ташкил этилди.

Тергов ва вақтинча сақлаш ҳибс­хоналари, махсус қабулхоналар, маъмурий қамоқни ўташ жойлари, жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш мақсадида вақтинча сақлаш ҳибсхоналарига 1 минг
814 та, тергов ҳибсхоналарига 123 та, реабилитация марказларига 283 та замонавий видеокузатув воситалари ўрнатилди.

Барча жазони ижро этиш муассасаларининг видеокузатув камералари билан тўлиқ жиҳозланиши натижасида маҳкумлар томонидан жиноят содир этиш ҳолатлари 90 фоизга камайди.

Келгусида ҳам жиноят процессининг ҳар қандай босқичида шахс ҳуқуқ ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш борасида зарур чоралар кўриш давом эттирилади.

– Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 10 январь куни Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги 7-ички ишлар бўлимига ташриф буюрди. Ташриф асносида тизимда амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар қўйилди. Шу ҳақда тўхталсангиз.

– Айтиб ўтиш керакки, Тошкент шаҳри мисолида кўплаб тажрибалар синовдан ўтказилди. Хусусан, Юнус­обод туманидаги 7-ички ишлар бўлимида ички ишлар органлари билан бирга, бошқа тезкор хизматларнинг фаолияти инновацион шакл ва усулларда ташкил этилди. Бўлим тумандаги 7 та маҳалла аҳолисига хизмат кўрсатади. Жумладан, ички ишлар тизимидаги тезкор навбатчилик қисми, профилактика, тергов, жиноят қидирув бўлинмалари, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш гуруҳи билан бирга тез ёрдам, ёнғин хавфсизлиги, қўриқлаш, қутқарув ва бошқа хизматлар бир жойда жамланиб, уларнинг ҳамкорликдаги фаолияти йўлга қўйилди. Шу билан бирга, бўлимда психолог ва хотин-қизлар билан ишлаш бўйича профилактика инспектори ўз фаолиятини бошлади.

Бундан кўзланган асосий мақсад ички ишлар органларини фуқароларимизга янада яқинлаштириб, уларга ўз вақтида сифатли хизмат кўрсатилишини таъминлашдир.

Келгусида барча ички ишлар бўлимларида Юнусобод туманидаги 7-ички ишлар бўлими тажрибаси асосида хизматни ўташ ташкил этилади.

Шу куни давлатимиз раҳбари бош­чилигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида 2018 йилда содир этилган 3 минг 737 та жиноят «иссиқ изи»дан фош этилмаганлиги ўринли танқид қилинди. Ўтган йилда аввалги йилларда фош этилмай қолган 1 минг
923 та жиноят фош этилиб, суд ва тергов идораларидан яширинган қидирувдаги 4 минг 84 нафар шахс ушланган бўлса-да, жиноятларни фош этишда янги усул ва технологиялардан кенг фойдаланилмаётганлиги мазкур йўналишдаги ишларни қайтадан кўриб чиқишни тақозо этмоқда.

Айни пайтда Бош прокуратура, Миллий гвардия ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар белгиланди.

Йиғилишда жиноятчиликни жиловлашни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизимини такомиллаштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Айниқса, давлатимиз раҳбари ёнғинлар, ис газидан заҳарланиш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш борасидаги ишларнинг етарли самара бермаётганлиги, бу борада инновацион технологиялардан лозим даражада фойдаланилмаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Биз келгуси фаолиятимизда бу каби камчиликларни, албатта, бартараф этамиз.

Айтиб ўтиш керакки, Президентимиз ташаббуси билан «Маҳалла посбони» тузилмаси раҳбари лавозими ўрнига профилактика инспекторининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчиси лавозими жорий этилди. Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича уларнинг шахсий жавобгарлиги белгилаб қўйилди. Бу борада мазкур тузилмага ана шу талабга тўлиқ жавоб бера оладиган муносиб кадрлар танлаб олинмоқда.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳаси учун кадрлар тайёрлаш тизими энг янги ёндашувларга асосланиши, улар шиддат билан ўзгараётган замон ва шарт-шароитларга мос бўлиши зарурлигига ҳам эътибор қаратилмоқда.

Дарҳақиқат, кадрлар салоҳияти замон талабига жавоб берса, улар интизомли ва ҳалол бўлсагина биз кўзлаган мақсадларимизга эришамиз. Бу борадаги фаолиятимиз тубдан қайта кўриб чиқилади.

– Давлатимиз раҳбари парламентга Мурожаатномасида аҳоли билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотларни ташкил этишга алоҳида тўхталди. Вазирлик томонидан бу борада қандай амалий тадбирлар амалга оширилмоқда?

– Аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш фаолиятимиздаги устувор вазифалардан бири саналади. Фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг самарали тизимини яратиш мақсадида ҳар бир шаҳар ва туманда мурожаатлар билан ишлаш учун алоҳида лавозим жорий қилинди.

Фуқаролардан ўз вақтида мурожаатларни қабул қилиш ҳамда уларга қисқа муддатда муносабат билдириш мақсадида вазирликда туну кун ишловчи «Ишонч телефони» фаолияти йўлга қўйилган. «Ишонч телефони» бўйича вазирлик раҳбариятининг кундалик назорати ўрнатилган.

Бундан ташқари, ҳудудларда ички ишлар вазирининг сайёр қабуллари ташкил қилиниб, муаммолар ҳудуднинг ўзида ўрганилмоқда. 2018 йилда 6 минг 200 дан зиёд фуқаро билан учрашувлар ўтказилиб, 3 минг
504 нафар фуқаронинг мурожаатларидаги масалалар ижобий ҳал этилди.

Шу билан бирга, 86 минг 523 нафар фуқаро ички ишлар органларининг раҳбарлари томонидан шахсан қабул қилинган. Жами тизим бўйича жисмоний ва юридик шахс­ларнинг 393 минг 493 та мурожаати кўриб чиқилди.

Интернет тармоқларида вазирлик, унинг соҳавий хизматлари ҳамда таркибий бўлинмаларининг веб-сайти, «facеbook», «telegram» саҳифалари очилган. Аҳоли улар орқали ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан мурожаат қилмоқда ва тезкорлик билан жавоб олмоқда.

Аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш мақсадида аҳоли гавжум бўлган жойларга ҳудудлардаги ички ишлар бўлинмалари раҳбарларининг телефон рақамларига оид маълумотлар ҳам ўрнатилган.

Жамоатчилик ёрдамида аҳоли билан бевосита мулоқотнинг йўлга қўйилиши, секторларга жалб қилинган ходимлар томонидан фуқароларнинг муаммоларини улар мурожаат қилишидан олдин аниқлаб, бартараф этиш чоралари кўрилганлиги натижасида мурожаатлар сони 127 мингтага камайишига эришилди. Келгусида ҳам жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларининг ўз вақтида кўриб чиқилиши ҳамда улардаги масалалар қонуний ечимини топиши доимий диққат-эъти­боримизда бўлади.

– Ички ишлар органлари ходимлари томонидан содир этилиши мумкин бўлган салбий ҳолатларга барҳам бериш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда?

– Фуқароларнинг ички ишлар органларига бўлган ишончини ошириш учун комплекс тадбирлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг 2018 йил
23 августдаги «Ички ишлар органлари бош­қарув, назорат ва шахсий таркиб билан ишлашнинг самарали тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида кадрлар билан ишлаш тизими қайта кўриб чиқилди.

Тизимдаги 19 минг нафар ходим аттестациядан ўтказилди. Ижобий натижаларга эришган, ташаббускор
7 минг 678 ходимга навбатдаги махсус унвонлар берилди, 1 минг 12 ходим раҳбар кадрлар захирасига киритилди.

Эгаллаб турган лавозимида беш йилдан ортиқ хизмат қилаётган
346 раҳбарнинг фаолияти танқидий ўрганилиб, 172 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилиб, ўрнига ташаб­бускор янги раҳбарлар тайинланди.

Ўз устида лозим даражада ишламаган 383 нафар раҳбар ходим олти ойдан кейин қайта аттестациядан ўтиши, 81 нафари паст лавозимга тайинланиши тўғрисида қарор қабул қилинди, 59 нафари ички ишлар органлари сафидан бўшатилди.

Ўз навбатида, тизимда порахўрликка қарши курашиш борасида ҳам аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Фуқаролар томонидан таклиф қилинган пора сифатидаги пулларни олмасдан, пора бериш жиноятини фош этишда шахсий ташаббус кўрсатган ички ишлар органлари ходимлари рағбатлантириб борилмоқда. Бунда 77 нафар ходимнинг пора таклиф қилган шахсларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб қилган мурожаатига асосан, айбдор фуқароларга нисбатан қонуний чоралар кўрилиши таъминланди.

Халқимизда «Гуруч курмаксиз бўлмайди» деган нақл бор. 2018 йилда тизимда хизмат қилган 174 нафар ходим содир этган турли жиноятлари учун жавобгарликка тортилди. Бу кўрсаткич ўтган йилларга нисбатан сезиларли даражада пасайган бўлса-да, ички ишлар ходими томонидан ҳар қандай жиноят содир этилишининг ўзи фавқулодда ҳолат ҳисобланади. Бу борада биз кўзланган натижага эриша олганимиз йўқ.

Интернет тармоқларини мунтазам равишда кузатиб бориб, ички ишлар ходимларига нисбатан билдирилган ҳар бир фикрнинг асослилигини текшириб, синчковлик билан ўрганиб бор­япмиз. Сафимизни нопок ходимлардан тозалашга қаратилган тадбирлар келгусида ҳам қатъият билан давом эттирилади.

Ўтган йил ички ишлар органлари учун ислоҳотларга бой йил бўлди, десам муболаға бўлмайди. Давлатимиз раҳбарининг қарори билан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг байроғи ва эмблемаси тасдиқлангани ҳам соҳамизга бўлган юксак эътибор намунаси бўлди.

Эндиликда Президентимиз қайд этганидек, биз қанчалик қийин бўлмасин, чекка-чекка ҳудудларда ҳам «Жиноят ҳақиқати ва адолати» тамойилини албатта жорий этишимиз керак. Яъни жиноят сўзсиз фош этилиши ва айбдор жазоланиши шарт.

Бунинг учун бизда шарт-шароитлар етарли. Жорий йилда ҳар бир жиноят ёки ҳуқуқбузарликнинг барвақт олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича ҳар бир ҳудуд ўзига хос тажрибасини яратиши учун барча имкониятлар ишга солинади.

Одамлар тинч яшаши учун мамлакатимизда жиноятдан холи муҳит яратишга, албатта, эришамиз.

 

ЎзА мухбири

Норгул АБДУРАИМОВА

суҳбатлашди.

Ўхшаш мақолалар

Ҳаммасино кўриш►

12

Сонларни танлаш

09 феврал, Шанба  
12 11 10 9 8 7 6
5 4 3 1

Ҳаммасини кўриш ►

Хабарлар

ҲАР ИШДА ТАШАББУСКОР ЎҚУВЧИЛАР

ИИВ Андижон академик лицейида малакали ўқитувчилар жамланган. Ўз навбатида, ўқувчилар ҳам ўтилаётган мавзуларни яхши ўзлаштириб, саф ва жисмоний тайёргарлик машғулотларида фаол иштирок этмоқда. 


Ҳаммасини кўриш ►

Кўп ўқилганлар

  • КИБЕРЖИНОЯТЧИЛИК – ГЛОБАЛ ХАВФ


    Мамлакатимизда ҳар бир фуқаронинг ўзи истаган ахборотни олиш ва ундан эркин фойдаланиш ҳуқуқи қонун билан кафолатланган. 

    ✔ 23    🕔 12:22, 11.02.2019
  • ТАНҚИДИЙ-ТАҲЛИЛИЙ РУҲДА


    Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, шунинг­дек, секторлар фаолиятини такомиллаштириш, аҳоли муаммоларини ҳал этиш борасида олиб борилаётган ишларни ўрганиш мақсадида Самарқанд вилоятида хизмат сафарида бўлди.


    ✔ 19    🕔 12:16, 11.02.2019
  • ҲАМКОРЛИК КУТИЛГАН  НАТИЖАНИ БЕРМОҚДА


    Юртимизда секторлар фаолияти йўлга қўйилганидан буён фуқароларни қийнаб келаётган турли муаммоларга ўз ўрнида барҳам берилаётгани нафақат уларни қувонтиряпти, балки мустақил давлатимиздан рози бўлиб яшаш ҳамда эртанги куни янада сермазмун ва порлоқ бўлишига ишонч билан интилишга ундамоқда.


    ✔ 29    🕔 10:39, 04.02.2019
  • ОТЧОПАРЛИКЛАРНИНГ ҚУВОНЧИ


    Андижон тумани ИИБ бошлиғи, подполковник Дониёр Ҳамидовга бириктирилган учинчи сектор ҳудудида 19 та маҳалла бор. Бу маҳаллаларда 60 мингга яқин киши истиқомат қилади.


    ✔ 28    🕔 10:30, 04.02.2019
  • ТАНҚИДДАН ХУЛОСА ЧИҚАРИЛДИМИ?


    ПАХТАКОР ВА ДЎСТЛИК ТУМАНЛАРИДА ПРОФИЛАКТИК ИШЛАР КУЧАЙТИРИЛМОҚДА

    10 январь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида мамлакатимиз тинчлиги ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш борасидаги келгуси вазифаларга бағишланган йиғилишда эришилган ютуқлар қаторида, йўл қўйилган хато ва камчиликлар ҳам айтиб ўтилиб, жиноятчиликни жиловлашни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш зарурлиги таъкидланди.

    ✔ 52    🕔 12:20, 28.01.2019
  • Пўлат БОБОЖОНОВ:     ОДАМЛАР ТИНЧ ЯШАШИ УЧУН МАМЛАКАТИМИЗДА  ЖИНОЯТДАН ХОЛИ МУҲИТ ЯРАТИЛАДИ


    Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2019 йилда мамлакатимизни ривожлантиришнинг энг муҳим устувор вазифалари тўғрисидаги парламентга Мурожаатномасида халқимиз тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг барвақт олдини олишга тўхталди.


    ✔ 81    🕔 12:59, 21.01.2019
Ҳаммасини кўриш ►
;