Юртимизда секторлар фаолияти йўлга қўйилганидан буён фуқароларни қийнаб келаётган турли муаммоларга ўз ўрнида барҳам берилаётгани нафақат уларни қувонтиряпти, балки мустақил давлатимиздан рози бўлиб яшаш ҳамда эртанги куни янада сермазмун ва порлоқ бўлишига ишонч билан интилишга ундамоқда.
Бўка тумани ИИБ
бошлиғи, полковник Илҳомбой Худойберганов раҳбарлик қилаётган учинчи секторга ўнта
маҳалла биркитилган. Ушбу маҳаллаларда дастлабки кундан бошлаб аҳолининг турмуш
тарзи, мавжуд ижтимоий муаммолар жиддий ўрганилди. Бу жараёнда кўчаларнинг ҳолати,
узлуксиз тоза ичимлик суви, газ ва электр таъминоти, аҳоли бандлигига эришиш
масалалари ҳам назардан четда қолмади.
Аҳолининг доимий
иш билан бандлиги жиноятчиликнинг камайишида муҳим омил саналади. Буни яхши
англаб етган сектор раҳбари кўмаги билан бир миллиард сўмдан ортиқроқ банк
кредитлари олиниб, 8 та иссиқхона, 32 та паррандачилик, қуёнчилик ва ҳунармандлик
шохобчаси ташкил этилди. Эндиликда уларда юзлаб ёшлар меҳнат қилиб, юрт тараққиётига
муносиб ҳисса қўшишмоқда.
Учинчи сектор фуқароларнинг
тадбиркорлик билан шуғулланишига ҳам имкон бермоқда: учрашувларда улардан тушаётган
таклифлар инобатга олиниб, синов тариқасида ҳар бир маҳаллада биттадан
тикувчилик цехи очилганди. Бугун уларда меҳнат қилаётган хотин-қизларнинг моҳир
қўлларида тайёрланаётган маҳсулотлар нафақат тумандаги, балки бошқа жойлардаги
бозорларда ҳам ўз харидорларини топмоқда.
– Ҳунарсиз бўлганим ва ёшим бир жойга бориб қолгани сабабли иш сўраб
борган ташкилотларнинг бирортасидан жўяли фикр чиқмади. Шунда Даштобод маҳалласида
туман ИИБ бошлиғи ўтказган йиғилишда дилимдагини айтдим. Шу жойнинг ўзида
мутасаддиларга топшириқ берилди. Эртаси куни эса Бўкадаги чеварчилик
корхонасига олиб бориб, икки ҳафта тикиш-бичишни ўргатиб, сўнг имтиёзли кредит
билан тикув машиналарини олиб келиб беришди. Ҳозир қизим билан болалар
кийим-кечакларини тикяпмиз. Бозорда харидорларимиз кўп. Рўзғоримизни бутлаб
олдик, – дейди фуқаро Гулчеҳра Розиқова.
Йиллар давомида ўйдим-чуқур
бўлиб кетган ички йўлларга асфальт ётқизилди. Оқбалиқ, Жағалабайли маҳаллаларидаги
ташландиқ ҳолга келиб қолган сув иншоотлари «Бўкасувоқова» балансига киритилди
ва аҳолининг тоза ичимлик сувига бўлган талаби қондирилди.
Ёшларнинг
жисмонан соғлом бўлиб вояга етишиши масаласи ҳам сектор фаолиятининг асосий йўналишига
айланди. Чунончи, 8 та мактабда спорт тўгараклари иши йўлга қўйилди. Натижада
якунланган йилда туман ёшларидан беш нафари республика миқёсида ўтказилган
мусобақаларда қатнашиб, ғолиб бўлишди.
Туман ҳудудида
Бекобод шаҳри, Сирдарё вилояти ва Фарғона водийси, шунингдек, қўшни Тожикистон
Республикасига ўтадиган йўллар бор. Кейинги йилларда бу ерга савдо-сотиқ ишлари
билан ёки меҳмонга келиб, жиноят содир этганлар кўп бўлди ва жиноятларни «иссиқ
изида» очиш бироз қийинлашди. Шу инобатга олинган ҳолда, Бўка – Бекобод йўналишидаги
магистрал йўлнинг олтита жойига видеокузатув камералари ўрнатилди. Эндиликда
туман ИИБ навбатчилик қисми онлайн тарзда тўғридан-тўғри кузатув олиб бормоқда.
Шунингдек, туман ҳудудидаги 40 та маҳалла фуқаролар йиғинининг кириш кўчалари
ва аҳоли гавжум жойларда жамоатчилик кузатув масканлари барпо этилди. Натижада
ўтган йили жиноятчилик сезиларли даражада камайди. Сўнгги ўн йилда илк марта
бундай ютуққа эришилгани учун ходимларнинг асосий қисми рағбатлантирилди.
Эътироф этиш лозимки, буларнинг бари ҳамкорликдаги ҳаракат самарасидир.
Шунинг учун бу тажриба жорий йилдан бошлаб барча туман ва шаҳарларда қўлланила
бошланди.
Абдусами
ҲАҚБЕРДИЕВ.
Тошкент
вилояти.