ВАТАН ДЕБ УРГАН ЮРАК МАНГУ БАРҲАЁТ

10:41, 04.02.2019
          ВАТАН ДЕБ УРГАН ЮРАК МАНГУ БАРҲАЁТ

Умрини эзгуликка эш қилган, Ватан ва халқ учун хизмат қилишни ҳаётининг бош мезонига айлантирган инсонлар хотираси тошга ўйилган нақш каби мангу яшайди. Марҳум устоз, истеъфодаги генерал-майор Ғофуржон Раҳимов ҳам ана шундай ибратли умр соҳиби эди. 


 У бутун ҳаёти ва фаолиятини мамлакатимизда тинчликни сақлаш, халқимиз осойишталигини таъминлаш, ички ишлар органлари фаолиятини самарали ташкил этиш ва тизим учун етук шогирдлар тарбиялашга бағишлади.

Куни кеча ИИВ Академия­сида Ғофуржон Раҳимов хотирасига бағишланган илмий-маърифий анжуман бўлиб ўтди. Тадбирда ИИВ ҳамда таълим муассасаси раҳбарияти ва ходимлари, Фахрийлар кенгаши аъзолари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фахрийлари, устоз­нинг оила аъзолари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Анжуман халқимизга хос хайрли амал билан бошланди. Эрта тонгда тадбир иштирокчилари Ғофуржон Раҳимов мангу қўним топган қабрни зиёрат қилиб, марҳум хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар.

Тадбирнинг тантанали қисми ИИВ Академиясининг Маънавият ва маърифат марказида бўлиб ўтди. Уни Академия бош­лиғи,
генерал-лейтенант Баҳодир Матлюбов очиб берди ва мус­тақил Ўзбекистоннинг ички ишлар органлари тизимига тамал тошини қўйганлардан бири бўлган Ватаннинг содиқ фарзандини хотирлади.

– Бугун нафақат ушбу анжуманда иштирок этаётган ва устозни ёдга олиш учун келган меҳмонлар, балки рес­публика ички ишлар органларида узоқ йиллар меҳнат қилиб, истеъфога чиққан ҳамда айни пайтда соҳада ишлаётган минг­лаб ходимлар бевосита генерал-майор Ғофуржон Раҳимовнинг шогирдлари ҳисобланади, – дея сўз бошлади генерал-лейтенант Баҳодир Матлюбов. – Ғофуржон Раҳимов Ички ишлар вазири ўринбосари лавозимида ишлаган пайтларида лавозимдан лавозимга ўтиш учун бир неча маротаба мени суҳбатдан ўтказган. Айрим вазир ўринбосарлари номзодларни гуруҳ-гуруҳ ҳолда қабул қилар эди. Аммо Ғофуржон Раҳимов ҳар сафар номзод билан якка, юзма-юз ўтирган ҳолда суҳбатлашарди. Номзод ўзи ишлаётган туман ёки вилоятдаги умумий вазият, жиноятчилик кўрсаткичи, муаммоли масалалар юзасидан ҳар қандай саволга тайёр туришига тўғри келарди.

Академия бошлиғи сўзида давом этиб, ушбу анжуман ташкил этилишидан кўзланган асосий мақсад бутун умрини халқ учун бахшида этган бу каби инсонларнинг ҳаёт йўлини, улардаги фидойилик ва ватанпарварлик хислатларини ёш ходимларга, курсантларга ўрнак сифатида етказиб беришдан иборат эканлигини таъкидлади.

Шундан сўнг сўзга чиққан Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Рустам Хатамов бугун ислоҳотлар жараёнида ички ишлар органлари тизимида узоқ вақт фаолият кўрсатган, давр синовларида тобланган, бой тажрибаси, билими билан соҳа ривожига беқиёс ҳисса қўшган фидойи инсонларни вазирлик раҳбарияти қадрлашига алоҳида тўхталиб ўтди.

– Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида сўнгги икки йилда жамиятимизнинг барча жабҳаларида том маънода оламшумул ўзгаришлар амалга оширилди. Барча ютуқларнинг энг биринчи омили сифатида юртимизнинг осойишталиги, элимизнинг тинч ва хотиржам ҳаёт кечириши ва меҳнат қилиши учун шароитлар яратиб берилган, – деди вазир ўринбосари. – Ички ишлар органлари ходимларининг вазифалари дои­раси кенгайди, иш услуби ва усуллари такомиллашди, моддий-техник базаси мустаҳкамланди, шахсий таркиб сафи ишчан, ташаб­бускор, ўзига ва ўзгаларга талабчан, сўзи ва иши бир тажрибали ходимлар билан бойиди.

Бугун биз ички ишлар органларида узоқ йиллар самарали хизмат қилиб, умрининг сўнгги дамларига қадар биз билан бир сафда туриб, ёшларни тарбиялашда жонбоз­лик кўрсатган азиз инсон – марҳум устозимиз Ғофуржон Раҳимов хотирасини, унинг ҳаётлик чоғида амалга оширган эзгу ишларини ёд этиш учун жам бўлдик.

Генерал-майор Ғофуржон Раҳимов ички ишлар органлари ходимлари учун том маънода ибрат бўлган ҳақиқий ватанпарвар ва фидойи инсон эди. Узоқ йиллар мобайнида мамлакатимизда жиноятчиликнинг олдини олиш, айниқса, уюшган жиноий гуруҳларга қарши курашиш ва эл-юрт осойишталигини таъминлашга, ички ишлар органлари обрўсини оширишга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган устозни бугунги кунда хизматдошлари ҳамда тизимдаги барча ходимлар ҳақли равишда «Оқсоқол» дея эъзоз билан тилга олади.

Ғофуржон Раҳимов кўп йиллик бой ҳаётий тажрибаси, ишчанлиги, талабчанлиги, ҳалоллиги, юксак ташкилотчилик қобилияти, одамлар билан дилдан суҳбатлаша олиш маҳорати, ғайрат ва шижоати билан ана шундай эътирофга сазовор бўлганлигини айтиш мумкин.

Дарҳақиқат, Иккинчи жаҳон урушининг бир-биридан оғир йиллари, ўзбек миллатига нисбатан «Пахта иши» номи остида қатағон эълон қилинган даҳшатли йиллару жиноятчиликнинг турли кўринишлари, миллатлараро зиддиятлар билан кечган мустақиллигимизнинг илк даврларини қамраб олган инсон умри осон кечмаган.

Ғофуржон Раҳимов 1951 йилда Тошкент ўрта махсус милиция мактабини имтиёзли диплом билан тамомлаб, хизмат фаолиятини Андижон вилояти ИИБда тезкор вакил сифатида бошлаган. 1967 йилгача катта тезкор вакил, бўлим бошлиғи ўринбосари лавозимларида жиноятчиликка қарши курашган Ғофуржон Раҳимов кейинчалик бошқарма бош­лиғи ўринбосари, 1979–1983 йилларда Андижон вилояти ИИБ бошлиғи, 1983–1985 йилларда эса Бухоро вилояти ИИБ бошлиғи лавозимларида оғир ва машаққатли йўлни босиб ўтди.

У 1985–1991 йиллар мобайнида Ички ишлар вазири ўринбосари, 1992–1993 йилларда эса вазирнинг биринчи ўринбосари сифатида республикада жиноятчиликнинг олдини олиш, эл-юрт осойишталигини таъминлаш, уюшган жиноятчиликка қарши курашиш каби мураккаб вазифаларни муваффақият билан бажаришга бор куч ва имкониятини, бутун маҳорати, узоқ йиллар давомида орттирган бой тажрибасини сафарбар этди.

Шунингдек, ИИВ Фахрийлар кенгаши раиси вазифасини бажарувчи, истеъфодаги полковник Ўткир Жўраев, қадрдон дўсти ва маслакдоши Рим Гиниятуллин, устознинг кўплаб шогирдлари йиллар сарҳадлари оша ажиб хотираларни сўзлаб бердилар.

Тадбир сўнгида Ғофуржон Раҳимовнинг ўғли полковник Ғуломжон Раҳимов отасининг хотирасига ҳурмат бажо келтирилгани учун ИИВ раҳбария­тига ҳамда ташриф буюрган барча меҳмонларга оиласи номидан миннатдорлик билдирди.

– Отам ҳар қандай вазиятда хизмат бурчини сидқидилдан ва масъулият билан бажариш лозимлигини уқтириш баробарида, оилани унутиб қўймаслик тамойилига амал қиларди, – деди Ғ. Раҳимов. – Хизмат пиллапояларидан юқорилар эканман, улар «эркак кишининг оиласи тинч бўлса, ҳар қандай оғир вазифани уддалаши мумкин. Вазифангни сўзсиз адо эт, аммо оила эсдан чиқмасин», деб мудом эслатиб турардилар.

Умр йўлдоши Хоназмхон ая билан биргаликда ўзлари каби элу-юрт корига ярайдиган фарзандларни тарбиялаб вояга етказган Ғофуржон Раҳимов, дарҳақиқат, оилада меҳрибон ва талабчан ота эди.

Ички ишлар органларида кичик лейтенант унвонидан генерал-майор махсус унвонигача бўлган шарафли йўлни босиб ўтган Ғофуржон Раҳимов 1993 йилда ИИВ Фахрийлар кенгаши раислигига сайланиб, умрининг охирига қадар ушбу вазифада фаолият кўрсатди.

«Кексалик – бекорчилик эмас», деган ҳикматли гапни тез-тез такрорлаб туришни хуш кўрган устоз ИИВ Фахрийлар кенгаши раиси сифатида ички ишлар органлари ходимларини ватанпарварлик ва бурчга садоқат руҳида тарбиялаш ишига катта ҳисса қўшди. Йиллар синовидан ўтган тажрибасини ёшларга ўргатиб, уларга соҳадаги машаққатларни енгиб ўтишида кўмак берди.

Ватан учун хизматни муқаддас бурч билган генерал-ма­йор Ғофуржон Раҳимовнинг порлоқ хотираси юрт тинчлиги, халқнинг фаровон турмушини таъминлаш йўлида хизмат қилаётган ҳар бир ички ишлар органлари ходими учун ёрқин маёқ каби порлаб туради.

 

Зокиржон АЛМАТОВ, Ички ишлари вазири маслаҳатчиси, генерал-полковник:

– Ички ишлар органлари ривожига улкан ҳисса қўшган, соҳа ходимларига катта намуна бўла оладиган инсон хотирасига бағишлаб бундай анжуман ташкил этилгани учун ИИВ ҳамда Академия раҳбариятига чуқур миннатдорлик билдираман.

Ҳар бир инсон ҳаёти давомида ўзидан муносиб из қолдиришни истайди. Ғофуржон Раҳимов бутун умрини эзгуликка, халқ хизматига бахшида этган инсон эди. Ватанимиз мустақилликка эришган дастлабки йиллардаги оғир ва қалтис даврда юртимизда тинчликни сақлаб қолишда мисли кўрилмаган ишларни адо эта олди.

Устоз қанча суҳбатлашсанг, яна ҳамсуҳбат бўлгинг келадиган дилкаш инсон эди. Бугун ички ишлар органлари ходими бўлишни дилига туккан ҳар бир йигит-қиз Ғофуржон Раҳимовнинг ҳаёти ва хизмат фаолиятидан ўрнак олиши лозим.

 

* * *

Қутбиддин БУРҲОНОВ, ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор:

– Мен ИИВ Олий мактаби, ҳозирги ИИВ Академиясини битириб, хизмат фаолиятимни Андижон вилояти ички ишлар органларида бошлаган пайтимда Ғофуржон Раҳимов ИИБ бошлиғининг ўринбосари эди. Бу инсон хатога йўл қўйган ходимни ҳам шахсиятига тегадиган тарзда ёки баланд овозда койимасди. Аммо шундай услубда танбеҳ берардики, билдирилган ишончни йўқотмаслик учун ходим бор имкониятини янада масъулиятли ва тартибли бўлишга йўналтиришига тўғри келар эди.

Ходимларга ва ишни тўғри ташкил этишга нисбатан бундай ёндашув кўп йиллар давомидаги фаолиятимда ўз самарасини бериб келмоқда. Чунки раҳбар ходимларнинг салоҳиятига самимий ва қатъий ишонч билдирилганда улар ҳам ана шу ишончга муносиб бўлишга ҳаракат қилади.

 

* * *

Ирода МУҲАМЕДОВА, Андижон вилояти ИИБ Молиявий таъминот хизмати бўлим бошлиғи, капитан, Ғофуржон Раҳимовнинг набираси:

— Ички ишлар органларида хизмат қилаётганимга ҳам ўн тўққиз йил бўлди. Бобомга ҳавас қилиб шу соҳани танлаганман ва доимо у кишининг маслаҳатларига таянганман. Бобом ички ишлар органлари ходими ҳушмуомала, одамларга меҳрибон ва жонкуяр бўлиши лозимлигини уқтирарди. Ҳар сафар суҳбатлашганимизда, ҳалол ва тўғрисўз бўлиш инсонни юксалтиради, дея насиҳат қилишдан чарчамас эди.

Айниқса, фарзанд тарбиясига эътибори жиддий эди. Ҳатто телефон орқали гаплашганимизда ҳам, фарзандларингни назорат қилиш ёдингдан кўтарилмасин, ўқишига, юриш-туришига эътиборли бўл, деб тайинлардилар.

Халқ манфаати, Ватан равнақи йўлида фидойилик қилган инсон абадий эъзозда бўлишига бобом Ғофуржон Раҳимовнинг ҳаёти ёрқин мисол бўла олади. Жуда меҳнатсевар, меҳрибон инсон эди, шогирдларининг, сафдошларининг доимо эъзозида бўлди. Вафотидан кейин ҳам бобомнинг хотирасига эҳтиром кўрсатилиб, у кишини ёдга олиб, ибратли ҳаётининг ёшларга намуна қилиб кўрсатилиши бизни бениҳоя қувонтиради.

Қўшсаҳифани лейтенант Жамшид ХОЛОВ,

Санжар ҚУРБОНМУРОТОВ,

Абу КЕНЖАЕВ (суратлар) тайёрлади.

Ўхшаш мақолалар

Ҳаммасино кўриш►

12

Сонларни танлаш

09 феврал, Шанба  
12 11 10 9 8 7 6
5 4 3 1

Ҳаммасини кўриш ►

Хабарлар

ҲАР ИШДА ТАШАББУСКОР ЎҚУВЧИЛАР

ИИВ Андижон академик лицейида малакали ўқитувчилар жамланган. Ўз навбатида, ўқувчилар ҳам ўтилаётган мавзуларни яхши ўзлаштириб, саф ва жисмоний тайёргарлик машғулотларида фаол иштирок этмоқда. 


Ҳаммасини кўриш ►

Кўп ўқилганлар

  •           ВАТАН ДЕБ УРГАН ЮРАК МАНГУ БАРҲАЁТ


    Умрини эзгуликка эш қилган, Ватан ва халқ учун хизмат қилишни ҳаётининг бош мезонига айлантирган инсонлар хотираси тошга ўйилган нақш каби мангу яшайди. Марҳум устоз, истеъфодаги генерал-майор Ғофуржон Раҳимов ҳам ана шундай ибратли умр соҳиби эди. 

    ✔ 37    🕔 10:41, 04.02.2019
  • ИБРАТГА ЙЎҒРИЛГАН УМР


    Истеъфодаги генерал-майор, чорак аср ИИВ Фахрийлар кенгаши раиси лавозимида фаолият юритган Ғофуржон Раҳимов ҳаёт бўлганида 90 ёшни қаршиларди. Бугун унинг шарафли ишини яқинлари, ҳамкасб шогирдлари давом эттиряпти. Зеро, яхшиларнинг ибрат мактаби йўлчи юлдуз сингари умр йўлларини нурафшон айлайверади.


    ✔ 35    🕔 10:27, 04.02.2019
  • ҲАЁТ ЙЎЛИ ЁШЛАРГА ИБРАТ


    Тақдир инсонга тиришқоқлик, ҳаракатчанлик сифатлари ҳамда бошқаларга яхшилик қилишдек эзгу ва савобли ишларни амалга ошириш имконини берса, бошқалар бу йўлда унга тўсқинлик қилолмас экан.


    ✔ 44    🕔 12:15, 28.01.2019
  • АҲОЛИ МАНФААТИНИ КЎЗЛАБ


    Бугунги кунда республикамиздаги энг чекка қишлоқ ва маҳаллаларда ҳам одамлар руҳияти, кайфиятида янгиланиш, ўзгаришлар ифодасини кўриш мумкин. Бунинг боиси халқимизнинг турмуш фаровонлигини ошириш, аҳолига намунали шарт-шароитлар яратиш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилаётганлигидир. 

    ✔ 161    🕔 13:06, 17.12.2018
  • Сарҳадларда мудом сергакмиз


    Халқимизда хотиржам яшамоқчи бўлсанг, деворингни мустаҳкам қил, деган нақл бор. Давлатнинг девори эса сарҳадлар ҳисобланади. Чегараларда хотиржамлик, осойишталик ҳукм суриб, турли бузғунчилик ҳаракатларидан холи бўлса, демак, сарҳадлар мустаҳкамдир.

    ✔ 156    🕔 12:08, 03.12.2018
  • МАНГУ ҚЎШИҚ КАБИ ЯНГРОҚ


    эсар Жайҳун шамоллари

    Шеърлар бўладики, улар ўз шоиридан бир неча баробар узун умр кўради. Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири, Ибройим Юсуповнинг қалб қўрида тобланган, соҳир қаламидан тўкилган назмий сатрлар ана шундай умрбоқий асарлардир. 

    ✔ 202    🕔 12:41, 12.11.2018
Ҳаммасини кўриш ►
;