ФИДОЙИЛАР КАСБИНИ СОҒИНАР

12:07, 11.02.2019
ФИДОЙИЛАР КАСБИНИ СОҒИНАР

Ёқубхўжа Тиллахўжаев узоқ йиллар ички ишлар органларида самарали хизмат қилиб, ҳозирда кексалик гаштини сурмоқда. 


Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида таваллуд топган Ёқубхўжа оиладаги саккиз фарзанднинг бешинчиси эди. Ёшлигидан ички ишлар органлари ходимини кўрса, унга ҳавас билан қарарди. Йиллар ўтиб, мактабни тамомлагач, йигитлик бурчини адо этиш учун ҳарбий хизматга жўнайди. 

 

Хизматдан қайтгач, Тошкент давлат университетига ўқишга киради. Устоз­ларидан илм сирларини ўрганаркан, спортни ҳам канда қилмади. Олий ўқув юртини битиргандан кейин ҳам осо­йишталик посбони бўлишдек эзгу ният уни тарк этмади.  

Синовлардан муваффақиятли ўтган Ё. Тиллахўжаев 1981 йилдан бошлаб Янгийўл шаҳар ИИБ Вояга етмаганлар билан ишлаш бўлинмаси инспектори лавозимига ишга қабул қилинади. Орадан икки йил ўтиб, мазкур бўлинма катта инспектори этиб тайинланади.

Жонкуяр ва ташаббускор Ё. Тиллахўжаев раҳбарият назарига тушиб бўлинма бошлиғи лавозимига муносиб кўрилади. Масъулиятли вазифани зиммасига олган ходим ёш авлодни етук ва баркамол шахслар этиб тарбиялаш йўлида жонбозлик кўрсатади. Ҳатто ҳудуддаги тарбияси оғир, жиноятчиликка мойил ёшларни соғлом ҳаётга қайтариш учун вилоятда жойлашган вояга етмаганларнинг жазо ўташ муассасасига олиб бориб, ўйламасдан қилинган ножўя ҳаракатларнинг оқибати қандай якун топишини бу ердаги тенгдошлари мисолида таъсирчан тарзда улар онгига сингдиради. Бундан хулоса чиқарган, жиноят учун жазо муқаррарлигини тушунган ёшлар жамиятда ўзлари учун муносиб йўлни танлайди.

Ўн йил мазкур бўлинма бошлиғи лавозимида самарали хизмат қилган Ё. Тиллахўжаев яна икки йил Янгийўл шаҳар ИИБ ҲООБ бошлиғи ўринбосари вазифасида фаолият кўрсатгач, нафақага чиқади. Унинг хизматлари бошқарма раҳбарияти томонидан муносиб баҳоланиб, бир неча медаль ва фахрий ёрлиқлар билан мукофотланган.

Лавҳамиз қаҳрамони хизмат даврида бир қатор жиноятларни фош этишда ҳам фаол иштирок этади. Қуйида уларнинг айримларига тўхталиб ўтамиз.

Қишнинг изғиринли кунлари эди. Янгийўл шаҳрининг А. Анорқулов даҳасида яшовчи фуқаролардан бири тунги соат 23.15 ларда навбатчилик қисмига қўнғироқ қилиб, автомашинасининг эҳтиёт қисмлари номаълум шахс томонидан ўғирлаб кетилганлиги тўғрисида хабар беради. Тергов-тезкор гуруҳи таркибида воқеа жойига катта инспектор Ёқубхўжа Тиллахўжаев ҳам чиқади.

Атрофни синчковлик билан кўздан кечирган ходимнинг эътиборини усти оғир темир қопқоқ билан ёпилган эски қудуқ тортади. Уни очиб қараганида, не кўз билан кўрсинки, бир эмас, учта машинанинг эҳтиёт қисмлари яширилган экан. Шубҳаси тўғри чиққанидан қувонган катта инспектор энди ўғрининг келишини кутишга қарор қилади.

Аммо ўғри роппа-роса бир кундан сўнг «ўлжа»сини олишга келади. Ён-атрофга аланглаб, қудуқ қопқоғини секингина очаётган маҳалда пистирмада турган катта лейтенант Ёқубхўжа Тиллахўжаев ва лейтенант Валихон Мавлонов томонидан зудлик билан қўлга олинади.

Яна бир мисол. Ушбу шаҳардаги криминоген ҳудудларнинг бирида қотиллик жинояти содир бўлади. Ўзининг қариндоши билан спиртли ичимлик ичиб ўтирган кимса келишмовчилик туфайли шеригини пичоқлаб, қочиб кетади. Жабрланувчи эса олган оғир тан жароҳати натижасида воқеа жойида ҳаётдан кўз юмади. Буни кўрган қўни-қўшнилар дарҳол ички ишлар органига мурожаат қилади. Гувоҳлардан қотилнинг кимлигини билиб олган Ё. Тиллахўжаев жиноятчининг шу шаҳарнинг чекка қисмида яшовчи опасининг уйини кузатувга олади.

Эртаси куни тонгга яқин жиноятчи ҳеч кимга билдирмасдан опасининг уйига келиб, эшик қўнғироғини босади. Қўшни уй панасида турган катта лейтенантлар Ёқубхўжа Тиллахўжаев ва Комилжон Тошкентбоев тезда уни қўлга олади.

– Ҳозирда юртимиз осо­йишталигини ҳимоя қилиш йўлида масъулият билан хизмат қилаётган ҳамкасбларимни кўриб яна хизматга қайтгим келади, – дейди истеъфодаги майор Ё. Тиллахўжаев. – Улар учун давлатимиз томонидан барча шарт-шароит яратилган бўлиб, фақатгина ўз вазифасига виждонан ёндашиб, садоқат билан хизмат қилса, шунинг ўзи кифоядир.

Устози – подполковник Раҳмонали Турсуналиев (марҳум)­дан соҳанинг сир-асрорларини қунт билан ўрганган Ёқубхўжа Тиллахўжаевнинг ўзи ҳам кўп­лаб шогирдлар етиштирди. Ҳозирда ИИВ ППХ ва ЖТСББ бошлиғи лавозимида хизмат қилаётган полковник Бахтиёр Пормонов ҳамда нафақадаги подполковник Даврон Султонов ана шундай эътирофга лойиқ шогирдларидандир.

Оилада ҳам ўз ўрнига эга бўлган Ёқубхўжа ака турмуш ўртоғи Маҳфуза Тиллахўжаева билан олти нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказди. Ота касбига ҳавасманд Ҳусан Тиллахўжаев ҳозирда ИИВ Қоровул қўшинларига қарашли ҳарбий қисмлардан бирида таъминот батальони автомобиль взводида шартнома асосида хизмат қилмоқда.

Бугунги кунда 14 нафар набиранинг севимли бобожони бўлган бу инсон ана шундай юртнинг фуқароси бўлганидан фахрланиб яшамоқда.   

Михли САФАРОВ,

лейтенант.

Содиқ ҲАКИМОВ олган сурат.

Ўхшаш мақолалар

Ҳаммасино кўриш►

12

Сонларни танлаш

09 феврал, Шанба  
12 11 10 9 8 7 6
5 4 3 1

Ҳаммасини кўриш ►

Хабарлар

ҲАР ИШДА ТАШАББУСКОР ЎҚУВЧИЛАР

ИИВ Андижон академик лицейида малакали ўқитувчилар жамланган. Ўз навбатида, ўқувчилар ҳам ўтилаётган мавзуларни яхши ўзлаштириб, саф ва жисмоний тайёргарлик машғулотларида фаол иштирок этмоқда. 


Ҳаммасини кўриш ►

Кўп ўқилганлар

  • ТИНИМ БИЛМАГАН ИЗҚУВАР


    Ватанга, халққа ҳалол хизмат қилган киши ҳеч қачон кам бўлмайди. Уларнинг ҳамиша юзи ёруғ, боши баланд. Дўстлар, шогирдлар ва таниш-билишлар даврасида номи доимо ҳурмат билан тилга олинади. Истеъфодаги подполковник Баҳрилло Самадов ана шундай фидойи инсонлардан биридир.


    ✔ 20    🕔 12:27, 11.02.2019
  • ЖОНКУЯР ҲАМКАСБ,  БИЛИМДОН УСТОЗ


    Истеъфодаги полковник Анвар Дев­ятовни ёш авлод фидойи ва жонкуяр устоз, деб билади.

    ✔ 12    🕔 12:08, 11.02.2019
  • ЮРТГА  ХИЗМАТ  ҚИЛГАН  ЭЛДА  АЗИЗ


    Истеъфодаги полковник Собитхон Акрамов Наманган вилоятининг Уйчи туманидаги Бирлашган қишлоғида туғилган. Ички ишлар органлари ходими бўлиш орзуси уни ИИВ Тошкент олий мактабига етаклади.

    ✔ 13    🕔 12:07, 11.02.2019
  • ФИДОЙИЛАР КАСБИНИ СОҒИНАР


    Ёқубхўжа Тиллахўжаев узоқ йиллар ички ишлар органларида самарали хизмат қилиб, ҳозирда кексалик гаштини сурмоқда. 

    ✔ 12    🕔 12:07, 11.02.2019
  • «СИЗГА ЎХШАГИМ КЕЛАДИ, УСТОЗ!»


     Табиатан тиниб-тинчимас бу фидойи инсон нафақага чиқиб, бекор ўтиргани йўқ. Қўни-қўшнилар уй бошқарувчиси этиб сайлаб қўйишган истеъфодаги полковник Муитжон ака Фозилов жамоатчилик ишини ҳам қойил қилиб бажаряпти.


    ✔ 38    🕔 12:15, 28.01.2019
  • ИБРАТЛИ УМР СОҲИБИ


    Ички ишлар органларининг шундай фахрийлари борки, улар нафақадалигига қарамай, она юртимиз равнақи ва фаровонлиги, тинчлик-осойишталигини таъминлаш йўлида ёшларга ўрнак бўлмоқда. 

    ✔ 33    🕔 11:48, 28.01.2019
Ҳаммасини кўриш ►
;