ЭЛГА ҚИЛСА БИР ЖАФО

12:23, 11.02.2019
ЭЛГА ҚИЛСА БИР ЖАФО

юз қатла фарёд айларам

Агар рақамларга назар ташласак, Алишер Навоий яшаган давр билан бизни салкам олти асрлик вақт девори ажратиб туради.


 Бироқ халқни рози қилишни эзгу мақсад деб билган Юртбошимиз, ислоҳотлардан илҳомланиб, келажакнинг муҳташам қасрини қураётган меҳнаткаш халқимиз, ҳар бир ўксик кўнгилда биттадан Каъба тиклаётган саховатпеша ҳомийларимиз, илм махзанини бошига тож қилган мардонавор ёшларимизнинг умидбахш саъй-ҳаракатларига Ҳазратнинг ҳамиша камарбаста эканини дил-дилдан ҳис қилиб турамиз. Зеро, шеърият мулкининг султони ўзининг ўлмас ҳикматлари билан бугунги кунимизда ҳам бизга ҳамкор ва ҳамнишиндир.

УЛКАН УММОН

Алишер Навоий қолдирган улкан адабий меросни ҳикмат маржонлари тўла уммонга менгзаш мумкин. Бу уммонга бир бора шўнғиган одам ундаги бебаҳо бойликдан бебаҳра бўлмайди...

Нафсиламрини айтганда, Навоий ҳазратларининг пурмаъно ҳикматларига қизиқиш ҳамма даврларда ҳам юқори бўлган. Чунки шоир ижоди — ўзига хос ҳикмат бўстони: ўзингизда туғилган ҳар қандай саволга жавоб излаб, унга мурожаат қилсангиз, аҳволи руҳиятингизга мос бирор ҳикмат топиб, мақсадингиз ҳосил бўлади. Энг муҳими, барча ёшдаги ва турли тоифадаги кишилар мутафаккир шоирнинг ҳассос мисралари қатида яширинган маъно дурлари билан ошно бўлса, бу, шубҳасиз, уларнинг маънавий-ахлоқий камолотига хизмат қилади. Буюк тафаккур соҳиби айтганидек, «Агар ҳикматга бўлса илтифотинг — Ки, бўлсун Нуҳ умрича ҳаётинг»!

Навоийнинг ҳар битта асари, нафақат ҳажман йирик ва мазмунан бой достонлари, балки пурмаъно ҳикматлари ҳам чуқур таълимий ўгитларга, бой тарбиявий имкониятларга эга. Улар ақлни тоблайди, инсон қалбининг гўзаллашишига хизмат қилади. Шоир қаламидан тўкилган дурлар инсон маънавиятини ўтмишнинг нурли машъаллари билан зиёлантиради, мудраб ётган кўплаб эзгу туйғуларнинг янгича бир жилва билан уйғонишига сабаб бўлади. Уларда Ватан ва ватанпарварлик, қаҳрамонлик, мардлик, матонат, бағрикенглик, одамийлик, инсонпарварлик, меҳр ва муҳаббат, миллий-маънавий қадриятлар ардоғи мутлақо такрорланмас қирралари билан намоён бўлади.

 

«Одами эрсанг...»

Алишер Навоий оламдаги барча нарсаларнинг яратилишидан мақсад инсон эканлигини бир ўринда «Лек боридин ғараз инсон эди», дея таъкидласа, бошқа бир байтда: «Бор эди инсон гули мақсуд анга», дейди. Шоир деярли барча асарларида инсонни улуғлайди, бу юксак номга мушарраф бўлиш олий саодат эканлигини уқтиради. Ҳақиқий инсонни одамийлар одамийси, дея баҳолайди ва бундай кишининг биринчи белгиси иймон эканлигини таъкидлайди:

Кимки жаҳон аҳлида инсон эрур,

Билки нишони анга имон эрур.

 

Шоир наздида элга фойда келтирадиган, яхшилик қиладиган, одоб-ахлоқли, саховатли, ростгўй, сабр-қаноатли, шукр қилиб яшайдиган, ҳалол меҳнатни қадрлайдиган, ширин сўз, нафс ва тамадан йироқ кишилар имонлидир. Шоир инсоннинг суврати билан сийрати, яъни ташқи кўриниши билан ички дунёси мос тушиши кераклигини айтади. Сўз билан иш мувофиқ бўлмаса, фойдасиз эканини уқтиради:

Кимники, инсон десанг,

инсон эмас,

Шаклда бир, феълда яксон эмас.

 

Президентимиз Шавкат
Мирзиёев таъкидлаганидек, «мутафаккир шоиримизнинг «Одамий эрсанг, демагил одами, Ониким, йўқ халқ ғамидин ғами», деган сатрларида қанчалик чуқур маъно бор. Яъни, бу дунёда инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш – одамийликнинг энг олий мезонидир. Халқнинг ғамидан узоқ бўлган инсонни одам қаторига қўшиб бўлмайди, деб уқтирмоқда улуғ бобомиз».

 

«Бировким тама

риштае ҚилҒуси»

Дунёдаги энг тараққий этган давлатлар ҳам тамагирлик, замонавий тилда айтганда, коррупциянинг кушандасига айлангани ҳеч кимга сир эмас. Ривожланишнинг энг юқори чўққиларини забт этган мамлакатлар ҳам унинг сиртмоғидан буткул халос бўлиши душворлигини даврнинг ўзи тасдиқлаб турибди. Тамагирлик тушов каби оёқларга ўралиб, ҳеч бир халқ, ҳеч бир давлатнинг юксак парвоз қилишига йўл қўймайди.

Маълум бўладики, тамагирлик, порахўрлик каби ёмон одат хулқ-атворимизда тарбия топишида фақат ўзимиз сабабчи эканмиз. Негаки, кўпчилигимиз учун коррупция муаммоларимизнинг калити, ҳар икки томон манфаати йўлида холис хизматчи, ишимизни тез ҳал қилиб берадиган осон ечим деб биламиз.

Ваҳоланки, ҳар бир сатри панду насиҳатга, пурмаъно ҳикматларга бой адабий мерос соҳиби бўлган Алишер Навоий бундан бир неча юз йил илгари бу иллатнинг қанчалар оғу эканини, у заҳарлаган вужудлар тузалмас дардга гирифтор бўлишини қуйма мисраларда ифодалаб берган:

Бировким тама риштае қилғуси,

Анинг бирла бўғзидин осилгуси.

 

Яъни, ришта (пора) — ип. Дор ҳам ип. Кичиккина таманинг, ушоққина порахўрликнинг жазоси катта дор — ўлим. Донишманд бобомиз айтмоқчики, ришта (пора) талаб қилган тамагир одам бўғзидан илиниши аён ҳақиқатдир.

Билъакс, тамагирликдан, порахўрликдан воз кечиб, ҳалолликни шиор қилган инсон ер юзидаги барча одамлар эришганидан ҳам кўпроқ роҳат-фароғатга эришади. Бу йўлни танлаш ҳамма эришилган муваффақиятларнинг энг улуғи, бемисл хайрли ишдир:

Сен агар тарки тамаъ қилсанг,

         улуғ ишдур буким,

Олам аҳли барча бўлғай бир

         тараф, сен бир тараф.

 

Яна бир ўринда шоир шундай назмий жавоҳирларни тизади:

Аблаҳ ани билки,

оламдин бақо қилғай тама,

Аҳмоқ улким, олам аҳлидин

         вафо қилғай тама.

 

Комил инсон тўғрисида бутун бир таълимотни яратган, бетакрор ва бетимсол мазмунга эга гўзал асарларида комил инсон қандай бўлиши кераклиги, қайси фазилатларни эгаллаши лозимлиги ҳақидаги фикрларни ҳар томонлама ёритиб берган Алишер Навоий тамагирликнинг энг тубан хислат эканлигини достонларидаги ўлмас қаҳрамонлари мисолида ҳам маҳорат билан кўрсата олган. Шубҳасиз, бу қарашлар бугунги кунда ҳам ўзининг долзарблиги ва аҳамиятини йўқотмаган.

 

«Ажаб саодат эрур...»

Буюк инсонпарвар шоир ўрта асрдаги Уйғониш даврининг бош­қа улуғ зотлари сингари бутун ҳаётида ҳақиқий инсон қандай бўлиши лозимлигини кўрсатди. У ўз давридаги ноҳақликка, адолатсизликка қарши курашди ва буни ўз асарларида ифодалади. Шунинг учун бўлса керак, шоирнинг шахсий намуна бўлганлиги, ўз навбатида, унинг асарларидаги инсонпарварлик ва эзгулик ғояларининг ўзига хос талқини юзага келишига сабаб бўлди.

Бу гулшан ичраки,

         йўқдур бақо гулига сабот,

Ажаб саодат эрур,

         чиқса яхшилик била от.

 

Ҳазрат Навоий одамийлик, вафодорлик, меҳр-оқибат, халқ ғамида яшаш, унинг фаровонлиги, бахт-саодати йўлида ҳатто жонини фидо қилиш, хайр-эҳсон, ўзгаларга сахийлик қилиш каби фазилатларни ҳамма нарсадан юқори қўяди. Мутафаккир бу билан инсонни, унинг фазилатларини улуғлайди, унинг бошқа жонзотлардан аъло эканлигини ишонарли тарзда исботлаб беради.

Юз жафо қилса манга

         бир қатла фарёд айламон,

Элга қилса бир жафо,

         юз қатла фарёд айларам.

 

Навоий халқ манфаати учун ишлайдиган, халқнинг бахт-саодати йўлида курашадиган, ўзи ва дили пок одамларни ҳақиқий Инсон, деб билади. Худбин, чиркин кўнгилли, ҳасадгўй, халққа нафи эмас, зарари тегадиган кишилардан ҳазар қилади.

Нафъинг агар халққа бешакдурур,

Билки, бу нафъ ўзунгга

кўпракдурур.

 

Инсон бутун борлиқнинг кўрки ва шарафидир. Навоий асарларида инсон олий мавжудот, деб таърифланади: инсон оламдаги бутун нарсалардан устун туради, дунёда унга тенг келадиган ҳеч нарса йўқ. Навоий асарларида ҳалоллик, пок­лик, ростгўйлик, иймон-эътиқод­лилик сингари инсонга ярашиқли ахлоқий-маънавий фазилатлар эъзозланади:

Бордур инсон зотида онча

шараф, –

Ким ямон ахлоқин этса бартараф.

 

Хулоса Ўрнида

Буюк ўзбек мутафаккир шоири, давлат арбоби Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди ҳақида жуда узоқ гапириш мумкин. Бироқ хулосани ҳам ҳазратнинг ўзи айтиб қўя қолган. У аллома сифатида ўрта аср шароитидаёқ, «Умидим улдирки ва хаёлимга андоқ келурки, сўзим мартабаси авждан қуйи энмагай ва бу ёзган асарларимнинг тантанаси аъло даражадан ўзга ерни ёқтирмагай», деган эди. Шеърият султонининг орзулари Ўзбекистон давлат мустақиллиги шароитида тўла рўёбга чиқди.

Анвар АҲМЕДОВ,

ИИВ Академияси тилларни ўрганиш

кафедраси ўқитувчиси,

майор.

Ўхшаш мақолалар

Ҳаммасино кўриш►

12

Сонларни танлаш

09 феврал, Шанба  
12 11 10 9 8 7 6
5 4 3 1

Ҳаммасини кўриш ►

Хабарлар

ҲАР ИШДА ТАШАББУСКОР ЎҚУВЧИЛАР

ИИВ Андижон академик лицейида малакали ўқитувчилар жамланган. Ўз навбатида, ўқувчилар ҳам ўтилаётган мавзуларни яхши ўзлаштириб, саф ва жисмоний тайёргарлик машғулотларида фаол иштирок этмоқда. 


Ҳаммасини кўриш ►

Кўп ўқилганлар

  • ЭЛГА ҚИЛСА БИР ЖАФО


    юз қатла фарёд айларам

    Агар рақамларга назар ташласак, Алишер Навоий яшаган давр билан бизни салкам олти асрлик вақт девори ажратиб туради.

    ✔ 23    🕔 12:23, 11.02.2019
  • ЭНГ МУҲИМ ВАЗИФА


    осойишталикни сақлаш, хавфсизликни таъминлашдир

    Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов Жиззах вилоятига хизмат сафари давомида Жиззах шаҳар ИИОФМБга қарашли 3-сонли ички ишлар бўлими фаолияти билан танишаркан, унга вилоятда жамоат хавфсизлиги ва осойишталикни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

    ✔ 13    🕔 12:15, 11.02.2019
  • ИНСОН ШАХСИНИ  ТАСДИҚЛОВЧИ «МУҲР»


    Уильям Ҳершель XIX асрнинг охирларида Буюк Британиянинг Ҳиндистондаги маъмуриятида хизмат қиларди. У йилдан йилга маош олиш учун келадиган аскарлар сони кўпайиб бораётганига ҳайрон бўларди. 

    ✔ 30    🕔 10:38, 04.02.2019
  • МУҲИМ МАСАЛАЛАР МУҲОКАМАСИ


    2019 йилнинг 26 январь куни Ички ишлар вазирлигида жойлардаги кадрлар масалалари бўйича масъул ходимлар, ўз хавфсизлиги хизмати ҳамда соҳавий хизмат раҳбарлари иштирокида ўтган йилги фаолият якунлари ва жорий йилда амалга оширилиши назарда тутилган масалаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.


    ✔ 28    🕔 10:31, 04.02.2019
  • ЁШЛАРГА ПСИХОЛОГИК ЁРДАМ КЕРАК


    Барчамизга аён бир ҳақиқат бор: бола ҳеч қачон жиноятчи бўлиб туғилмайди. Уни эътиборсизлик ва носоғлом муҳит шу йўлга етаклаши мумкин. Фарзанд тарбияси хусусий иш эмас, балки ижтимоий масаладир.

    ✔ 45    🕔 12:18, 28.01.2019
  • ОДДИЙ КАСБ ЭГАЛАРИ


    ҲАҚИДАГИ ОДДИЙ ҲАҚИҚАТЛАР

    Арабчадан олинган «котиб»  сўзининг луғавий маъноси (хат) ёзувчи, (китоб) кўчирувчи демакдир. Ота-боболаримиз азал-азалдан ёзувга катта эътибор беришган. 

    ✔ 32    🕔 12:06, 28.01.2019
Ҳаммасини кўриш ►
;