3-сон

14:04, 16.04.2018
3-сон

ТАЛАБЧАН РАҲБАР, ОҚИЛА БЕКА

Одатда кўпчилик жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиларни топиш эркакларнинг вазифаси деб тушунишади. Аксарият ўғил болалар Ватанга хизмат қилиш – ҳарбий ёки ички ишлар органи ходими бўлишни орзу қилади. Аммо умрини ўз юртига хизмат қилишга бағишлаган жасур ва матонатли хотин-қизлар ҳам бор. Бу йўлдаги қийинчилик ва хавф-хатар уларни ҳеч ҳам чўчитмайди.



Бугунги мақоламиз қаҳрамони, кўп йиллардан буён ички ишлар органларида фаолият олиб бораётган Андижон вилояти ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, подполковник Гулнорахон Абдувоҳидова ҳам ана шундайлар сирасига киради.

Оилада у намунали уй бекаси, меҳрибон она ва бувидир. Гулнорахоннинг хонадонидан меҳмонларнинг қадами узилмайди, бу уйда доимо саранжом-саришталик ҳукм суради.

Ишни тўғри ташкил этиш, оқилона тактикани танлаш, одамлар билан руҳий мулоқот ўрната олиш ва воқеалар ривожини олдиндан сеза билиш қобилияти унга хизмат фаолияти давомида қўл келади. Гулнорахонга хос яна бир жиҳат бу нафақат қўл остидагиларга, балки ўзига нисбатан ҳам талабчанлиги.

Гулнорахон Хўжаобод туманидаги серфарзанд оилада туғилиб, вояга етди. Онаси болалар тарбияси билан шуғулланар, отаси аэропортда муҳандислик қиларди. Акаларидан бири Ҳасанбой Андижон вилояти ИИБ ППХ ва ЖТСБ бўлинмасида ўз фаолиятини бошлагач, Гулнорахон унинг эгнидаги ўзига ярашиб турган, кўркам либосига ҳавас билан боқар, келажакда албатта, ички ишлар органи ходими бўлишни орзу қиларди.

Вақт ўтиб, бу орзу амалга ошди. 1996 йилда Гулнорахон Андижон шаҳар ИИБ қўриқлаш бўлимига хизматга қабул қилинди. Хизмат қилиш билан бирга Андижон давлат университетини тамомлади. 2002 йилда лейтенант унвони берилгач, Андижон шаҳар ИИБ ҲООБ Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси гуруҳи инспектори этиб тайинланди.

2010 йилда капитан Г. Абдувоҳидова хизматни давом эттириш учун Андижон вилояти ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармасига юборилди. Инспектор, катта инспектор лавозимларида фаолият юритди. 2017 йилда подполковник Г. Абдувоҳидова Андижон вилояти ИИБ  Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари этиб тайинланди.

Лавҳамиз қаҳрамони спорт билан мунтазам шуғулланади, бадиий адабиёт мутолаа қилишни ҳамда миллий таомлар тайёрлашни хуш кўради.

Айтиб ўтиш жоизки, подполковник Г. Абдувоҳидованинг қизи Гуласал Андижон давлат университетини тамомлаб, онасининг изидан борди. Ҳозирда у Андижон шаҳар ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимида ишлаяпти.

– Байрамларни катта оила даврасида нишонлаймиз, – дейди Г. Абдувоҳидова. – Ака-укалар, опа-сингиллар жамулжам бўлишади. 90 ёшли отам ва яқин кунларда 80 ёшни қаршилайдиган онам уй тўридан жой эгаллашади. Ҳамма ўз ҳаёти янгиликлари ҳақида сўзлаб беради. Ота-онамиз бизга маслаҳат беришади ва насиҳат қилишади. Ҳақиқий бахт шу эмасми?

– Одамлар ёрдамга муҳтож бўлса, бирон-бир муаммога дуч келса ёки бошига кулфат тушса, бизга мурожаат этишади, – дея суҳбатни давом эттирди Гулнорахон. – Уларнинг ҳар бирини диққат билан тинглайман. Кимгадир қонуний асосда ёрдам бераман, тўғри йўл кўрсатаман. Кимларнидир қонун йўли билан жазолашга тўғри келади.

ҲПБ бошлиғи ўринбосарининг иш куни меъёрга солинмаган. Кабинетдаги оддий фаолиятдан ташқари туманларга чиқиш, олис маҳаллалар аҳолиси, хусусан ёшлар ўртасида профилактик ишлар олиб боришга тўғри келади.

 Борис КЛЕЙМАН.

Андижон вилояти.

Суратда: Андижон вилояти ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, подполковник Гулнорахон Абдувоҳидова.

Муаллиф олган сурат.

 



 

ТАЪЛИМ МУАССАСАСИНИНГ  ЛОБАР АЁЛЛАРИ

Жаннатмонанд юртимизда хотин-қизларни қадрлаш, уларнинг маиший аҳволини яхши­лаш ҳамда ижтимоий муҳофазасини кучайтириш давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бирига айланиб улгурган. Чунки латофатли опа-сингилларимиз давлат ва жамият ҳаётида, шунингдек, оилада ҳам ўзларининг ўрнини топиб, турмушимизнинг янада обод ва фаровон бўлишига муносиб ҳиссасини қўшиб келишмоқда. 

ИИВ Ёнғин хавфсизлиги институтида ҳам бир гуруҳ соҳамиз маликалари фидойилик билан хизмат қилишяпти. Эркаклар билан бир сафда елкама-елка туриб ўз вазифаларини сидқидилдан бажараётган ходималар соҳа учун малакали кадрлар тайёрлаш йўлида бор билим ва тажрибаларини ишга солишяпти. Юқори илмий салоҳият эгаси бўлган бу мунис аёллар мазкур таълим муассасасида турли лавозимларда фаолият юритиб, ўзларининг нималарга қодир эканликларини барчага намоён қилишмоқда.

Таълим даргоҳида дилбар ходималарнинг самарали хизмат қилишлари учун институт раҳбарияти томонидан барча шароитлар муҳайё қилинган. Уларнинг ўз устида ишлаши ва малакасини ошириб боришларига ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти. Шунингдек, улар ўқув юрти ва республикамиз миқёсида ўтказилаётган турли илмий конференция ва танловларда фаол иштирок этиб, жамоадагиларнинг ҳам чексиз ҳурматига сазовор бўлишяпти.

Мазкур таълим муассасасида сидқидилдан хизмат қилаётган оқила ва лобар опа-сингилларимиз ўзларининг интеллектуал салоҳияти, тинимсиз изланишлари туфайли институтнинг илмий салоҳиятига муносиб ҳисса қўшишмоқда. Ўз билими ва таълим жараёнида эришган юксак натижаларининг самараси ўлароқ, уларнинг кўпчилиги вазирлик раҳбарияти томонидан рағбатлантирилган. Ораларида давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлганлари ҳам бор.

– Ҳаётимни касбимсиз тасаввур эта олмайман, – дейди «Шуҳрат» медали соҳибаси, педагогика фанлари номзоди, подполковник Динара Ҳошимова. – Чунки шу даргоҳда хизмат қилиб, обрў-эътибор қозондим. Жамоамиздаги барча ҳамкасбларим ўз яқинларимдек бўлиб қолган.

Шунингдек, институтнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида бошқа сафдошларига ўрнак бўлиб келаётган подполковниклар Доно Расулова, Барно Юлдашева, майор Саодат Алимова, кичик сержант Наргиза Умарова ҳамда сафдор Нодира Қурбонованинг номларини алоҳида тилга олиб ўтишни истардик.

Аёл қандай вазифада ишламасин, у  аввало жонкуяр, меҳрибон она, сариштали уй бекаси ҳамда вафодор ёрдир. Шунинг учун уни ҳар қанча эъзозласак ҳам кам.

Гафур КУРАМБАЕВ,

полковник.

Михли САФАРОВ,

лейтенант.

 



«БУ КАСБНИ СЕВМАЙ БЎЛАДИМИ?!»

– дейди лейтенант Нигора Пердебаева

Аёл азал-азалдан нозик хилқат вакили ҳисобланиб келинган. Шу боис ички ишлар органларида хизмат қилиш аёл кишидан катта сабр-бардошни талаб қилади. Тизимда меҳнат қилаётган ва хизмат вазифаси эркаклар билан бир сафда жиноят­чиликка қарши курашиш бўлган кўплаб хотин-қизлар жисмида назокат билан бирга куч ва матонатни мужассам эта олган.

Ана шундай ходимлардан бири Қорақалпоғистон Республикаси  Хўжайли тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси терговчиси, лейтенант Нигора Пердебаевадир. 2016 йили ИИВ Академиясини битирган ёш лейтенант тизимдаги энг машаққатли, масъулиятли соҳалардан бири бўлган тергов бўлимида фаолиятини бошлади. Таълим даргоҳида чуқур билим олиш билан бир қаторда қатъий интизом кўникмаси шаклланган Нигора қисқа муддатда жамоада ўз ўрнини топа олди. Хизмат вазифасини бажаришдаги кўрсаткичлари, жиноятчиликнинг олдини олиш борасидаги намунали хизматлари учун 2017 йили Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Фахрий ёрлиғи билан тақдирланди. Унинг ўтган йили Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар органлари ўртасида ўтказилган «Йилнинг энг яхши ходими» танловида биринчи ўрин соҳиби бўлганлиги ҳам алоҳида эътироф этилгани бежиз эмаслигини тасдиқлайди.

– Айнан шу соҳани танлашимда майор унвони билан нафақага чиққан отамнинг роли катта бўлган, – дейди Н. Пердебаева. – Академияда устоз­ларимдан олган билим энг қимматли бойлик эканлигига иш фаолиятимда кўп бора гувоҳ бўлдим. Шу сабаб мен билан биргаликда иш олиб бораётган устозларим майор Бакберган Патуллаев ва капитан Руслан Бобоназаровнинг ўгитларини ҳам жон қулоғим билан тинглайман. Чунки уларнинг билимлари тажриба синовида чархланган. Мен танлаган соҳа,  айниқса, қиз бола учун осон эмаслигини яхши биламан. Лекин ўз касбимни севаман. Инсонларга ёрдам бериш, оғир дамда улар учун халоскор бўлиш, жаннатмонанд юртимизда тинчлик-хотиржамлик ҳукм суришига ўз ҳиссамни қўшиш бахти ҳар қандай қийинчиликни енгиб ўтишда куч беради.

Хизмат фаолияти давомида эришган муваффақиятлари учун мукофотни инсонларнинг миннатдорлиги билан баҳолайдиган қаҳрамонимиз хизмат фаолияти билан боғлиқ бир воқеани шундай ҳикоя қилиб берди:

– Ўйламай босган қадами сабабли жиноятга қўл уриб, қидирувда бўлган шахснинг яқин қариндошлари билан тушунтириш ишлари олиб бордик. Натижада у қонун олдида жавоб бериши лозимлигини тушуниб,  ўз ихтиёри билан ҳуқуқ-тартибот идораларига келди.  Суд жараёнида зарарни қоплаганлиги ва жабрланувчилар билан ярашганлиги боис жазодан озод этилди.

Яқинда ушбу фуқаро келиб, содир этган жинояти учун жавоб беришдан қўрқиб шунча пайт уйидан, фарзандларидан олисда юрганлигидан афсусда эканлигини айтиб, унга ёрдам берганлигимиз учун бизга миннатдорлик билдирди. Бундай қувончли воқеалар  ишимизда кўплаб учрайди. Шундай экан, бу касбни севмай бўладими?!

Азамат ПИРНИЯЗОВ.

Қорақалпоғистон Республикаси.

 

 



МЕҲРИБОНИМ, МУНИСАМ – ОНАМ!

Аслида ҳар биримизнинг дилимизда онамизга аталган балки армон, балки миннатдорлик, балки соғинч билан йўғрилган самимий сўзларимиз бўлади. Лекин баъзан бу изҳорларни айтишга фурсат, баъзида имкон ёки журъат топа олмаймиз. Гоҳи эса айтишга чоғланганимизда кеч бўлади...

Қуйида ўзига нисбатан ўта талабчан, ҳар бир ишга масъ­улият билан ёндашадиган, самимий, яқинларига меҳрибон, ота-она розилигини ҳаётий зарурат деб ҳисоблайдиган инсон, ИИВ Қоровул қўшинларига қарашли ҳарбий қисмнинг таъминот батальони автомобиль взводи 2-гуруҳ командири ўринбосари, кичик сержант Абдусаттор Гайибназаровнинг онаси Хатима Гайибназаровага аталган дил изҳорини эътиборингизга ҳавола этар эканмиз, барча оналарга фарзандларидан шундай эътирофлар эшитиш насиб қилсин, деймиз.

Пойингиз кЎзимга тЎтиЁ

Онажоним! Бугун сизга дилимдаги бор гапларимни, самимий тилак­ларимни изҳор этишга жазм қилдим. Чунки бу гапларни юзма-юз айта олмайман, ҳаяжондан энтикиб кетаман.

Меҳрибоним! Бизни дунёга келтириб, вояга етказганингиз, беором тунларингиз ҳақи, сизни бошимизга кўтарсак, пойингизни кўзимизга тўтиё қилсак арзийди.

Мунисам! Бугун бахтимнинг бутунлиги, рўзғоримнинг тўкислиги сиз туфайлидир. Оилада икки қиз, бир ўғилдан кейин энг кенжаси бўлганим учунми, кўпроқ эркалик қилиш «имтиёзи» менга берилган эди. Акамга қийинроқ юмуш буюрилса, сиз у қадар безовта бўлавермасдингиз, аммо менга бирор оғирроқ иш топширилса, доим аяганингизни ҳис этардим.

Ўғил бола кўпроқ отага, қизлар эса онага яқинроқ бўлади, дейишади. Лекин ўзимдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, баъзан ўғил ҳам отасига эмас, онасига кўпроқ эркаланади, оилавий масалаларда, рўзғор ташвишларини ҳал қилишда она билан маслаҳатлашади. Менинг ҳам бу борада энг яқин маслаҳатгўйим сизсиз, онажон.

 

Эсингиздами?..

Кичкиналигимдаёқ ҳарбий хизматга қизиққанман. Эсингиздами, менга бирор кийим харид қилиш керак бўлса, «Ҳарбийларникига ўхшаганидан бўлсин», деб оёқ тираб туриб олардим. «Мен катта бўлсам аскар бўламан!» деб орзу қилардим.

Эсингиздами, бошланғич синфга чиққан пайтларим жуда шўх эдим. Ўйинқароқ бўлганим учун дарс тайёрлаш вақти келганда турли баҳоналар ўйлаб топардим. Лекин сиз буни дарров тушуниб, дарс тайёрлашга мажбур қилардингиз, кўмаклашардингиз.

Ўғил боланинг тарбиясига жиддий қараш керак деб, ота-оналар мажлисига кўпинча отамнинг ўзи борарди. Лекин ўғлим ҳақида муаллими нима деркин деб ора-орада ўзингиз ҳам бориб турардингиз. Сизларни уялтириб қўймаслик учун яхши ўқишга ҳаракат қилардим. 

 

Дуоларингиз шарофати

Мактабни тамомлаб, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти қошидаги ҳайдовчилик курсида ўқидим. Сўнг Мудофаа вазирлигига қарашли ҳарбий қисмда муддатли ҳарбий хизматни ўтадим. Кейин ҳеч иккиланмасдан ҳужжатларимни ИИВ Қоровул қўшинларига қарашли ҳарбий қисмга топширдим. Имтиҳонлардан муваффақиятли ўтиб, ҳайдовчи лавозимида шартнома асосида фаолиятимни бошладим. Кўп ўтмай секция командирлигига тайинландим. Ишимдан кўнгли тўлган раҳбарият тез орада мени гуруҳ командири ўринбосари лавозимига ўтказди. Поғонама-поғона юқорилаб бораётганим отам иккингизнинг дуоларингиз шарофатидандир, онажон!

 

Китобга меҲр уйҒотгансиз

Сиз ҳам, отам ҳам бизни болалигимиздаёқ китобхонликка даъват этардингиз. Китобларни ёшимиз, қизиқишимизга қараб тавсия қилардингиз. Отам тез-тез янги китоблар олиб келардилар. Сиз эса уларни авайлаб, йиртмасдан, саҳифаларини букламасдан ўқишимиз лозимлигини уқтирардингиз.

Қалбимизда китобга бўлган меҳрни ҳам сиз уйғотгансиз. Болалигимизда эртак китоблар ўқиб беришдан чарчамасдингиз. Катта бўлганимизда, бўш вақтимизда бадиий китоблар ўқишга чорлардингиз. Бугун китоблар энг яқин дўстим. Китоб жавонимдаги эртак китоблар менга болалигимнинг бир парчасидек қадрли. Ҳар гал уларга кўзим тушганида сизни эслайман.   

 

Ранжиганингизни бировга сездирмайсиз...

Қишнинг қаҳратонида ҳам эшик-деразаларни ланг очиб, уйни шамоллатиб, супуриб-сидирардингиз. Гоҳида ҳолдан тойиб кечки овқатдан сўнг болишга суяниб «қуш уйқу»га кетардингиз. Бу ором узоққа бормасди. Баъзан туни бўйи уй ишлари билан андармон бўлардингиз. Озодаликни, покизаликни, саранжом-саришталикни яхши кўрардингиз. Ҳозир ҳам меҳнат қилишдан чарчамайсиз.

Ҳар қандай вазиятда ҳам босиқ, вазмин бўла оласиз. Ранжиганингизни, бирор нарсадан қаттиқ ташвишланганингизни ўзгаларга сездирмайсиз. Дадамга ҳам, бизга ҳам овозингизни баландлатиб гапирганингизни эслай олмаймиз. Шунинг учун бўлса керак, дадам ҳам сизни жуда ҳурмат қиладилар. Бизни дуо қилганларида доимо: «Бир-бирингизга меҳр-оқибатли бўлинглар. Мен билан онангизга ўхшасангиз, бахтли бўласизлар», дейдилар.

 

Яхши инсон – одамлар Ўртасидаги кЎприк

Бир воқеа сира эсимдан чиқмайди. Ҳовлидаги сўрида мен дарс тайёрлаб ўтирардим, сиз уй юмушлари билан банд эдингиз. Қия очиқ турган дарвозадан сизни нотаниш аёл имо билан чақирди. Бироз суҳбатлашиб қайтиб келдингиз. Отам нотаниш аёл ким эканини сўрадилар.

– Фалончининг оиласини суриштириб келибди, хонадонига совчи бўлиб келган экан, – дедингиз ишдан қўлингизни узмай.

– Нима дединг? – сўрадилар отам.

– Юрагингиз шу хонадонга бошлаб келган бўлса, ниятингиз хайрли бўлсин, деб айтдим, – дея жавоб бердингиз.

Яхши инсон – одамлар ўртасидаги кўприк, хайрли ишларга бош-қош бўлади. Онажон, шу ёшгача неча-неча ёш оилалар бунёд бўлишига сабабчи бўлдингиз экан-а! Ким учундир «ортиқча ташвиш» бўлиб туюлган вазифаларни сидқидилдан адо этишдан сира оғринмайсиз.

Келинингиз сизга Ўхшасин

Ёшлигимдан шундай ният қилардим. Қариндош-уруғларимизнинг ҳам: «Хатимахон меҳнатдан қочмайдиган, қўл-оёғи чаққон, сабрли аёл. Бизга ҳам унга ўхшаган келин учрасин», деганларини кўп эшитганман.

Гавҳарой – фарзандларимнинг онаси. Умр йўлдоши танлаш борасида ҳам сизнинг маслаҳатингизга қулоқ тутиб, кам бўлмадим. Унга доим: «Онамнинг фазилатларини илғаб олгин, онамга ўхшагин», дейишдан чарчамайман.

Назаримда, сизга ўхшаган яхши қайноналар жуда кам бўлса керак. Келинларингиздан ортиқча ҳеч нарса талаб қилмайсиз. Аксинча, биз олиб борган бозорликнинг ёнига ўзингиз тайёрлаган мазали таомлардан, қишга деб ғамлаган тузламаю мурабболарингиздан қўшиб: «Манавиларни болаларингга олиб бор», дейсиз. Ўша мурабболар бахтиёр болалик чоғларимни ёдга солади. 

 

Тиниб-тинчимаган онам-а...

Мен кўп қаватли уйлардан бирида яшайман. Бизникига кам келасиз. Хафа бўлсам, «Кенгликларга ўрганган одамнинг кўп қаватли уйларда юраги сиқилади», дейсиз. Тунов куни борганимда ҳоли-жонингизга қўймай, ўзим билан бирга олиб қайтдим.

Кечки пайт хизматдан қайтсам, остонада уюм-уюм пахтага кўзим тушди. «Эҳ, тиниб-тинчимаган онам-а», деб уйга кирсам, кўзойнагингизни пешонангизга қўндириб, кўрпа-тўшак қавиш билан овора экансиз.

Уйимизда узоқроқ қоладиган бўлганингиздан менинг ҳам, оила аъзоларимнинг ҳам кўнглимиз осмон қадар бўлди. Умрингиз узоқ бўлсин, бошимдаги тожим – онам! Кап-катта бўлсам ҳам ҳали-ҳануз баъзан ухлаб ётганимда сездирмай келиб бошимни силаб, пешонамдан ўпиб қўясиз. Шунда қалбингиздаги битмас-туганмас меҳрни ҳис қиламан.   

Онажоним! Турмуш чорраҳаларида қоқилганимда, ҳамиша суяганингиз учун сиздан беҳад миннатдорман! Менга берган меҳр-муҳаббатингиз, қилган, қилаётган ғамхўрликларингиз учун ташаккур! Бахтимизга ҳамиша сиз ҳам, отам ҳам соғ-омон бўлиб, ёнимизда юринг! Мен бугунги камолотим, бахтли оилам учун сизлардан умрбод қарздорман.

 

Адолат ФАЙЗИЕВА ёзиб олди. 

 

 



СИЗДА ОРОМ ҚАЙДА...

2017 йилнинг 17 июль куни Қўқон шаҳар Ички ишлар бошқармаси профилактика катта инспектори, капитан Аваз Тиллаев хизмат ҳудудини айланиб чиққач, алламаҳалда уйига келди. Ҳали кийимини алмаштиришга улгурмай туриб ташқарида кимдир куракда турмайдиган сўзлар билан сўкинаётгани қулоғига чалинди. Деразани очиб қараса, ёш йигит шундоққина скамейкада ўтириб спиртли ичимликни шишаси билан кўтариб ичяпти. Кайфнинг зўридан бўлса керак, оғзидан боди кириб, шоди чиқяпти.

Капитан Аваз Тиллаев дарҳол ташқарига чиқиб, маст безорини тартибга чақирди. Кайфи ошиб қолган бу йигит қўшни уйда яшовчи, тайинли жойда ёлчитиб ишламайдиган 32 ёшли Н. А. эди. У кишиларнинг юмушларини бажариб, топган пулига рўзғор тебратарди. Профилактика катта инспектори кайфи тарақ безорининг олдига бориб, оғир-босиқлик билан:

– Уйингизга бориб, тўйиб ухланг. Сиз билан эртага гаплашамиз, – деди.

– Бор-бор, йўлингдан қолма. Нима, ўқитувчиммидингки менга ақл ўргатасан?! – баланд келди Нодир. – Кўнглим тусаганини қиламан. Қўлингдан нима келарди?!

– Ҳозироқ уйингизга боринг, – талаб қилди капитан. – Жамоат  тартибини бузяпсиз. Одамларнинг дам олишига халал беряпсиз.

Нодир осойишталик посбонининг қонуний талабини бажариш ўрнига бўшаган шишани бир четга улоқтириб унга ташланди. Капитан А. Тиллаев самбо усулини қўллаб, безорининг зарбасини қайтарди ва чап қўлини қайирди. Нодир капитанга ўгрилишга уринди, лекин бунинг уддасидан чиқа олмади. Катта инспектор бир қўли билан тартиббузарни ушлаб туриб, ППХ автопатрулини чақириш учун иккинчи қўлига рацияни олди.

Тўполончи қўйнидаги пичоқни ўнг қўли билан олиб, ички ишлар органи ходимининг бўйни аралаш сермаб юборди. Қон тизиллаб отилди. Капитан беихтиёр жароҳатини қўли билан ёпди. Фурсатдан фойдаланган безори унинг қўлидан чиқиб қочди. Мадори қуриб бораётган бўлса-да, капитан А. Тиллаев унга етиб олишга уринди. Аммо оёқлари бўшашиб, ўзига бўйсунмасди. Лавҳамиз қаҳрамони зўрға йўл ёқасига етиб борди. Йўловчи машинани тўхтатиб, шаҳар шошилинч тиббий ёрдам марказига олиб боришини сўради. Ҳайдовчи қонига беланган осойишталик посбонини машинага ўтқизиб, айтилган манзилга йўл олди.

Ўз касбининг устаси бўлган шифокорлар офицерга малакали тиббий ёрдам кўрсатишди. Унинг яраси тикилиб, қон кетиши тўхтатилди, ҳаёти сақлаб қолинди. Эрталаб профилактика катта инспектори, капитан А. Тиллаев ҳушига келиши билан шифокорлардан тезроқ касалхонадан чиқишига рухсат беришларини сўради.

Ушбу жиноятни содир этганликда гумон қилинувчи Нодир Абдуллаев тез орада қўлга олинди. У тергов жараёнида ўз айбига тўлиқ иқрор бўлиб, қилмишидан пушаймон эканлигини айтиб, кечиришларини сўради. Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди томонидан айбдор тўрт йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилинди.

Аваз Тиллаев 2009 йилда ИИВ Тошкент олий ҳарбий-техника билим юртини (ҳозирги Ҳарбий-техника институтини) битиргач ички ишлар органларида хизмат фаолиятини бошлаган эди. Ёш ходим дастлаб Қўқон шаҳридаги Муқимий номли маҳаллага профилактика инспектори этиб тайинланди. Унга профилактика катта инспектори, капитан Воҳид Садиров мураббий этиб бириктирилди. Аваз Тиллаев талабчан ва ғамхўр устозининг соҳага оид бой тажрибаси ва чуқур билимини қунт билан ўрганди. Таълим муассасасида олган назарий билимларини ҳам амалий фаолияти давомида мустаҳкамлаб борди.

2015 йилда ҳикоямиз қаҳрамонини шаҳарнинг Янгиобод маҳалласига ўтказиб, профилактика катта инспектори этиб тайинлашди. Мана, икки йилдирки, ушбу ҳудудда хизмат қилиб келяпти.

 Ҳудудий профилактика инспекторлари зиммасига алоҳида масъулият юклатилган. Улар жамоат тартибини сақловчиларнинг ва жиноятчиликка қарши курашувчиларнинг олдинги сафида туришади. Оилавий жанжалларни бартараф этиш, ўғрилик, безорилик каби жиноятларнинг олдини олиш кўп жиҳатдан ана шу инсонларга боғлиқ.

Аваз Тиллаев шу соҳада тўққиз йиллик  амалий  тажрибага эга. Ундан «Ҳар бир профилактика  инспекторига  муваффақият  келтирувчи  универсал усул, умумий йўл борми?» деб сўраганимизда, ҳеч иккиланмасдан ҳар доим аҳоли билан яқин ҳамкорлик қилиш лозимлигини айтди.

Ёш ҳамкасбларимга ўз хизмат ҳудудидаги аҳоли билан яқиндан танишишни маслаҳат берган бўлардим, – дейди капитан Аваз Тиллаев. – Биринчи навбатда, ҳовлима-ҳовли айланиш керак. Ҳамма кекса, ёлғиз одамларнинг ҳолидан хабар олиш даркор. Ҳудуднинг ўзига хос жиҳатларини ўрганиш зарур. Айниқса, муқаддам судланган шахслар билан мунтазам иш олиб бориш талаб этилади. Кўчама-кўча, ҳовлима-ҳовли пиёда юришга эринмаслик керак. Токи одамлар инспекторни танисин, унинг ўзи ҳам каттаю кичикни билсин. Бир жойда ўтириш билан иш битмайди. Аҳолининг ишончини қозонсангиз, одамларнинг ўзи сизга маслаҳати, амалий иши билан ёрдам беради.

Бир сўз билан айтганда, профилактика катта инспектори, капитан Аваз Тиллаев давлатимиз раҳбари уқтирганидек, ички ишлар органларининг маҳалладаги вакили эмас, балки маҳалланинг ички ишлар органларидаги вакили сифатида ишни ташкил этмоқда. У хизмат бурчини бажариш чоғида кўрсатган жасорати учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига кўра Ички ишлар идоралари ходимлари куни арафасида «Мардлик» ордени билан тақдирланди.

Борис КЛЕЙМАН.

Суратда: Фарғона вилояти Қўқон шаҳар ИИБ ҲПБ профилактика катта инспектори, капитан Аваз Тиллаев.

Муаллиф олган сурат.

 




ТИНЧЛИК ВА БАРҚАРОР ТАРАҚҚИЁТ ЙЎЛИДА ҲАМКОРЛИК


Чорак аср сарҲисоби

Мамлакатимиз БМТга аъзо бўлганига 26 йил тўлди. Ўтган  қисқа муддат ичида ушбу нуфузли халқаро ташкилот билан мустаҳкам ҳамкорлик йўлга қўйилди. Ўзбекистон шу давр ичида жаҳон сиёсати, халқаро муносабатларнинг шунчаки кузатувчиси эмас, балки кўп томонлама иқтисодий ҳамкорликни қўллаб-қувватловчи, минтақа тинчлиги ва барқарорлигига хавф солаётган таҳдидларни жаҳон ҳамжамияти иштирокида бартараф этишга жиддий бел боғлаган, тинчлик ҳамда тараққиёт учун курашчи давлат сифатида майдонга чиқди.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон минтақавий ва дунё миқёсида барқарорликка путур етказадиган хавф-хатарларни бартараф этиш учун халқаро ташкилотлар, энг аввало, БМТ ролини кучайтиришни ёқлаб чиқди. Мамлакатимиз бу йўлда қатъият ва фаоллик кўрсатмоқда. Мамлакатимиз БМТ ва унинг ихтисослашган ташкилотлари билан ҳам самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Чорак асрдан ошиқ вақт мобайнида иқтисодиёт, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларда кўплаб қўшма лойиҳалар амалга оширилди. Бугунги кунда мамлакатимиз БМТнинг қатор таркибий тузилмалари — Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО), Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ), Таълим, фан ва маданият масалаларига ихтисослашган ташкилоти (ЮНЕСКО), Аҳолишунослик жамғармаси – (ЮНФПА), Тараққиёт дастури, Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси билан турли йўналишларда самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Айниқса, БМТнинг Болалар жамғармаси ҳамда Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти билан алоқалар кўлами кенг. ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, хусусан, улар орасида юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш, эмлаш, мактаблар ва мактабгача таълим муассасаларида тиббий маданиятни ошириш, жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантиришга қаратилган кўплаб тадбирлар ўтказилмоқда.

ЮНЕСКО — Ўзбекистон маданий ҳаётида юз бераётган жараёнларнинг фаол иштирокчиси. «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали, қадимий шаҳарларимиз ва буюк аждодларимизнинг юбилей тадбирлари мазкур ташкилот билан яқин ҳамкорликда ўтказилади. Хоразм Маъмун академиясининг 1000 йиллиги, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Шаҳрисабз, Термиз шаҳарларининг юбилейлари нишонлангани бунга ёрқин мисолдир.

БМТнинг 2010–2015 йилларга мўлжалланган Тараққиётга кўмак дастури (ЮНДАФ) доирасида Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликда бандликни таъминлаш, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, таълим, соғлиқни сақлаш хизматларининг сифатини ошириш, табиий ва маданий ресурслардан оқилона фойдаланиш, адлия тизимига мурожаат қилиш йўлларини соддалаштириш ва қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган турли ташаббуслар ҳаётга татбиқ этилди.

 

Ҳамкорликнинг янги босҚичи

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш 2017 йилдаги мамлакатимизга ташрифи якунлари бўйича Президент Шавкат Мирзиёевга йўллаган мактубида Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига юқори баҳо берган эди. Бош котиб таъкидлаганидек, Ҳаракатлар стратегияси ва БМТнинг Барқарор ривож­ланиш мақсадлари ҳамда 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш кун тартибининг муштарак жиҳатлари кўп. Мазкур ҳужжат Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш учун асос бўлиши мумкин.

Ўзбекистон раҳбарининг БМТ Бош ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида ўз ифодасини топган юртимиздаги янгиланишлар, ташқи сиёсий фаолият, айниқса, Марказий Осиё минтақасидаги қўшни давлатлар билан ҳамкорликка асосланган, аҳил, ўзаро манфаатли муносабатларни ўрнатиш саъй-ҳаракатларига жаҳон ҳамжамияти хайрихоҳлик билан қарамоқда. Мазкур маърузада Президентимиз глобаллашув ва ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланиб бораётган бугунги шароитда ёшларга оид сиёсатни шакллантириш ҳамда амалга оширишга қаратилган БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ишлаб чиқиш таклифини ўртага ташлади. Зеро, бугунги кун ёшлари сон жиҳатидан инсоният тарихидаги энг йирик авлод бўлиб, 2 миллиардни ташкил этмоқда. Афсуски, экстремизм ва зўравонлик билан боғлиқ жиноятларнинг аксарияти 30 ёшга етмаган ёшлар томонидан содир этилаётган бир пайтда муаммонинг сабабларини бартараф этиш ўрнига унинг оқибатларига қарши курашиш билангина чекланиб қолинмоқда. Шу сабабли одамлар, авваламбор, ёшларнинг онгу тафаккурини маърифат асосида шакллантириш ва тарбиялаш бугунги кунда энг муҳим ва долзарб вазифадир.

2017 йилнинг 10–11 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида БМТ шафелигида «Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. Анжуманда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев сўзга чиқиб, Марказий Осиё мамлакатлари давлат раҳбарларининг ўзаро маслаҳатлашувлари бўйича учрашувларни мунтазам ўтказиш, савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ва товар айирбош­лаш ҳажмини ошириш ҳамда кооперацияни мустаҳкамлаш учун минтақавий иқтисодий форумни ташкил қилиш, мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасида маданий-гуманитар алоқалар, дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, Марказий Осиё давлатлари ҳудудлари ўзаро ҳамкорлиги суръатларини ошириш мақсадида раҳбарлар (ҳокимлар) бизнес ҳамжамиятининг ассоциациясини таъсис этиш, БМТ Бош ассамблеясининг Марказий Осиё минтақасида тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга доир махсус резолюциясини қабул қилиш борасида таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар замирида миллий манфаатлар қаторида минтақавий ва умумбашарий манфаатлар мужассам эканидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, улар Ўзбекистон ва БМТ ҳамкорлигининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилади. Бу, ўз навбатида, мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичга кўтарилишида муҳим аҳамият касб этади.

Омонулла МУҲАММАДЖОНОВ,

юридик фанлар доктори.

 



МАҚСАД – АҲОЛИГА СИФАТЛИ ХИЗМАТ КЎРСАТИШ

Фуқаролик паспорти маълум бир маънода ҳар бир шахснинг ўзлигини белгилаб берувчи ҳужжатдир. У инсоннинг кимлигини, қайси Ватан фарзанди эканини, ёши ва миллатини, яшаш жойини кўрсатиб туради. Шу сабабдан ҳам фуқаролик паспортини асраб-авайлаш, қадрлаш зарур.

Сўнгги йилларда мамлакатимиз ички ишлар органларида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар ушбу тузилмаларни халққа яқинлаштириш баробарида фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириб, бунинг натижасида паспорт-виза тартиб-қоидаларига бўлган муносабати ҳам ижобий томонга ўзгармоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 апрелдаги «Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ ИИВ Хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармасига айлантирилди.

Фарғонада ҳам юқоридаги фармон ва бошқа бир қатор қонун  ҳужжатлари ижроси доирасида муайян ўзгаришлар рўй бердики, бу  ўзгаришлар, энг аввало, фуқароларга янгидан-янги қулайликлар яратиб,  имкониятлар эшигини очмоқда. Масалан, вилоятнинг Қувасой шаҳри, Ёзёвон, Фурқат ва Сўх туманлари ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш гуруҳлари бошлиқлари лавозимида илгари сержантлар хизмат олиб бораётган бўлса, эндиликда ушбу вазифларга чуқур билим ва юқори малакага эга офицерлар тайинланди. Шунингдек, бир неча туманларда қўшимча инспекторлик лавозимлари жорий этилди. Бундан ташқари, шаҳар-туман ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларидаги 57 нафар эркин ёлланган хизматчилар лавозимлари шаҳодатланган лавозимларга айлантирилиб, юридик коллежларни битирган йигит-қизлар билан жамланди.

Маълумки, Фарғона вилояти аҳоли сони жиҳатидан респуб­ликамизда иккинчи ўринда туради. Шунга қарамай, вилоят ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси ва унинг жойлардаги тизимлари томонидан аҳолига паспорт бериш, алмаштириш, паспорт қоидаларига риоя этилишини таъминлаш ва назорат қилиш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилаяпти. Жумладан, 2018 йилнинг ўтган икки ойи мобайнида 65 минг 787 нафар фуқарога биометрик паспортлар расмийлаштириб берилди. Энг эътиборлиси, ходимларимиз шаҳар ва туман марказаларидан узоқ масофада яшайдиган аҳоли, шунингдек, кекса ва ногирон фуқароларнинг хонадонлари ҳамда мурувват уйларига кўчма қурилмалар бориб, 1740 нафар шахснинг биометрик маълумотларини ўша жойнинг ўзида қабул қилиб олишди. Тайёр бўлган фуқаролик паспортлари уларга олиб бориб берилди.

– Соҳамизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида ходимларимизнинг аҳолига хизмат кўрсатиш сифати яхшиланяпти, – дейди Фарғона вилояти ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бўлим бошлиғи, подполковник Ш. Юсупов. – Бизга мурожаат қилган шахслар ортиқча кутиб ўтирмасдан, ишини тез ва осон битказиб кетиши учун барча имкониятларни яратяпмиз. Мақсадимиз,  Президентимиз таъбири билан айтганда, халқ биздан рози бўлсин.

Маълумки, Фарғона вилояти аҳоли сони жиҳатидан республикамизда иккинчи ўринда туради. Вилоят ИИБ Миг­рация ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси ва унинг жойлардаги тизимлари томонидан аҳолига паспорт бериш, алмаштириш, паспорт қоидаларига риоя этилишини таъминлаш ва назорат қилиш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилаяпти. Жумладан, 2018 йилнинг ўтган икки ойи мобайнида 65 минг 787 нафар фуқарога биометрик паспортлар расмийлаштириб берилди. Энг эътиборлиси, ходимларимиз шаҳар ва туман марказларидан узоқ масофада яшайдиган аҳоли, шунингдек, кекса ва ногирон фуқароларнинг хонадонлари ҳамда мурувват уйларига кўчма қурилмалар билан бориб, 1740 нафар шахснинг биометрик маълумотларини ўша жойнинг ўзида қабул қилиб олишди. Тайёр бўлган фуқаролик паспортлари уларга олиб бориб берилди.

Аммо ҳамюртларимиз орасида фуқаролик пас­портига эътиборсиз  шахслар ҳам учраб туради. Жорий йилнинг икки ойида ўтказилган мақсадли тадбирлар давомида 3838 нафар ана шундай қоидабузарлар аниқланиб, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддаларига асосан жаримага тортилди.

Масалан, Фарғона шаҳрида яшовчи фуқаро
Н. Юсупова эътиборсизлиги туфайли фуқаролик паспортини яроқсиз ҳолатга келтириб қўйган. Вилоят марказида яшовчи А. Маҳмудов ҳам фуқаролик паспортини қадрламайдиганлар тоифасидан экан. Шу боис у паспорти йўқолиб қолганини сезмай бепарво юраверган.   Шахсини тасдиқловчи ҳужжат зарур бўлиб қолганда эса уни топа олмай, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига мурожаат қилган.

Соҳа ходимлари томонидан паспорт тизими қоидабузарликларининг олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқий билимларини юксалтириш ва соҳага оид қонун-қоидаларни тарғиб қилиш мақсадида турли тадбирлар ўтказилмоқда. Масалан, жорий йилнинг январь-февраль ойлари давомида вилоят телевидениесида ўн марта, маҳаллий радиоларда беш марта, босма оммавий ахборот воситалари орқали  14 марта чиқиш қилинди. Бир сўз билан айтганда, соҳа ходимлари мамлакатимизда олиб борилаётган демократик ўзгаришларга ҳамоҳанг равишда, аҳолига сифатли хизмат кўрсатишга интилишмоқда.

Абдувосит СИДИҚОВ.

Фарғона вилояти.

Суратларда: соҳа ходимлари фаолиятидан лавҳалар.

Муаллиф олган суратлар.



 

ХАЛҚ МАНФААТЛАРИГА ХИЗМАТ ҚИЛИШ – МУҲИМ ВАЗИФА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 августдаги «Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори ижросини таъминлаш бўйича жойларда кенг миқёсли ишлар амалга оширилмоқда. Айни кунларда халқ билан янада яқинроқ мулоқотда бўлиш, нуроний отахону онахонлар, маҳалла фаоллари билан очиқ ва самимий учрашувлар ўтказиш анъанага айланиб қолган. Ушбу тадбирларда Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган кенг кўламдаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти аҳолига тушунтириляпти. Шунингдек, фуқаролар томонидан билдирилаётган шикоят, талаб ва таклиф-истаклар ўрганилиб, уларни ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.


Хоразм вилояти ҳам тўртта секторга бўлинган бўлиб, ҳудудни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга қаратилган ишлар тизимли равишда ташкил этилган. Жумладан, вилоят ИИБ бошлиғига бириктирилган Урганч, Хонқа ва Янгиариқ туманларида сектор раҳбари штаблари ташкил қилинган. Юқорида қайд этилган туманларни ўз ичига олган учинчи сектор ҳудудида 141 та маҳалла мавжуд. Уларда 476 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади.

Ўтган йилнинг август ойидан то шу кунга қадар секторда уйма-уй юриб, мавжуд бўлган 81607 та хонадоннинг шарт-шароити тўла ўрганиб чиқилди. Натижада  икки мингга яқин муаммо аниқланди. Бу йўналишда 2017–2018 йиллар учун мўлжалланган «Йўл хариталари» ишлаб чиқилди. Ишчи гуруҳларининг саъй-ҳаракатлари билан мавжуд муаммоларнинг 1380 таси жойида бартараф этилди. Қолганлари эса «Йўл харитаси»га киритилди. Ҳозирда тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда уларни ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган оилаларга амалий ёрдам кўрсатиш, йўл ва кўприкларни таъмирлаш, мева-сабзавотчилик, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик ва бошқа тадбиркорлик фаолияти турларини ривожлантириш, шунингдек, вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида профилактик тадбирларнинг самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, хотин-қизлар қўмиталари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамжиҳатликда аниқ ва тизимли тадбирлар белгиланган.

Мисолларга мурожаат этадиган бўлсак, Урганч тумани ҳудудида хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларига амалий ёрдам кўрсатиш ҳамда янги иш ўринлари яратиш бўйича 48 нафар тадбиркорга лойиҳаларини амалга ошириш учун ер майдонлари ажратиб берилди. Уларга тижорат банклари томонидан 12,9 миллиард сўмлик кредитлар ажратилди. Шунингдек, аҳоли бандлигини таъминлаш дастури бўйича ўтган давр мобайнида олти мингга яқин иш ўринлари яратилди.

Туман ҳудудидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар учун 56,1 миллион сўмлик, моддий ёрдамга эҳтиёжманд оилаларга 39,5 миллион сўмлик молиявий кўмак берилди. Тиббий ёрдамга муҳтож бўлган Қипчоқ маҳалласида яшовчи А. Аминов ва Чаккакўл маҳалласида яшовчи С. Алимовага юрак операцияси учун 15 миллион сўмдан, М. Давлетова, З. Бекчанов,
Р. Янгибоева, Х. Таиров, Р. Ханалиевга даволаниш ва дори-дармонлар учун 4 миллион сўмдан маблағ ажратилди. Уй-жойларини таъмирлаш мақсадида ўн нафар фуқаронинг ҳар бирига 10 миллион сўмдан ёрдам пули берилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган 111 нафар фуқарога чангютгич, кир ювиш машинаси, газ плитаси каби маиший техникалар совға қилинди. Ўн тўрт нафар ногирон фуқарога ногиронлик аравачалари ҳадя қилинди.

Тумандаги Чолиш шаҳарчасининг К. Отаниёзов номли маҳалласи аҳли мактабга, болалар боғчасига ҳамда даволаш муассасасига бориш учун айланма йўллар билан узоқ юришга мажбур бўлишарди. Эндиликда маҳалла ҳудудидан ўтувчи ариқ устига иккита кўприк қурилиб, аҳолининг бу борадаги муаммоси ижобий ҳал этилди. Қоровул қишлоғининг Ёшлик маҳалласида яшовчи имконияти чекланган Қизларгул Саидованинг хонадони капитал таъмирдан чиқарилиб, унга зарур шароитлар яратиб берилди. Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида тумандаги учта маҳалла ҳудудида 12,4 километр узунликда сув қувурлари ётқизилди ва битта сув тақсимлаш иншооти реконструкция қилинди.

Айниқса, Ғойбу қишлоғининг Туркманлар маҳалласида амалга оширилган ишлар алоҳида таҳсинга лойиқ. Бу ердаги 29-умумтаълим мактабида, қишлоқ врачлик пунктида реконструкция ишлари амалга оширилди. Қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи эса капитал таъмирдан чиқарилиб, ўқувчилар чуқур билим олиши ва касб-ҳунар эгаллаши учун барча зарур шарт-шароитлар яратилди. Хусусан, Туркман мусиқа ва санъат мактаби ҳамда 120 ўринли мактабгача таълим муассасасининг бунёд этилганидан маҳалла аҳли беҳад мамнун бўлди.

Хонқа туманида ҳам ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига мувофиқ 43,8 миллиард сўмлик 268 та лойиҳа амалга оширилди. Жумладан, ишлаб чиқариш соҳасида 12,7 миллиард сўмлик 45 та лойиҳа, қишлоқ хўжалиги соҳасида 11,3 миллиард сўмлик 132 та лойиҳа, хизмат кўрсатиш соҳасида 19,8 миллиард сўмлик 91 та лойиҳа ҳаётга татбиқ этилди. Натижада 842 та янги иш ўринлари яратилади.

Туманда ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган оилаларга моддий ёрдам кўрсатилди. Жумладан, 24 та оилага уй-жойларини таъмирлаш учун 87,4 миллион сўм, 7 та оилага моддий ёрдам тариқасида 3,1 миллион сўм, 7 та оилага даволаниш учун 14,5 миллион сўм, 35 та оилага қорамол, парранда сотиб олиш ҳамда иссиқхона қуриш учун 32 миллион сўмлик молиявий ёрдам кўрсатилди. Тиббий ёрдамга муҳтож бўлган Дониёр Сапаевга 2 миллион сўм, Русланбек Ҳаитовга 1,5 миллион сўм, Гулжон Султоновага 2,5 миллион сўм, Зиёда Сувоновага 4 миллион сўм моддий ёрдам берилди. Шунингдек, 45 нафар тиббий кўрикдан ўтмаган ногиронлиги бўлган шахслар аниқланиб, уларга белгиланган тартибда нафақа тайинланди. Йигирма етти нафар фуқарога вилоят ҳамда республика тиббиёт муассасаларида даволаниши учун ордер, 23 нафар ногиронга эса ногиронлик аравачалари топширилди. Шунингдек, даволанишга муҳтож бўлган 64 нафар фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилиб, саломатлигини тиклаб олишлари учун амалий ёрдам кўрсатилди.

Бу борада Янгиариқ туманида ҳам қатор тадбирлар амалга оширилди. Жойларда замонавий бозор инфратузилмасини ташкил этиш, хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларига амалий ёрдам кўрсатиш ҳамда янги иш ўринлари яратиш бўйича ибратли ишлар қилинди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган, уй-жойлари таъмирталаб ҳолга келган   ҳамда моддий ёрдамга эҳтиёжманд бўлган  оилаларга молиявий ёрдам кўрсатилди. Хизмат кўрсатиш соҳасини, тадбиркорликни ривожлантириш чоралари кўрилди.  Аҳоли бандлигини таъминлаш дастури бўйича 2613 та иш ўрни ташкил қилиниб, режа кўрсаткичи 109,1 фоизга бажарилди.

Сектор ҳудудидаги эҳтиёжманд оилалар фарзандларининг тўйларини ўтказишда ҳам моддий ва амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Урганч туманидаги Юқорибоғ қишлоғининг Ҳамид Олимжон номли маҳалласида яшовчи Саломат Эшхонованинг, Хонқа туманидаги Сарапаён қишлоғининг Пахтагул маҳалласида яшовчи Сардор Кўпаловнинг эски хонадонлари ўрнига янгидан уч хонали турар жойлар қуриб берилди. Янгиариқ туманидаги Гулланбоғ қишлоғининг Вакиллар маҳалласида яшовчи Кенжабой Отаниёзовга эса янгидан беш хонали турар жой биноси бунёд этилди. Бундан ташқари, ҳудудларни ободонлаштириш, кўп қаватли уйларнинг том ва ертўлаларини, ташқи томонини ҳамда подъездларини таъмирлаш, ноқонуний қурилиш­ларнинг олдини олиш, аҳолини электр энергияси, ичимлик суви ҳамда табиий газ билан таъминлаш, транспорт қатновидаги муаммоларни ҳал этиш каби кўплаб масалалар ҳам ўз ечимини топмоқда.

Шунинг билан бир қаторда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасида ҳам тизимли ишлар амалга ошириляпти. Жумладан, нотинч, низоли оилаларни, ишсиз фуқароларни, спиртли ичимликка ружу қўйган, жиноят содир этишга мойил бўлган шахсларни аниқлаб, бу масалалар юзасидан аниқ тадбирлар белгилаб олинди. Ишсизларни иш билан таъминлаш, имтиёзли кредитлар ажратиб, тадбиркорликка жалб қилиш орқали аҳоли даромадларини ошириш чоралари кўрилди. Жиноят содир этишга мойил бўлган шахсларга маҳалла фаоллари ҳамда яқин қариндошлари орасидан  масъуллар бириктирилди. Улар билан доимий профилактик суҳбатлар олиб бориш йўлга қўйилди. Шунингдек, профилактик тадбирларга жамоат ташкилотлари вакиллари ҳам жалб этилиб, ҳудудларда содир этилаётган жиноятлар сектор раҳбарлари иштирокида муҳокама қилиняпти. Шу тариқа уларнинг содир этилишига имкон бераётган сабаблар атрофлича ўрганиб чиқилиб, бартараф этилмоқда.

Жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида олиб борилган тадбирлар натижасида ўтган йил давомида вилоят ҳудудида барча йўналиш­лардаги жиноятлар 22,5 фоизга, жиноят қидирув соҳасидаги жиноятлар 21,4 фоизга камайди. Айнан учинчи сектор мисолида оладиган бўлсак, бу ерда жиноятларнинг умумий кўрсаткичи 20,3 фоизга камайишига эришилди. Айниқса, оғир тан жароҳати етказиш, ўғрилик, автотранспорт воситаларини олиб қочиш, талончилик, босқинчилик, фирибгарлик, безо­рилик каби жиноятлар сезиларли даражада камайди. Шунингдек, вояга етмаганлар томонидан содир қилинган жиноятлар 41,2 фоизга, муқаддам судланган шахслар томонидан содир қилинган жиноятлар эса 44,4 фоизга қисқаришига муваффақ бўлинди. Жорий йилда ҳам кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишда илғор тажрибалардан самарали фойдаланилаётгани боис сектор ҳудудида жиноятлар сони  камаймоқда.   

Бугун Хоразм вилояти ички ишлар органлари ходимлари «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» деган ғояни юракларига жо этиб фаолият олиб бормоқдалар. Улар бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмалари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, кенг жамоатчилик билан яқин ҳамкорлик тинчлик-осойишталикни таъминлашда, қолаверса, мамлакат иқтисодиётини юксалтиришда, жамиятимизда соғлом муҳитни қарор топтиришда муҳим омил эканлигини яхши билишади.

 

Худойберган ЖАББОРОВ.

Хоразм вилояти.

 



Осойишталик кунни тунга улаб таъминланади

Жаннатмонанд диёримизнинг тараққиёти йўлида фидокорона меҳнат қилиш ҳар бир юртдошимизнинг муқаддас бурчидир. Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорлик эса ривожланишнинг муҳим шарти саналади. Чунки хотиржамлик бор жойда қут-барака бўлади. Мамлакатимизда тинчлик-осойишталикни таъминлашда ички ишлар органларининг ҳам муносиб ўрни бор. Соҳа ходимлари туну кун халқимиз осойишталиги йўлида тиним билмай хизмат қилмоқда. Бу борада  тергов-тезкор гуруҳларининг фаолия­ти алоҳида аҳамиятга эга.

Ички ишлар органларининг бир неча соҳавий хизмат вакилларидан ташкил топган бу гуруҳлар бир сутка мобайнида ўзига бириктирилган ҳудудда содир бўлган барча жиноятларни «иссиқ изида» фош этиш чораларини кўради. Уларнинг фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида пойтахтимизнинг Сергели тумани ИИБга йўл олдик. Ҳозирда 200 мингдан ортиқ аҳоли умргузаронлик қилаётган ушбу ҳудудда 39 та маҳалла фуқаролар йиғини фаолият кўрсатиб, уларга 6 та ички ишлар бўлими хизмат кўрсатяпти.  

Бизни кутиб олган туман ИИБ ташкилий-инспекторлик ва ахборот-таҳлил бўлими бошлиғи, майор Л. Ўринов биринчи галда навбатчилик қисми фаолияти билан яқиндан таништирди. Бу ерда навбатчи, майор Р. Авезов, навбатчи ёрдамчиси, сержант Б. Ҳайитов ҳамда ЭҲМ оператори, сафдор М. Тўлаганов хизмат олиб бораётган экан. Уларнинг барча қўнғироқларга хушмуомалалик билан жавоб қайтаришаётганликларига гувоҳ бўлдик. 

Шундан сўнг навбатчилик қисми олдида саф тортган тергов-тезкор гуруҳи аъзолари билан эрталабки йўриқнома ўтказилиб, навбатчилик қисмига келиб тушган хабарлар билан таништирилди. Гуруҳ раҳбари – туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими терговчиси, катта лейтенант Ф. Мамажонов ва гуруҳ аъзолари ЖҚБ катта тезкор вакили, майор Ғ. Маҳмудов, ЭКБ эксперти, майор А. Тўраев, тергов бўлими суриштирувчиси, лейтенант И. Султонов, ЖТСБ конвой гуруҳи конвойи, сержант И. Бобоев, ЖТСБ инспектор-кинологи, кичик сержант Б. Эшметов («Лаки» лақабли хизмат ити билан) ҳамда навбатчилик қисми ҳайдовчиси, сафдор Н. Аҳмедов хизматга шай ҳолатда эди.

Биз эса фурсатдан фойдаланиб, туман ИИБ навбатчилик қисмига ташвишли қўнғироқлар бўлгунига қадар туман ИИБ бошлиғи, подполковник
З. Атаев раҳбарлик қилаётган 2-секторда ҳудудни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишдик. Жами 9 та маҳалладан иборат ушбу ҳудудда мавжуд муаммоларни ҳал этиш чоралари кўрилаётган экан.

Шунингдек, туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими ходимларининг ҳам жиноятчиликка қарши курашиш, содир этилганларини ўз вақтида фош қилиш борасидаги фаолияти билан қизиқдик.

– Жиноятчиликнинг олдини олиш ва аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни тадбирлари муҳим омил бўлиб хизмат қиляпти, – деди бўлим бошлиғи, майор Ж. Қувватов. – Боиси, ўтказилаётган бундай тадбирларда  жиноятларнинг салбий оқибатлари кенг жамоатчилик ўртасида муҳокама қилиниб, унинг кескин камайишига эришилмоқда.   

Шу аснода вақт ўтганини ҳам билмай қолибмиз. Соат миллари 13:32 ни кўрсатганида Навбатчилик қисмига Темирйўлчилар шифохонасидан қўнғироқ бўлди: туманнинг 4-даҳасида истиқомат қилувчи Ю. Д.нинг жароҳат олиб касалхонага ётқизилганлиги ҳақида хабар беришди. Зудлик билан йўлга тушган тергов-тезкор гуруҳи қисқа фурсат ичида айтилган манзилга етиб бориб,  ушбу ҳолатга ойдинлик киритишни бошлаб юборди. Аниқланишича, аввал «Ўзбекис­тон темир йўллари» акциядорлик жамиятида фаолият юритиб, ҳозирда нафақада бўлган отахон велосипедда кўчада ҳаракатланаётганида эҳтиётсизлиги оқибатида йиқилиб тушади. Шифокорларнинг меҳрибонлик билан кўрсатган муолажалари ёрдамида тезда ўзини ўнглаб олади. Ҳолат юзасидан фуқаронинг ҳеч кимга даъвоси йўқлиги туфайли чақириқ шу тариқа якун топди.

Туман ИИБ навбатчилик қисмига етиб келганимизда соат 14 дан 15 дақиқа ўтаётган эди. Шу пайт телефон жиринглаб қолди. Қўнғироқ қилган фуқаро туманнинг «Олчазор» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган автобус бекатида икки нафар автобус ҳайдовчиси ўзаро жанжаллашаётганлиги тўғрисида хабар берди. Гуруҳ аъзоларига ҳамроҳ бўлиб тезлик билан воқеа жойига етиб бордик. Келишмовчиликнинг асл сабабини билиш ниятида уларга юзландик. Маълум бўлишича, тасдиқланган жадвал бўйича ҳаракатланиши керак бўлган автобус ҳайдовчиларидан бири ўрнатилган тартибни бузади. Натижада иккови ўртасида гап қочган. Даҳанаки жанг муштлашувга айланган. Хайриятки, атрофдагилар ўз вақтида уларни ажратиб қўяди. Бир оз вақт ўтганидан сўнг ҳовуридан тушиб, жаҳлини жиловлаган ҳайдовчилар бир-биридан кечирим сўраб, ярашишди. Осойишталик посбонларига эса ҳеч қандай даъвоси йўқлигини айтиб, уларни овора қилганлиги учун узр сўрашди. Шу боис бу воқеа ҳам ҳодиса сифатида рўйхатга олинди.

Шундан сўнг кўнглимиз хотиржам бўлиб, эндигина хизмат машинасига ўтиришга улгурган эдик ҳамки, навбатчилик қисмидан қўнғироқ қилиб, туманнинг Қўйлиқ мавзесида ангренлик О. И. ва Сергели-5 даҳасида яшовчи С. М. ўзаро жанжаллашаётгани ҳақида хабар беришди. Тезлик билан айтилган манзилга етиб борган тергов-тезкор гуруҳи аъзолари дарҳол ишга киришиб, иккала шахсни воқеа жойида юзлаштиришди. Шунда аён бўлдики, С. М.  ўтган йилнинг ноябрь ойида бир ҳафтага деб О. И.дан олган қарзини ҳалигача бермаган экан. Охир-оқибатда бошқа чораси қолмаган жабрланувчи туман ИИБ навбатчилик қисмига мурожаат этади. Ўзига нисбатан қонуний чора кўрилишини тушуниб етган  фуқаро С. М. шу заҳотиёқ қарзини қайтариб бериб, жабрланувчига етказилган зарарни қоплади. Бундан қаноат ҳосил қилган О. И. унга нисбатан даъвоси йўқлигини айтди. Ҳолат бўйича тегишли ҳужжат расмийлаштирилганидан кейин тергов-тезкор гуруҳи билан биргаликда туман ИИБга келдик. Бу ердаги айрим чала қолган ишларимизни якунлаб, керакли маълумотларни олгунимизга қадар қуёш аста-секин ботиб, кун ўз ўрнини тунга бўшатиб бераётган эди. Биз тергов-тезкор гуруҳи аъзолари билан хайрлашдик. Уларни эса олдинда беором тун кутарди...

Азизжон ТИШАБОЕВ,

 майор.

Михли САФАРОВ,

лейтенант.

Б. ХАЙТБАЕВ олган сурат.

 



ФАЛОКАТ РЎЙ БЕРМАСИН ДЕСАНГИЗ

ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинг

Ёнғин хавфсизлигини таъминлаш – давлат аҳамиятига молик масала ҳисобланади. Чунки ўт балоси инсонлар ҳаёти ва саломатлигига, моддий бойликларга жиддий хавф туғдиради. Шу сабабли мамлакатимизда ёнғин хавфсизлигини таъминлашга қаратилган бар қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинган. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ички ишлар органларининг ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори муҳим аҳамиятга эга эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.


Ушбу ҳужжатга мувофиқ давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари зиммасига уларга қарашли объектлар ва ҳудудларда ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этиш бўйича шахсий жавобгарлик юклатилди. Мазкур мансабдор шахслар ҳар чоракда ўзларига қарашли объект ва ҳудудлардаги ёнғинга қарши ҳолатни танқидий таҳлил қилиши зарурлиги белгилаб берилди. Қарорда ҳафтанинг ҳар чоршанба куни «Ёнғинлар профилактикаси куни» деб белгиланди. Шунингдек, Давлат ёнғин хавфсизлиги хизматига бир қатор масъулиятли вазифалар юклатилди. Жумладан, жойлардаги ҳокимлар билан биргаликда юз берган катта ёнғинлар сабаблари, уларнинг пайдо бўлишига олиб келган шароитлар чуқур таҳлил қилиниб, якунлари бўйича ёнғинларнинг олдини олишга қаратилган «Йўл хариталари» тасдиқланиши лозимлиги кўрсатиб ўтилди.

Ушбу қарорни амалиётга татбиқ этиш ва унда белгиланган вазифаларни бажариш учун Жиззах вилояти ИИБ ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан бир қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Биринчи галда, вилоят ҳудудида жойлашган халқ хўжалиги масканлари, аҳоли турар жойларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасида бор имкониятлар ишга солиняпти.

Жумладан, жорий йилнинг дастлабки ойи давомида вилоят ҳудудида жойлашган халқ хўжалиги масканларида 208 маротаба тўлиқ ва 20 маротаба қайта ёнғинга қарши ҳолат юзасидан текширувлар ўтказилди. Шунингдек, давлат тасарруфидаги масканларда доимий ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилиниши борасида 181 маротаба тунги ва 220 маротаба кундузги тезкор ўрганишлар ўтказилди. Аниқланган камчилик ва нуқсонлар бўйича маскан раҳбарларига ёзма кўрсатмалар тақдим этилди. Қисқа вақт ичида камчиликларнинг асосий қисми бартараф этилишига эришилди. Тўрт мингдан ортиқ аҳоли турар жойларининг ёнғинга қарши ҳолати текширилиб, 110 минг нафарга яқин хонадон эгалари билан тушунтириш ишлари олиб борилди.

Халқ хўжалиги иншоотлари ва аҳоли турар жойларида ўтказилган текширувлар давомида соҳага оид хавфсизлик қоидаларини бузган 68 нафар жавобгар шахсга нисбатан сал кам ўн миллион сўм миқдорида жарима солинди. Зудлик билан бартараф этиб бўлмайдиган ёнғин чиқиш хавфи бўлган 21 та бино ва иншоотларнинг иш фаолияти вақтинчалик тўхтатилди. Етти юзга яқин носоз электр ускуна, агрегат ва иситиш мосламаларидан фойдаланиш тақиқланди.

Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини кенг оммага тарғиб этиш мақсадида маҳалла фуқаролар йиғинларида 708 маротаба учрашувлар ўтказилиб, уларда 52 мингдан зиёд фуқаро ҳамда корхона-ташкилотларда ишчи-хизматчилар билан 322 маротаба суҳбат ва йўриқномалар ташкил этилди.

Олиб борилган тарғибот-ташвиқот ишлари натижасида вилоят ҳудудида ёнғинлар сони ой сайин камайиб бормоқда. Айниқса, Ёнғинлар профилактикаси кунлари ўтказилаётганидан буён бу яққол сезиляпти. Профилактика тадбирларини ҳар бир маҳаллада ўтказишга эришаяпмиз. Бирор хонадонда ёнғин юз берса, маҳалла аҳлини йиғиб, фалокатнинг келиб чиқиш сабаблари таҳлил этиляпти. Кўнгилсизликларнинг бир қисми болаларнинг шўхлиги оқибатида рўй бераётганини ҳисобга олиб, мактаб, коллеж ва лицейлар ҳамда болалар боғчаларида ёнғин хавфсизлиги юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилаяпти. Айниқса, уларга болаларнинг гугурт ўйнаши, ўзбошимчалик билан газ, электр асбобларини ишлатиши туфайли келиб чиққан ёнғинлар тасвирланган видеолавҳалар намойиш этилаётгани ўз самарасини бермоқда. Бунинг натижаси ўлароқ ўтган йилнинг иккинчи ярмида болалар иштирокидаги ёнғинлар камайди.

Корхона, ташкилот ва муассасаларда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш юзасидан амалий машқ ва машғулотларнинг ташкил этилаётгани ҳам яхши самара бермоқда. Соҳа ходимлари назорати остида ўтказилаётган амалий машғулотларда ишчи-хизматчилар ёнғин келиб чиққанда биринчи галда амалга оширилиши лозим бўлган амалларни ўзлари мустақил бажаришади. Бу уларнинг фалокат рўй берганда таҳликага тушмасдан уни даф этиш, аланганинг авж олиб кетишига йўл қўймаслик юзасидан чора-тадбирлар кўришга ўрганишларида муҳим омил бўлади. 

Олиб борилаётган профилактик ишлар, кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан ёнғинлар натижасида инсонларнинг ҳаётдан кўз юмиши ва тан жароҳати олиш ҳолатлари ҳамон учраб турибди. Шу сабабли тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтириш, оммавий ахборот воситалари, интернет, замонавий инновацион технологиялардан фойдаланган ҳолда фуқароларнинг бу борадаги билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш олдимизда турган асосий вазифа ҳисобланади.

 

Шуҳрат ҚЎЧҚОРАЛИЕВ,

полковник.

Жиззах вилояти.

 



24 СОАТ ОНЛАЙН

Ҳаётидан мамнун инсон билан суҳбатлашганмисиз? Суҳбат жараёнида унинг қалбидаги қувончлари ҳамда шукронаси ўз-ўзидан сизга ҳам ўтиб қолганини албатта ҳис қиласиз. Энг муҳими эса, бундай инсонлар сизу бизни улкан марралару яхши ишларга сафарбар эта оладилар, бунга руҳлантира биладилар...

 

 

...ИИВ Академияси биринчи босқич курсанти, спортнинг камондан ўқ отиш тури бўйича спорт устаси Салоҳиддин Абдуқаҳҳоров қасамёд қилгач, отаси Муҳиддин Абдусатторовнинг олдига келиб:

– Ўртоқ майор, курсант Абдуқаҳҳоров ҳузурингизга етиб келди, – дея қаддини ғоз тутиб турди.

Бу манзарани кўриб турганлар, айниқса Салоҳиддиннинг онаси Марғуба опа, укаси Шамсиддин ҳамда бошқалар қанчалар ҳаяжонлаганини сўз билан тасвирлаш жуда мушкул.

... Ёш оила эндигина атак-чечак қилаётган фарзандлари билан ижарада турарди. Гоҳида уйнинг эгасига нимадир ёқмай ижарачиларини чиқариб юборар, гоҳида эса ижара нархини ошириб юборарди. Аммо ёш ходим буларнинг барчасига сабр қилиб, яхши хизмат қилишни ўйларди. Чунки ёнида уни тушунадиган турмуш ўртоғи бор. Ана шундай кунларнинг бирида лейтенант М. Абдусатторовни бошлиғи чақириб қолди:

– Муҳиддин, ҳар бир оилали эркакнинг, аввало, бир бошпанаси бўлмоғи лозим, ана шунда унинг хизматида унум бўлади, оиласидан кўнгли тинч бўлиб, бор меҳрини ишига бера олади, тўғрими? – деб сўради.

– Худди шундай, ўртоқ бошлиқ, – деб жавоб қайтарди-ю, лекин савол нима мақсадда берилганини тушунмади.

– Сен мана бу рўйхатда кўрсатилган ҳужжатларни тайёрлагин-да, шаҳар ҳокимиятига олиб бориб топшир. Қарабсанки, сенга белгиланган вақтдан кечиктирмай хизмат уйи беришади, – дея бир варақ қоғоз узатди раҳбари.

Қувончи ичига сиғмасдан уйига келган Муҳиддин бу янгиликни турмуш ўртоғи Марғубага айтди. Керакли ҳужжатларни биргаликда тайёрлашди ва кўп ўтмай хизмат уйига кўчиб ўтишди. Энди ижарама-ижара юриш ташвиши ариган эди. Оиласидан, болаларидан кўнгли тўқ ходим бор куч-ғайратини хизматига сафарбар эта бошлади.

Орадан йиллар ўтди. Тизимлардаги ички ислоҳотлар сабаб Тошкент вилояти Зангиота туманидаги «Қатортол» қишлоқ фуқаролар йиғини Қатортол ҳудудий кенгашига ўзгартирилди. Илгарилари еттита маҳалла фуқаролар йиғинига бир нафар профилактика инспектори хизмат кўрсатарди, энди уларнинг сони уч нафарга етказилди. Ҳар бир профилактика инспекторига ўз хизмат ҳудудидан уй-жой ҳамда имтиёзли кредит ҳисобига енгил автомобиль ажратилди.

– Профилактика катта инспекторимиз, майор Муҳиддин Абдусатторовни лейтенантлигидан бери биламан. Ўн йилдан ошдики, биз билан елкама-елка турибди, маҳалланинг яхши-ёмон кунларида аҳолига бош-қош, ёшларга эса гоҳида дўст бўлса, гоҳида қаттиққўл тарбиячи, – дейди «Навқирон» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Муаттар Якубжанова. – Бир неча йил  олдин инспекторимизни бошқа ҳудудга олиб кетиб қолишди. Маҳалланинг каттаю кичигини бирдек таниб, бировга ака, бошқага ука бўлиб қолганди. Ўрни билинди. Туман ИИБ раҳбариятига қайта-қайта мурожаат қилиб, яна ўзимизга қайтариб олдик.

Қадди басти норғулгина, сочларига оқ оралаган, кўзлари ўткир боқадиган, ёзнинг саратонию қишнинг қаҳратонини енгиб юрган инсоннинг юзига йиллар шамоли ўз изини қолдириб улгурган. Эндигина чизилиб келаётган бу ажинлар лавҳамиз қаҳрамонининг ёши ўтганини эмас, ташвишлари кўплигини билдирса, ажаб эмас. Зеро Қатортол ҳудудий кенгаши ҳатто икки йил олдин ҳам яхлит бир қишлоқ бўлган, еттита кўчага Муҳиддиннинг бир ўзи масъул бўлган. Бу 16–18 минг нафар инсоннинг хавфсизлиги, ҳимояси, осойишталигига ёлғиз ўзи жавобгар эди дегани. Бунинг устига фуқароларнинг ярми вояга етмаганлар эканлигини ҳисобга олсак, хизматнинг қанчалар залворли бўлганини англаймиз. Энди эса ушбу жойда уч нафар профилактика инспектори хизмат кўрсатади, шунга яраша иш самарадорлиги яна ҳам яхшиланди. Майорнинг шогирди, лейтенант Шуҳрат Қобулов устозининг йўл-йўриқларидан, ўгитларидан, қолаверса, бой тажрибасидан унумли фойдаланаяпти, хизматнинг сир-асрорларини тезлик билан эгаллаб бормоқда. Профилактика катта инспектори, капитан Бурҳон Олтинбеков ҳам лавҳамиз қаҳрамонига ҳамқадам десак, янглишмаймиз.

Ҳудудда умумтаълим, бошланғич таълим мактаби ҳамда мактабгача таълим  муассасаси бор. Аҳолининг асосий қисми ҳудуд атрофидаги турли ишлаб чиқариш цехларида меҳнат қилишади, бундан ташқари, ўз хонадонида касаначилик, ёғоч ўймакорлиги, тунукачилик билан шуғулланишади, шу йўналишларда шогирд тайёрлаётганлар ҳам бор. Маҳалланинг чевар қизлари иккита тикув цехида ишлашади. Спортнинг муай-тай тури бўйича мураббий Зиёвуддин Аҳмадхўжаевнинг ҳам талайгина шогирдлари бор.

– Маҳалламизда охирги  беш йил давомида вояга етмаганлар орасида бирорта ҳам ҳуқуқбузарлик ҳолати қайд этилмади. Катталар ўртасида биргина ҳолат юз берган: бир фуқаромиз спиртли ичимликка муккасидан кетгани сабабли оиласи вақтинча ундан алоҳида яшамоқда. Болаларига алимент тўламагани учун судланди. Бу ҳолатни бартараф этишга – маҳалладошимизни ичкиликдан қайтаришга ҳаракат қиляпмиз. Уни мажбурий даволанишга жўнатишга тайёргарлик кўраяпмиз. Даволаниб келса тўғри йўлга тушиб кетишидан умидвормиз, –  дейди «Намуна» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Олим Мўминов.

Маҳалла раислари билан суҳбатлашар эканмиз, улардан бири профилактика инспекторининг кечаю кундуз тиним билмаслиги, ҳатто тунги соат учда безовта қилишса ҳам, айтилган жойга оғринмай етиб бориши ҳақида айта туриб, «у, ёшлар тили билан айтганда, 24 соат онлайнда туради», деди ҳазиллашиб. 

Профилактика катта инспектори, майор М. Абдусатторов ҳамда оқсоқоллар билан суҳбатлашиб икки-уч маҳаллани айланиб чиқдик. Йўлимизда учраган борки, қўли кўксида, улар билан самимий сўрашиб кетяпти. Ўз навбатида, раислар ҳам учраган фуқаронинг ҳол-аҳволини, турмушини батафсил сўраяпти, қайсидир муаммолари қандай ҳал бўлгани ҳақида суриштиряпти. Гўёки бир оиланинг аъзолари кўришиб қолгандек таассурот уйғонди бизда. Кўчалар ҳам озода. Уй эгалари томорқаларидан унумли фойдаланишар, мавсумий экинлар экиб, ҳосилини  сотиб, қўшимча даромад олишар экан.

– Профилактика инспекторлари учун яратилаётган шарт-шароитлар, уларга берилаётган имкониятлардан самарали фойдаланяпмиз. Янги хизмат уйи беришди, имтиёзли кредит асосида «Матиз» русумли автомашина соҳиби бўлдим. Хизмат ҳудудимизнинг камайгани ҳисобига энди ҳар бир оиланинг ичига кириб бориш, ҳар бир фуқаро билан янада яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдик. Демак, энди биздан талаб қилинадигани яна ва яна хизмат қилишдир. Юрагимда ғайратим, танамда қувватим бор экан, шу инсонларга сидқидилдан хизмат қилишни ўзимга шараф деб биламан, – дейди майор М. Абдусатторов.

Онаси ўқитувчи, отаси ҳуқуқ-тартибот посбони бўлган йигитлар одатда ҳамиша аъло баҳоларга ўқишди, спорт билан мунтазам шуғулланишди. Мана, энди тўнғич фарзанд ота касбини танлаб, ИИВ Академиясида таҳсил оляпти, кенжаси эса академик лицей ўқувчиси. У ҳам аввал ота-онаси, акаси сингари олий маълумотли бўлиб, кейин эса ўз йўлидан боришни – тадбиркорлик билан шуғулланишни ният қилган...

 

Гули Нигор АВАЗОВА.

Тошкент вилояти.

Суратда: профилактика катта инспектори майор Муҳиддин Абдусатторовнинг

хизмат жараёнидан лавҳа.

 



КЎКЛАМОЙИМ, КЎКИНГДАН БЕР БИР ЧИМДИМ...

Яна баҳор келди, яна оламда

Ажиб бир гўзаллик, ажиб бир баёт,

Мен сени қутлайман шу улуғ дамда,

Улуғ елкадошим, музаффар ҳаёт!

Абдулла ОРИПОВ


Ҳа, ўлкамизга яна сепини ёйиб баҳор келди. Унинг нафасини ҳис этганимиз ҳамоноқ, бутун вужудимизда ажиб ўзгаришлар зоҳир бўлади. Чеҳрамизда табассум, кўзларимизда чақноқлик акс этади, билагимизда куч, қалбимизда ғайрат, шижоат жўш уради. Яшилликка ўраниб, чаккасига бойчечагу чучмомалар таққан, бодом гулларидан гулдаста тутган баҳорни худди илк бор кўраётгандек атрофга боқиб тўймаймиз. Кўклам ифорини биринчи бор туяётгандек ютоқиб-ютоқиб нафас оламиз. Қалбимиз ўз-ўзидан қувончга, завққа тўлиб бораверади.

Нуроний кексаларимиз баҳорнинг янги чечагини кўзига суртиб: «Омонлик-эй, омонлик, ҳеч кўрмайлик ёмонлик», дея дуо қилишади, «Яна бир кўкламга етдик!» деб шукрона айтишади. Бободеҳқон умид билан ерга барака уруғи қадайди. Янги йилдан унинг ниятлари катта. Халқ дастурхонининг тўкинлиги кўп жиҳатдан унга боғлиқ.

Қувонарлиси, ана шу шукронани, шод-хуррамликни нишонлайдиган, қувончларни баҳам кўрадиган байрамимиз  – Наврўзимиз бор! Унинг ташрифи кўнгилларга яхшилик, саховат, меҳр-мурувват туйғуларини бахш этади. Нарўзи олам гул фасли, яшариш, тозариш фасли бошланганидан дарак берувчи айём, Янги кун, Йилбошидир.

Яшариш ва янгиланиш айёми ўзининг маъно-мазмуни, кўрку таровати, теран фалсафаси билан бошқа байрамлардан ажралиб туради. Унинг тимсолида халқимизнинг ўзига хос маънавияти, ўтмиши, асрий қадриятлари, миллий урф-одат ва анъаналари мужассам. Шу боисдан ҳам Наврўз юртимизда умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланади. У инсониятнинг номоддий мероси сифатида ЮНЕСКО рўйхатига киритилгани айёмнинг дунё миқёсида  эътироф этилганини англатади.

Юртимиз бўйлаб Наврўз нашидаси кезмоқда. Шаҳару қишлоқларимизда, бепоён дашту далаларда кўклам сайли, байрам шодиёналари бўлиб ўтмоқда. Ҳар бир кўча, ҳар бир маҳалла кўрк, чирой очган. Ҳамманинг юзида хурсандчилик, аразу гиналар унутилган бу айёмда кишилар бир-бирига меҳр-ла янада қаттиқроқ боғланади.

Дошқозонда сумалак қайнайди. Чилдирманинг шўх садолари остида болажонлар рақсга тушади. Шўх-шодон қизларнинг сочи жамалак, камон қошлари ўсмадан кўм-кўк. Ҳамманинг димоғига муаттар ҳидлар урилади. Дастурхонларда баҳорий таомлар бисёр. Наврўзнинг шоҳ таоми сумалакдан тортиб, ҳалим, кўк сомсаю кўк чучварагача бор. Зеро, дастурхонларимизнинг тўкин-сочинлиги илк кўклам даракчиси барака, ҳосилдорлик,  тансиҳатлик ва эзгулик тимсоли эканлигидан даракдир. 

Бир сўз билан айтганда, Наврўз байрами халқимизнинг бошни бошга қўшадиган, кўнгилни кўнгилга улайдиган эзгу удуми, боқий қадрияти десак муболаға бўлмайди. Шундай экан, қулочни кенг ёйиб, эзгу ниятлар билан Баҳорни, Наврўзни кутиб олайлик. Бизни табиат билан боғловчи, уйғун қилувчи, умримизни узайтирувчи айём ҳаммамизга муборак бўлсин! Баҳор барчамизнинг қалбимизга бетакрор гўзаллик, завқу шавқ, хонадонларимизга файзу барака олиб кирсин!

Адолат Ғайрат қизи.



 


Билимли ва салоҳиятли кадрлар — тараққиётга Қанот

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Конституциямизнинг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимда «Конституция – эркин ва фаровон ҳаётимиз, мамлакатимизни янада тараққий эттиришнинг мустаҳкам пойдеворидир» номли маърузасида бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар самараси, энг аввало, юксак маънавиятли, мустақил фикрлайдиган, Ватанимиз тақдири ва истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир ёш кадрлар сафини кенгайтиришга бевосита боғлиқлигини таъкидлаб ўтдилар. Бу эса мана шу долзарб мавзуга дахлдор соҳа вакилларига, умуман олганда, барча-барчага катта масъулият юклайди.

Маънавий, илмий ва эстетик қадриятлар халқимизнинг турмуш тарзида, анъанавий маданиятида муҳим ўрин эгаллайди. Ўз тарихимизни ва жаҳон цивилизациясини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган Шарқнинг мутафаккирлари Ал-Бухорий, Ат-Термизий, Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд, Ал-Хоразмий, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Алишер Навоий, Мирзо Улуғбек каби буюк аждодларимизни эъзозлаймиз ва улар билан ҳақли равишда фахрланамиз.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ўзининг «Юксак маънавият – енгилмас куч» асарида чоризм мустамлакаси даврида илм-маърифат ғоясини баланд кўтариб чиққан Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори, Абдулла Авлоний, Исҳоқхон Ибрат, Абдурауф Фитрат, Абдулла Қодирий, Чўлпон каби юзлаб маърифатпарварларнинг ўз шахсий манфаати, ҳузур-ҳаловатидан кечиб, эл-улусни саводли қилиш, юртимизни тараққий топтириш мақсадида амалга оширган эзгу ишлари авлодлар хотирасидан асло ўчмаслигини алоҳида таъкидлаган эди. Ана шундай улуғ аждодларимизнинг илмий-ижодий мероси ва ибратли фаолияти ке­йинчалик диёримиздан Қори Ниёзий, Тошмуҳаммад Саримсоқов, Ҳабиб Абдуллаев, Саъди Сирожиддинов, Обид Содиқов, Собир Юнусов, Яҳё Ғуломов, Бўрибой Аҳмедов, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Зулфия, Саид Аҳмад, Озод Шарафиддинов, Лутфихоним Саримсоқова, Ҳалима Носирова, Олим Хўжаев, Раззоқ Ҳамроев каби кўплаб машҳур илм-фан, адабиёт ва маданият арбобларининг етишиб чиқишига мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилганлигини эътироф этганди.

Зеро, илму маърифат инсонни юксакликка кўтаради. Илм ва тафаккур одамлар қалбига нур, онгига зиё, хонадонига файз-барака келтирадиган буюк мўъжизадир. Илмга, ижодга, кашф этишга интилиш – бу олижаноб интилишдир. Чунки мамлакатнинг иқтисодий қудратини, унинг эртанги кунини, борингки, тақдирини ҳам пировард натижада ақл-заковат, маънавият ҳал қилади.

Маълумки, фан, таълим-тарбия каби соҳалар азал-азалдан инсоннинг маънавий ва интеллектуал камолотга эришишида муҳим омиллар саналган. Жаннатмонанд юртимизда ёш авлоднинг маънавий соғлом вояга етиши билан бир қаторда, таълим-тарбия олиши учун етарли шароитлар яратилишига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. «Таълим тўғрисида»ги, «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида»ги қонунларнинг қабул қилиниши, таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиниши, таълимнинг барча турларида ҳуқуқшунослик фанининг давлат стандарти асосида жорий қилиниши, шунингдек, 2001 йилдан бошлаб таълимнинг барча босқичларида Ўзбекис­тон Республикасининг Конституциясини ўрганиш жорий этилганлиги катта аҳамиятга эгадир. Бу эса, шахснинг ҳуқуқий онги ва маданияти юксалишида катта ўрин тутади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги Фармони юртимизнинг келгусидаги тараққиёт йўлини белгилаб берувчи ўзига хос дастуруламалдир. Унинг тўртинчи – «Ижтимоий соҳани ривож­лантиришнинг устувор йўналишлари»нинг 4.4-банди «Таълим ва фан соҳасини ривожлантириш»га қаратилган. Ушбу банд таълим тизимини янада такомиллаштириш, мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, умумий ўрта таълим сифатини тубдан ошириш, кадрларни иш берувчиларнинг эҳтиёжларига жавоб берадиган мутахассисликлар бўйича тайёрлаш, олий таълим муассасалари сифатини ошириш, илмий-тадқиқот ва инновация фаолиятини амалиётга жорий этишнинг самарали механизмларини яратиш, интеллектуал жиҳатдан ривожланган, ностандарт вазиятларда одилона қарор қабул қила оладиган малакали кадрларни тайёрлашни назарда тутади.

Юртимиз келажаги бўлган йигит-қизлар янги ташкил этилган, катта ваколатларга эга Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи атрофига бирлашди. У ёшларга фан ва ижод соҳасидаги иқтидорини рўёбга чиқариш, етакчилик қобилиятини янада шакллантиришга кўмаклашади. Юртбошимизнинг «Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги Фармони бунда катта аҳамият касб этади. Барчамизга маълумки, юртимиз аҳолисининг 60 фоизидан кўпроғини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Айни пайтда мамлакатимизда олиб борилаётган барча жабҳадаги ислоҳотлар билимли, ақл-заковатли, ҳар томонлама етук, юксак маънавиятли, мустақил фикрлайдиган, Ватан тақдири ва истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга шай маънан етук ва жисмонан соғлом ёш кадрлар сафини кенгайтиришни ўзида мужассам этади.

Шуни таъкидлаш жоизки, таълим тизимида олиб борилаётган туб ислоҳотлар ҳам ҳар томонлама ривожланган, меҳнат бозорида талаб катта бўлган касбларни эгаллаган, инновацион тафаккур эгаси бўлган янги авлод тарбиясини назарда тутмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонидаги бешинчи энг муҳим йўналишида туман (шаҳар) ички ишлар бошқармалари (бўлимлари) бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари – ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими (бўлинмаси) бошлиғи лавозимининг жорий этилиши ва у профилактика инспекторлари, авваламбор, вояга етмаганлар ҳамда ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича ишини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш учун жавобгар эканлиги белгилаб берилган. Ушбу йўналишда ёшларнинг бўш вақтларини самарали ташкил этишни таъминлаш борасида профилактика инспекторларининг жамоат ташкилотлари, мактаб ва маҳалла фаоллари билан ҳамкорлиги кенг йўлга қўйилди. Жойларда турли ижодий ва касб тўгараклари ташкил этилди ҳамда улар назорат остига олинди. Маҳаллаларда ёшларнинг касбга бўлган қизиқишларини ошириш мақсадида турли касб эгалари ва меҳнат фахрийлари билан учрашувлар, давра суҳбатлари, тарғибот ишлари ўтказиб келинмоқда.

Мазкур Фармоннинг устувор йўналишларидан яна бири кадрларни тайёрлаш, танлаш ва жой-жойига қўйишнинг илғор механизмларини жорий этиш, уларнинг малакаси, маънавий-ахлоқий фазилатларини ошириш орқали кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлашдир.

ИИВ тизимида ҳам билимли ва салоҳиятли кадрларни тайёрлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Юртимизда иқтидорли ва қобилиятли ўқувчиларни танлаб олиш, уларни олий таълим муассасаларига мақсадли тайёрлашни ташкил этиш учун ҳар бир олий таълим муассасаси ҳузурида академик лицей очиш ва фаолиятини йўлга қўйиш ишлари жадал равишда олиб борилмоқда. Ички ишлар органлари ходимлари учун зарур бўлган дастлабки касбий билим, юксак ватанпарварлик ва маънавий-ахлоқий фазилатларни шакллантириш, ИИВ олий таълим муассасаларига кириш учун номзодларни мақсадли тайёрлаш бўйича самарали тартибни жорий этиш йўлида республикамизда 14 та ИИВ академик лицейлари ташкил этилди.

Республика ИИВ Академиясида кадрлар тайёрлаш борасида улкан ишлар амалга оширилишига Президентимизнинг 2017 йил 16 августда қабул қилинган «Ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори асос бўлди.

Ушбу қарор асосида ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг кадрлар салоҳиятини юксалтиришга имкон берадиган сифат жиҳатдан янги тизими яратилди. Ёшларда ички ишлар органлари ходимлари учун зарур бўлган дастлабки касбий билим ва кўникмалар, юксак ватанпарварлик ва маънавий-ахлоқий фазилатларни шакллантиришни назарда тутадиган идоравий олий таълим муассасаларига кириш учун номзодларни мақсадли тайёрлаш бўйича самарали тартибни жорий этиш механизми яратилди.

Энг асосийси, бундай ишларимиз, аввало, таълимдаги ўқув жараёнлари, уларнинг юксак талабларга жавоб берадиган малакали кадрлар тайёрлаш салоҳияти билан белгиланади. Бу эса, таълим муассасаларида, билим даргоҳларида фидокорона меҳнат қилаётган профессор-ўқитувчиларнинг ўз касбини қай даражада уддасидан чиққанликларидан далолатдир. Бизнингча, ҳар бир педагог, устоз, муаллим ўз олдига қўйган мақсадга, тегишли ҳуқуқий пойдевор яратиш, малакали ва етук кадрларни тайёрлаш, тинимсиз интилиш, машаққатли меҳнат орқалигина эришиш мумкин.

Маданият, санъат, адабиёт ва матбуот соҳасига, бир сўз билан айтганда, катта ҳаётга кириб келаётган иқтидорли ёшлар талайгина. Ҳар бир инсон ўз дунёқарашини янада бойитиш учун тинимсиз меҳнат қилиши, изланиши ҳозирги кун талабидир. Фидойи инсонлар бир қарашда кўзга ташланмайди, лекин уларнинг катта қунт, билим ва тажрибалари, интилиш ва амалий ҳаракатларини билишимиз биланоқ, қўллаб-қувватлашимиз лозим.

 

Абдуваҳоб ХАЛИКОВ,

подполковник.




Дилрабонинг «оҳанрабоси»

аёлларни  ўз домига тортди

 

Танишлари билан қаҳвахонада гурунглашиб ўтириб, уйига алламаҳалда қайтган Дилрабо (исмлар ўзгартирилди) донг қотиб ухлаб қолди. Уяли телефони бир неча марта «ашула айтгандан» кейингина аранг кўзини очиб, эриниб аппаратни қўлига олди. Телефондаги рақамни кўриб худди илон чақиб олган одамдай сапчиб ўрнидан туриб кетди. Қўрқа-писа гўшакни қулоғига олиб борди.

– Яна ғафлат босиб ётибсанми, айтилган вақтда товарни юбораман деган эдинг-ку, бу ёқда мижозлар кутиб қолди. Агар товар бир ҳафтада етиб келмаса, сен билан орани очиқ қиламан, – деган овоз эшитилди.

Самарқандлик Дилрабо бир нима демоқчи бўлганди, телефон ўчди. Ранги ўчиб, уф тортиб деразадан ташқарига қаради. Атроф зим-зиё, ярим тун. Нималардир деб пичирлаб, яна ўзини ўринга ташлади.

Эрталаб дугонаси Роҳилани йўқлади. У ўзи билан мўйлаби энди сабза ураётган ўғлини бошлаб келди.

– Айтган одаминг тайинлимиди? Тезроқ жўнатмасак бўлмайди, – деди Дилрабо ташвишли оҳангда.

– Ўзингиз бир гаплашмасангиз бўлмайди, негадир иккиланяпти, – деди Роҳила.

– Тенгиз, сен уйини биласан-а? Дарров айтиб кел, иложи бўлса, олдингга солиб кел, – деди Дилрабо буйруқ оҳангда.

Тенгиз тезда кўчага чиқиб, такси тўхтатди ва манзилни айтди. Бу пайтда Ҳамида қўшнисининг маслаҳати билан янги очилган тикув цехига ишга жойлашиш учун кетмоқчи бўлиб турган эди. Қуш уясида кўрганини қилади, деганларидек, ёш йигитча Ҳамидага бир талай ёлғонларни тўқиб, йўлдан қолдирди. Унинг тилёғламалигидан Ҳамида қандай қилиб таксига чиққанини билмай қолди.

Машина қўзғалиб озгина юргандан кейин Ҳамида Тенгизга:

– Сен ўзинг биласанми мен борадиган жойни? – дея сўради.

– Ҳа, икки марта бориб келганман. Бир қари кампир бор, ўшани парвариш қилишга одам керак. Кампир роса бадавлат. Хизматкорларидан ҳеч нарсани аямайди, – деди Тенгиз оғиз кўпиртириб.

Ҳамида бир куни Дилрабонинг бошқаларга чет элдан иш топиб бераётганини Роҳиладан эшитган эди. Гап орасида мени ҳам ҳисобга олиб қўйинг, деди. Роҳила уни Дилрабо билан учраштирди. Дилрабо эса чет элдаги шарт-шароитлар, жарақ-жарақ пулларни айтиб, борадиганлар роса кўплигини ҳам қистириб ўтди. Эридан арзимаган жанжал учун ажрашиб уйида ўтирган Ҳамида учун чет эл жаннатдек туюлди ва боришга рози бўлганди. Унга Роҳила тез-тез қўнғироқ қилиб, тайёрланиб туришни тайинларди.

Хуллас, Тенгиз аёлни бошлаб келди. Бу ёғига Дилрабо уни аврай бошлади.

– Тикувчилик цехида нима бор, берган пули нимага ҳам етарди. Бир йилда топган пулингни бадавлат кампир бир ҳафтада беради. Бечора аранг юради, овқатини бериб, аравада сайр қилдирсанг бўлди.

Ҳамида Дилрабонинг гапларига лаққа тушиб паспортини берди. Роҳила уни Қозоғистонга ўтказиб, бир аёлга топширди. Аёл Остона шаҳридан Туркияга жўнатиб юборди. Уни кутиб олган Дилрабонинг таниши меҳмонхонага жойлаштирди. Эртасига эса ясантириб, «кекса кампир»никига олиб борди. У ерда ҳеч қандай кампир йўқ эди. Ярим-яланғоч аёллар эркаклар билан айшу ишрат қиларди.

Ҳамида фирибгарлар тузоғига тушганини тушуниб етгач, қайтиб кетаман, деб жанжал кўтармоқчи бўлди. Аммо энди кеч эди. Уни боғлаб, азоблаб, шаҳвоний ишларга мажбур қилишди. Аввалига овқат бермай оч қолдиришди. Кейин шу ерга келгунинггача биз сенга олти минг доллар сарфлаганмиз, ўша пулни ишлаб берасан, деб шарт қўйишди. Аёл олти ой давомида таҳқирланди.

Азобларга чидаган Ҳамида аранг Самарқандга етиб келиб, ички ишлар органига ариза берди.

Дилрабо Ҳамиданинг қайтиб келганини эшитиб, сири очилиб қолганини сезиб, қочиб кетишга ҳаракат қилди. У ноқонуний йўллар билан Ўзбекис­тондан чиқиб кетиб, кўп вақт Туркияда бўлди. Яна зарур ҳужжатларни расмийлаштирмасдан Ўзбекистонга қайтиб келди. Лекин Самарқандга етмасданоқ аэропортнинг ўзида қўлга олинди. Унинг барча жиноий хатти-ҳаракатлари ички ишлар органлари ходимлари томонидан фош этилди. Аниқланишича, Дилрабонинг «оҳанрабоси»га яна бир неча аёл учиб, кейин пушаймон бўлган экан. Ўз ватандошларини сотиб, пул ишлаш йўлига кирган жиноий гуруҳ аъзоси Ю. Дилрабо суд ҳукми билан тегишли жазога тортилди.

Беҳзод НУРИДДИНОВ,

капитан.

Садриддин ШАМСИДДИНОВ,

журналист.

Самарқанд вилояти.

 




Арзимаган келишмовчилик

қотиллик билан якун топди

Бекзод йўл чеккасида қовун еб ўтирган одамларнинг олдида турган пичоқни олиб, Барганнинг (воқеа иштирокчиларининг исми-шарифи ўзгартирилди) дуч келган жойига бир неча бор санчди...

Арзимаган келишмовчилик афсуски, Барганнинг бевақт ўлими билан якун топди. Кимдир ёшгина йигитнинг бу дунёдан эрта кетганига ачинса, яна кимдир узоқ муддатга қамалган Бекзоднинг қилмишини эслаб нафратланди. Бошқалар эса йигитларнинг пешонасига ёзилгани шу экан-да, тақдирдан қочиб қутилиб бўлармиди, дейишди. Аммо тақдир осмондан тушмайди. Ҳар ким ўз келажагини ўзи яратади. Ҳалол меҳнат қилиб, атрофдагиларга меҳр-оқибатли бўлган инсонгина бахтли-саодатли ҳаётга эришади.

Ушбу жиноят тафсилоти билан танишар эканмиз, йигитларнинг аччиқ қисматига ачинмасдан бўлмайди. Бу мудҳиш жиноятни қоғозга туширишдан мақсадимиз атрофимиздаги инсонларнинг бир-бирига меҳр-оқибатли ва хушмуомала бўлишларини, воқеадан тўғри хулоса чиқариб турли кўнгилсизликларнинг олдини олишларини, шунчаки томошабин бўлиб қолмасликларини жуда-жуда истардик.   

Хуллас, воқеа шундай бошланди. Қурилиш ташкилотларидан бирида ишловчи урганчлик Бекзод бригадирни излаб кўчага чиқади. Шу пайт қурилиши тугалланмаган бино олдида ўзи билан бирга ишлаётган йигитлар ичкилик ичиб ўтиришганди.

– Бригадирни кўрмадингларми? – сўради Бекзод уларга яқинлашаркан.

Йигитлардан бири кўрмадим, дегандек бош чайқади. Бошқалар ҳам унинг гапини тасдиқлашди. Аммо ширакайф ҳолда ўтирган Барган бир неча кун аввал Бекзод билан ўзаро низолашиб қолганини эслаб, чайқалганча ўрнидан турди ва уни куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақоратлай бошлади. Бундай қўпол муомаладан Бекзод асабийлашганча Барганга яқинлашди. Аммо ароқнинг кучидан «шер»га айланган Барган бўш келмади. Йигитлар анча тортишишди.

Жанжалнинг жиддий тус олаётганини сезган Бекзод қўл силтаганча орқасига қайрилиб кета бошлади. Барган эса унга эргашиб, ўзининг ноўрин қилиқларини давом эттирди. Бундан жаҳли чиққан Бекзод йўл чеккасида қовун еб ўтирган одамларнинг олдида турган пичоқни олиб, унинг дуч келган жойига бир неча бор санчди. Кутилмаган зарбадан ўзини тутиб туролмаган Барган ҳолсизланганча ерга йиқилди. Асабийлашаётган Бекзод қилмишидан саросимага тушиб, ён-атрофига аланглаганча ўзини кўп қаватли бинолар орасига урди ва кўздан ғойиб бўлди. Арзимаган безорилик сабаб қўли қонга ботган Бекзод бир соатча янги қурилаётган иморатнинг ертўласида яшириниб ўтирди. Сўнгра бўлган воқеада Барганнинг ҳам айби борлигини хаёлидан ўтказиб уйига келди. Воқеадан аллақачон хабар топган ички ишлар органлари ходимлари уни хонадонига кираверишда қўлга олишди.

Хуллас, Бекзод маст ҳолатда бўлган Барганга тўғри маслаҳат бериб, уни тинчлантириш ўрнига одамлар кўз ўнгида аёвсиз пичоқлаб ўлдирди.

– Барганнинг ўлимига ёлғиз ўзим сабабчиман, – деди айбланувчи С. Бекзод суд мажлисида. – Марҳумнинг қариндош-уруғларидан, яқинларидан кечирим сўрайман. Қилмишимдан пушаймонман...

Жиноятга қўл урган ҳар бир шахс қилмишининг хато эканлигини англаб етгач, пушаймон бўлиб, жабрланувчилардан, уларнинг яқинларидан кечирим сўрайди. Кўзларида пушаймонлик ёшлари пайдо бўлади. Ҳаётнинг ширинлиги, оиланинг муқаддаслигини, ундан айри яшаш инсон учун оғир мусибат эканлигини тушуниб етади. Аммо у бундай туйғуни ҳис қилганида афсуски кеч эди.

Суд айбланувчи С. Бекзодга нисбатан жазо тайинлашда жиноят ишидаги барча ҳолатларни инобатга олиб, уни узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилди.

– Баъзи ёшларимизнинг муомала маданиятини унутиб қўяётганини кўриб ачиниб кетасан, – дейди суд жараёнида иштирок этаётган гувоҳлардан бири. – Содир бўлган ушбу жиноят ҳам йигитларнинг бир-бирига қўпол муомала қилгани оқибатида рўй берди. Натижада бир инсон ҳаётдан бевақт кўз юмди. Иккинчиси эса узоқ муддатга қамалди. 

Инсон қалби шунчалик нозикки, у нафис, покиза туйғуларга, самимий сўзларга ташна бўлади. Агарда ана шундай покиза туйғулар, ширин сўзлар ўрнини дағаллик, қўполлик, қўрслик эгалласа, инсоний фазилатлардан йироқлашиб, меҳр-оқибатни унутамиз. Воқеа «қаҳрамон»лари ҳам шу туфайли ўз тақдирини ўзлари барбод қилишди.

 

Худойберган ЖАББОРОВ.

Хоразм вилояти.

 

ЯЙЛОВГА ОРАЛАГАН «БЎРИЛАР»

Кор қилмаса қийин экан. Деҳқонободлик ака-ука Шоқосим ва Шотемир Мадиевлар (исм-шарифлар ўзгартирилди) бирин-кетин суднинг қора курсисида ўтириб, қилмишлари учун жавоб беришди. Бироқ асрлар синовидан ўтиб келаётган пурмаъно нақл такрор ва такрор ўз тасдиғини топаверди: «Яхши отга бир қамчи, ёмон отга минг қамчи».


Жазони ўтаб уйига қайтган ака-ука бир муддат давом этган бекорчиликдан сўнг тўйларда чироқ ва безак ўрнатиш билан шуғуллана бошлашди. Жуда сердаромад бўлмаса ҳам, бекор вақти кўп бўлишини истаган одамга жуда мос «ҳунар» экан. Ака-уканинг хулосаси шундай бўлди.

Ана шундай кунларнинг бирида қўшни Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидан тўй маросимининг безак ишлари бўйича таклиф тушди. Масофа олислигини ўйлаб тараддудланган Шоқосимни укаси далда бериб кўндирди.

Манзилга борадиган йўл бепоён қир-адирликлар бағрини кесиб ўтарди. Бойсуннинг хушманзара табиати кишини мафтун этади. Отасининг уйдаги эски «Жигули»сида сафарга отланган ака-ука кенг яйловларда ўтлаб юрган қорамоллар, семизгина ҳисори қўйларга суқланиб тикилди.

– Яйловни қаранг, ака, – деди автоуловни бошқариб бораётган Шотемир энтикиб. – Қўйлар роҳат қилишяпти-да.

Уфққа қадар чўзилган ям-яшил «гилам»га маҳлиё бўлиб қолган Шоқосим укасининг хитобига бош силкиб жавоб берди-ю, яна узоқ-узоқларга термулди.

Сидқидилдан хизмат қилиб, тўй эгаларидан раҳмат эшитган оға-ини шу қишлоқда бўладиган тўйларнинг яна бир нечтасига олдиндан буюртма олиб қайтди. Шу сабаб кейинги икки ой давомида Бойсуннинг яйловларини қайта-қайта томоша қилиш имкони пайдо бўлди.

Навбатдаги сафарларнинг бирида Шотемир дафъатан ичидагини сиртига чиқарди:

– Шу ерларда ўтлаб юрган қорамоллардан бирини олиб кетсак, биров билармиди?

Таклиф Шоқосимга ҳам маъқул тушганлигини унинг нигоҳлари ошкор этиб турарди.

– Эртага шом пайтини мўлжаллаб келамиз, – сўзида давом этди Шотемир. – Мени ташлаб уйга қайтаверасиз. Бир бош қорамолни етаклаб пиёда кетаман.

Режа жўн бўлса-да, муваффақиятли амалга ошди. Тонг саҳар ҳовлида говмиш сигирга кўзи тушган онасининг саволига «Орттирган пулимизга сотиб олдик, боқиб сотамиз», деб жавоб беришди.

Орадан бир ҳафтани ортда қолдириб, ака-ука яна «ов»га йўл олди. Ўтган сафардагидек шомнинг ғира-ширасида яйловга келиб тўхтаган автомашинадан тушган Шотемир акасига қайтаверинг деб ишора қилди. Ўзи эса бамайлихотир яйловга тушиб кетди. Маҳаллий қишлоқ аҳли одатдагидек ҳали молларни уйга қайтаришга улгурмаганди. Чопонига ўралганча бораётган «ўғригина меҳмон» биринчи учраган новвос олдида тўхтади-да, абжир ҳаракат билан шохига арқон ўтказди...

Бойсунга қилинган «хизмат сафарлари»дан келаётган даромад Шотемирга ёқиб қолди. У ёқларда энди кўриниш бермай турганлари маъқуллигини укасига уқтира олмаган Шоқосим иниси яна йўлга отланганида унга ҳамроҳ бўла олмаслигини билдирди.

Шу сабаб бу сафар якка ўзи яйловга келган Шотемир атрофни зимдан кузатди. Иккита семиз қорамолни танлаб, уларни эҳтиёт шарт йўл бўйида турган автомашинасидан узоқроққа боғлаб қўйди. Нияти йўловчи юк машинасида «ўлжа»ларини олиб кетиш эди. Аксига олиб атрофга батамом қоронғулик чўкди ҳамки, у кутган юк машинасидан дарак бўлмади. Кўнгли номаълум хавфдан хавотирга тушиб, ҳаммасига қўл силтаб уйга қайтишни ҳам ўйлади. Аммо икки бош қорамолга эга чиқиш истаги бунга йўл қўймади.

Яйлов тарафдан ўзи томонга келаётган икки-уч нафар одам шарпасини сезиб, автоулови бузилиб қолган йўловчи қиёфасида машинасини мақсадсиз титкилай бошлади.

Келганлар у билан сўрашиб, шу яқин ўртада қаровсиз молларга кўзингиз тушмадими, деб сўрашди.

– Йўқ, кўрмадим. Пастроқда бўлмаса агар, – дудуқланиб жавоб берди Шоқосим.

Унинг ўзини тутишидаги нотабиийлик, тутилиб гапириши очиқдан-очиқ шубҳали эди.

– Ўзингиз бу ерда нима қиляпсиз? – деди сўровчиларнинг ёши улуғроғи.

– Уйга қайтаётгандим... Машинам... ўз-ўзидан ўчиб қолди...

Пойинтар-сойинтар айтилган жавоб уларнинг шубҳасини янада оширди.

Яйловда яна икки бош қорамол йўқолгани тўғрисидаги хабардан кейин воқеа жойига йўл олган профилактика инспектори ана шу воқеанинг устидан чиқди.

Ички ишлар органи ходимини кўрган Шотемир росманасига ўзини йўқотиб қўйди. Бузилган автоулови ўз-ўзидан «тузалиб», уйга шошилаётганлигини айтиб, жўнашга ҳозирланди.

Аммо энди кеч эди...

Феруз АЛИБОЕВ.

Тўра РАҲМОНҚУЛОВ.

Сурхондарё вилояти.


        



                                                                      ТУРМУШ ЗАРБАЛАРИ

                                                                                                                              Учрашув жойи – ошхона

Август ойининг олтинчи санаси. Кундуз соат бешлар. Кун ботишига ҳали бор. Лекин вақт асрга яқинлашгани учун ҳаво ҳарорати бироз пасайган. Балки, чилланинг чиққани ҳам сезилаётгандир. Тошкентнинг «Қўйлиқ» улгуржи бозоридаги автошоҳбекат ёнидаги ошхонага етти ёшлар чамаси қизи билан кирган эр-хотин бир четдаги бўш стол атрофидаги стулларга ўтиришди. Гарчи яна бўш стуллар бўлса ҳам аёл негадир қизалоғини тиззасига ўтқизди. Эркак бўлса худди бировни излаётгандек атрофга кўз югуртириб чиқа бошлади.


Шу пайт яна икки эркак келиб, бўш стулларга ўтирди. Аёлнинг эри рўпарадаги стол атрофида ўтирган хотин улар томонга тикилиб турганини пайқаб бақириб берди:

– Нима, умрингда одам кўрмаганмисан?!

Сўнг давраларига янги қўшилганларнинг ёшроғидан сўради:

– Хўш, айтилган пулни олиб келдингизми?

– Олиб келдим, – деди азбаройи жисмоний меҳнат қилаверганидан қўллари қадоқ бўлиб кетган йигит. – Фақат аввал аёлингиз қизини ўз ихтиёри билан менга бераётгани, кейин даъво қилмаслиги ҳақида тилхат ёзиб берсин.

– Бўлди. Гап бўлиши мумкин эмас, – деди аёлнинг эри. Сўнг хотинига юзланиб гапирди. – Насиба, бўл, тилхат ёзиб бера қол. Шунда буларнинг ҳам кўнгли тинчийди.

Аёл ҳам шундай бўлишини олдиндан сезган эканми, сумкасидан қоғоз, ручка олиб, тилхат ёзишга тутинди. Меҳнаткашлиги бир кўришда билинадиган киши тилхатни ўқиб чиқди. Мазмуни маъқул бўлди, шекилли, қоғозни тўрт буклаб, кўкрак чўнтагига тиқди. Сўнг шимининг чўнтагидан пул ва паспорт олиб, аёлга узатди. Аёл пул билан ҳужжатни сумкасига солиб қўймоқчи бўлганида:

– «Топиб олсанг ҳам санаб ол» деганлар. Санаб олинг, – деди.

Аёл юз долларлик саккизта купюрани санаб:

– Тўғри, саккиз юз доллар экан, – деди.

Қизалоқ қизиқсиниб пулни ушламоқчи бўлганида, онаси унинг қўлига конфет тутқазди. Пул берган киши эса:

– Мен ҳозир Ҳуснорахонга янги, чиройли кийимлар олиб бераман, – деб қизчани кўтариб олди. Ҳуснора уни илгаридан таниркан, шекилли, ҳеч ҳам бегонасирамади.

– Биз Ҳуснорахонга янги кийимлар олгани бозорга кетдик, хайр, – ҳалиги эркак шундай деб, қизчани кўтарганча ўрнидан қўзғалди. Ранги офтобдан қорайиб кетган шериги ҳам унга эргашди. Улар ошхонадан чиқиб кетгач, аёл ҳам эри билан кетишга чоғланиб, ўрниларидан туришганида, атрофларини олти-етти киши ўраб олди. Улардан бири ҳужжатини кўрсатди-да, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходими эканлигини айтиб:

– Сизлар ҳозиргина одам савдоси жиноятини содир этганликда, аниқроғи, қизингизни сотганликда гумон қилинасизлар, – деди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идорасига етиб борганларидан сўнг холислар иштирокида кўздан кечирилганида, аёлнинг сумкасидан 800 АҚШ доллари чиқди. У тониш бефойда эканлигини тушуниб, айбига иқрор бўлди.

 

Тасодифий танишув

Насиба мактаб-интернатда амал-тақал қилиб 6-синфгача ўқиди. Сўнг дарсларга бормай қўйди. Яқинлари ҳам мажбурлашмади. «Бўй етгач узат­ворамиз. Эри боқиб олади», дейишди. Ёши 17 га етиши билан турмушга беришди. Орадан етти йилча ўтиб, бир ўғил, бир қизлик бўлганида оилавий келишмовчиликлар туфайли эри билан ажрашди. Суд ҳукмига кўра ўғил отада, қиз онада қолди.

Ана энди Насибанинг ҳаётида қийин кунлар бошланди. Бирор жойда ишлай деса, на тўлиқ маълумоти, на бирор дипломи, на қўлида ҳунари бор. Қизини боқа олмаслигига кўзи етиб, бир яқин қариндошига қонуний тартибда фарзандликка берди. Ўзи эса Мақсуджон исмли йигитга турмушга чиқди. Тўғрироғи, у билан шаръий никоҳ қуриб яшай бошлади. «Ҳаш-паш» дегунча орадан ўн йил ўтиб, худо унга уч қиз ато этди. Аммо тили югуриклиги сабабми ёки уй-рўзғор юмушларини эплай олмагани учунми яна эридан ажрашди.

«Бир товуққа ҳам сув, ҳам дон керак» дейишади. Уч қизини олиб, бир кунимни кўрарман деб Тошкентга келди. Қўлида дипломи, тайинли бир ҳунар бўлмагач, ҳеч қандай иш топа олмади. Кун ўтказиш учун тиланчилик қилишига тўғри келди. Ана шундай кунларнинг бирида тасодифан мардикорлик қилиб юрган Салоҳиддин исмли йигит билан танишиб қолди. Гапдан гап чиқиб, Салоҳиддин:

– Мен сўққабошман. Сизнинг ҳам бошингиз очиқ экан. Келинг, бирор эскича илми бор одамга никоҳ ўқитиб, бирга яшайлик. Бир кунимизни кўрармиз, – деди. Тирикчилик ташвишлари жонига тегиб кетган Насиба рози бўлиб қўя қолди.

 

ЁмҒирдан ҚутУлиб, ДЎЛГА ТУТИЛДИ

Насиба «Эрга тегсам, тирикчилик ташвишидан қутуларман» деб ўйлаган эди. Қаёқда дейсиз. Ёмғирдан қочиб, дўлга тутилди. Салоҳиддин бир кун ишласа, икки-уч кун бекор юрарди. Бир нима деса:

– «Эру хотин – қўш ҳўкиз» дейишган. Керак бўлса, ўзинг ҳам ишла, – деб оғзига урарди.

Шундай кунларнинг бирида Насиба шу ҳовлидаги бошқа хонада оиласи билан ижарада турадиган Ҳакимга:

– «Рўзғор – ғор» деганлари тўғри экан. Болаларни боқишга жуда қийналиб қолдик, топганимиз еб-ичишдан ортмаяпти, – деб ҳасрат қилди. Сўнг бир нафас тин олиб, чуқур хўрсиниб қўшиб қўйди:

– Ҳуснорани болалар уйига топширмоқчиман.

Аёлнинг ҳасратини диққат билан тинглаб ўтирган Ҳаким унинг охирги гапидан хафа бўлиб кетди. Сабаби шу қизалоққа меҳри бўлакча эди. Шунинг учун худди ҳозир онаси уни Меҳрибонлик уйига топшириб юборадигандай ҳовлиқиб кетди.

– Кеннойи, – деди у шошиб. – Ўзингиз биласиз, икки нафар ўғлим бор. Худо бизни қиздан қисган. Бунинг устига Ҳуснорага меҳрим тушиб қолган. Келинг, шу қизингизни менга беринг. Бизнинг оилада камчилик кўрмай ўсади.

Аммо Насиба негадир унамади. Ҳаким қанча ялинса ҳам кўнмади. Кўп ўтмай Ҳаким оиласи билан бошқа ижара уйга кўчиб кетди. Лекин ниятидан ҳали ҳам қайтмаган эди. Шунинг учун 2017 йилнинг 5 август куни Насибага қўнғироқ қилиб:

– Кеннойи, Ҳуснора масаласида яна бир марта гаплашиб олайлик, – деди.

Насиба кўнди. Учрашув жойини келишишди. Кўришишгач, Ҳаким илтимосини яна такрорлади. Бу сафар Насиба ниятини очиқ айтди.

– Ўзингиз биласиз, – деди у ерга қараганча. – Эримнинг топиши ҳалигиндай. Мен ҳеч қаерда ишламайман. Қора қозонимиз бирда қайнаса, бирда қайнамайди. Шунинг учун агар эвазига пул берсангиз, Ҳуснорани сизга бераман.

Ҳаким аввалига ўз қулоқларига ишонмади. «Янглишмадимми?» дегандай ҳамсуҳбатининг кўзларига тикилмоқчи бўлди. Лекин у нигоҳини ердан узмасди.

– Боламни сотмоқчиман демоқчимисиз? – дея таъкидлаб сўради.

– Қандай хоҳласангиз шундай тушунинг. Шу пулга уй олардик. Шунда рўзғоримизга барака кирармиди.

– Кеннойи, ҳазиллашяпсизми? Менда уй сотиб олишга етадиган пул йўқ. Бўлганида ўзим уй сотиб олмасмидим.

– Ҳеч бўлмаса 700 доллар топилар. Унга қолган фарзандларимнинг ҳужжатларини тўғрилаб, рўзғоримнинг кам-кўстини тўлдирардим.

Ҳаким бу шартга рози бўлди. Фақат кейинчалик келишмовчиликлар юзага келмаслиги учун Насибанинг эри билан кўришиб, унинг ҳам розилигини олди. Сўнг ўзига акасидай яқин бўлиб кетган таниши Хайрулладан маслаҳат сўради. Бу гапни эшитиб, Хайрулла тутақиб кетди.

– Эсинг жойидами? – деди у жеркиб. – Ҳеч газета ўқийсанми, телевизор кўрасанми ўзи? Ҳар куни одам савдоси жинояти ҳақида бонг уришяпти-ку. Сен қилмоқчи бўлган иш айнан шу жиноят.  Дарҳол Насибанинг нияти ҳақида тегишли идорага хабар бер. Тезроқ шундай қилмасанг, шўрлик қизчани сенга бўлмаса бошқа бировга сотиб юборади.

– Мен ҳам шундан чўчияпман-да, ака, – деди Ҳаким куюниб. – Қизча бечора қандай одамнинг қўлига тушади? Уни қийнашса, дилига озор беришса-чи? Онасининг юраги тош бўлиб кетган экан ўзиям. Эрининг розилигини олаётганимда сут ҳақига яна юз доллар қўшасиз деса бўладими.

– Шунинг учун тезда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идорасига хабар бер. Ажабмас, кейин ўзинг уни фарзандликка олсанг.

 

Ким айбдор?

Ҳаким Хайрулланинг гапига қулоқ солди. Воқеанинг қандай якун топ­ганини мақоламиз бошида баён этдик. Суд ушбу жиноят ишини кўриб чиқиб, Насибага ҳам, унинг шаърий эрига ҳам беш йил озодликни чеклаш жазоси тайинлади. Ҳукм чиқаришда ҳар икки айбдорнинг ҳам муқаддам судланмаганлигини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини жазони енгиллаштирувчи ҳолат деб топди. Бундан ташқари, уларнинг ҳаётида ўз ўрнини топа олмай сарсон-саргардон бўлиб юрганини, моддий жиҳатдан ниҳоятда ночор аҳволдалигини ҳам ҳисобга олди. Яъниким инсонпарварлик ва одиллик тамойилларидан келиб чиқди. Шунинг учун қонун санкциясида назарда тутилганидан ҳам енгилроқ жазо тайинлади.

Хўш, Насибанинг ҳаётда ўз ўрнини топа олмай, сарсон бўлишига, моддий ночор аҳволга тушиб қолишига ким айбдор? Биринчи галда, ўқишини ўлда-жўлда қолдиришига, бирор касб ёки ҳунар эгалламаганига эътиборсиз бўлган яқинлари эмасми? Улар Насибани ҳатто оддий келинлик, уй бекасилик вазифасига ҳам тайёрлашмагандир. Балки, шунинг учун ҳам икки марта оила қуриб ажрашгандир. Қиз бола 17 ёшга етди дегани оилавий ҳаётга ҳар томонлама тайёр дегани эмас. Бу ёшдаги қиз фақат физиологик жиҳатдангина она бўлишга тайёр бўлади. Лекин қиз бола учун оила қуриш бу фақат (кечирасизлару) туғиш дегани эмас. Болани тарбиялаш, рўзғорни эплаш, яна қанчалаб келинлик вазифаларини уддалаш керак. Баъзан эса эрнинг қаватига кириб, рўзғор аравасини тортишига ҳам тўғри келади.

Шу сатрларни ёзяпман-у, давлатимиз раҳбарининг «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида нақадар долзарб муаммолар кўтарилганига амин бўлаяпмиз. Фармонда ёрдамга муҳтож бўлган, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни манзилли қўллаб-қувватлаш тизими мавжуд эмаслиги кўрсатиб ўтилган. Агар шундай тизим мавжуд бўлганда, Насиба бунчалик сарсон-саргардон бўлмасди.

Ҳужжатда ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш бўйича мақсадли ишлар олиб борилмаётгани, эрта никоҳларнинг, оилалардаги низоли ҳолатлар ва ажрашишларнинг олдини олиш бўйича самарали чоралар кўрилмаётгани танқид остига олинган. Ҳақиқатан ҳам, агар бу борадаги ишлар талаб даражасида бўлганида, Насиба биринчи турмуш ўртоғи билан ажрашмаган, бахтли ҳаёт кечираётган бўларди.

«Агар ундай бўлганда, агар бундай бўлганда» деб яна узоқ мулоҳаза юритиш мумкин. Аммо бундан фойда йўқ. Чунки вақтни орқага қайтариб бўлмайди. Бўлар иш бўлди, буёғига кўчди. Эндиги чора – Насибага ёрдам бериш, токи у бошқа бирор жиноятга қўл урмасин. Ахир, қарамоғида тўрт нафар фарзанди бор. Ҳар қайсиси ейман, ичаман дейди. Уларни едираман-ичираман деб ҳар йўлга кириши мумкин.

Албатта, воқеа иштирокчиларининг шаънини ўйлаб, уларнинг исми-шарифини ўзгартирдик. Бироқ бу билан масаланинг моҳияти ўзгариб қолмайди. Мамлакатимизнинг ҳар қайси туманида Насибага ўхшаган, турли сабаб­ларга кўра турмуш зарбаларига учраган, ёрдамга муҳтож, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган аёллар топилади. Президентимизнинг Фармонида уларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш Ўзбекистон, Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаб берилган. Лекин бу бошқалар томошабин бўлиб туриши керак дегани эмас. Уларнинг қавм-қариндошлари, жойлардаги ички ишлар органлари ходимлари, маҳалла фаоллари, қолаверса савобталаб, саховатпеша тадбиркорлар бундайларга ёрдам қўлини чўзса, авваламбор оддий инсоний бурчини бажарган, қолаверса, хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга ўз ҳиссасини қўшган бўлади.

 

Ахрор ХУРРАМОВ,

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

ҳузуридаги СВОЖЖДЛҚК департаменти Бектемир

туман бўлими бошлиғи.

Бобомурод ТОШЕВ,

журналист.

 

Ўхшаш мақолалар

Ҳаммасино кўриш►

63

Сонларни танлаш

10 ноябр, Шанба  
63 62 61 60 59 58 57
56 55 54 53 52 51 50
49 48 47 46 44 43 42
41 40 39 38 37 36 35
34 33 32 31 30 29 28
27 26 25 24 23 22 21
20 19 18 17 16 15 14
13 12 11 10 9 8 7
6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш ►

Хабарлар

ЁШЛАР ЖИНОЯТЧИЛИККА ҚАРШИ

Андижонда мактаб ўқувчилари ўртасида ташкил этилган «Биз жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликка қарши бирлашамиз» кўрик-танловининг вилоят босқичи якунланди.



Ҳаммасини кўриш ►
Подполковник Дўстматов Рустамжон Холмирзаевич – Тошкент вилояти ИИБ бошлиғининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосари лавозимига
Подполковник Чориев Алиахмед Омонович – Тошкент вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари – Кадрлар бошқармаси бошлиғи лавозимига
Подполковник Агзамов Азизхон Абралханович – Тошкент вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари – Молия ва моддий-техника таъминоти бошқармаси бошлиғи лавозимига

Кўп ўқилганлар

  • 6-сон


    Абдуманноб РАҲИМОВ,

    Ўзбекистон Республикаси Конституциявий

    судининг Котибияти мудири.

    ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ

    унинг давлат органлари фаолияти самарадорлигини таъминлашдаги ўрни

    ✔ 285    🕔 14:07, 09.07.2018
  • 5-сон


    Ўзбекистон Республикаси Президентининг

    Қ а р о р и

     ЖИНОЯТ ВА ЖИНОЯТ-ПРОЦЕССУАЛ ҚОНУНЧИЛИГИ ТИЗИМИНИ ТУБДАН ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

    ✔ 365    🕔 14:30, 18.06.2018
  • 4-сон


    Ўзбекистон Республикасининг

    Қ О Н У Н И

    СУД-ТЕРГОВ ФАОЛИЯТИДА ФУҚАРОЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИ КАФОЛАТЛАРИНИ КУЧАЙТИРИШ БЎЙИЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ҚАБУЛ ҚИЛИНГАНЛИГИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ АЙРИМ ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИГА ЎЗГАРТИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА

    ✔ 481    🕔 13:09, 21.05.2018
  • 3-сон


    ТАЛАБЧАН РАҲБАР, ОҚИЛА БЕКА

    Одатда кўпчилик жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиларни топиш эркакларнинг вазифаси деб тушунишади. Аксарият ўғил болалар Ватанга хизмат қилиш – ҳарбий ёки ички ишлар органи ходими бўлишни орзу қилади. Аммо умрини ўз юртига хизмат қилишга бағишлаган жасур ва матонатли хотин-қизлар ҳам бор. Бу йўлдаги қийинчилик ва хавф-хатар уларни ҳеч ҳам чўчитмайди.


    ✔ 572    🕔 14:04, 16.04.2018
  • 2-сон


    РАҒБАТЛАНТИРИШ МЕХАНИЗМИ ТАКОМИЛЛАШТИРИЛДИ

    Мустақиллик йилларида мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилди. Ўтган давр ичида ушбу вазифа давлатнинг жиноятчиликка қарши курашиш сиёсатида устувор йўналишга айланиб улгурди.

    ✔ 501    🕔 14:59, 02.04.2018
  • 1-сон


    ХАЛҚПАРВАР ТИЗИМНИНГ АСОСИЙ МЕЗОНИ

    Юртимизда қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлашнинг институционал ҳамда ҳуқуқий асос­лари шакллантирилди. Бу, ўз навбатида, жамиятда адолат ва инсон манфаатлари устуворлигини қарор топтиришда, коррупция, бюрократия сингари иллатларга қарши курашишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

    ✔ 635    🕔 13:48, 12.02.2018
Ҳаммасини кўриш ►
;