Сўраган эдингиз

13:16, 11.06.2018

«СЪЁМКА» ҚИЛИШГА ҲАҚҚИНГИЗ ЙЎҚ!»

Фуқаролар, қолаверса, оммавий ахборот воситалари ходимлари ЙПХ инспекторининг хатти-ҳаракатини қайси ҳолларда тасвирга тушириши мумкин, қайси ҳолларда мумкин эмас?

Набижон ҚОСИМЖОНОВ.

Фарғона вилояти.

ЙПХ инспекторининг фаолиятини фақат битта ҳолатда тасвирга тушириш мумкин эмас. Яъни, ЙПХ инспекторининг иши тоифаланган ва муҳим тоифаланган объект­лар яқинида ташкил этилган ҳолларда улар фаолиятини видео ёки фототасвирга тушириш тақиқланади.

* * *

У БУНГА ҲАҚЛИМИ?

Одатда ЙПХ ходими транспорт воситасини тўхтатиб, ҳайдовчидан ҳужжатларини олгач, бир оғиз гапирмасдан ўз хизмат машинаси томон кетиб қолади. У шундай қилишга ҳақлими?

Ўктам БОБОЕВ.

Навоий вилояти.

Йўқ. ЙПХ инспектори транспорт воситасини тўхтатгандан сўнг ҳайдовчига гапирмасдан кетиб қолиши мумкин эмас. У айрим ҳолларда, зарурат туғилганда ҳайдовчидан транспорт воситаси кабинаси (салони)дан чиқишни сўрашга ҳақли.

* * *

Қонуний талабни бажармаслик учун жавобгарлик белгиланган

Ҳужжат текшириш тартиби, бунда ҳайдовчи ва ходимнинг хатти-ҳаракатлари хусусида батафсил тушунча берсангиз.

Жамила ХУДОЙБЕРГАНОВА.

Хоразм вилояти.

Ички ишлар вазирлигининг 2017 йил 20 сентябрдаги 212-сонли буйруғига асосан йўл ҳаракати қатнашчиларига мурожаат қилишда ЙПХ ходими ўнг қўлини бош кийимига қадар кўтариб лавозими, махсус унвони ва фамилиясини айтиб ўзини таништириши, транспорт воситасини тўхтатгани сабабини билдириши лозим. Низоли вазиятларда ёки йўл ҳаракати қатнашчисининг талабига биноан, у кўкрак нишон белгисини маълум қилиши, қўлида ушлаган ҳолда хизмат гувоҳномасини кўрсатиши, ўзининг ҳаракатлари устидан шикоят қилиш ҳуқуқи ва тартибини тушунтириши мумкин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 24 декабрдаги 370-сонли қарори билан тасдиқланган «Йўл ҳаракати қоидалари»га кўра, ҳайдовчи ўзига ва транспорт воситасига тегишли ҳужжатларни ЙПХ инспекторининг талабига асосан тақдим этиши шарт.

Ходимнинг ҳужжатларни текшириш учун тақдим этиш, транспорт воситасини тўхтатиш ҳақидаги қонуний талабларини бажармаслик ёхуд ходимнинг қонуний талабларига бошқача тарзда бўйсунмаслик учун жавобгарлик белгиланган бўлиб, бунда ички ишлар органи ходимлари транспорт воситасини вақтинчалик жарима майдонига қўйишга ҳақли.

* * *

ЙЎЛ БЕЛГИЛАРИ КАМАЯДИМИ?

Республикамиз шаҳарларида, айниқса, Тошкент шаҳрининг марказий кўчаларида кўп жойларда тўхташ ва тўхтаб туришни тақиқловчи белгилар ўрнатилган. Бу ҳайдовчиларга ноқулайлик туғдиради. Бундай белгиларни камайтириш керак эмасми?

Шавкат АБДУЛЛАЕВ.

Тошкент шаҳри.

Республика ҳудудидаги автомобиль йўллари ва кўчаларга ўрнатилган барча тақиқловчи йўл белгилари, жумладан, 3.27. «Тўхташ тақиқланган» ва 3.28. «Тўхтаб туриш тақиқланган» белгиларини хатловдан ўтказиш, ўз аҳамиятини йўқотганларини олиб ташлаш бўйича ҳудудий ЙҲХБларига вазирлик Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси томонидан тегишли кўрсатма юборилган. Ушбу кўрсатмага биноан айни пайтда тегишли ишлар олиб бориляпти.

* * *

АЙРИМЛАРИ БИР ЙИЛДА, БАЪЗИЛАРИ ЭСА...

 

Радар (фото, видео) мосламалари неча йилда давлат стандарти текширувидан ўтади?

Сафар МЕЙЛИЕВ.

Қашқадарё вилояти.

Тезлик ўлчовчи мосламаларга ишлаб чиқарувчи корхона томонидан маълум бир муддатга (асосан 2 йилга, айрим тезлик ўлчаш мосламалари сертификатининг амал қилиш муддати бир йил) кафолатланган қиёслаш сертификати берилади. Ушбу муддат тугагандан кейин ҳар йили давлат метрология хизмати органлари томонидан даврий қиёслашдан ўтказилиши лозим. Метрология хизмати томонидан қурилманинг қиёслашдан ўтказилгани тўғрисидаги сертификат берилади.

* * *

ПРОФИЛАКТИКА ИНСПЕКТОРИ ТЕКШИРУВ ЎТКАЗА ОЛАДИ, ФАҚАТ...

Ички ишлар органларининг бошқа соҳавий хизматлари вакиллари ҳам автоуловларни тўхтатиб, текширув ўтказиш ваколатига эгами?

Собир САНОЕВ.

Бухоро вилояти.

ИИВнинг 2017 йил 20 сентябрдаги 212-сонли буйруғига асосан, мунтазам ЙПХ маскани ва блок-постларда хизмат ўтаётган ҳудудий ички ишлар органлари ходимлари ҳамда ўз ҳудудида хизмат олиб бораётган профилактика инспекторлари тўхтаб турган транспорт воситасини текшириш ҳуқуқига эга. Тўхтатиш бундан мустасно.

* * *

ЙЎЛЛАР НОСОЗ БЎЛСА...

Баъзан йўлларнинг носозлиги ҳайдовчилар томонидан қоидабузарлик­лар содир этилишига сабаб бўлади. Масалан, автоуловлар ўйдим-чуқурларни айланиб ўтиш пайтида ён томондан келаётган машиналарга урилиб кетиши мумкин. Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан йўлларнинг техник назоратини таъминлаш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича қандай чоралар кўрилади?

Достон МУҲАММАДЖОНОВ.

Жиззах вилояти.

Автомобиль йўлларининг ҳолати Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан тегишли ташкилотлар билан биргаликда мавсумий (баҳорги ва кузги) назорат тартибидаги ва махсус кўриклардан ўтказиб турилади. Кўрик­лар давомида аниқланган камчиликлар юзасидан тегишли ташкилотларга ёзма кўрсатмалар, маҳаллий ҳокимликларга тақдимномалар киритилади. Йўлларни ҳаракат учун хавфсиз ҳолда сақлаш қоидаларини бузган мансабдор шахсларга эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 147-моддасига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилади.

 



Саволларга ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи, полковник Х. САЙДАЛИЕВ жавоб берди.



Ҳурматли муштарийлар! Сизда ҳам ички ишлар органлари фаолияти билан боғлиқ масалалар юзасидан саволлар бўлса, марҳамат, таҳририятнинг info@postda.uz электрон манзилига йўлланг. Сизни қизиқтирган саволларга Ички ишлар вазирлиги соҳавий хизматларининг малакали мутахассислари жавоб беради.

Ўхшаш мақолалар

Ҳаммасино кўриш►

12

Сонларни танлаш

09 феврал, Шанба  
12 11 10 9 8 7 6
5 4 3 1

Ҳаммасини кўриш ►

Хабарлар

ҲАР ИШДА ТАШАББУСКОР ЎҚУВЧИЛАР

ИИВ Андижон академик лицейида малакали ўқитувчилар жамланган. Ўз навбатида, ўқувчилар ҳам ўтилаётган мавзуларни яхши ўзлаштириб, саф ва жисмоний тайёргарлик машғулотларида фаол иштирок этмоқда. 


Ҳаммасини кўриш ►

Кўп ўқилганлар

  • СТАРТАП  БУ ҚАНДАЙ АТАМА?


    Сўнгги пайтларда «стартап» тушунчаси кенг қўлланилмоқда. Кўпчилик бу атамани ҳали тўлиқ англаб етганича йўқ. Бу сўзнинг маъноси ва моҳияти нималардан иборат?

    Ғайрат УМАРОВ.

    Тошкент вилояти.

     

    ✔ 29    🕔 10:27, 04.02.2019
  • СЎРАГАН      ЭДИНГИЗ...


    РЎЙХАТНИНГ 1-БАНДИГА МУВОФИҚ

     

    – Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятидан янги қурилган уй-жой сотиб олса, фуқаролар қандай тартибда доимий прописка қилинади?

    О. ХУДОЁРОВ.

    Қашқадарё вилояти

    ✔ 395    🕔 11:39, 16.07.2018
  • СУВАРАКЛАР САЛОМАТЛИК  УЧУН ХАВФЛИ


    Суваракларнинг одам саломатлиги учун қандай хавфли томонлари мавжуд?

    Толиб СОБИРОВ.

    Наманган вилояти.

    ✔ 421    🕔 09:23, 27.06.2018
  • ИТ ТИШЛАГАНДА...


     Яқинда қўшнимизнинг фарзандини дайди ит тишлаб олгани ҳақида эшитиб қолдим. Бундай пайтда биринчи ёрдам сифатида нима қилиш керак?

    Лобар ТЎХТАШЕВА.

    Тошкент шаҳри.

    ✔ 614    🕔 09:22, 27.06.2018
  • СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...


    ✔ 430    🕔 12:12, 18.06.2018
  • Сўраган эдингиз


    ✔ 497    🕔 13:16, 11.06.2018
Ҳаммасини кўриш ►
;