5-сон

14:30, 18.06.2018
5-сон

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

Қ а р о р и

 ЖИНОЯТ ВА ЖИНОЯТ-ПРОЦЕССУАЛ ҚОНУНЧИЛИГИ ТИЗИМИНИ ТУБДАН ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигининг самарали тизимини яратиш давлатнинг қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлат манфаатлари, тинчлик ва хавфсизликни ишончли ҳимоя қилиш бўйича устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.

Шу билан бирга, суд-тергов амалиёти таҳлили, шунингдек, халқ билан бевосита мулоқот натижалари ушбу соҳада бир қатор тизимли муаммо ва камчиликлар мавжудлигини кўрсатди, хусусан:

биринчидан, жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилиги тизимида фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш, жиноят ишлари бўйича судгача ва суд жараёнида қонунийликни таъминлашга тўсқинлик қилувчи ҳуқуқий бўшлиқларнинг мавжудлиги;

иккинчидан, жиноятларни профилактика қилиш ва олдини олиш, шунингдек, фуқароларга юксак ҳуқуқий маданият ва қонунга ҳурмат ҳиссини сингдириш борасидаги ҳуқуқий механизмларнинг етарли даражада самарадор эмаслиги;

учинчидан, алоҳида турдаги жиноятларни содир этганлик учун санкциялар қилмишларнинг ижтимоий хавфлилик хусусияти ва даражасига номувофиқлиги, жумладан, жазонинг муқобил турлари, рағбатлантирувчи нормалар ва жамоат таъсир чоралари етарли даражада қўлланилмаслиги ва самарасизлиги;

тўртинчидан, тезкор-тергов тадбирларини ўтказиш сифатининг қониқарсизлиги ва процессуал қонунчилик талабларини бузган ҳолда олинган маълумотлардан далил сифатида фойдаланилиши;

бешинчидан, халқаро амалиётда эътироф этилган жиноят-ҳуқуқий институтларнинг етарли даражада имплементация қилинмаганлиги, жумладан, юридик шахслар жиноий жавобгарлигининг мавжуд эмаслиги;

олтинчидан, суд-тергов фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш жуда паст даражада эканлиги.

Замонавий халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда, шунингдек, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштиришнинг мутлақо янги устувор йўналишларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш концепцияси 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Қуйидагилар Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари ва вазифалари этиб белгилансин:

жиноят қонунчилиги нормаларини унификация қилиш;

жиноий жавобгарлик ва жазо тизимини такомиллаштириш;

фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлат манфаатларининг таъсирчан ва ишончли муҳофаза қилинишини таъминлаш;

жиноят-процессуал қонунчилиги нормаларини тизимлаштириш ва уйғунлаштириш;

жиноят процессида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини ишончли таъминлаш механизмларини такомиллаштириш;

жиноят процессининг янги шакл ва тартиб-таомилларини киритиш.

2. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Олий суди ва Ички ишлар вазирлигининг қуйидагиларни назарда тутувчи «Электрон жиноят иши» дастлабки лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган жиноят ишларини юритиш тартибини босқичма-босқич рақамлаштириш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин:

жиноят ишлари бўйича иш юритувни электрон шаклда юритиш ва процессуал ҳаракатларни амалга ошириш вақтида суриштирув органларининг прокуратура органлари, судлар ва жазони ижро этиш органлари, шунингдек, бошқа ташкилотлар билан маълумотлар алмашинуви имкониятини берувчи ҳимояланган тизимни, жумладан, ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларини интеграция қилиш, жиноят ишлари бўйича статистика юритишни автоматлаштириш орқали жорий қилиш;

ҳужжатнинг ягона идентификаторини жорий этишни ҳисобга олган ҳолда, жисмоний ва юридик шахсларнинг суриштирув органлари, судлар, прокуратура органлари билан интернет тармоғи орқали ахборот алмашинувини таъминлаш;

жиноят ишлари бўйича суриштирув амалиётида жиноят-процессуал ҳужжатларининг ягона электрон шаклини ишлаб чиқиш;

жиноят ишларини юритиш жараёнларини, шу жумладан, жиноят ишлари бўйича электрон иш юритувда тартиб-таомилларни қисқартириш ва ортиқча босқичларни чиқариб ташлаш орқали оптималлаштириш;

процессуал ҳаракатларни амалга ошириш тартибларини, жумладан, электрон шаклда санкциялар олиш, далилларни тўплаш, экспертизалар, суд муҳокамаси ўтказиш ва суд қарорларини ижро этиш орқали соддалаштириш.

3. Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш бўйича идоралараро комиссия (кейинги ўринларда Идоралараро комиссия деб юритилади) ташкил этилсин ва унинг таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Идоралараро комиссия (О. Б. Муродов): икки ҳафта муддатда Ўзбекистон Респуб­ликасининг жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш, шунингдек, «Электрон жиноят иши» дастлабки лойиҳасини амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳлар ташкил этсин ва уларнинг иш режаларини тасдиқласин;

2018 йил 1 декабрга қадар Тошкент шаҳрининг Яккасарой ва Миробод туманларида «Электрон жиноят иши» дастлабки лойиҳаси (кейинги ўринларда — дастлабки лойиҳа) амалга киритилсин;

2019 йил 1 октябрга қадар дастлабки лойиҳанинг синовлари натижаларидан келиб чиқиб, жиноят ишлари бўйича электрон иш юритуви жорий қилиниши муносабати билан жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритсин;

2019 йил 1 декабрга қадар ушбу қарор билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш концепцияси асосида Жиноят кодекси ва Жиноят-процессуал кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳаларини киритсин.

Ушбу бандда белгиланган вазифаларни амалга ошириш доирасида:

жиноят ва жиноят-процессуал ҳуқуқи соҳасидаги илғор халқаро тажрибани, умум­эътироф этилган норма ва стандартларни, жумладан, жойларга чиққан ҳолда ўрганишни;

илмий доиралар, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда учрашувлар, семинарлар, давра суҳбатлари ва матбуот анжуманлари ташкил этишни таъминласин.

5. Дастлабки лойиҳа иштирокчилари рўйхати ва уни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури 3 ва 4-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.

6. Белгилаб қўйилсинки, дастлабки лойиҳани амалга ошириш доирасида:

бир вақтнинг ўзида ҳужжатларнинг қоғоз ва электрон шаклларидан фойдаланилади;

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси «Электрон жиноят иши» лойиҳасининг амалга оширилиши ва юритилишига масъул бўлган ваколатли орган ҳисобланади;

иш ўринларини жиҳозлаш, ички локал-ҳисоблаш тармоқларини ташкил этиш тегишли вазирлик ва идоралар — дастлабки лойиҳа иштирокчиларининг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;

алоқа каналлари билан таъминлаш «Ўзбектелеком» АК томонидан Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан амалга оширилади;

«Электрон жиноят иши» тизимини яратиш ва жорий этиш, уни дастлабки лойиҳа иштирокчиларининг мавжуд ахборот тизимлари ва ресурслари билан интеграция қилиш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича зарурий чораларни кўриш, лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш «UNICON.UZ» ДУК томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш маркази билан биргаликда Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан амалга оширилади.

7. Идоралараро комиссия раисига юклатилган вазифаларни амалга оширишда вазирлик ва идораларнинг мутахассислари, республиканинг илмий ва таълим муассасалари вакиллари, шунингдек, халқаро ташкилотлар маслаҳатчиларини жалб қилиш ҳуқуқи берилсин.

8. Вазирлик ва идоралар раҳбарлари ушбу қарорнинг ўз вақтида ва самарали ижроси учун шахсан масъул эканлиги белгилаб қўйилсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Идоралараро комиссияга хорижий мамлакатларга сафарларни ташкил этиш, шунингдек, хорижий мамлакатларнинг давлат органлари ва халқаро ташкилотлар вакиллари билан учрашув ва музокараларни ўтказишда ҳар томонлама кўмаклашсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, масъул вазирлик ва идоралар ушбу қарор билан белгиланган вазифаларни самарали амалга ошириш учун зарур бўлган ташкилий ва амалий чоралар кўрилишини таъминласин.

11. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори О. Б. Муродов ва Ўзбекистон Респуб­ликаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б. М. Мавлонов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

      Президенти          Ш. МирзиЁев

 

Тошкент шаҳри,

2018 йил 14 май

 




ЖИНОЯТЧИЛИК САБАБЛАРИ ТАДҚИҚ ҚИЛИНМОҚДА

Шерзод МАМАЖОНОВ,

майор.

Михли САФАРОВ,

лейтенант.

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 16 августдаги «Ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорига мувофиқ ИИВ Академиясида Илмий-амалий тадқиқотлар маркази ташкил этилди.


Марказнинг асосий фаолият йўналишлари сифатида ички ишлар органлари соҳавий хизматларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги фаолияти бўйича амалий тадқиқотлар ўтказиш ҳамда уларни такомиллаштириш юзасидан илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқиш ва жорий этиш белгиланган. Шунинг­дек, ички ишлар органларига ўта мураккаб, вилоятлараро хусусиятга эга, республикада шов-шувга сабаб бўлган, шу жумладан уюшган жиноий гуруҳлар ва уюшмалар томонидан содир этилган жиноятларни фош этиш ва  тергов қилишда кўмаклашиш ҳамда тизимли равишда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича методик ва амалий қўлланмалар, тавсиялар ишлаб чиқиш ва улардан ички ишлар органлари фаолиятида фойдаланишни таъминлаш ҳам марказ вазифасига киради.

Марказнинг самарали фаолият юритиши учун зарур шарт-шароитлар яратиб берилган. Ҳар бир ходим замонавий компьютер ва техника воситалари билан таъминланган. Шу билан бирга, ички ишлар органлари соҳавий хизматлари фаолиятидаги муаммо ва камчиликларни ўрганиш, алоҳида турдаги жиноятларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашишнинг янги механизмларини ишлаб чиқиш борасида марказда лаборатория ташкил этилган. Лабораторияда мазкур масалалар, уларни ҳал этиш йўллари атрофлича тадқиқ этилади. Бунинг учун амалиёт ходимлари ва мутахассислардан иборат ишчи гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилган.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти, вазирликнинг Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, Жиноят қидирув, Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш, Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш, Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармалари бошлиқларининг биринчи ўринбосарлари марказнинг жамоатчилик асосидаги вакили сифатида фаолият юритиб келмоқда.

Марказ ходимлари томонидан ички ишлар органлари соҳавий хизматларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги фаолияти бўйича амалий тадқиқотлар ўтказилмоқда. Ўтказилган тадқиқотларнинг якунлари бўйича жиноятларнинг барвақт олдини олиш ва унга қарши курашиш борасидаги ишларни такомиллаштириш юзасидан ҳам илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқилиб амалиётга жорий қилиняпти. Масалан, жорий йилнинг январь ойи мобайнида марказ ходимлари томонидан Тошкент шаҳрида 2017 йил давомида содир этилган ўғрилик жиноятларининг 559 таси бўйича 517 нафар шахсга нисбатан судга юборилган 388 та айблов хулосалари ўрганиб чиқилди. Ушбу ҳолат бўйича айбланувчиларнинг 89 фоизини эркаклар, 11 фоизини эса аёллар ташкил этмоқда. Шундан 13,3 фоизи вояга етмаганларнинг улушига тўғри келади.

Жорий йилнинг январь ойи давомида марказ ходимлари томонидан Тошкент шаҳрида 2017 йил давомида содир этилган ўғрилик жиноятларининг 559 таси бўйича 517 нафар шахсга нисбатан судга юборилган 388 та айблов хулосалари ўрганиб чиқилди. Ушбу ҳолат бўйича айбланувчиларнинг 89 фоизини эркаклар, 11 фоизини эса аёллар ташкил этмоқда. Шундан 13,3 фоизи вояга етмаганларнинг улушига тўғри келади.

Мазкур жиноятларни содир этганларнинг 43,7 фоизи биринчи марта ўғриликка қўл урганлар бўлса, 56,3 фоизи муқаддам судланганлар экан. Жиноятчиларнинг ёшига оид маълумотлар ўрганиб чиқилганида, уларнинг энг катта қисми, яъни 47,8 фоизини 19 ёшдан 30 ёшгача бўлган шахслар, 13,3 фоизини эса вояга етмаганлар ташкил этганлиги аниқланди.

Ўғрилик жиноятларини содир этганларнинг бандлик даражаси ўрганилганида, мазкур жиноятларнинг 78,5 фоизини доимий иш фаолиятига эга бўлмаган ва ишсиз шахслар, 13,2 фоизини ўқувчи ва талабалар содир этганлиги маълум бўлди. Бу эса аҳоли бандлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишларни янада кучайтириш кераклигини кўрсатади.

Ўрганиш давомида ўғирлик жиноятларининг келиб чиқиш сабаблари, шарт-шароитлари, содир этилиш вақти, жойи, энг кўп содир этилган ҳафта кунлари, ойлар ҳамда ушбу жиноятни содир этган шахсларнинг демографик хусусиятлари, мазкур жиноятдан кўпроқ жабрланганлар қатлами таҳлил қилиниб, тадқиқот натижаларига кўра ушбу жиноятларнинг барвақт олдини олиш ҳамда фуқароларнинг виктимлик даражасини камайтириш юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

– Эндиликда ходимларимиз томонидан 2017 йил ва жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Тошкент шаҳрида содир этилган фирибгарлик жиноятларининг келиб чиқиш сабаблари ва унинг содир этилишига имкон берувчи шарт-шароитлар илмий-амалий жиҳатдан тадқиқ қилинмоқда, – дейди марказ бошлиғи, подполковник Умидбек Нуруллаев. 

 

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 14 февралдаги «Тошкент шаҳрида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида»ги Қарорида пойтахт ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмаларининг бу борадаги  фаолиятини келгусида ташкил этишнинг устувор йўналишлари белгилаб берилди.

Президентимизнинг мазкур Қарори ижросини таъминлаш борасида ИИВ Академияси Илмий-амалий тадқиқотлар маркази томонидан Тошкент шаҳар ички ишлар органларининг соҳавий хизматлари фаолиятини 2018 йил давомида мақсадли ўрганиш ва шу асосда уларнинг ишини самарали ташкил этиш бўйича илмий асослантирилган таклифлар ишлаб чиқиш бўйи­ча режали чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу билан биргаликда, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги криминоген вазият оғир бўлган биттадан туман (шаҳар) мисолида ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги фаолияти махсус ташкил этилган ишчи гуруҳлар томонидан босқичма-босқич ўрганилиб, бу борадаги фаолиятни янада такомиллаштириш юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиляпти.

 




ПРОФИЛАКТИКА ИНСПЕКТОРИ ЯШАГАН МАҲАЛЛАДА ҲУҚУҚБУЗАРЛИК СОДИР ЭТИЛМАСЛИГИ КЕРАК

Абдувосит СИДИҚОВ.

Фарғона вилояти.

Лейтенант Абдулазиз Абдувалиев Ички ишлар вазирлиги Академиясини тамомлагач, Марғилон шаҳридаги Бобур номли маҳалла ҳудудида жойлашган 96-ички ишлар органлари таянч пункти профилактика инспектори лавозимида фаолиятини бошлади.

  Мен аслида Данғара туманидаги Таптиқсарой қишлоғида туғилиб ўсганман, – дейди қаҳрамонимиз. – Лекин мана икки йилдирки, Марғилон шаҳрида хизмат вазифамни олиб бормоқдаман. Қисқа фурсат ичида ҳудуддаги барча фуқаролар билан тил топишиб кетдим. Шу ердан хизмат уйи беришди, автомашинага эга бўлдим. Ширингина оилам бор, яқинда фарзандли бўлдик. Ишлаш учун барча шароитлар етарли, биздан фақат садоқат ва масъулият билан хизмат қилиш талаб этилади, холос.

Биз профилактика инспектори билан хизмат хонасида суҳбатлашаётганимизда эшикни тақиллатиб бир йигит кириб келди.

– Бу киши якка тартибда тадбиркорлик билан шуғулланади, – деди лейтенант Абдулазиз Абдувалиев уни таништириб. – Маслаҳат сўраб тез-тез ёнимга келади. Агар рухсат берсангиз, маҳалла фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси Маҳфуза Сатторова ўз фаолияти билан таништириб турса, мен бу кишини узоқ куттирмай суҳбатлашиб олсам.

Биз профилактика инспекторига халал бермаслик учун Маҳфуза Сатторова билан маҳалла гузарига чиқдик.

– Маҳалламизда 647 та хонадон мавжуд бўлиб, 5600 га яқин аҳоли истиқомат қилади, – деди М. Сатторова. – Фуқароларимизнинг 500 нафарга яқини тадбиркорлик ва ҳунармандчилик билан шуғуланишади. Маълумки, Марғилонда миллий ҳунармандчилик ривожланган. Шу боис ёшларимиз ҳам бўш вақтларини бекор ўтказишмайди. Ота-оналарининг ёнига кириб, ҳунар эгаллашга ҳаракат қиладилар.

Маҳфуза Сатторованинг таъкидлашича, маҳалла фуқаролар йиғини қошидаги комиссиялар  фаолияти ҳам намунали ташкил этилган. Оилавий ажримларнинг олдини олиш, ёшларни ишга жойлаштириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасидаги айрим кичик муаммолар шу ернинг ўзида, комиссия ёрдамида ҳал этилади. Бу борада, албатта, профилактика инс­пектори маҳалла фаолларига ҳамиша елкадош.

  Тадбиркорга ҳуқуқий маслаҳат бериб бўлгач, профилактика инспектори ҳам келиб суҳбатга қўшилди.

– Бугун биз «Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак», деган тамойил асосида иш олиб боряпмиз, – деди лейтенант А. Абдувалиев. – Бу баландпарвоз гап эмас. Менинг хизмат уйим маҳалла гузарида, таянч пуктининг шундоққина ёнида жойлашган. Туну кун маҳалладаман. Ҳар бир хонадондаги ижтимоий-маънавий муҳитдан хабардор бўлиб тураман. Маҳалламизда яшовчи 43 та кам таъминланган оила, 3 та профилактик ҳисобда турган нотинч оиладаги муҳит билан деярли ҳар куни танишамиз. Ҳудудимизда 3 та таълим муассасаси, 7 та савдо дўкони, 1 та компьютер хизматлари кўрсатиш шохобчаси, 3 та спорт майдончаси, 1 та масжид ва 1 та дорихона фаолият кўрсатади. Улар ҳам бизнинг доимий эътиборимизда. Маҳалламиздаги «Жамоатчилик назорати маскани»да туну кун навбатчилик ташкил қилинган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев яқинда Қашқадарё вилоятига қилган ташрифи чоғида Қарши шаҳридаги Гулшан маҳалласида фуқаролар йиғини ходимлари ва профилактика инспектори биргаликда ишлаши учун яратилган шароитлар билан алоҳида танишди.

– Маҳалла жамиятимиздаги адолат тамойилларининг кўзгусига айланиши керак, – деди давлатимиз раҳбари. – Бу ер одамлар келиб фикрини, таклифини, дардини айтадиган, муаммосига ечим топадиган жой бўлиши керак. Маҳалла раиси ва профилактика инспектори ҳудуддаги ҳар бир оиланинг аҳволидан хабардор бўлиши, ким нима билан машғул – ҳаммасини билиши лозим. Ушбу тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад маҳаллани кечаю кундуз одамларнинг аҳволидан бохабар бўладиган масканга айлантиришдир.

Лейтенант Абдулазиз Абдувалиев ҳам ана шу кўрсатмаларга қатъий амал қилиб, сидқидилдан хизмат олиб бормоқда. Ёш ва ғайратли профилактика инспекторининг фидойилиги, маҳалла фаоллари билан мустаҳкам ҳамкорлиги ўз самарасини бермоқда. Марғилон шаҳрининг энг гавжум ҳудуди бўлишига қарамай, жорий йилнинг ўтган даврида мазкур маҳаллада бирорта ҳам жиноят содир этилмагани фикримиз исботидир. 

– Ҳудудимизда жиноят қайд этилмагани  бизни хотиржам қилолмайди, – дейди лейтенант Абдулазиз Абдувалиев. – Содир бўлиши мумкин бўлган жиноятларнинг олдини барвақт олишда, маҳалламизни тинч, обод ва файзли маскан сифатида асраш йўлида ҳушёрликни бир зум ҳам қўлдан бой бермаймиз.

 



ЭЪТИБОРСИЗЛИК ВА ЛОҚАЙДЛИК

фалокатга олиб келиши мумкин

Нигора РАҲИМОВА.

Навоий вилояти.

Ошхонадан чиққан ўт бир зумда аланга олиб, бошқа хоналарга ҳам ўтди. Ҳаш-паш дегунча бутун бино олов ичида қолди. Ёнғин ўчирувчилар келиб, офатни бартараф этгунларига қадар ҳеч ким олов исканжасида қолган уйга яқинлаша олмади.

– Эрталаб дадаси ишга кетганди, мен эса ул-бул харид қилиш учун бозорга чиққандим. Хайриятки, уйда ҳеч ким йўқ эди...


Мавлудахон қоп-қора тутун бурқсиётган уйига қараб йиғлаб юборди. Маълум бўлишича, хонадондаги электр симларида рўй берган қисқа туташув ёнғин чиқишига сабаб бўлган экан.

 Афсуски, аҳоли яшаш уйларида газ ва электр мосламаларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаслик, электр ўтказгич симларининг яроқсизлиги, очиқ оловдан фойдаланишда эътиборсизлик, болаларни назоратсиз қолдириш ва бошқа шу каби ҳолатлар оқибатида нохуш ҳодисалар юз бериб турибди.

Шу йил 7 апрель куни Навбаҳор туманида истиқомат қилувчи Н. Отамуродовнинг хонадонида содир бўлган ёнғин оқибатида ошхона шифти ёниб зарарланган. Хайриятки, кўрилган чора-тадбирлар натижасида офат тезда бартараф этилиб, бошқа буюмлар ва ёндош хоналарга талафот етмаган. Кармана туманида содир бўлган ёнғин эса бир инсоннинг ҳаётига зомин бўлди. Тумандаги «Ғолиб» масъулияти чекланган жамиятга қарашли балиқ боқишга мўлжалланган ҳовуз ёнидаги қоровулхонада рўй берган мудҳиш ҳодиса туфайли 36 ёшли Ғ. Омонов ҳаётдан кўз юмди.

 Гоҳида катта йўқотишларга, айниқса, инсонларнинг ўлими билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларга сабаб бўлаётган ёнғинлар сабаблари таҳлил этилганда, аввало, хавфсизлик қоидаларига беписанд қараш, эътиборсизлик ва лоқайдлик охир оқибатда мудҳиш ҳодисага олиб келганлиги аён бўлмоқда.

 – Ёнғинларнинг аксарият қисми аҳоли истиқомат қиладиган уйларда содир бўлаётганлигини эътиборга олган ҳолда ҳафтанинг ҳар чоршанба куни ўтказилаётган тадбирлар жараёнида хонадонларда электр симларининг яроқлилик ҳолатига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда,    дейди Навоий вилояти ИИБ ЁХБ бошлиғининг ўринбосари, майор Ф. Пўлатов.    Фуқароларга носоз электр ва газ мосламаларидан фойдаланишнинг аянчли оқибатлари атрофлича тушунтириляпти. Бундан ташқари, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари, корхона ва ташкилотлар, бозорлар ҳамда бошқа аҳоли гавжум бўладиган жойларда ёнғин хавфсизлиги қоидалари талабларига риоя этилиши юзасидан профилактик тадбирлар ташкил этилмоқда.

 Таъкидлаш жоизки, вилоят ҳудудида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, халқимизни «тилсиз ёв»нинг талафотидан асраш мақсадида соҳа ходимлари томонидан изчил саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ёнғинлар профилактикаси кунларида бу борадаги ишлар самарасини оширишга янада катта эътибор қаратилиб, жойларда ўқув-амалий машғулотлари ташкил этиляпти. Яқинда Навоий шаҳридаги «Навоий» меҳмонхонаси ҳамда «Фарҳод» маданият саройида ёнғин ўчириш амалий-тактик машғулотлари ўтказилиб, фуқароларга фавқулодда ҳолатлар рўй берган тақдирда хавфсизликни таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан зарур кўникмалар берилди.

Вилоят ИИБ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси томонидан тақдим этилган маълумотларга қараганда, шу кунга қадар 60 дан ортиқ давлат тасарруфидаги корхона ва ташкилотлар текширилиб, 20 та корхона, хўжалик ва ташкилотларнинг ёнғинга қарши ҳолати профилактик кўрикдан ўтказилган. Мазкур тадбирлар давомида, ўз навбатида, корхона ва ташкилотларда учрашув ва суҳбатлар ҳам ташкиллаштирилиб, унда 1660 нафардан ортиқ ишчи-хизматчининг иштироки таъминланган.

– Ҳозирга қадар давлат ёнғин назорати хизмати томонидан тавсия этилган чора-тадбирлардан 560 таси бажарилишига эришилди, – дейди майор
Ф. Пўлатов. – Бундан ташқари, ёнғин хавфсизлиги қоидалари талабларини бузганликлари учун 37 нафар раҳбар ва жавобгар шахсларга нисбатан 637 минг 288 сўм миқдорида жарималар солинди. Ёнғин чиқиш хавфи бўлган 21 та корхона, цех ва омборхоналардан фойдаланиш вақтинча тўхтатилди ҳамда 102 та носоз электр мослама, агрегат ва электр тармоқларидан фойдаланиш тақиқланди.

Шунингдек, тадбир жараёнида аҳоли турар жойлари, кўп қаватли уйлар, корхона ва ташкилотларда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш билан бир қаторда газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида газ ва электр идоралари ходимлари билан ҳамкорликда фаолият олиб борилаётганлиги ижобий самара бермоқда.

Гуруч курмаксиз бўлмаганидек, айрим фуқароларимиз томонидан электр ва табиий газдан фойдаланишда қонун бузилишларига йўл қўйилаётганлик ҳолатлари ҳам учраб турибди. Бу каби салбий ҳолатларга барҳам бериш, энг муҳими, юз бериши мумкин бўлган ёнғин хавфининг олдини олиш мақсадида ўтказилаётган тадбирлар халқимизнинг осойишталигигига хизмат қилиши шубҳасиз. Бу эса ҳар бир фуқародан ҳушёр ва эътиборли бўлишни, эзгу мақсад билан ўтказилаётган тадбирларга бефарқ қарамасликни, аксинча, фаол ҳамкорликни талаб этади.

«Ўз уйингни ўзинг асра» деган шиор нафақат экстремизм, терроризм каби хавф-хатарларнинг, балки айни пайтда даврнинг долзарб муаммоси бўлган ёнғин офатларининг ҳам олдини олишга қаратилган ҳушёрликка ундов эканлигини унутмаслигимиз, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилишимиз даркор. Токи, олов ёвга айланмасин!

 



«БИЗ БЎЛМАСАК КИМ?» – ДЕЙДИ ВАТАН ҲИМОЯЧИЛАРИ

Борис КЛЕЙМАН.

ИИВ Қоровул қўшинлари бош бошқармаси ҳарбий қисмларида ўқув йили «Жанговар тайёргарликни ташкиллаштиришда инновацион ёндашув ва қўшинлар жанговар тайёргарлик сифатини ошириш» шиори остида ўтяпти. Жангчилар касб маҳоратини нафақат ўқув хоналарида, балки полигонларда ҳам оширмоқда. Шу тариқа табель қуролидан фойдаланиш кўникмаларини мустаҳкамлаб, қўйилган вазифани биргаликда бажаришга ўрганиб, тажриба орттиришмоқда.

– Ўқув машғулотлари чоғида асосий эътибор назария ва амалиётни ўзаро уйғунлаштиришга, қурол-яроғ ва ҳарбий техникадан маҳорат билан фойдаланиш, мамлакатнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш мақсадида янги билим ва кўникмаларни эгаллашга қаратилган, – дейди ИИВ Қоровул қўшинлари бош бошқармаси ҳарбий қисми командирининг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари, подполковник Суннатилло Каримов. – Чунки қурол-яроғнинг янги турлари қанчалик такомиллашган бўлмасин, мураккаб ҳарбий вазифа фақатгина пухта тайёргарликдан ўтган аскар ва офицерлар, экипажлар, бўлинма ва қисмларнинг моҳирона ҳамда тартибли хатти-ҳаракати билан муваффақиятли бажарилади.

Ўқув машғулотларини максимал даражада реал ҳолатга яқинлаштириш, ҳарбий хизматчиларда юксак ахлоқий-жанговар, жисмоний, психологик хусусиятларни шакллантириш жанговар топшириқларни бажаришда муваффақиятлар гаровидир. Бунда Қуролли Кучлар жанговар тайёргарлиги тизими илм-фан ва техниканинг энг замонавий ютуқларига, таълим ва тарбия соҳасидаги ҳарбий назарияга, шунингдек, жанговар тажрибадан фойдаланишга асосланган бўлиши керак. Ушбу талаблар доимо ҳарбий қисм қўмондонлиги диққат-эътибори марказида.

Ҳарбий хизматчилар жанговар ўқувдан ташқари ўз интеллектуал салоҳиятини ҳам ошириб бормоқда. Шу мақсадда бўлинмада Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Андижон вилояти ахборот-ресурс маркази ходимлари иштирокида ижодий кечалар уюштирилади. Ушбу тадбирлар давомида «Юртимиз тинчлигининг мустаҳкам қалқонлари», «Икки сиймо зиёси», «Бобур – Андижон фарзанди», «Ватан дея яшайлик ҳар он», «Турфа олам», «Хабарингиз борми?», «Сиз нима дейсиз?», «Мен ўқидим ва бошқаларга тавсия қиламан» каби мавзулар муҳокама этилади. Ҳарбий қисмда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти самарали фаолият олиб бормоқда.

– Ҳарбий жамоамизда Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Андижон шаҳар кенгаши кўмагида инглиз ва рус тилларини ўқитиш курслари очилди, – дей­ди бошланғич ташкилот етакчиси, қисм командирининг ўринбосари, капитан Нодирбек Ибрагимов. – Машғулотлар Андижон давлат университети ўқитувчилари томонидан ҳафтада уч маротаба олиб борилади. Тилларни ўрганиш бўйича дасрларда 30 нафар ҳарбий хизматчи қатнашади.

Ҳарбийларнинг фарзандлари ҳам эътибордан четда қолмаган. Улар учун Ўзбекистон ёшлар иттифоқи шаҳар кенгашида турли тўгараклар фаолият юритади. Болажонлар бу ерда хорижий тилларни ўрганиб, ошпазлик, тикувчилик ва ҳунармандчилик сирларидан бохабар бўлишмоқда.

Шунингдек, ҳарбий хизматчиларнинг рафиқаларини меҳнат фаолиятига жалб этиш борасида ҳам мақсадли ишлар олиб борилмоқда. Айни дамда уй шароитида балиқ етиштириш бўйича лойиҳа амалга ошириляпти. Шу мақсадда истовчиларга 2х3 метр ўлчамдаги йиғма бассейнлар тақдим этилади. Ушбу бассейнларда шахсий томорқада ҳам балиқ етиштириш мумкин.

Ҳарбий хизматчиларни уй-жой билан таъминлаш муаммоси ҳал этилмоқда. Яқинда ИИВ Қоровул қўшинлари бош бошқармасига беш нафар ҳарбий хизматчига уй-жой олиш мақсадида махсус кредит ажратиш учун зарур ҳужжатлар юборилди.

Ҳар бир Ватан ҳимоячиси жамоат тартиби, тинчлик ва осойишталикни сақлаш бўйича зиммасидаги масъулиятни чуқур ҳис этади. «Биз бўлмасак ким?» – дейди Ватан учун жонини ҳам фидо айлашга тайёр жангчилар.

 Суратда: Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ИИВ Қоровул қўшинлари бош бошқармаси ҳарбий қисмидаги бошланғич ташкилот етакчиси, капитан Нодирбек Ибрагимов оддий аскарлар Камол Акрамов, Файзулло Ҳожихонов ва Икром Шодмонов билан суҳбатлашмоқда.

Муаллиф олган сурат.

 

 



КЕКСАЛАРИ ЭЪЗОЗ ТОПГАН ЮРТ

Худойберган ЖАББОРОВ.

Хоразм вилояти

Муаллиф олган сурат.

Кексаларнинг табиатидаги меҳрибонлик, хушфеъллик, оқиллик каби кўпгина ижобий хислатлар уларга янада улуғворлик бағишлайди. Иккинчи жаҳон урушининг машаққатли синовларини мардонавор енгиб, юртимиз осойишталигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшган истеъфодаги майор Каримбой Худойберганов ҳам ана шундай фазилатларга эга бўлган нуроний отахонлардан биридир.


Иккинчи жаҳон урушининг бошланиши барча қатори урганчлик Хударган отани ҳам хавотирга солди. Аввал тўнғич ўғли Раҳимбойни, кейинчалик эса эндигини 17 ёшга тўлган Каримбойни ҳарбий хизматга олиб кетишди. Россиянинг Приморье ўлкасида бошланғич тайёрлов машғулотларидан ўтган Каримбой алоҳида махсус гуруҳда хизмат қила бошлади. Жанг майдонига қурол-яроғ, ўқ-дориларни талафотсиз ҳамда ўз вақтида етказиб бериш ҳам қийин, ҳам  масъулиятли вазифа эди. Бундай муҳим топшириқларни ҳар қандай қалтис вазиятда ҳам уддалаш жангчидан довюрак бўлишни талаб қиларди. Ёш жангчи Каримбой Худойберганов ана шундай хислатлари билан ажралиб турарди.

...Тиш-тирноғигача қуролланган фашист­ларнинг тўхтовсиз ҳужуми вазиятни анча қийинлаштириб қўйди. Қандай бўлмасин, душманни тор-мор қилиш аскарларимиз зиммасидаги энг муҳим вазифа қилиб белгиланди. Аммо бунинг учун жангчиларимизга етарлича қурол-яроғ ва ўқ-дорилар зарур эди. Қўмондонлик томонидан ушбу вазифани амалга ошириш Каримбой Худойберганов хизмат қилаётган махсус гуруҳга топширилди. Зудлик билан тўрт кишидан иборат бўлган разведкачилар гуруҳи душман жойлашиб олган ҳудудни синчковлик билан ўрганиб чиқишга ҳамда уларнинг ҳаракатларини аниқлашга киришишди. Ҳушёр разведкачилар ўқ-дори етказиб берувчи махсус гуруҳ йўли душманлар томонидан қаттиқ назоратга олинганини, ҳатто иккита жойда «тузоқ» қўйилганини ҳам пайқаб қолишди. Вазиятнинг бу қадар жиддий тус олиши қўмондонликни ташвишга солди. Разведкачилар таркибида бўлган Каримбой Худойберганов ўрмон ташқарисидаги айланма йўл узоқ бўлса-да, анча хавфсиз эканлиги, душман асосий эътиборни ўрмон ичкарисига қаратаётгани ҳақида ахборот берди. Зудлик билан ҳаракатдаги отряд жангчилари ҳужумга ўтиб, душманни чалғитиб туришди. Пайтдан фойдаланган махсус гуруҳ ўрмон чеккасидаги айланма йўллар орқали оғир аҳволда қолган жангчиларимизга қурол-яроғ ҳамда ўқ-дориларни етказиб беришди. Бундай тезкор ҳаракатдан саросимага тушган фашистлар пала-партиш ўқ ота бошлашди. Аниқ ва тезкор ҳужумдан сўнг ёв катта талафот кўрди. Жанг майдонида кўрсатган мардлиги ҳамда қаҳрамонлиги учун оддий аскар Каримбой Худойберганов қўмондонлик томонидан муносиб тақдирланди.

Орадан бир йил ўтгач, уни ҳарбий денгиз флотига хизматга юборишди. Бу ҳарбий қўшин сафида ҳам кўплаб жанговар топшириқларни бажаришда фаол иштирок этди.

Каримбой 1950 йил она юрти Хоразмга қайтди. Узоқ давом этган уруш одамларнинг турмуш тарзини анча оғирлаштирган эди. Очарчилик туфайли вилоятнинг кўпгина худудларида ўғрилик, талончилик, босқинчилик жиноятлари авж олган. Тажрибали осойишталик посбонларининг етишмаслиги сабабли содир этилган жиноятлар очилмасдан қолаётганди. Бундай ҳолат қабиҳ ниятли кимсаларнинг қайта-қайта яна жиноятга қўл уришига имкон яратарди. Тинчлик ва хотиржамликнинг қадри нечоғлик муҳим аҳамиятга эга эканлигини дилдан ҳис қилган Каримбой халқ осойишталигини таъминлашга аҳд қилди. Кўп ўтмай уни Урганч шаҳар ИИБ пат­руль-пост хизматига қабул қилишди. Ҳаётнинг оғир синовларини ўз бошидан кечирган бу йигит юрт тинчлигини таъминлаш йўлида ҳам тиним билмай хизмат қила бошлади. У зиммасидаги  вазифаларни ўз вақтида бажариш билан бир қаторда хизматдан ажралмаган ҳолда ИИВ Тошкент ўрта махсус мактабини битиради. Юрт тинчлигини таъминлашдек шарафли вазифани амалга оширишга астойдил бел боғлаган Каримбой Худойберганов ўттиз икки йил сидқидилдан хизмат қилди. Шаҳар ҳудудида содир этилган кўплаб жиноятларнинг очилишида фаол иштирок этди.

...Қаҳратон қиш ойи. Ҳаво ҳароратининг кескин совиб кетиши натижасида кўчаларда одамлар деярли кўринмайди. Одатдагидек Урганч шаҳри бўйлаб тунги хизматга жалб қилинган катта сержант Каримбой Худойберганов белгилаган ҳудудни ҳушёрлик билан кузатиб борарди. Тўсатдан кўчанинг нариги томонидаги хонадонлардан бирида чироқ ёнди-ю, икки кишининг олишуви бошланди. Дераза ойнасидан яққол кўриниб турган бу воқеа Каримбойнинг эътиборини тортди. У дарҳол ўша хонадон томон шошилди. Юзига ниқоб тақиб олган жиноятчи қўлидаги пичоқни хонадон эгасининг бўғзига тираб, пул ҳамда қимматбаҳо буюмларни топиб беришини талаб қиларди. Катта сержант К. Худойберганов ичкаридан қулфланган эшикни темир бўлаги билан синдириб, хонага кириб, жиноятчига ташланди. Аммо босқинчи унга жиддий қаршилик кўрсатди. Каримбой кутилмаган тезкор ҳаракат билан уни қуролсизлантирди ва ерга қулатди. Тергов ҳаракатлари давомида унинг кўплаб ўғирлик ҳамда босқинчилик жиноятларини содир қилганлиги маълум бўлди.

К. Худойберганов узоқ йиллар турли лавозимларда самарали хизмат қилди. Ўз касбининг фидойиси ва билимдони бўлгани боис кўплаб ёш ходимларнинг меҳрибон устозига айланди.

Айни кунда Каримбой ота Худойберганов вилоят ИИБ фахрийлар кенгашининг фаол аъзоларидан бири. ИИВ Академияси курсантлари,  таълим муассасалари талабалари ва ўқувчилари унинг хонадонига тез-тез келиб, фахрийнинг суронли йиллар ҳақидаги хотираларини, фаровон турмушимизнинг қадрига етиш кераклиги ҳақидаги насиҳатларини тинглашади.

Каримбой ота раҳматли турмуш ўртоғи Гурчеҳра ая билан 11 нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказишди. Улар айни кунда жамиятимизнинг турли соҳаларда сидқидилдан меҳнат қилмоқда. Ота изидан борган ўғли Анвар Худойберганов узоқ йиллар ички ишлар органларида самарали хизмат қилди.

– Кексалари эъзозланган юртнинг бугуни нурафшон, эртаси порлоқ бўлади, – дейди отахон. – Биз ана шундай келажаги буюк давлатда яшаётган бахтли инсонлармиз. Ҳукуматимиз томонидан кўрсатилаётган бундай ғамхўрликлар, меҳр-мурувватлар биз, қарияларга куч-қувват, кўтаринки кайфият бағишлаб, умримизга умр қўшади.

Каримбой ота истеъфога чиққач маҳалла фуқаролар йиғини фаоли сифатида кўплаб эзгу ишлар қилиб, маҳалла аҳлининг ҳурмат-эътиборига сазовор бўлди. Маҳаллани обод қилишда, тинчлик-осойишталигини таъминлашда, тўй ва маросимларнинг камчиқим, исрофгарчиликсиз ўтишида, ёш оилалардаги келишмовчилик­ларнинг барҳам топишида ҳалигача бош-қош бўлади. Айниқса, ёшлар, жамиятимиз ривожига муносиб ҳисса қўшадиган юртпарвар инсонлар бўлиб камол топиши учун ўзининг пурмаъно насиҳатларини бериб келмоқда.

 



«ОСОЙИШТА КУНЛАРНИНГ ҚАДРИГА ЕТИНГ»

дейди Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси

Нурилла Абдуллаев

Азамат ПИРНИЯЗОВ.

Қорақалпоғистон Республикаси.

Одамзод ўтган  даврлар мобайнида қанчадан-қанча даҳшатли урушлар ва фожиаларни бошидан кечирмади дейсиз. Айниқса, Иккинчи жаҳон уруши миллионлаб кишиларнинг ҳаётига зомин бўлгани, минглаб юртдошларимиз бошига оғир мусибат солгани барчамизга маълум.

Фашизмга қарши курашда кўплаб миллат ва элат вакиллари иштирок этиб, улар ўзларининг матонати ва жасорати, кўплаб йўқотишлари эвазига ғалаба қозондилар. Шу боисдан бугунги кунда мазкур урушнинг бевосита иштирокчилари, шунингдек, фронт ортида меҳнат қилган кекса авлод вакиллари бошидан кечирган қийинчиликлари, йўқотишларини ҳамон кўзида ёш билан эсга олиши бежиз эмас, албатта. Ушбу қирғинбарот урушда бир ярим миллиондан ортиқ ватандошларимиз иштирок этган бўлса, улардан қанча-қанчаси Ватан озодлиги йўлида ўз жонларини қурбон қилдилар.

Мамлакатимизда 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни сифатида нишонланиб келинмоқда. Жорий йилда ушбу сана муносабати билан Президентимиз томонидан «Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарор ҳамда «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги Фармон қабул қилинди.

Иккинчи жаҳон урушида бевосита иштирок этган, урушдан кейин кўп йиллар давомида ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларида хизмат қилган нукуслик Нурилла Абдуллаев давлатимиз раҳбарининг ғамхўрликларидан руҳланиб кетиб шундай деди:

Бундай дориламон кунларга шукрона айтмай бўладими?! Қаерда тинчлик бўлса, шу ерда юксалиш ва ривожланиш бўлади. Шундай экан, мамлакатимиздаги тинчликка кўз тегмасин.  Ёшларимизга осойишта кунларнинг қадрига етинг, мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш, эл-юрт рав нақи йўлида фидойилик билан меҳнат қилинг, дегим келади.

  Жанггоҳларда қанча қийинчиликлар, қурбонлар эвазига фашизм устидан ғалаба қозонилганига тарихнинг ўзи гувоҳ. Шундай экан, бугунги тинч-осойишта кунларга етиш учун жон фидо этган кишилар хотирасини ёд этиш келажак авлод учун ҳам қарз, ҳам фарздир. Сабаби тинчлик деган биргина сўзнинг замирида қанча ҳикмат жамланганлигини биз, уруш қатнашчилари яхши биламиз. Бизнинг бошимизга тушган оғир кунларни ўсиб келаётган авлод ҳеч қачон кўрмасин.

– Яқинда Президентимизнинг Фармонига кўра  Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига  беш миллион сўмдан бирйўла пул мукофоти берилди. Давлатимиз раҳбарининг Қарори шарофати билан ёлғиз ва кам таъминланган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг турар жойи ҳамда уй хўжаликлари таъмирланиб, ободонлаштирилди. Уларнинг истаганлари бир нафар кузатувчиси билан бирга бепул ўзлари жанг қилган мамлакатларга бориб келди, санаторийларда дам олди.

Бундай дориламон кунларга шукрона айтмай бўладими?! Қаерда тинчлик бўлса, шу ерда юксалиш ва ривожланиш бўлади. Шундай экан, мамлакатимиздаги тинчликка кўз тегмасин. Ёшларимизга осойишта кунларнинг қадрига етинг, мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш, эл-юрт равнақи йўлида фидойилик билан меҳнат қилинг, дегим келади.

Биз ҳам отахоннинг гапларига қўшилган ҳолда юртимизда, қолаверса, бутун оламда  ҳамиша тинчлик-осойишталик ҳукм суришини истаб қоламиз.

 



ҲАМИША ЁРДАМГА ОШИҚИБ ТУРАРДИ

 Гули Нигор АВАЗОВА.

Қашқадарёнинг Касби туманида туғилиб ўсган Гулмурод Тўлаевнинг қошу кўзи отасига тортган эди. Оилада иккинчи ўғил бўлган бу ўғлон ўқувчилик йилларида отасининг армияда хизмат қилган суратларини томоша қилишни яхши кўрарди. Альбомни варақлар экан: «Бу ўртоғингиз ким? Бу расмни қайси вақтда тушгансиз? Мана бу нишонни нега беришган?» сингари саволлари тугамас, Холмурод ака эса унга жавоб бериб чарчамас эди.

Ўқувчилик йилларида жажжи юрагида ниш отган орзу йиллар ўтгани сари қатъий мақсадга айлана борди. Коллежда ўқиб юрганида гуруҳ сардори сифатида тенгдошларига ҳар томондан ўрнак бўлди. Спортнинг югуриш, бокс, турникда тортилиш сингари турлари билан тинимсиз шуғулланар, коллежда бўлиб ўтадиган мусобақаларда унга тенг келадигани топилмасди. Ҳар куни тонгда ўқишга чиқиб кетар, уйга қайтгач, ҳовлидаги ишларга қарашарди: ер чопишми, экинлар орасидаги бегона ўтларни юлишми, дарахтларни парвариш қилишми, ҳамма-ҳаммасини бажариб кетаверарди. Тозаликка, батартибликка алоҳида эътибор қаратарди.

Йиллар бир-бирини қувиб ўтаверди. Йигит ёшига етгач, муддатли ҳарбий хизматга чақирув қоғози келди. Гулмуроднинг ўшандаги севинчини таърифлашга тил ожиз қолган эди. Ҳарбий хизматга гўёки қанот боғлаб учди деса, муболаға бўлмайди.

«Армия – ҳаёт мактаби» дейишганича бор экан, мен бу ерда, онажон, сизнинг меҳрингизни, отажон, сизнинг қадрингизни янада теранроқ англай бошлаяпман. Қақажон сингиллариму мен қилган ишга ҳавасманд  Дилмурод укамни ҳам соғиняпман. Жуда кўплаб режалар туздим, энг муҳими, келажакда қайси касб эгаси бўлишимни танлаб олдим», – деб ёзган эди бир мактубида.

Қуролли Кучлар сафидан қайтгач, ҳарбий хизматни шартнома асосида давом эттириш ҳаракатини бошлаб юборди. Барча синовлардан ёруғ юз билан, муваффақиятли ўтди, муддатли ҳарбий хизматни ўтагани учун ҳарбий қисмдаги шарт-шароитга тезда мослашиб кетди.

 – Ўшанда 3 апрель эди. Туғилган кунимни нишонлаётган эдик. Дас­турхонни энди тузаб ҳам бўлувдикки, дарвозамиз тақиллади. Қизларим бандлиги боис ўзим чиқдим, – дея хотирлайди Гулмуроднинг онаси Маҳаббат опа. – Дарвозани очсам, қаршимда бир қучоқ гул кўтарганича, формаси ўзига қуйиб қўйгандек ярашиб турган ўғлим табассум қилиб турибди. Ўшандаги қувончимнинг чеки йўқ эди. Зеро, у уйга илк бор хизмат кийимида келганди, – дея ички соғинч билан эслайди онаизор.

Гулмурод ИИВ Қоровул қўшинларига қарашли ҳарбий қисмлардан бирида назоратчи вазифасида хизмат қила бошлади. Ўғлининг орзу-ҳавасини кўриш истагидаги ота-она уни уйлантириш тараддудига тушиб қолишди. Табиийки, унинг кўнглида ким борлигини билмоқчи бўлишди. Ота-онасидан уялган Гулмурод уларга дангалини айта олмасди, аммо синглиси Холниса унинг ичидагини бир қарашдаёқ ўқиб олди. Ҳамқишлоғи бўлмиш бу қизни кўрганда акасининг юзига табассум югуришини у анчадан бери кузатиб юрарди-да. Шундай қилиб, бир бахтли оила яралиши учун пойдевор қўйилган эди. Ҳатто тўй куни ҳам тайин қилинган эди.

– Гулмурод атиги бир ярим йил хизмат қилишга улгурди, холос. Басавлат, полвонкелбат йигит эди. Уни биринчи кўрганда роса жиддий экан, деб ўйлардингиз, бир-икки суҳбатлашганингиздан сўнг хушмуомала, қувноқ, ҳазил-мутойибага ўчлигини билиб олардингиз. Ҳамсуҳбатларини кулдириб ўтирарди, ёнидаги одамларнинг кайфиятини кўтарарди. Ҳамиша ҳаммага ёрдам беришга ҳаракат қиларди. Истиқболи порлоқ эди. Аммо...

2011 йил 16 июнь. Эҳтиётсизлиги сабаб заҳарли ҳид тўпланиб қолган оқава сувлар ўрасига йиқилиб тушган маҳкумнинг ёрдам сўраб қичқирган овозини эшитган Гулмурод ёнидаги ҳамкасбидан илгарироқ ёрдамга ошиқди. Доимо инсонларга яхшилик қилишга шай турган йигитнинг орзулари шу куни армонга айланди... Яқинда ўқитувчилари, синфдошлари билан учрашув ташкиллаштирдик. Ишонсизми, ўқитувчилар худди ўз фарзандидан айрилгандек изтироб чекишди, уни хотирлашар экан, кўз ёшларини тия олишмасди. Ўртоқлари ҳам бизнинг сардоримиз эди, дея куюниб гапиришди, – дейди подполковник  Б. Қаршибоев бошчилик қилаётган ҳарбий қисмнинг гуруҳ командири, катта сержант Жамшид Тожиев.

Хизматдошлари Гулмурод Тўлаевнинг хотирасини эъзозлаб келишмоқда. Улар байрам кунлари Гулмуроднинг ота-онаси ҳолидан хабар олиб, совға-саломлар топширишади.

Дилмурод ҳамиша акасига ҳавас қилиб юрарди. Акасининг вафотидан кейин унинг изидан боришга, касбини эгаллашга аҳд қилди. Айни пайтда шартнома асосидаги ҳарбий хизматчи.  Акасининг ушалмай қолган орзуларини амалга оширишга аҳд қилган йигит кўп нарсаларга қодир бўлади. Буни вақт, албатта, исботлайди.

 



ТАРБИЯДА ХАТОГА ЙЎЛ ҚЎЙИБ БЎЛМАЙДИ!

Абдувосит  СИДИҚОВ.

Фарғона вилояти.

 

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 15 июнь куни Тошкент шаҳрида «Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби» мавзусида ўтказилган анжуманда ёшлар тарбиясига алоҳида тўхталиб: «Кейинги йилларда халқимиз ўртасида кенг тарқалган «Ўз уйингни ўзинг асра!» деган даъватга бугун «Ўз болангни ўзинг асра!» деб қўшимча киритиш вақти келди», дея куюнчаклик билан таъкидлади.

Дарҳақиқат, ҳар бир бола оиласидаги муҳитни, маънавий даражани ўзида акс эттирадиган кўзгудир. Айни чоғда жамиятнинг эртанги куни ҳам ёш авлодга боғлиқ. Унинг ҳуқуқбузар ёки жиноятчига айланиб қолишига эса, аввало, ота-она, қолаверса, жамоатчиликнинг эътиборсизлиги сабаб бўлади.

– Бугунги кунда ёшлар орасида ўғирлик жинояти кўп учрамоқда, – дейди Фарғона шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими терговчиси, лейтенант Лайло Ҳазратқулова. – Айниқса, уяли телефон аппаратларини ўғирлаш ҳолатлари талайгина. Аксарият ёшлар қилаётган ишининг оқибатини ўйламай жиноятга қўл уришади. Тергов жараёнларида вояга етмаганлар томонидан содир этилаётган жиноятларни таҳлил қилиб кўрамиз, уларнинг сабабларини ўрганамиз. Таҳлиллар ва суриштирувлар натижаси бундай ўсмирларнинг оиласидаги маънавий муҳитнинг носоғлом эканини қайта-қайта кўрсатаверади. Масалан, оилага дарз кетиши натижасида ота-она ажрашган, бола отада ёки онада қолган. Баъзилари эса ота-онасининг эмас, яқин қариндошларининг қарамоғида бўлади. Бу эса вояга етмаганларни жиноятга ундовчи энг оғриқли ҳолат десам хато бўлмайди.

...Саттор ўрта мактабнинг 9-синфида ўқийди. Ота-она назоратисиз қолган бола ўгай опасига қўшилиб, унинг қинғир ишларига шерик бўлади.

Кунларнинг бирида кечки соат 22.00 лар чамасида опаси унга қўнғироқ қилиб, шаҳардаги кафеларнинг бирида ўтирганини айтади. Манзилни айтиб, тезда етиб келишини тайинлайди. Саттор кўп ўтмай опаси айтган жойга боради. Опа бу ерда дугоналари ва нотаниш йигитлар билан ўтирарди.

  Мана буни ол-да, тезда кет,    деб укасининг қўлига қимматбаҳо уяли телефон аппаратини тутқазади. Саттор телефонни олади-ю, зумда кўздан нари бўлади. Бу телефонни сотиб мўмайгина пул ишлаш мумкинлигини ўгай опа ҳам, Саттор ҳам яхши билишарди.

Назоратсиз йигитча ўгай опа ва унинг дўстларига қўшилиб, кейинги гал автомашина олиб қочиш билан боғлиқ жиноятга шерик бўлади. Оқибатда муваффақиятсиз амалга ошган «операция» уни суднинг қора курсиси томон етаклади...

Аслида Саттор бу йўлга кирмаслиги, бошқа тенгдошлари қатори билим олиши, спорт ёки санъатнинг бирор тури билан шуғулланиб, фойдали касб-ҳунар эгаллаб, муваффақият қозониши ҳам мумкин эди. Қачонки, ота-онаси ажрашиб кетмаганида... қачонки, ўгай опа уни эгри йўлга бош­ламаганида...

Вилоят ИИБ томонидан ўтказилаётган таҳлиллар шуни кўрсатадики, воя­га етмаганлар томонидан содир этилаётган жиноятларнинг тўқсон фоизга яқини касб-ҳунар коллежлари, ўн фоизи эса мактаб ўқувчилари ҳиссасига тўғри келади. Бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Фарғона вилояти ички ишлар органлари ходимлари томонидан кенг қамровли профилактик тадбирлар мунтазам равишда амалга оширилмоқда.

Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, болалар қаровсизлигига барҳам бериш, уларнинг ижтимоий муҳофазасини таъминлаш, ўқимасдан, бекорчилик билан кунини ўтказаётган ўсмирларни аниқлаб, ўқишга қайтариш чораларини кўриш мақсадида ўтказилаётган «Ўсмир», «Давомат» тадбирлари  ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Шунингдек, ички ишлар органлари ходимлари ва тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида нотинч оилалар, ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этган вояга етмаганлар ҳамда экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолган ёшларнинг оилалари аниқланиб, «яхши», «ўрта», «оғир» тоифаларга ажратилди. Улар билан ишлашнинг самарали механизмлари жорий этилди.

Жиноят содир этган, профилактик ҳисобга олинган ёшларнинг шаҳар ва туманлар кесимидаги рўйхати шакллантирилиб, уларнинг ҳар бирига фахрий нуронийлар, маҳалла фуқаролар йиғини раисининг кексалар ва фахрийлар ишлари ҳамда ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчилари, қишлоқ оилавий поликлиникалари ва врачлик пунктлари ҳамширалари, спорт мураббийлари, хусусий тадбиркорлар, профилактика инспекторлари ҳамда психолог-мутахассислардан иборат мураббийлар бириктирилди.

Ёшларни назорат қилиш фақат ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг вазифаси эмас. Ота-оналар, маҳалла фаоллари ва таълим муассасалари раҳбарлари ёш авлод тарбиясида ҳар қачонгидан ҳам ҳушёр бўлиши лозим. Бунинг учун «Оила – маҳалла – таълим муассасаси» ҳамкорлик тизимини янада жонлантириш, вояга етмаганларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, дарсдан сўнг уларни турли тўгаракларга, спорт мактабларига жалб этиш мақсадга мувофиқ.

«Оила – маҳалла – таълим муассасаси» ҳамкорлиги механизми ҳақида гап кетганда шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, айрим таълим даргоҳларида бу тизим фақат қоғоздагина ишлайди, холос. Агар режадаги ишлар ҳақиқатан ҳам амалга оширилса, жиноят сотир этилишига сабаб бўлган дастлабки омиллар бартараф этилиб, илдизи қирқилади.

Бувайда туманидаги мактабларнинг бирида таҳсил оладиган Салим (исми ўзгартирилди) исмли ўқувчи жиноят содир этиб, ички ишлар бўлими томонидан маъмурий назоратга олинган эди.

– Биз бу вазиятда болага ниҳоятда эҳтиётлик билан муносабатда бўлдик, – дейди педагог Дилоромхон Юсуфалиева. – Сен тарбия­сизсан, жиноятчисан, деб қўлимизни бигиз қилиб кўрсатмадик, мажлисларда тенгдошлари олдида изза қилмадик. Аксинча, ота-онаси, маҳалла фаоллари ва профилактика инспектори билан маслаҳатлашиб, уни спорт тўгарагига бердик. Дарс машғулотларидан сўнг аввал мажбуран тўгаракка қатнай бошлаган болада кейинроқ спортга ростакамига меҳр уйғонди. Ўз устида ишлашдан чарчамади. Орадан бир йил ўтиб юнон-рум кураши бўйича вилоят миқёсида ўтказилган мусобақада биринчи ўринни эгаллади. Фикрлаши ва дунёқараши бутунлай ўзгариб, дарс машғулотларига ҳам фаол қатнаша бошлагач, ички ишлар бўлими назоратидан чиқарилди. Агар ўша болакайнинг ота-онаси лоқайдликда давом этганида, синф раҳбари ўз вақтида тўғри қарор қабул қилмаганда, бола такрор-такрор жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этиб, ўз келажагига болта уриши мумкин эди.

– Жиноят йўлига кириб қолган болалар ҳар хил тоифали бўлади, – дейди Фарғона шаҳридаги 1-вилоят ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати психологи Давронбек Ходжаев. – Биринчи тоифага ҳуқуқ­бузарлик содир этишга жуда ҳам мойил, ахлоқий тушунчалари яхши шаклланмаган, қайта тарбия­лаш ниҳоятда қийин бўлган болалар киради. Иккинчи тоифага ўзи «идеал» деб ҳисоблаган, аслида эса ҳуқуқбузарлиги билан «донг таратган» болаларга эргашиши натижасида жиноят содир этган болаларни киритиш мумкин. Учинчи тоифага эса иродаси бўшлиги туфайли ёмон йўлга кириб қолган болалар киради. Бу йўлга тасодифан кириб қолганларни яна бир алоҳида гуруҳга ажратиш мумкин. Психологик нуқтаи назардан қараганда, бундай болалар ўз хатосини, хулқ-атворини баҳолай олмаслиги, қилмишининг оқибатлари нималарга сабаб бўлишини англамасликлари натижасида жиноятчиларга шерик бўлиб қолишади.

Энг муҳими, уларни бу йўлдан қайтаришнинг, жиноятларнинг олдини олишнинг иложи бор. Бунинг учун тарбияда хатога йўл қўймаслик зарур. Айрим ота-оналар «Болаларимга ҳамма нарсани муҳайё қилиб қўйганман, яхши яшашяпти-ку», деб нотўғри ўйлашади. Ваҳоланки, ота-она фарзандларини яхши едириб-ичириб, яхши кийинтириш билан бирга, уларга тўғри тарбия берсагина ўз бурчларини адо этган ҳисобланадилар. Бундай оилада камолга етаётган болалар ҳам тўғри йўлдан сира адашмайдилар.

 



«ВИЖДОНИМГА ХИЁНАТ ҚИЛМАДИМ»,

дейди истеъфодаги подполковник Холмат Нодиров

Алижон АБДУСАТТОРОВ.

Жиззах вилояти.


«ТЕЗЛИК ИШҚИБОЗЛАРИ»

 Куз фасли эди. Бўзариб турган осмон ҳамда ёмғирдан олдин пайдо бўладиган ёқимли ифор яна бироздан сўнг борлиқ томчилар оғушида қолишидан дарак берарди. Табиатда содир бўлаётган бу ўзгаришлар ҳудудини айланиб юрган участка нозири Холмат Нодировни илдамроқ юришга ундади. Шу пайт катта йўлдан кўчага увиллаганча бурилган тўқ қизил рангдаги «Java»нинг овози бошқалар қатори ички ишлар органи xодимининг ҳам диққатини тортди. Мотоцикл устидаги йигит бироз эгилиб олган, кўзини йўлдан узмасди, табиийки, узоқдаги инспекторни кўрмасди.

«Каска киймабди, тез ҳайдаяпти, ким экан бу «шоввоз», яқин ўртада «Java»си бор йигит йўқ эди-ку», деган фикр ўтди осойишталик посбонининг xаёлидан. Ишxонага келиши билан уни кутиб турган икки йигит мотоцикл ўғирлатишганини айтмаганида, балки ўша «Java»ни бошқа эсламасди.

Маълум бўлишича, Самарқандга зиёратга борган наманганликлар қайтишда Жиззаxда тўхтайди. Улар вилоят марказини айланиб, борар жойлари узоқ бўлгани учун мотоциклни устаxонада кўрикдан ўтказишни режалаштиради. У пайтлар ҳозиргидек транспорт кўп эмас, «Java»га ўxшаш мотоцикл анчагина ёшларнинг орзуси эди. Қисқаси, мотоциклни уста кўраётган чоғда икки ўсмир меҳмонларга яқинлашиб, улар билан бироз суҳбатлашишади. Йигитлардан бири «Java»ни бир марта ҳайдаб кўришини сўрайди. Меҳмон тезлик ишқибозидек туюлган йигитчага йўқ, дея олмайди.

У мотоциклни тариллатганча катта йўлга чиқиб кетади. Меҳмонлар ўгирилиб қарашса, иккинчи ўсмир бошқа томонга қочаётганмиш. Наманганликларнинг ҳикоясидан нозир сездики, ўғрининг шериги Расул Исаев кўчасидаги кўп қаватли уйлар томон йўналган. Бир зумда режа тузган участка нозири «Жигули»сига меҳмонларни ўтқизиб, машинани кўп қаватли уйлар томон бурди. У эгнига фуқаро костюмини кийиб олган, фуражкасини эса ечиб қўйганди. Мақсад, ўғриларнинг эътиборини тортмаслик эди.

Уйлар тўғрисида гаплашиб турган тўрт ўсмир бир қарашда, ҳеч кимда шубҳа уйғотмасди. Шу пайт наманганликлардан бири ўғрининг шеригини таниди. Тобора уларга яқинлашиб бораётган эски «Жигули» ҳеч кимнинг эътиборини ўзига жалб қилмади. Машина ичидан тушган нозир орқага ўгириб турган йигитни маҳкам ушлади. Ўсмир нима бўлганини тушунмай, кучли қўллардан чиқишга уринди. Аммо инспекторни таниб нафаси ичига тушиб кетди.

Орадан бир соат ўтар-ўтмас мотоцикл эгаларига қайтарилиб, ўғри ички ишлар органига олиб келинди. Меҳмонлар бўлса инспекторга миннатдорлик билдирганча йўлга чиқишди.

 

   

ЧОПАҒОН ЎҒРИ

 Баҳорнинг тароватли кунларидан бири эди. Жиззах шаҳрида «УАЗ» русумли машина ўғирланганлиги тўғрисида хабар тарқалди. Орадан уч-тўрт кун ўтса ҳам автомобилнинг дараги бўлмади. Одатдаги йўналиши бўйича ҳаракатланаётган Холмат Нодировнинг эътиборини пайпоқ тўқиш фабрикасининг қуйи қисмида кетаётган «УАЗ» машинаси тортди. Янги, ҳали асфальт ётқизилмаган лой кўчада машина силкинганча секин юрарди. Ранги ўғирланган автомобилга ўхшагани учун участка нозири «УАЗ»нинг яқинлашишини кутди. Давлат рақами белгисига қараб билдики, бу ўша машина.

Тўхташга ишора қилаётган ички ишлар органи ходимини кўриши билан ҳайдовчи «УАЗ»дан тушиб, қоча бошлади. Қўрқиб кетганиданми ёки автомашинанинг лой кўчага тиқилиб қолишидан чўчигани учунми, автоуловдан воз кечишни маъқул кўрганди. Холматжон ўғрини қува кетди. У эса тутқич берай демасди. Айни кучга тўлган 20 ёшли йигитга етиб олиш осон бўлмади, ўзиям тўрт километрлар чопишига тўғри келди. Осойишталик посбонидан қочиб барибир қутулолмаслигини билган қочоқ таслим бўлди. Тергов давомида ўғрининг «УАЗ»ни чеккароқ туманга олиб бориб сотиб юборишни мўлжаллагани маълум бўлди.        

Ички ишлар органлари тизимида узоқ йиллар ишлаган Холмат Нодиров билан суҳбатлашсангиз бошидан кечирган бу каби ўнлаб воқеаларни сўзлаб бериши мумкин. Фақатгина қулфи дилини оча олсангиз бас. Озроқ гаплашсангиз, унинг хушфеъл, ҳалол, қатъиятли, камгап, ноҳақликка тоқат қилолмайдиган инсон эканлигини сезасиз. Айни шу фазилатлари туфайли соҳада самарали фаолият кўрсатди, эл орасида ҳурмат топди. Бу ҳурматга осонлик билан эришмаган, болаликда бошидан ўтказган қийинчиликлар уни курашиб яшашга ўргатгандир, балки... 

  ОЙЛИК КАМ, ИШ ОҒИР

 Отасининг эрта вафот этиши акаси, опаси қатори уни ва уч укасини турмушнинг оғир синовларига дучор қилди. Аммо ташвишлар Холматдаги қатъиятни сўндира олмади. 9-10 ёшларида «Улғайганимда, албатта, ички ишлар органи ходими бўламан» дея орзу қилганини эслайди. 1973 йилда Жиззах шаҳридаги ҳунар-техника билим юртига ўқишга кирган кезлари ҳам бу нияти уни тарк этмади. Ўқишни тамомлаб, муддатли ҳарбий хизматга жўнаб кетди. Яхши аскар бўлишга интилди, сержант унвонини олди. Туғилиб ўсган юртини, яқинларини қадрлашни ўргатган армия сафидан келиши билан ўзи тамомлаган билим юртига ўқитувчи-усталик вазифасига таклиф қилишди. Бир вақтнинг ўзида 14-мактабда ҳам меҳнат таълимидан сабоқ бера бошлади.

Муаллимлик тобора ҳаётининг мазмунига айланиб борарди. Шунинг учун Жиззах давлат педагогика институтида сиртдан таҳсил оларди. Ҳаммасини битта йиғилиш ўзгартириб юборди. Аниқроғи, мактабда бўлиб ўтган одатдаги тадбирлардан бирида шаҳар ички ишлар бўлими масъуллари ўқитувчиларни ички ишлар органларида ишлашга таклиф қилишди. Ўша йилларда бу касб одамлар наздида ҳозиргидек нуфузли касб эмас эди. Ички ишлар органи ходими бўламан, дегувчилар кам топилар, тизимда кадрлар етишмаслиги яққол сезиларди.

Қисқаси, ана шу йиғилиш юраги тубидаги орзуни яна уйғотди. Ўша пайтдаги шаҳар ички ишлар бўлими бошлиғининг ўринбосари Эгамберди Назаровнинг халқ тинчлигини сақлаш, қонун ҳимоячисига айланишга доир ҳар бир сўзи унинг ҳаётида бурилиш ясашга ундар эди. Бу ҳам етмаганидек, мактаб директори: «Холмат, ўзингни бир синаб кўрмайсанми, шаҳду шижоатинг айтиб турибди, сендан яхши ички ишлар органи ходими чиқади. Яна ўзинг биласан, хоҳласанг, тавсия қиламан», деди.

Шу тариқа, 4 йиллик ўқитувчилик тажрибасига эга 25 ёшли йигит тиббий кўрикдан ва суҳбатдан ўтиш учун борди. Ўша даврда ҳозиргидек жисмоний тайёргарлик бўйича синовдан ўтказишмас, интеллектуал салоҳиятга ҳам талаб юқори эмасди. Тартиб шунақамиди ёки тизимда ходимлар етишмаслиги сабаб шу йўл тутилганмиди, билмайди. Суҳбат давомида уни: «Иш оғир, анчагина хавфли, дам олиш йўқ, ойлик кам», деб огоҳлантиришди. Холмат Нодиров қатъият билан «Ишлайман», деди.

 «БИЛМАДИМ, КИМ БЎЛИБ КЕТАРДИМ...»

 Суҳбатда ваъда қилганидек, ишлади. Ишлаганда ҳам фидойилик билан ишлади, маоши қанчалик кам бўлмасин, ҳалоллик шиори бўлди. Ёрдам сўраб келган ҳақ бўлса, уни ҳимоя қилди, қонун устуворлигини таъминлашга қўлидан келганча ҳисса қўшди. Соҳадаги фаолиятини 1982 йилда патруль-пост хизматида бошлаган Холмат Нодиров бироз муддатдан сўнг вояга етмаганлар билан ишлаш инспекциясига ўтди, шу даврда лейтенант унвонини ҳам олди. 1990–1995 йилларда Жиззах шаҳридаги 5 та маҳаллани ўз ичига олган ҳудудда участка нозири вазифасида фаолият кўрсатди.

Жиззах шаҳар ИИБ вояга етмаганлар билан ишлаш бўлинмаси раҳбари, тиббий ҳушёрхона бошлиғи вазифаларида ҳам фаолият кўрсатди. Ке­йинчалик вилоят ИИБ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари тайинланди. Шаҳар ИИБ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўлими бошлиғи лавозимида, подполковник унвонида 2001 йилда нафақага чиқди.

«Қаерда ишламайин, ҳеч қачон виждонимга хиёнат қилмадим», дейди Холмат Нодиров. У тўғри йўлга солган, ҳатто қонунга мувофиқ жазолаган қанчалаб одамлар кейинчалик Холмат акадан миннатдор бўлишди: «Ўз вақтида жиноят кўчасидан қайтармаганингизда, билмадик ким бўлиб кетардик», дейишди.

Мақоламиз қаҳрамони нафақада ҳам ўзини хизматдагидек тутади. Қаердадир нотўғри ишни кўрса, сабабчини тартибга чақирарди. Унинг танбеҳларини маҳалладошлари доимо тўғри қабул қилишади, бебошларни тийиб турганлиги, болалар тарбиясига эътибори боис эъзозлашади. Ўнлаб шогирдлари тез-тез йўқлаб туради. Бир сўз билан айтганда, соҳанинг ҳар бир вакили ҳавас қилса арзийдиган фахрий ҳисобланади. Дарвоқе, у айни вақтда Жиззах шаҳар ИИБ фахрийлар кенгашига раислик қилмоқда.

Бу вазифа тақозоси билан жойларда ички ишлар органлари ходимлари иштирокида ўтадиган йиғилишларда хизмат интизомини мустаҳкамлаш, соҳа вакилларининг салоҳиятини, масъулиятини ошириш, ҳалоллик, қонун устуворлигига эришишга доир маслаҳатларини аямайди. Фахрийларни йўқлаб туриш ҳамда турли тадбирларда иштирокини таъминлашда ҳам бош-қош.

— Президентимизнинг «Одамлар ички ишлар органининг ҳар бир ходимида ўзининг ҳимоячисини кўриши керак» деган сўзлари тизимда кечаётган ислоҳотларнинг асосига айланган. Жумладан, соҳа вакилларининг вазифаси моҳиятан ўзгариб, эндиликда жиноятчиликка қарши кураш эмас, профилактика бош мақсад ҳисобланади. Осойишталик посбонларининг иш шароити ва ижтимоий ҳимояси борасида чора-тадбирлар кўриляпти. Соҳа вакиллари хизмат уйлари ва автомашиналар билан таъминланаётир. Одамлар кўз ўнгида ички ишлар органлари тизимининг нуфузи ортаяпти, соҳа ходимлари том маънода, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг ҳимоячисига айланмоқда. Бу эса, халқимиз осойишталигини таъминлаш, барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотларнинг натижадорлиги учун хизмат қилади, — дейди Холмат Нодиров. 

 БОҒЛАР МЕВАГА КИРГАНДА...

 Айримлар нафақага чиққанида нима билан шуғулланишини билмай каловланиб қолади. Холмат Нодиров бўлса ҳовлисида мевали боғ яратди. Икки сотихлик иссиқхона қурди. Ҳозир иссиқхонадаги 20 туп лимон, 5 туп мандарин, 5 туп апельсин ҳосилга кириш арафасида. Уйи тўғрисидаги бўш ерга 120 туп арча ва қарағай кўчатларини эккан.

Холмат ота икки фарзанд улғайтирди, 5 нафар набиранинг севимли бобоси. Ўғли катта лейтенант Хуршид Нодиров ота изидан бориб, айни вақтда Жиззах вилоят ИИБ молия ва моддий-техника таъминоти хизматида бош муҳандис-иқтисодчи лавозимида хизмат қилмоқда. Набираларидан бири ҳам келажакда ички ишлар органи ходими бўлиш истагини билдирганида унинг кўнгли ёришиб кетди, ўзининг болалиги ёдига тушди.

Холмат ота бу йил 61 ёшга тўлди, аммо қариликни бўйнига олгани йўқ. Ҳар тонг 5-6 километр яёв юради, велосипедда сайр қилишни қўймайди. Набиралар тарбияси билан шуғулланади, томорқада ишлайди. У босиб ўтган умр йўлига назар ташлар экан, заррача афсус чекмайди, фарзандлари, набиралари камолидан кўнгли тўлади. Қисқа қилиб айтганда, умр боғидаги барча дарахтлар мевага кирган. Буни кўриб завқ олади, яшашга ошиқади, кимгадир тўғри йўл кўрсатгиси, эзгу ишларга қўл ургиси келади.

 



КЎРПАГА ҚАРАБ ОЁҚ УЗАТМОҚ КЕРАК

Алижон АБДУВАЛИЕВ.


ДЎстимнинг Ҳикояси Ёки сигирнинг ризҚи

Ташкилотлардан бирида раҳбар бўлиб ишловчи танишим наҳор оши берди. Тўйхонага тумонат одам келди. Дастурхонда йўқ нарсанинг ўзи йўқ эди. Ичкилик ҳам мўл бўлди. Бир неча киши ширакайф бўлиб бошқаларнинг эътиборини ҳам тортди, таъбини ҳам хира қилди. Тўйхонадан чиқар эканмиз, ҳамкасбим ҳавас билан: «Бизга ҳам шундай тўйлар қилиш насиб этсин», деди. Яшириб нима қилдим, менинг кўнглимдан ҳам шундай ният кечди. Аммо: «Қурбим етармикан?» деб ўйланиб қолдим.

Шу куни ишхонамизга катта тоғорада ош олиб келишди. Бояги тўйдан ортибди, 200 килограмм гуруч дамлашган экан, 60 килоси ейилмай қолибди. Увол бўлмасин, дея тўйхона атрофидаги ишхоналарга тарқата бошлабдилар. «Кимга ош керак бўлса, ўтинглар», дея қўшиб қўйди ҳайдовчи йигит хайрлашар чоғида.

Тўйга боролмаган ҳамкасбларимиз тоғорадаги ошнинг ярмини ҳам ея олишмади. Ишхона ҳайдовчисига: «Ачиб қолмасин, уловинг бор, тез уйингга олиб кет, болаларингнинг насибаси экан» деб паловни бериб юбордик. Аммо ош болаларнинг насибаси бўлиб чиқмади, ачиб қолибди. Ошнинг роҳатини қўшнисининг сигири кўрибди. Нима керак шунча харажат, увол эмасми?

«Қачон бой бЎласизлар?»

Қуйидаги воқеани эса бошқа бир танишим сўзлаб берганди. Хориждан Жиззах шаҳрига тадбиркорлик қилиш мақсадида ишбилармон келган. Меҳмонни ҳудуднинг имкониятлари билан таништиришибди, диққатга сазовор жойларни кўрсатишибди. Кечга яқин: «Тўйларимизни ҳам кўриб кетинг», деб уни тўйхонага бошлабдилар. 500–600 киши қатнашаётган тўйни кўрган чет элликнинг оғзи очилиб қолиб,  сўрабди: «Бу тўйнинг харажатларини фақат бир одам тўлайдими, бу ерда ҳамма шундай тўй қиладими?» Тасдиқ ишорасидан сўнг меҳмон роса ажабланибди ва: «Бунақа тўй қиладиган одам қандай қилиб бой бўлиши мумкин? Бу харажатга битта кичикроқ корхонани ишга туширса бўлади-ку!» дебди.

Бу гапни эшитган мезбонлардан бири: «Бу чет элликларнинг одамгарчиги йўқ, ҳаммаси қурумсоқ» дебди, бошқаси эса: «Шу харажатлар қисқарса, одамларимизга сал енгиллик бўлармиди» деган фикрни билдирибди. Агар хорижлик меҳмонга латта-путталар, «маслаҳат оши», «чақирди» каби бўлар-бўлмас урфларимиз ҳақида сўзлаб беришганида қандай хулосага келган бўларди, билмадик... 

 

Азанинг шЎрваси

Қўшни қишлоқдаги танишим эса аза билан боғлиқ бир воқеани сўзлаб берганди. Бир оилада ота вафот этади. Тўрт бола чирқиллаб онаси билан қолади. Аза куни, марҳум дафн этиб келингач, қўй сўйилиб, шўрва тортилади. Бир томонда жигарларнинг аччиқ йиғиси оламни бузади, бир томонда қишлоқдошлар ошпазнинг қўли ширинлиги тўғрисида гапириб, шўрвага нон тўғрайдилар. Бу ҳолатни кўрган оқсоқоллардан бири ўзини боса олмасдан: «Уялмайсизларми? Бир оила отасини йўқотиб ўтирибди, сизлар бўлса, қўрадаги тўртта қўйдан бирининг гўштини еб, борини йўққа чиқараяпсизлар. Эртага қайси биринг етимларга ёрдам кўрсатасан? Бу уйга битта чўп олиб келиш қўлларингдан келадими? Ҳозир ўликнинг гўштини ейиш билан баробар иш қилаяпсанлар-ку!» дебди. 

Бу гапдан сўнг иззатини билганлар ўрнидан туриб, дастурхондан узоқлашибди. Баъзилар «Бу эсини еган чол нима деяпти, урфимиз шу бўлса..» деганча жойидан қимирламабди.

Тўғри, баъзи жойларда урф шунақа, лекин уни ким ўйлаб топган? Ўзимиз эмасми? Айримлар боласини истагандек кийинтира олмайди, хоҳлаганини едира олмайди, келажагини ўйлайди-ю, лекин китобга пулни кўзи қиймайди. Аммо тўйга, маъракага маблағ топади, керак бўлса қарз олади. Биз ҳам тўйга борганмиз, тўлаш вақти келди,  дейди одамларимиз...

 

Андишали одамлар

— Ишонасизми, – дейди қўшним. — Охирги пайтларда тўй деса, бошимга оғриқ кирадиган бўлган. Қайси тўйхонага кирсангиз, қўшиқ ва мусиқа шовқинидан миянгиз отилиб кетар даражага етади. Фонограммасиз ҳеч ким бўлмаган отарчига қараб, мард бўлсанг, жонли айт, мусиқани ҳам жонли ижро эт, дейдиганнинг ўзи йўқ. Дискка ёзилган  қўшиққа мослаб оғзини қимирлатиб турадиган валломатнинг фалон пул сўраганига ўласанми?! Биров билан сўраша олмайсан, бақирсанг ҳам эшитмайди. Тўйхонадан тезроқ чиқиб кетиш учун баҳона қидираман. Суриштириб билдим, тўйхонада инсон саломатлигига, хусусан, эшитиш ва асаб тизимига зарар етказадиган даражада шовқин кўтариш қонун билан тақиқланар экан. Балки, тўйхона деворлари шовқин ютадиган мато билан қопланиши керакдир. Билишимча, асосий айб ўзимизда, ҳеч кимга шикоят қилмаймиз. Элнинг ёмони бўлгимиз келмайди, андиша қиламиз. Мутасадди идораларда ишлайдиганлар ҳам ўзимизга ўхшаган андишали одамлар-да, шундай экан, гапирганнинг фойдаси бормикан...

 

«ЗЎ-Ўр тЎй бЎлибди!»

Хизмат сафари билан кўп жойда бўлишимизга тўғри келади. Шу сабабли ҳар хил ҳодисаларнинг гувоҳи бўламиз. Жумладан, қишлоқлардан бирига борганимизда, йўл ёқасида маст кишининг теракни қучоқлаб турганлигига гувоҳ бўлдик. У шунчалик кўп ичган эдики, теракни қўйиб юборса, йиқилиши тайин эди. Шамол эсганида  нозиккина теракка қўшилиб у ҳам тебранарди. Бу ҳолат қанчалик кулгули бўлса, шунчалик ачинарли ҳам эди.

Сал нарироқда яна бир киши бошини деворга тираб турарди. Қўллари шалвираб турган бу инсоннинг тик туришига бошигина сабаб эди. Озроқ юрганимиздан сўнг йўл ёқасида донг қотиб ухлаётган бошқа бир одамга кўзимиз тушди. Шу қишлоқда яшовчи йўлдошимиз хижолат бўлганиданми ёки бу каби вазиятларга кўникиб кетганидами: «Зў-ўр тўй бўлибди-да!» деди. 

Бугунги тўйларимизни спиртли ичимликсиз тасаввур этиб бўлмай қолди. Соғлиқни емирувчи, инсонни одамгарчиликдан чиқариб, турли кўйларга соладиган, жиноятга ундайдиган ичкиликсиз тўй ўтказишнинг иложи бормикан? Аслида тўй қилишдан мақсад элнинг дуосини олиш эмасми? Энг қизиғи ва ачинарлиси – ичкилик қўйилмаган тўйда ўзини ноқулай сезадиганлар анчагина. Аммо бўкканча ичиб, ўзини унутганлар, ширакайф бўлиб, раққосага суйкаладиганлар ёки кўчага чиқиб ёқалашадиганларнинг эртаси куни қилмишларидан мақтанишига нима дейсиз?! Ичкилик таъсирида қилинган барча ножўя ишларга ўша ичимликни дастурхонга тортган инсоннинг ҳам шерик эканлигини биламизми?

Илгарилари тўйларимиз ихчам ўтган, ҳар хил даҳмазалар бўлмаган. Қизлар «Фалон қўшиқчини олиб келасиз, Европада урф бўлган елкаси очиқ кўйлак кияман!» деб жанжал қилмаган. Ўғиллар «Каптива» йўқлиги учун тумтаймаган, ота-боболаримиз меҳмонларни ароққа «чўмилтиришмаган». Кўнглидагидек газламани тугунига солишмагани учун жигар ўзини камситилгандек ҳис қилмаган, жанжаллашмаган. Дастурхонга тортилган бир товоқ ошга қаноат қилишиб, икки ёшга бахт, соғлиқ, қўша-қўша фарзанд тилаб, дуо қилишган. Афсуски, бугун қилаётганларимиз на қадриятларимизга, на динимизга мос келади.

 

ЙЎҚ маҚтанса чопилади...

Тўй ва маъракалар билан боғлиқ анъаналар бежаб-безалиб, серхаражат тадбирларга айланиб кетди. Шу сабаб тўй-маъракаларни ихчамлаштириш талаб қилиняпти. Афсуски, турли йўллар билан ана шу  талабларни бажармаслик чораларини қидиряпмиз. Қайсидир тадбир йўқотилади, ўрнига бошқаси яратилади ёки «Пул ўзимники, тўйни қандай ўтказишни ўзим биламан» ақидасига таяниб иш кўрамиз. Бу пайтда биз кўп бора урғу берадиган маҳалла институтининг ўрни ҳам ўз-ўзидан ғойиб бўлиб қолади.

Қўшни вилоятга иш билан ўтганимда қизиқ воқеани айтиб беришди. Ҳокимлик томонидан тўйхоналарга 200дан ортиқ меҳмонни киритмаслик талаби қўйилибди. Акс ҳолда тўйхона эгаси йирик миқдорда жаримага тортилар экан.

– Зўр иш бўлибди-ку! Тўйлар ихчамлашиб қолгандир? – дедим.

— Қаёқда, аввалгидан ҳам баттар, бўлди — дея жавоб қайтарди суҳбатдошим. — Одамлар икки марта тўй қилишга ўтишди. Меҳмонларнинг ярми тушгача бир тўйхонада, қолган қисми тушдан кейин бошқа тўйхонада кутиб олинаяпти. Келин-куёв иккала тўйхонада ҳам ҳозиру нозир.

Қизиқ, наҳот биз шунчалар сохта шуҳратга ўчмиз?! Ваҳоланки, ўзбекчилик туфайли кимнинг нимага қурби етишини ҳамма билади-ку. Халқимизда «Бор мақтанса – топилади, йўқ мақтанса – чопилади», деган эски мақол бор. Қаричи узунга ҳавас қилиб, қачонгача ўзимизни қийнаймиз?! Тўй қилишдан мақсад ўзини кўз-кўз қилиш эмас, икки ёшнинг бошини бириктириш-ку!

Жойи келганда суннат тўйи устида ҳам тўхталиб ўтсак. Йигитнинг гули ўғил тўйи қиладиган бўлибди-ю, турмуш ўртоғига: «Отанг тўйга той олиб келсин, элнинг кўзига. Тўйдан кейин тойни сотиб, хўкиз оламиз», деб талаб қўйибди. Буни эшитган беш қизи бор қайнотанинг капалаги учиб кетибди. Бошқаларга жабр келтирадиган тўйдан ҳеч кимга оғирлиги тушмайдиган кичиккина маърака дуруст эмасми? Ўзинг сотиб ололмайдиган тойни қайнотанг олиб келса, эркаклик ғуруринг қаерда қолади?! Тўйлар билан боғлиқ шу каби саволларга «Менинг болам кимдан кам?» деган жавобни эшитишингиз шубҳасиз. Назаримизда, боланинг бировдан кам ёхуд зиёдлигини тўй эмас, фарзанднинг одоб-ахлоқи, билими, эл-юртга тегадиган нафи белгилайди.

 

Жазодан машина билан

Яқинда бир воқеани эшитиб қолдим. Катта миқдорда давлат мулкини ўмарган қаллоб бир неча йиллик жазони ўтаб, қамоқхонадан чиқади. Озодликка чиқиши заҳоти ҳаром йўл билан топган пуллари ҳисобига энг сўнгги русумдаги машина сотиб олади. Уйига ана шу машинада кириб боради ва бутун овулни чақириб, ош беради. Машинани, дастурхоннинг тўкинлигини кўриб кўпчиликнинг ҳаваси келибди. Улар «уддабурон» йигитни, унинг аждодларини обдан алқашибди. Давлат ва халқ мулкига кўз олайтирган одам қишлоқнинг олди сифатида тилга олинибди. Бу қандай баҳоки, на виждон, на ҳақиқат қоидаларига мос келса. Бундай ҳолатдан ёшлар қандай хулоса чиқариши мумкин? «Бир ўғрини шунча улуғладинглар», деган муаллимга эса «Ҳалоли бўлсин, юраги катта экан, шу ишни эплабди, ҳасадинг келаяптими?» дея дашном бергувчилар топилибди.

 

Хуллас...

Тўғри, тўй-маъраканинг яхши жиҳатлари кўп. Узоқ вақт кўришмаганларни учраштиради, қариндош-уруғларни жипслаштиради. Ҳамма тўй эгаларининг хурсандчилигига шерик бўлади. Аммо ҳаммаси меъёрда бўлиши керак эмасми? Тўйни ихчам, камчиқим қилиб ўтказиб, тежаб қолинган маблағ ёш келин-куёвнинг, яъни янги оиланинг  иқтисодини яхшилашга, масалан, уй-жойли бўлишига сарфланса, маъқул эмасми? Ёки шу пуллар болаларни яхши кийинтириш, яхши овқатлантириш, ўқитишга, уларга китоб олиб бериш учун сарфланса, кўпроқ самара бермайдими?

Қачонгача тили билан юрадиганлар йўриғига юришда давом этамиз? Қачонгача пешона тери билан топган пулимизни бир кунда совурамиз? Назаримда, бу борадаги қарашларимизни ўзгартиришни элнинг оқсоқоллари, раҳбарлар бошлаб бериши керак. Токи данғиллама тўй-маърака ўтказадиган бойваччаларга, амалдорларга ҳавас қилиб ёхуд «Сендан мен камми» дея қарзга ботмайлик.

 



АМИР ТЕМУР ВА ТЕМУРИЙЛАР ДАВРИДА КУТУБХОНАЛАР ФАОЛИЯТИ

Азизжон ШАРИПОВ,

Темурийлар тарихи давлат музейи катта илмий ходими.

(Давоми. Боши ўтган сонда).

 

Кутубхона турлари

Темурийлар даврида китобат маданияти ва китоб репертуарининг тадрижий ривожланиши натижасида бу ерда сулолавий (сарой), шахсий (хусусий) китоб омборларининг илгари маълум бўлган турлари ҳам, кутубхоналарнинг янги вужудга келган турлари ва шакллари ҳам ривожланди. Бу даврга келиб кутубхоналар мақсади ва вазифаларига қараб ажратила бошланди. Бир қатор махсус кутубхоналар: мадрасаи олия, ўрта ва қуйи мадрасаларнинг кутубхоналари, масжид кутубхоналари, шаҳар, қишлоқ ёки шаҳар мавзеси миқёсидаги оммавий фойдаланиш учун мўлжалланган кутубхоналар – шифохона, хонақоҳ, мақбаралар қошидаги кутубхоналар пайдо бўлди.

Сарой қошидаги кутубхоналарнинг жамғармаларидан фақатгина ҳукмдор сулоласи, сарой аъёнлари ва амалдорлари, баъзан эса атоқли олимлар ва адабиётчилар фойдалана олардилар. Афтидан, бу чеклашда китобга муқаддас ва дахлсиз бир хилқат деб қараш анъанаси ўзини намоён этган. Бу одат асосида ибодатхоналар ва сарой кутубхоналарига кириш қатъий назорат қилинган. Шундан хулоса қилсак, кутубхоналарга нисбатан «хазина» сўзи ишлатилиши ҳам бежиз эмас, дейиш мумкин.

Фойдаланувчилар доираси торлигига қарамасдан, сулолавий сарой кутубхоналари ўз моҳиятига кўра ўша давр учун бош давлат кутубхонаси бўлган. Чунки улар одатда бирон давлатнинг олий ҳокими томонидан тузилар, сақланар ва моддий жиҳатдан таъминланар эди. Сарой кутубхоналарининг савияси, улардаги китоб фондининг таркиби, кутубхона таъсисчиларининг маърифат даражаси, руҳий-маънавий дунёси ва маданияти билан боғлиқ эди. Шу билан бирга, кутубхоналарнинг савиясини жамиятнинг илмий, маънавий-ахлоқий эҳтиёжлари, маълум маданий муҳит талаблари ҳам белгилаган. Мазкур талаблар, ўз навбатида, у ёки бу даврнинг, маълум давлат, ундаги маданият, илм-фан маркази бўлган шаҳарлар муҳитида шаклланган.

Масжид, мадраса, шифохона, хонақоҳ ва мақбаралар қошидаги кутубхоналарга йирик ер эгалари, ҳокимлар, амалдорлар ва бошқа ихлосманд шахслар томонидан китоблар вақф қилинарди. Бу кутубхона китоблари – вақфи хайрия деб юритиларди. Кўп сонли хайриялар натижасида бу китоб мажмуалари тўлиб борар, вақт ўтиши билан жамоатчилик фойдаланадиган зарур китобларни топиш осон бўлган йирик ва бой кутубхоналарга айланарди. Бундай кутубхоналардан фойдаланишга ҳар бир мусулмоннинг ҳуқуқи бор эди. Қоида тариқасида, вақф кутубхоналари қисман кўчмас мулкдан олинган даромадлар ҳисобидан ёки вақф таъсисчисининг бошқа даромадлари ҳисобидан таъминланарди.

Масжид қошидаги кутубхоналар ўз китоб жамғармаларининг бойлиги ва ранг-баранглиги, китобхонларга хизмат кўрсатиш шаклларининг турли-туманлиги билан ажралиб турарди. Масжид илм толиблари томонидан ҳамиша ардоқланиб келинган. Мовароуннаҳрнинг иқлим хусусиятларини (дарсларни деярли бутун йил мобайнида очиқ ҳавода ўтказиш мумкин), масжиднинг меъморчиликка оид хусусиятларини (хоналари ҳовли томонга қаратиб қурилган, ҳовлиси тўртбурчак шаклда) эътиборга оладиган бўлсак, масжид ўша даврда намоздан бўш вақтларда турли йиғинлар, машваратлар ўтказиш учун фойдаланиладиган жамоат жойи бўлиб хизмат қилган. Чунончи, Мовароуннаҳрнинг, қолаверса, Темурийлар салтанатининг барча масжидларида бошланғич таълим мактаблари ташкил этилган бўлиб, улар ҳам маълум миқдорда китобларга эга эди. Муаллимлар ва кутубхонасидаги китоблар етарли бўлган йирик масжидлар нисбатан катта босқич таълим муассасаси вазифасини бажарарди.

Мадраса қошидаги кутубхоналар таълим олиш жойи ва катта тарбиявий аҳамиятга эга бўлгани боис мадрасалар билан узвий боғлиқ равишда фаолият кўрсатган. Темурийлар даврида мадрасалар араб тили, ислом ҳуқуқи ва одоб-ахлоқи асослари, баъзи бир диний ва дунёвий фанлар ўқитиладиган олий ўқув юрти сифатида муҳим ижтимоий муассаса сифатида фаолият кўрсатарди. Мазкур мадрасалар ҳукмдор ва хусусий шахсларнинг хайрия мақсадларига йўналтирган маблағлари ва мол-мулклари ҳисобига таъсис этиларди. Мадраса ва масжид кутубхоналари ҳамда бошқа жамоат кутубхоналарининг эшиги барчага доимо очиқ эди. Айрим йирик масжид ва мадрасаларнинг кутубхоналари хизматидан фақат маориф ва илмий фаолият билан бевосита шуғулланувчи одамларгина фойдаланишлари мумкин бўлган.

Хондамир асарларида кўплаб мадрасалар ҳақидаги маълумотлар бор. Хусусан, 30 дан ортиқ мадрасалар ҳақида эслатади, уларнинг қайси уста томонидан ва қачон қурилгани, таъмирлангани, мударрисларининг номи ва яшаган вақти, ҳаттоки, уларнинг қайси йўналишда (илоҳиёт, илм-нужум, тиб қонунлари, тарих, адабиёт) маърузалар олиб борганлиги ҳақида маълумотлар беради. Хусусан, Шифоия мадрасаси ҳақида тўхталиб, у ерда мавлоно Ғиёсуддин Муҳаммад ибн Мавлоно Жалолиддин тиб қонунларидан маърузалар ўқиганини маълум қилади.

Темурийлар даврида Бухоро ва Самарқанддаги аксарият мадрасаларда кутубхоналар ташкил этилган. Бухоро, Самарқанд ва Ғиждувондаги Улуғбек мадрасалари бунга ёрқин мисол бўла олади. Самарқанддаги Мирзо Улуғбек мадрасасига кираверишдаги пештоқ устида кутубхона жойлашган эди. Бу кутубхона иккинчи қаватда бўлиб, унга шарқ томондаги ичкари ҳовлидан, яъни ички пештоқнинг чап томонидан кирилган. Кутубхонанинг мадрасанинг олд қисмида жойлашувидаги қулайлик мутолаачиларнинг ичкаридаги дарс жараёнларига халақит бермаслигини таъминларди.

Темурийлар давридаги шифохоналар ҳам ўзларининг бой кутубхоналарига эга эди. Турли мамлакатлардан келтирилган тиббиётга оид китоблар шифохона кутубхонаси учун кўплаб нусхаларда кўчирилган. Бу ерда табиблар беморларни даволаш баробарида мадрасаларда ва бошқа ўқув юртларида мударрислик ҳам қилишар эди. Уларнинг баъзилари ўзидан аввал ўтган олимларнинг тиббиётга оид асарларига араб, форс ва туркий тилларда шарҳлар ёзишган.  Шоҳрух Мирзо саройида Шамсиддин Муҳаммад ибн Одам ва Низомиддин Шерозий, Ҳусайн Бойқаронинг сарой шифохонасида Муҳаммад Мўмин, Қутбиддин Муҳаммад Одам сингари олим табиблар хизмат қилганлар.

 

Шахсий кутубхоналар

Темурийлар даврида Қозизода Румий, Ғиёсиддин Коший, Хожа Муҳаммад Порсо, шайхулислом Исомиддин бин Абдулмалик, Абу Сайд Убеҳий, Алишер Навоийларнинг қимматбаҳо қўлёзмаларга бой шахсий кутубхоналари бўлган. Абдураҳмон Жомий шахсий кутубхонаси ҳам Ҳиротда машҳур эди.

Хожа Муҳаммад Порсонинг Бухорода қўлёзмаларга бой шахсий кутубхонаси мавжуд эди. Кутубхона дастлаб Порсо хонадонининг XII–XIV асрлар, яъни қарийб уч юз йил давомида тўпланган оилавий мерос қўлёзма китоб­лар мажмуи саналарди. Чунки бу хазина Муҳаммад Порсонинг аждодлари томонидан тўпланган эди. Мовароуннаҳрда кенг жамоатчилик фойдалана оладиган кутубхоналарнинг энг йириги бўлмиш ушбу кутубхона эшиклари омма учун доимо очиқ эди. Кутубхона фонди бир неча асрлар мобайнида турли мазмундаги ноёб ва қадимий қўлёзмалар билан тўлиб борди. Кўплари шайх Хожа Муҳаммад Порсонинг сафар ва саёҳатлари вақтида турли ўлкалардан келтирилган эди.

Хожа Муҳаммад Порсо умрининг охиригача ўз кутубхонасини энг нуфузли қўлёзмалар хазинасига айлантириб, барча китобларини вақф қилиб қолдирган. Шу боис унинг ўзи ёзган ҳамда кутубхонасига тегишли асарларнинг кўпгина қисми бизгача етиб келган. Бу қўлёзмаларнинг бир қисми Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондида сақланади.

XV аср иккинчи ярмида Ҳиротдаги маданий тараққиётда улуғ шоир ва мутафаккир, давлат арбоби Алишер Навоий фаолияти етакчи ўрин тутган. У ҳам, ўз навбатида, қимматбаҳо қўлёзмаларга бой йирик кутубхона ташкил қилган эди. Алишер Навоийнинг кутубхонасида маълум вақт машҳур мусаввир Хўжа Муҳаммад ишлаган. У кашф этган соат кутубхонанинг мутолаа залида ўрнатилганди. Кутубхонадан кенг китобхонлар оммаси фойдаланиш имкониятига эга бўлган. Машҳур олим Мирхонд, унинг набираси Хондамир, бошқа кўпгина тарихчи ва адабиётчилар ўз тарихий асарларини яратишда мазкур кутубхонада жамланган тарихий манбалар ва ўтмиш муаррихларининг асарларидан фойдаланганлар. Навоий даврида унинг кутубхонасида «Шарқ Рафаэли» номини олган дунёга машҳур Камолиддин Беҳзод ва Шоҳ Музаффар ва бошқа наққошлик санъатининг моҳир усталари ижод қилганлар.

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, Амир Темур ва темурийлар даврида мавжуд кутубхоналар серқирра фаолият олиб борган ва кейинчалик Мовароуннаҳр ҳамда Хуросон ҳудудида Темурийлар даврида китобат, рассомлик, муқовачилик ва бошқа соҳаларда ривожланиш учун асос бўлган.

 



КЕЛАЖАГИМИЗНИ ЎЙЛАСАК

Мансур МУСАЕВ,

Республика Маънавият ва маърифат маркази

бош мутахассиси.

Ҳаммага маълумки, бугунги кунда гиёҳвандлик дунё миқёсида глобал муаммолардан бири ҳисобланади. Ҳозирда ушбу иллатга қарши муросасиз курашиш кечиктириб бўлмайдиган долзарб вазифалардан бирига айланиб улгурган.


ГиЁҲванд – Ўзига Ўзи душман

Ушбу иллатга ружу қўйиш ўз жонига қасд қилиш билан баробар. Чунки гиёҳванд ўзининг тинч, фаровон ва бахтли ҳаётини қора зулматга айлантиради. У борган сари ҳолсизланиб, ҳиссиётлари қўполлашиб, маънавий қиёфасидан маҳрум бўлиб боради. Одоб-ахлоқ меъёрларини писанд қилмай қўяди. Хатти-ҳаракатлари тажовузкорона тус олади. Ўзини қийнагани етмагандек, яқинларининг ҳам ҳаётини бамисоли дўзахга айлантиради. Охир-оқибат ногирон, мажруҳ кимсага айланади. Ҳатто тақдири бевақт ўлим билан ҳам якун топиши мумкин.

Кишининг гиёҳвандга айланиши турлича кечади. Баъзилар тўқликка шўхлик қилиб ушбу иллат домига илинади. Айримларни оғуфурушлар алдаб-сулдаб ўз тузоғига илинтиради. Ёшларнинг заҳри қотилга ружу қўйишига кўпинча бекорчилиги, оиладаги носоғлом муҳит ёки ота-онасининг эътиборсизлиги сабаб бўлади.

Гиёҳвандлик гирдобига тушганлар озиб-тўзиб кетади. Рангларида ранг қолмайди. Сочлари анча эрта оқариб, тўкила бошлайди. Тирноқлари, тишлари мўртлашиб қолади. Танасида чандиқлар пайдо бўлади. Мия фаолияти бузилиб, юрак, жигар хасталикларига чалинади. Улардан кўпинча майиб-мажруҳ, ногирон фарзандлар дунёга келади. Мутахассисларнинг фикрига кўра, гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилиш ҳолатлари 16 ёшдан то 35 ёшгача бўлган одамларда кўпроқ учрайди. Гиёҳвандлик дардига мубтало бўлганлар орасида аёлларнинг ҳам борлиги, айниқса, ташвишлидир. Гиёҳвандлар кўпинча тери-таносил,  ОИТС касалликларига дучор бўлади.

Статистик маълумотларга кўра, бугунги кунда дунё бўйича 500 миллиондан ортиқ одам гиёҳвандлик дардига йўлиққан. Унинг аксарият қисмини 30 ёшгача бўлганлар ташкил этади. Ушбу хасталик оқибатида ҳар йили 200 мингдан зиёд киши ҳаётдан бевақт кўз юмади. Жаҳонда содир этилаётган жиноятларнинг 57 фоизи гиёҳвандлар ҳиссасига тўғри келади. Гиёҳвандликка мубтало бўлган киши теварак-атрофида юз бераётган воқеа-ҳодисаларга бепарво бўлади. Улар бора-бора ўз яқинларини ҳам, юртини ҳам танимайдиган манқуртга айланади.

 

Аср вабоси

   Бугунги кунда юртимизда гиёҳвандлик иллатига қарши изчил кураш олиб борилмоқда. Айниқса, оммавий ахборот воситаларида, таълим даргоҳларида, меҳнат жамоаларида аср вабосининг инсон соғлиғига зарари ва  аянчли оқибатлари ҳақида кенг тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Гиёҳвандликка қарши курашиш юртимизда давлат аҳамиятига молик масалага айланган. Бу борада мустаҳкам қонунчилик базаси ҳам яратилган. Жумладан, «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида»ги, «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги, «Сурункали алкоголизм, гиёҳвандлик ёки заҳарвандликка мубтало бўлган беморларни мажбурий даволаш тўғрисида»ги  қонунлар қабул қилинган. 

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-майор П. Бобожонов ЎзА мухбири билан суҳбатда вазирликнинг Жиноят қидирув бош бошқармаси Наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш бошқармаси ва унинг жойлардаги қуйи бўғини ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар билан ҳамкорликда олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида 2017 йилда наркотик моддалар билан боғлиқ 4 минг 806 жиноят аниқланиб, гиёҳфурушлардан бир тоннадан ортиқ турли хилдаги наркотик моддалар олинганини қайд этди. Шунингдек,  ҳар йили февраль ойида таълим, маданият, соғлиқни сақлаш, спорт, ёшлар, маҳалла каби тузилмалар ва манфаатдор бошқа ташкилот вакиллари билан ҳамкорликда «Ёшлар орасида наркотик воситаларнинг тарқатилишига қарши кураш» тезкор-профилактик тадбирлари ўтказилмоқда.

Бугунги кунда дунё миқёсида мазкур иллатга қарши кенг қамровли тарғибот-ташвиқот тадбирлари, амалий ишлар амалга ошириляпти. Унга қарши фақатгина давлат эмас, балки барчамиз курашишимиз зарур. Бинобарин, Ватанимиз келажаги бўлган фарзандларимизнинг ҳар томонлама етук, соғлом ва баркамол авлод бўлиб вояга етишиши, жамиятда ўз ўрнига эга бўлиши учун бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилиш, гиёҳвандлик иллатига қарши муросасиз курашиш ҳар бир юртдошимизнинг муқаддас бурчидир.

 



КЎНГИЛГА ЭРК БЕРИБ АДАШГАНЛАР

Мирзоқул АҲАДОВ.

Бухоро вилояти.

Одатда жигарбандлар ҳаётда бир-бирларига далда, суянч бўлишади. Бир-бирининг камини тўлдириб, баҳамжиҳат, бамаслаҳат иш кўрадилар. Шундайларга қараб, «Икки ёрти – бир бутун» деган нақл тўғрилигига яна бир карра имон келтиради, киши. Бизнинг «қаҳрамон»ларда ҳам худди шу хислатлар мужассам: бир-бирига меҳрибон, куюнчак. Бири босган изни иккинчиси мустаҳкамлаб бораверади. Қисқаси, ака укани, ука акани доим қўллаб-қувватлайди, ўйлаган режасини амалга оширишга асло тўсқинлик қилмайди, аксинча, руҳлантиради. «Хўш, унда сарлавҳадаги салбий сифат нима учун?» деган савол кўнглингиздан ўтаётгандир. Чунки биз юқорида келтирган таърифу тавсифлар сиз кутган маънода эмас. Барчаси қўштирноқ ичида. Бунинг боисини эса мақолани ўқигач, билиб оласиз.

 Соҳибжон Қосимов (қаҳрамонларнинг исм-шарифлари ўзгартирилди) «қўли гул» уста бўлмаса-да, ҳарқалай қурилиш борасида анча-мунча ишлар қўлидан келади. У укаси Содиқжонни эргаштириб, қўшни туман ва шаҳарларда яшовчи фуқароларнинг уй-жойини таъмирлаб, ҳожатини чиқариб келишарди. Улар шу орқали ўз уйларини бутлашади, тўйга ул-бул нарсалар олиб қўйишади. Хуллас, қаерда бўлишмасин, ўша ерда танишлар орттириб, телефон рақамларини қолдириб келишарди.

Кунларнинг бирида, янаям аниқроғи, баҳорнинг илиқ кунлари бошлангач, Соҳибжоннинг уяли телефони жиринглаб қолди. Ўзини Баҳодир деб таништирган киши уйини таъмирлатмоқчи экан. Бу хабарни эшитган ака-ука эртасигаёқ қўшни туман томон йўл олишди. Усталар Баҳодирнинг уйини сўраб-суриштириб топишди. Баҳодир уларни очиқ чеҳра билан кутиб олди ва қилинажак ишлар билан таништирди. Нархларини ҳам келишиб олишгач, таъмирлаш ишларига киришишди. Соҳибжоннинг чин дилдан ишлаётганини кузатган хонадон соҳиби усталарга бутунлай ишониб, ўз ишлари билан банд бўлиб кетди. Бу орада уй бекаси Раъно усталарга, айниқса, Соҳибжонга зимдан қараб, қочирма гаплар қиладиган бўлди. Таъмирлаш ишлари тугаши арафасида Раъно ўз мақсадига эришди: – Соҳибжон унинг телефон рақамини олди.

* * *

Улар бир-бирларига ошиқу беқарор эмасдилар. Шунчаки кўнгилхушлик, вақтичоғлик учун тез-тез учрашиб туришарди, холос. Бири ҳали уйланмагани учун ўзини тиймади, иккинчиси ўз номус-орини, эрининг шаънини ўйламади. Ўртадаги муносабат анча жиддийлашиб бораётганини иккиси ҳам билишмасди. Соҳибжон «Ота-онам мени уйлантирмоқчи», дегани ана шу муносабатни «парчалагандай» бўлди. Чунки Раъно ўзини Соҳибжонсиз тасаввур қилолмаслигини англаб етди. Шу боис ҳам аламидан уни ҳақоратлайдиган одат чиқарди.

Шу-шу уларнинг орасидан ола мушук ўтди. Иккиси бир муддат учрашмай турди. Бу орада Соҳибжоннинг уйдагилари бўлажак келиннинг  ота-онаси билан келишиб, тўй тараддудини бошлаб юборишди. Ана шундай кунларнинг бирида Соҳибжон Раънога қўнғироқ қилиб, эсдалик учун тушган фотосуратларини қайтариб беришни илтимос қилди. Анчадан бери йигитининг илиқ сўзларини ва қайноқ қучоғини соғинган Раъно, «Уйланмайсан! Агар уйлансанг, қизга суратларни кўрсатиб шармандангни чиқараман!», деб таҳдид қилди. Ноилож қолган Соҳибжон жувоннинг кўнглини топиш мақсадида учрашиб: «Мен номига уйланаман, бу ота-онамнинг истаги. Хаёлим фақат сенда бўлади, қачон чақирсанг, етиб келаман», дея уни авради. Шундан кейин Раъно «Суратларни йиртиб ташлайман», дея сўз берди. Ҳатто ўша кечқурун Соҳибжонга қўнғироқ қилиб, суратларни йиртиб ташлаганини айтди. Аслида ёлғон гапирганди.

Орадан кунлар ўтгач, Раъно «йигит»ига қўнғироқ қилди. Бу сафар Соҳибжон телефонини кўтармади. Эртаси куни Соҳибжоннинг телеграммига Раъно билан тушган суратлар келиб тушди. Соҳибжон шоша-пиша Раънога қўнғироқ қилиб, учрашишни таклиф этди. Раъно рози бўлди ва улар кўришишди.

– Суратларни менга бер, кўзингни олдида ёқиб ташлайман, – деди Соҳибжон ялиниб.

Раъно «йигит»ининг чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, ёлворишини истарди. Бироқ Соҳибжоннинг ғурури бунга йўл қўймасди. Шу боис ҳам Раъно фотосуратларни уйида қолдирганини ва уларни ўзи ёқиб ташлашини ваъда қилиб, вазиятдан осонгина чиқиб кетди.

* * *

Соҳибжоннинг тўй куни аниқ бўлгач, ҳар эҳтимолга қарши фотосуратларни йўқотганига ишонч ҳосил қилиш учун Раънога қўнғироқ қилди. Аммо Раъно телефонини ўчириб қўйди. Шундан сўнг у укаси Содиқжонга бор гапни айтиб, фотосуратларни ўғирлаб келишга кўндирди. Улар кеч бўлишига қарамай, Шофиркон тумани марказидан йўловчи машина гаплашиб, Ромитан туманига йўл олишди.

Раънонинг уйига етиб келишганда соат тахминан 23:00лар атрофида эди. Ҳовлида Баҳодир ва унинг акаси спиртли ичимлик ичиб, дастурхон атрофида маст ҳолда ухлаб ётишарди. Раъно эса кўринмасди. Ака-ука ими-жимида ичкари хонага кириб, суратларни излашди. Лекин излаганларини ҳадеганда тополмагач, қимматбаҳо буюмларни кўриб уларнинг нияти ўзгарди. Соҳибжон хонадаги каравот устида турган аёллар пальтосини олиб, укасига узатди. Ўзи электропеч ва унинг олдидаги телевизорга уланадиган тюнерни кўтариб, секингина уйдан чиқиб жуфтакни ростлашди.

Мазкур ўғирлик юзасидан эртаси куни хонадон эгалари ариза билан айнан ака-укалар яшайдиган туман ИИБга мурожаат этиб, ака-
ука Қосимовлардан гумон қилишаётганини баён этишди. Чунки ўғрилик содир этилган кечаси уларнинг жияни гумон қилинувчиларни кўриб қолган экан. Шу тариқа, ака-уканинг ўйламай қилган ўғрилиги «иссиқ изида» фош этилди. Ўғирланган нарсалар жабрланувчиларга қайтарилди. Суд мажлисида Соҳибжон ва Содиқжон Қосимовлар қилмишларидан пушаймонлиги, қайта бундай номақбул ишларга қўл урмаслигини айтиб, енгиллик сўрашди. Ана шуларни инобатга олган суд ака-ука Қосимовларнинг ҳар бирига ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизини давлат даромадига ушлаб қолиш шарти билан икки йил муддатга ахлоқ тузатиш жазоси тайинлади.

Хиёнат энг оғир гуноҳлардан саналади. Аёлни садоқати мукаррам қилади. Раъно маҳалла-кўй орасида энди қандай бош кўтариб юрар экан? Қонун жиноятчининг қилган қилмишига яраша жазолайди, вақт ўтиб жазо муддати тугайди. Бироқ виждон азоби қанча вақт давом этади?!

 




Назиржон ЙЎЛДОШЕВ,

майор.

Иномжон РАҲИМХЎЖАЕВ,

лейтенант.

Самарқанд вилояти.

Ўғлининг қўлидаги тўн билан дўппини кўрган Карим (исмлар ўзгартирилди) аканинг кўз олди қоронғилашиб кетди.

— Тинчликми, ишқилиб? — деди нафаси бўғилиб.

— Тинчлик, ота, хавотир олманг. Сигир сузибди, шунга бироз тоби йўқ экан.

Сардорнинг нигоҳини ерга қаратиб гапиришидан ота кўнгли нохуш воқеани сезиб улгурди.

— Нега бўлмаса тўн билан дўппини оляпсан?

Бу савол жавобсиз қолди. Жавоб ўрнига юзини олиб қочган Сардорнинг кўзларидан икки томчи ёш думалади. Буни ота кўрди, аниқ кўрди. Кўрди-ю, гўё ер билан осмон чирпирак бўлиб, уни тубсиз жарликка улоқтириб юборгандек бўлди.

— Қизим...

Унинг юрак-бағрини ўртаб чиққан бу сўзни ўзидан бошқа ҳеч ким эшитмади.

...Эрта тонгда Сардорнинг уяли телефонига куёви Носир қўнғироқ қилиб, синглиси Дилнавозни сигир сузиб олганини, қорнига шохи кириб кетгани учун вафот этганини айтган эди. Сардор эса отасига бу хабарни қандай етказишни билмади. Шу боис «Ота, юринг, синглимдан хабар олиб келамиз, сигир сузибди, тоби йўқ экан», деган эди. Аммо энди отаси сезди. Кўзларида ёш ҳалқаланиб, оёқ-қўли қалтираб кийина бошлади.

Карим ака эшикдан кириши биланоқ, «Қизим», дея ўкраб юборди. Уни ҳеч ким юпатмас, зеро, фарзанд доғи бошига тушган отани юпатишга сўз ҳам топилмас эди.

Бир чеккада мунғайиб, бир-бирининг пинжига кириб, изиллаб йиғлаб турган уч норасидани кўрганлар кўз ёшларини тия олмади. Улар отасига хавотирланиб қараб қўяр, айниқса, эндигина икки ёшни қаршилаган, ҳали ҳеч нарсани тушунмаса-да, катталар йиғлагани учун қўшилиб йиғлаётган қизалоқ одамларнинг юрак-бағрини эзмоқда эди.

— Нима қилди?

Қудасини кўрган пайтда Карим аканинг биринчи саволи шу бўлди.

— Кеча сигирни боғламоқчи бўлган экан, судраб кетибди, сузибди, биқинини қозиқ шилиб юборибди. Бизга айтмабди, овқатланиб ўтирганимизда яхши эди. Тунда тоби қочиб қолди.

Бироздан сўнг Булунғур тумани ИИБ ходимлари келишди. Улар Носирни бир чеккага чақириб, суҳбатлаша бошлашди. Носир уларга ҳам хотинини сигир сузганини, кеча яхши ўтиргани-ю, тунда тоби қочганини айтди.

— «Тез ёрдам»га қўнғироқ қилиб туша олмадик. Шундан кейин шифокор қўшнимиз Моҳира опани чақириб келдик. Аммо у келганида аллақачон жони узилган экан.

Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари марҳуманинг жасадини кўздан кечириб, жиноят содир этилганини пайқашди. Экспертиза хулосалари ҳам буни тасдиқлади. Сўнг қўни-қўшнилар, жабрланувчининг оила аъзолари билан гаплашилди. Суриштирув жараёнида Носирнинг бир кун олдин уйига маст ҳолда келгани ойдинлашди. Бу далиллар қаршисида ёлғон иш бермаслигини англаб етган Носир қилмишини тан олишга мажбур бўлди.

...Эрта тонгда лой қориб, деворнинг кўчган жойларини суваб бўлгач, Носирнинг уяли телефонига дўсти Шуҳрат қўнғироқ қилди.

— Дўконнинг устини ёпаётгандим, бошқа ўртоқларниям ҳашарга айтдим. Биргалашиб тезроқ битказсак, яхши бўларди.

Носир хотинининг овқат тайёр бўляпти, деганига ҳам қарамай йўлга тушди. Кўпдан қуён қочиб қутулмас, деганларидек, дўконнинг томи ҳаш-паш дегунча ёпиб бўлинди. Ишни кўнгилдагидек битирган дўстлар хотиржам уйларига тарқалишди. Қишлоқ марказидаги дўкон ёнидан ўтаётганда Носир таниши Юнусни учратиб қолди. Иккаласи дўконга кириб, спиртли ичимлик истеъмол қилди.  Носир маст ҳолда уйига келганида хотини ва фарзандлари телевизор кўриб ўтирарди.

— Яна ичиб келдингизми?! — деди Дилнавоз эридан норози бўлиб.

— Ишинг бўлмасин, овқатингни олиб кел.

Аёл индамай ўрнидан туриб, дастурхон тузатди ва эрига овқат олиб келди. Болалар хонасига чиқиб ухлашга ётишди. Носир эса икки кун аввал яшириб қўйган ароғини олиб чиқиб, яна ича бошлади.

— Қўйсангиз-чи шу зормандани, бунақада ароқхўр бўлиб қоласиз-ку.

Хотинининг гапидан Носирнинг жаҳли чиқди.

— Сенинг ишинг бўлмасин, менга ақл ўргатма!

Дилнавоз эрининг жаҳли чиққанини кўриб, гапирганига пушаймон бўлди. Унинг бақиришидан қайнота-қайнонаси уйғониб кетишини ўйлаб бармоғини лабига босди ва секинроқ ишорасини қилди.

Носир ҳам бошқа гапирмади. Овқатланиб бўлгач, телевизор кўришга тутинди. Бироз ўтиргач, жаҳлидан тушди, шекилли, қовоғини уйиб ўтирган аёлининг елкасидан ушлаб уни ўзига тортди.

— Тегманг.

Дилнавоз эрининг оғзидан чиқаётган бадбўй ҳиддан кўнгли айниб юзини олиб қочди. Унинг бу ҳаракатидан ғазабланган Носир дастурхонда турган пичоқни олиб аёлга ташланди. Дилнавоз «Оҳ!», деди-ю, биқинини ушлаганча ташқарига қочиб чиқди. Баҳона қиляпти деб ўйлаган Носир яна жойига ётиб телевизор кўра бошлади.

Пичоқ Дилнавознинг кўксига кирган, қон оқаётган бўлса-да, инсонийлик қиёфасини йўқотган эр унга эътибор ҳам бермаганди. Лоақал турмуш ўртоғининг ортидан чиқиб, ҳол сўрашга ҳам ярамади. Балки, вақтида ёрдам кўрсатилганида, аёл тирик қолган, уч нафар норасида чирқирамаган бўлармиди.

Орадан бироз вақт ўтиб, ҳовлидан Дилнавознинг инграган овози эшитилди.

 — Ая, ая...

Хотинининг овозидан сергак тортган Носир югуриб ташқарига чиқди. Онасини уйғотиб вазиятни тушунтирди. Дилнавоз кўп қон йўқотиб ҳушидан кетди. Келинининг аҳволини кўрган қайнота ҳамшира бўлиб ишловчи қўшниси Нафисани чақириб келди.

— Юраги урмаяпти, — деди қиз уни текшириб кўргач. – «Тез ёрдам» чақириш керак, мен ҳозир келаман.

Қиз югуриб чиқиб кетганча, шу маҳаллада яшовчи туман тиббиёт бирлашмасининг реанимация бўлимида ишлайдиган Моҳира опани чақириб келди. Бироқ жуда кеч бўлганди.

Шифокор уни текшириб кўргач, жони узилганини айтди. Бироздан сўнг «Тез ёрдам» машинаси ҳам етиб келди...

Қариндошларга хабар юборилди, сўраганларга эса мол сузди, сигир судради каби баҳоналар айтилди. Ота-онасининг тортишувига гувоҳ бўлган кичкинтойлар эса асл воқеани сезгандек отасига хавотирли нигоҳ ташлаб қўйишарди. Уларнинг ноласи ҳамманикидан ўтиб тушди. Балки, кимлардир ўзини ҳамдарддек кўрсатиш учун, одамларнинг дийдаси қаттиқ экан, дейишидан уялиб йиғлаётгандир. Аммо шу уч норасиданинг ноласи, аччиқ кўз ёшлари уларнинг ич-ичидан, қалбларининг туб-тубидан отилиб чиқаётганини билиш қийин эмасди.

Ички ишлар органлари ходимлари Носирни олиб кетишди. Унга суд ҳукми билан тегишли жазо тайинланди. Аммо у виждони олдида, онажон, дея жавдираб турган нуридийдалари олдида қандай жавоб беради?..

 



ОЧКЎЗЛИКНИНГ ЖАЗОСИ

Бобомурод ТОШЕВ

тайёрлади.

Бир одам ниҳоятда камбағал эди. Охири рўзғорда егулик ҳеч вақо қолмабди. Тоқати тоқ бўлган хотини:

– Бундоқ ҳаракат қилсангиз-чи. Акс ҳолда ҳаммамиз очликдан ўламиз-ку, – дебди.

Ҳалиги одам кўчага чиқиб, тиланчилик қила бошлабди. Ёнида ўтаётган дарвеш унинг йиғлаётганини кўриб, ҳол сўрабди.

– Ночор аҳволга тушиб қолдим, – дея ҳасрат қилибди у. – Болаларим уйда оч-наҳор ўтиришибди.


Дарвешнинг унга раҳми келиб, бир тилла танга ва битта пиёла бериб:

– Мана бу тангага бозор-ўчар қил. Ҳар куни ухлашдан олдин мана бу пиёлани ёстиғинг остига қўйиб ётсанг, эрталаб унинг ичидан битта тилла танга оласан, – дебди.

Камбағал дарвешга раҳмат айтиб, бозор сари равона бўлибди. Турли егуликлар харид қилиб, уйига қайтибди. Оила аъзолари буни кўриб жуда хурсанд бўлишибди. Камбағал гарчи пиёланинг хосиятига ишонмаса-да: «Мендан нима кетди. Қани, ёстиғимнинг тагига қўйиб ётай-чи», – дебди.

Эрталаб туриб қараса, ҳақиқатан ҳам пиёланинг ичида бир тилла танга турганмиш. Шундан кейин ҳар оқшом ёстиғининг остига пиёлани қўйиб ётадиган бўлибди. Эрталабгача идишнинг ичида битта тилла танга пайдо бўлиб қоларди.

Шу тариқа орадан кунлар ўтаверибди. Бир куни унинг қизиқувчанлиги тутиб «Пиёланинг сири нимада экан?» деб уни синчиклаб кўздан кечира бош­лади. Ниҳоят идиш ичида ғалати бир белгини кўриб қолибди. Моҳир устанинг олдига бориб, пиёлага яна битта шунақа белги чизиб беришини илтимос қилибди.

Уста унинг буюртмасини бажарибди. Камбағалликдан қутулган одам эртаси куни уйғониб қараса, пиёлани ичида иккита тилла танга турибди. Йигитнинг очкўзлиги тутиб, устанинг олдига бориб, яна учта шунақа белги чиздирибди. Энди ҳар куни беш тангадан топадиган бўлибди. Бу ҳам камлик қилиб, устага яна бир талай белги чиздирибди. Хуллас, бир қоп тилла танга жамғариб қўйибди.

Бир куни бозор айланиб юрганида, олдига бир дарвеш келиб:

– Биродор, аҳволларинг яхшими? Камбағалликдан фориғ бўлдингми? – деб сўрабди.

– Мени қаёқдан танийсан? – деб ҳайрон бўлибди йигит.

– Нима, сенга битта тилла танга билан битта сеҳрли пиёла берганим эсингда йўқми? – сўрабди дарвеш.

– Танимаганим учун узр. Ўша яхшилигинг учун умрингдан барака топ! – дарвешнинг ҳаққига дуо қилибди йигит.

Дарвеш ундан пиёлани қайтариб беришини сўрабди. Йигит пиёлани уйидан олиб келибди. Дарвеш пиёлани кўздан кечириб:

– Э-ҳе, бунинг ҳамма ёғини бежаб юборибсан-ку. Нима кунига битта, иккита, ҳа борки, бешта тилла танга камлик қилдими? – дебди жаҳли чиқиб.

Йигит уялгандан ерга боқибди. Бир пайт бошини кўтарса, қаршисида дарвеш йўқ эмиш. «Эсиз, пиёлани бекор қайтариб берибман-да», – афсус чекибди йигит. Яна ўзига «Ҳа, майли уйимда бир қоп тиллам бор-ку. Ўша бойлигим умримнинг охиригача етади», – деб хаёл қилибди.

Аммо уйга келиб қараса, не кўз билан кўрсинки, қопдаги тилла тангалар оддий тошларга айланиб қолган эмиш. Кўп ўтмай йигит ночор аҳволга тушиб, яна тиланчилик қилиб кун кечира бошлабди.

 



ХИЁНАТ БЕКАТИ

Азизжон ФАЙЗИЕВ

Мансур кечки пайт дарёнинг юлғунзорга шундоқ туташ тинч оқадиган жойига қармоқ ташлаб қўйган эди. Эртаси эрталаб юлғунга боғлаб қўйган қармоғидан хабар олгани борди. Қармоқ ташлаган жойига яқинлашганда, дарё ичида турган машинага дуч келди. Яқинроқ бориб қараса,  боши қонга беланган одамга кўзи тушди. Қўрқиб кетганидан  рангида ранг қолмади. Дарҳол чўнтагидан уяли телефонини олиб, «102» рақамини териб, ҳаяжонланиб сўзлай кетди:

– Алло, бу «102»ми? Тезроқ келинглар, дарё бў­йидаги машинада бир одам ўлиб ётибди.

Навбатчи зудлик билан воқеа жойига тергов-тезкор гуруҳини жўнатди. Туман ИИБ бошлиғига, шунингдек прокуратурага ҳам хабар берди.  Ҳодиса жойига тергов-тезкор гуруҳи таркибида етиб келган суд-тиббий эксперти ва эксперт-криминалист ишга киришди...

* * *

Тергов-тезкор гуруҳи  раҳбари, прокуратура терговчиси Абдували Мамазияев  кабинетига кириб келган гуруҳ аъзоси, майор Шоҳрух Қурбоновдан сўради:

– Марҳумнинг шахси аниқландими?

– Ҳа, у Азамат Холматов бўлиб, Халқ банкининг шаҳар филиалида бош мутахассис вазифасида ишлаган.

– Тушунарли, ашёвий далиллар ёки қўл-бармоқ излари топилдими? — Мамазияев кўзойнагини артаркан, майорга юзланди.

– Машина салонида аёл кишининг соч толаси ҳамда кичкина қинли пичоқча топилди.

– Демоқчисизки, қотиллик аёл билан боғлиқ? Машина қандай қилиб дарёга қулаган экан?

Майор бош кийимини ечиб, ўйга толди. Кейин иккиланиб­роқ жавоб берди:

— Бу борада иккита тахмин бор. Ёки марҳум маст ҳолатда бўлган ёки машинанинг тормози ишдан чиқарилиб, қотиллик уюштирилган.

– Ҳа, майли, экспертиза хулосаларини кутайлик-чи.

 

* * *

Эшик қўнғироғи чалинди. Кечагина навбатчиликни топшириб қайтган Санобар эринибгина ўрнидан турди. Ваннахонада юзини ювиб, «ҳозир» дея йўлакча томон юрди. Эшик тирқишидан мўралади. Тирқишдан бир даста ўзи севган оқ атиргул кўринарди. Қувончи ичига сиғмай, эшикни очишга ошиқди. Айни муддао, турмуш ўртоғи ҳам бир ҳафтага хизмат сафарига жўнаган. Санобар эшикни очиб, «меҳмон»ни ичкарига бошлади ва унинг бўйнига осилиб олди.

– Нега йўқ бўлиб кетдингиз, жоним? – дея эркаланди аёл.

– Биласиз-ку, хизмат сафари билан хорижда эдим.

– Сиз қочқоқсиз!

– Сиз эса қувлоқсиз!

– Ажаб қиламан, – деб Санобар ўзини гўёки «Ўткан кунлар»даги Кумушбибидек тутиб,  «меҳмон»нинг юзига секин тарсаки туширди. 

– Хўш, нима янгиликлар, хоним? – Асадбек бағрида тўлғанаётган аёлга савол назарида боқди.

– Инжиқ эрим жонимга тегди. Хизмат сафаридан келиши билан ажрашиш тўғрисида оғиз очаман.

– Ажрашсангиз, унинг 50 фоиз акцияларини қўлга киритасизми?

– Ҳа. Сўнг иккимиз узоқ-узоқларга кетамиз-а? – деб маккорона сузилди Санобар.

«Ошиқ-машуқлар» шу куни висол шаробидан сармаст бўлишди. Айниқса, Асад акасининг хориждан олиб келган совғасидан Санобар нақ еттинчи осмонда сайр қилди.

 

* * *

Аслида уларнинг танишуви ҳам антиқа бўлган. Асад хорижий фирмада менежер бўлиб ишлайди. Пул билан беш тош ўйнайдиган тадбиркор йигит. Шаҳарда данғиллама уйи, иккита ресторани, тўртта ёқилғи қуйиш шохобчаси, шаҳар ташқарисида дала ҳовлиси бор. Тагида эса гижинглаган «BMW» машинаси. Хуллас, халқ тилида айтганда, «янги бой»лардан.

Ана шу бойвачча кунларнинг бирида улфатчиликдан сўнг автоҳалокатга учради. «Тез ёрдам» машинасида шошилинч тиббий ёрдам марказга олиб келинди. Бу ерда Асад ётқизилган палатага  ҳамширалардан Санобар бириктирилган эди. Муолажа қилиш учун тез-тез палатага кириб турган ёш ҳамшира Асадга ўрганиб қолди. Санобарга унинг келишган қомати, жингалак сочлари, соқол ўстириб юриши, хушомад қилишлари ёқарди. Йигит ҳам унга бефарқ эмасди. Шу-шу улар ўртасидаги муносабат жиддий тус олди.

– Мана, касалхонамизни ҳам тарк этаяпсиз, энди эҳтиёт бўлиб машина бошқаринг, –  дея нозу карашма билан Асадга боқди қиз. – Илойим, бошқа бу ерга қайтиб келманг.

– Тўғрисини айтсам, бу ердан кетгим келмаяпти. Ўзимга қолса, машинамни авария қилиб, яна шу касалхонанинг айнан шу палатасида  ётгим бор, – деди маънодор қилиб йигит.

– Вой, бу нима деганингиз? – Санобар ярқ этиб унга қаради.

– Чунки сизга ўрганиб қолдим, бир зум сизни кўрмасам бирор қимматли нарсамни йўқотиб қўйгандай бесаранжом бўлиб қоламан, – дея Асад унга ҳирс билан боқди.

– Унақа деманг, телефон рақамимни бердим-ку, зериксангиз сим қоқарсиз, – ширин жилмайди қиз. Сўнг Асаднинг нарсаларини йиғиштираётиб «тўқ» этиб полга тушган антиқа қилиб ишланган митти пичоқчага кўзи тушди.

– Бунча чиройли бўлмаса. Сопида арабча ёзуви ҳам бор экан. Сир бўлмаса, бунинг маъноси нима?

– Менинг исми шарифим ёзилган. Бу пичоқча менинг энг қимматли, азиз нарсам. Айтишларича, пичоқ йигит кишини турли  бало-қазолардан асраркан.

– Шу митти матоҳ-а?! — ҳайрон қолди қиз.

– Хоҳласангиз, сизга уни совға қиламан.

– Йўқ, йўқ, керак эмас! – деб ўрнидан шаҳд билан турди Санобар. – Ундан кўра сизни бало-қазолардан асраб юраверсин.

– Майли, соғ-саломат бўлинг, худо хоҳласа яна учрашармиз, – дея эшик томон икки қадам ташлаган Асад бирдан тўхтаб деди. – Санобар, мен сизни севаман.

* * *

Санобар мактабни тамомлаб тиббиёт коллежига ўқишга кирди. Бир қиё боқса, ҳар қандай йигитнинг эс-ҳушини ўғирлайдиган, қадди-қомати сарвдек, қошлари хийла туташган, кўзлари тим қора, сочлари тақимини ўпувчи, табассум қилганда кулгичи ўзига ярашиб турувчи кўҳликкина қизни кўз остига олиб қўйганлар, унга оғиз солиш илинжида юрганлар бир талай эди. Бироқ шаддод қиз қанчадан-қанча манаман деган йигитларнинг шаштини синдиришга улгурди. Чиройига ҳаддан ташқари ишонувчан бу ҳурлиқо коллеж ўқувчилари орасида ўзини маликалардек тутарди. Дугоналари даврасида сўзини ўтказишга, ҳаммани оғзига қаратишга ҳаракат қиларди. Бошқа қизларни камситишдан  завқланар, ҳаттоки бирор дугонасининг эгнида кечаги кийимини  кўрса «Яна шуни кийиб келдингми?» – деб бурнини жийирарди.

Не-не жойлардан қизига «харидор» чиқмади дейсиз. Зиёли, тагли-тугли, бамаъни оилалардан келган совчилар уларнинг остонасини «супуришди». Калондимоғ қизининг қайсарлиги, чўрткесарлиги сабабли барчасининг умидлари пучга чиқди. Шундан кейин анчадан буён совчилар келмай ҳам қўйди.

Мана, Санобарнинг ёши ҳам йигирма саккизга қараб кетмоқда. Бунақада қари қиз бўлиб «ўтириб» қолиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун қандай бўлмасин, кеча келган совчиларга розилик беришга қизини кўндириши керак. Шуларни ўйлаб хаёлот денгизига ғарқ бўлган Саломат опа газга қўйилган човгумдаги сувнинг қайнашидан ўзига келди. Дарвоза дарчаси очилиб, қизи кўринди. «Хайрият, бугун уйда. Навбатчилигини топшириб қайтган бўлса керак. Нима бўлса ҳам бугун она-бола бошни бошга қўйиб ҳаммасини ётиғи билан гаплашамиз», – деб ўйлади Саломат опа.

– Санобар, тез ювиниб чиқ, овқатланамиз, болам, – дея она хонтахта ёнига омонат ўтирди.

– Ойи, қорним тўқ, ўзингиз овқатланаверинг, – хонаси деразасидан мўралаб жавоб қайтарди қизи.

– Буёққа кел, гап бор, – буйруқ оҳангда деди Санобар опа.

Қизи кийимларини алмаштириб чиққач, дас­турхондаги турган мевалардан олмани олиб, «Қулоғим сизда, ойижон», дегандай онасига қаради.

– Болам, бугун қўшни маҳаллалик Хосият опанинг шундоқ шаҳар яқинида турадиган қариндошлари совчи бўлиб келишди. Ўзига тўқ, бадавлат оила экан. Ўғли яхши жойда ишларкан. Жон қизим, йўқ демагин. Кўзим очиқлигида тў­йингни кўрсам, дейман, — Саломат опа ялинди.

Санобар ойисидан кўзини олиб қочди. Ҳовли четидаги қийғос гуллаган атиргулга термулди. Оппоқ капалак оҳиста унинг баргига келиб қўнди. Санобар шу тобда мана шу нозик ҳашаротга айланиб қолишни, эркин-эркин парвоз қилишни, майли икки-уч кун яшаса-да унинг ўрнида бўлиб қолишини истарди. Ахир, қандай қилиб оилали бир бойвачча билан дон олишиб юрганини, уни севишини айтсин?! Мана тўрт йилдирки, улар учрашиб юришади. Ҳатто ҳамкасбларидан айримлари ҳам иккиси ўртасидаги муносабатни орқаворотдан билишади. Нима қилсин Асад акасисиз яшолмаса, у билан бўлган ширин, тотли хотираларини бир зум бўлсин унутолмаса. Турфа фикрлар исканжасида қолган Санобар «ярқ» этиб онасига қаради. Энди бор ҳақиқатни рўй-рост айтиш пайти келганини, хуфиёна севги саргузаштларини ортиқ яшира олмаслигини англаб етди. Бир пас куч йиғиб, сўнг бир бошидан ҳаммасини оқизмай-томизмай сўзлай кетди.

Саломат опа қизининг гапларини эшитаркан, ўтирган жойида ҳайкалдай қотиб қолди. Гўё нафас олишга қийналаётгандек кўксини чангаллади. Шу тобда кўзига дунё қоронғи бўлиб кетди. Наҳотки, яккаю ягона дилбанди, эркаси, ҳаётининг мазмуни ўз бахтини ўзи абгор қилган бўлса?! Наҳотки, қизининг қисмати ҳам ўзиники сингари бўлса. У ҳам ёшлигида, айни дуркун, қийғос очилган пайтларида ёлғон ваъдалар, ўткинчи ҳирс қурбони бўлганини эслади. Шаҳд билан панжасини хонтахтага уриб:

– Бўлди, бас! Шу пайтгача сен, юзсизнинг раъйига қараган мен аҳмоқман. Мана – эркалатишнинг оқибати. Энди менинг айтганим бўлади! – деди.

– Ойижон, тушунсангиз-чи, мен уни севаман.

– Ўчир овозингни, суюқоёқ. Эртагаёқ банкир йигит билан учрашувга чиқасан. Ўшанга тегасан, гап тамом – вассалом! – деб ўрнидан туриб кетди Саломат опа.

Эртаси куни Саломат опа туман поликлиникасига йўл олди. Қиёматли дугонаси Арофат мана шу шифохонада гинеколог-шифокор бўлиб ишларди. У дугонасига йиғлай-йиғлай бор гапни сўзлаб берди ва қизининг бахти унинг қўлида эканлигини айтди...

* * *

Азамат иши тугаши билан уйга ошиқди. Хотинига бирор совға олиб бориб, кўнглини олиш илинжида дўконга кирди. Каттакон пахмоқ юнгли ўйинчоқ айиқни танлади. Оқ рангли «Нексия»сининг орқа ўриндиғига совғани ташлаб, машинани ҳаракатга келтирди. Сентябрь ойи бўлгани учун ҳаво  илиқ эди. Тунги шаҳар чироқлари оқшомга ўзгача фараҳ,  фусун бахш этиб турарди. Азамат маҳалланинг тор кўчаси бўйлаб борарди. Ниҳоят машина кўк рангли дарвоза ёнига келиб тўхтади. Машина сигналини эшитган Санобар ҳаворанг халатда чиқиб, дарвозани очди. Эрининг кайфияти чоғлигини кўриб бурнини жийирди.

Азамат бўшанггина, кўнгли очиқ, самимий йигит. Оиладаги ёлғиз фарзанд эмасми, эрка бўлиб ўсди. Банк бошқарувчиси бўлиб ишлайдиган отаси университетни тамомлаган яккаю ягона ўғлини ўз пинжига олди.

Санобар барча қизлар каби не-не орзу умидлар билан эмас, балки онасининг, қариндошларининг қистовлари исканжасида мажбуран эрга тегди. Орадан етти ой ўтса-да, эрига нисбатан муносабати заррача ўзгармади – уни писанда қилмас, раъйига қарши гап айтилса, жеркиб берарди. Азамат ишдан ҳориб келганида, бирор маротаба хотинининг ширин табассум билан, рисоладагидек кутиб олганини эслай олмайди. Эр шўрлик хотинининг кўнглини олиш учун нималар қилмади дейсиз. Қўлини совуқ сувга урдирмади. Айтганини муҳайё қилди. Шаҳарда данғиллама уй кўриб, алоҳида рўзғор бўлиб чиқиб кетишига ҳам Санобарнинг дийдиёлари сабаб бўлди. Аммо Санобарнинг хаёли фақат Асад акасида эди.

(Давоми бор).

 

Ўхшаш мақолалар

Ҳаммасино кўриш►

63

Сонларни танлаш

10 ноябр, Шанба  
63 62 61 60 59 58 57
56 55 54 53 52 51 50
49 48 47 46 44 43 42
41 40 39 38 37 36 35
34 33 32 31 30 29 28
27 26 25 24 23 22 21
20 19 18 17 16 15 14
13 12 11 10 9 8 7
6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш ►

Хабарлар

ЁШЛАР ЖИНОЯТЧИЛИККА ҚАРШИ

Андижонда мактаб ўқувчилари ўртасида ташкил этилган «Биз жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликка қарши бирлашамиз» кўрик-танловининг вилоят босқичи якунланди.



Ҳаммасини кўриш ►
Подполковник Дўстматов Рустамжон Холмирзаевич – Тошкент вилояти ИИБ бошлиғининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосари лавозимига
Подполковник Чориев Алиахмед Омонович – Тошкент вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари – Кадрлар бошқармаси бошлиғи лавозимига
Подполковник Агзамов Азизхон Абралханович – Тошкент вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари – Молия ва моддий-техника таъминоти бошқармаси бошлиғи лавозимига

Кўп ўқилганлар

  • 6-сон


    Абдуманноб РАҲИМОВ,

    Ўзбекистон Республикаси Конституциявий

    судининг Котибияти мудири.

    ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ

    унинг давлат органлари фаолияти самарадорлигини таъминлашдаги ўрни

    ✔ 285    🕔 14:07, 09.07.2018
  • 5-сон


    Ўзбекистон Республикаси Президентининг

    Қ а р о р и

     ЖИНОЯТ ВА ЖИНОЯТ-ПРОЦЕССУАЛ ҚОНУНЧИЛИГИ ТИЗИМИНИ ТУБДАН ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

    ✔ 366    🕔 14:30, 18.06.2018
  • 4-сон


    Ўзбекистон Республикасининг

    Қ О Н У Н И

    СУД-ТЕРГОВ ФАОЛИЯТИДА ФУҚАРОЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИ КАФОЛАТЛАРИНИ КУЧАЙТИРИШ БЎЙИЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ҚАБУЛ ҚИЛИНГАНЛИГИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ АЙРИМ ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИГА ЎЗГАРТИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА

    ✔ 481    🕔 13:09, 21.05.2018
  • 3-сон


    ТАЛАБЧАН РАҲБАР, ОҚИЛА БЕКА

    Одатда кўпчилик жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиларни топиш эркакларнинг вазифаси деб тушунишади. Аксарият ўғил болалар Ватанга хизмат қилиш – ҳарбий ёки ички ишлар органи ходими бўлишни орзу қилади. Аммо умрини ўз юртига хизмат қилишга бағишлаган жасур ва матонатли хотин-қизлар ҳам бор. Бу йўлдаги қийинчилик ва хавф-хатар уларни ҳеч ҳам чўчитмайди.


    ✔ 572    🕔 14:04, 16.04.2018
  • 2-сон


    РАҒБАТЛАНТИРИШ МЕХАНИЗМИ ТАКОМИЛЛАШТИРИЛДИ

    Мустақиллик йилларида мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилди. Ўтган давр ичида ушбу вазифа давлатнинг жиноятчиликка қарши курашиш сиёсатида устувор йўналишга айланиб улгурди.

    ✔ 501    🕔 14:59, 02.04.2018
  • 1-сон


    ХАЛҚПАРВАР ТИЗИМНИНГ АСОСИЙ МЕЗОНИ

    Юртимизда қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлашнинг институционал ҳамда ҳуқуқий асос­лари шакллантирилди. Бу, ўз навбатида, жамиятда адолат ва инсон манфаатлари устуворлигини қарор топтиришда, коррупция, бюрократия сингари иллатларга қарши курашишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

    ✔ 635    🕔 13:48, 12.02.2018
Ҳаммасини кўриш ►
;