“Икки алифболикка чек қўйиш арафасида турибмиз”
Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосидаги тўртта ҳарфни ўзгартириш бўйича қонун Сенатда маъқулланди. Ҳужжат Ғ, Ў, Ш, Ч ҳарфларини “бир товуш – бир ҳарф” тамойилига ўтказишни (Ğ, Ö, Ş, Ç) назарда тутади.
Парламентнинг ҳар иккала палатаси тасдиқлаган бу ўзгаришни қабул қилиш ёки рад этиш – энди давлат раҳбарининг ҳукмига ҳавола. Агар қабул қилинса, қонун 21-октабр – Ўзбек тили байрами кунигача имзоланишини кутиш мумкин.
Пайшанба кунги ялпи мажлисда Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Одилжон Маматкаримов алифбодаги тўртта бирикма ўрнига яхлит ҳарфларнинг жорий этилиши – ўзбек тилини рақамлаштиришдаги жиддий муаммоларга ечим бўлишини айтди.
“Қисқа қилиб айтганда, ушбу қонуннинг қабул қилиниши – Ўзбекистоннинг ўз миллий манфаатлари йўлида сиёсий ва маданий жиҳатдан нақадар қатъиятли эканини кўрсатади. Ушбу ислоҳот фақат бугунги кун учун эмас, балки келажак авлодларимизни саводли, рақамлашган ва ўз тили билан фахрланадиган бўлиб улғайиши учун қўйилаётган мустаҳкам пойдевордир”, – деди сенатор.

Қонун имзолангач, уни амалга оширишга оид чора-тадбирлар дастури қабул қилинади. Давлат ташкилотларининг эски ҳарфларни ўз ичига олган рамзий белгилари, герб тасвирлари, кўрсаткичлар, пешлавҳалар ва бошқа нарсалар ё яроқсиз ҳолга келгунча, ёки дастурда белгиланган муддатгача фойдаланилади.
Дарсликлар масаласига келсак, Сенатда биринчи янграган савол шу бўлди. Саволга мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Азизбек Турдиев жавоб берди:
“Дарсликларимиз ҳар йили синфлар кесимида янгиланиб боради. Масалан, 1-синфлар учун дарсликлар шундоғам ҳар йили янгиланади. 2-4-синфлар учун дарсликларни янгилаш даврийлиги уч йилни ташкил қилади, демак, ҳар уч йилда 2-4-синфлар учун дарсликлар янгиланиб боради. 5-11-синфлар учун ҳар 5 йилда бир марта дарсликларимиз янгиланади. Демак, қонун кучга кирганидан кейин, 2027-йилдан бошлаб биз 1-синф дарсликларини шундоғам янги алифбода чоп этамиз ва 2031-йилга қадар барча дарсликларимиз тўлиқ янгиланади. Шу нуқтайи назардан қўшимча маблағ талаб этилмайди”.
Йиғилишда ҳали ҳам лотин алифбосига тўлиқ ўтилмагани, натижада тўртта ҳарфнинг ўзгариши билан амалиётда ўзбекча ёзувларнинг уч хил алифбодаги шакли пайдо бўлиши ҳақида ҳам сўз борди. Бу масалани кўтарган сенатор Ҳусан Эрматов: “Лотин алифбосини танладиг-у, лекин унга ўтишга қатъиятимиз етишмади” дея, бор ҳақиқатни эътироф этди:
“Лотин алифбосига ҳали тўлақонли ўта олмадик. Бунга лотин алифбосини танладиг-у, шунга ўтишга қатъиятимиз етишмагани ҳам сабаб бўлди, деб айтишимиз мумкин. Лекин бугунги кунга келиб, мана шу қонуннинг қабул қилиниши билан, агар бу ерда ҳам бир қатъияцизлик бўладиган бўлса, реал ҳолатда учта алифбо ишлаши мумкин бўлиб қолади. Шу қатъиятни сал жиддийлаштириш нуқтайи назаридан аҳолимизга тушунтириш берсак: аниқ бир муддат белгиланадими? Масалан, оммавий ахборот воситалари ва китоблар қачон ўтади бунга?”

Бунга жавобан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тилини ривожлантириш департаменти директори Нодиржон Холбўтаев ҳукумат қўшалифбо амалиётига чек қўйиш арафасида турганини айтди:
“Ҳақиқатан ҳам биз икки алифбо орасида жуда кўп аросатда юрдик. Ҳурматли президентимизнинг ташаббуси, иродаси билан шу икки алифболикка чек қўйиш арафасида турибмиз. Табиийки, савол туғилади: уч алифболик масаласи чиқмайдими? Шунинг учун мана шу қонун кучга кирганидан кейин бу масалани қатъий кун тартибига қўймоқчимиз. Хусусан, қонун кучга кирганидан кейин барча ОАВ ягона стандартга айланган, тасдиқланган, такомиллаштирилган алифбода иш юритишини қатъий қилиб қўйишни режалаштиряпмиз.
Албатта, фуқаролар ўзларининг эркин ёзишмаларида ўзлари ўрганган алифболардан фойдаланиши мумкин, лекин расмий иш юритиш, расмий Оавда тўлиқ ўтишни кун тартибига қўямиз”.
Қонун Сенатда бир овоздан маъқулланди – қаршилар ва бетарафлар бўлмади. Энди ҳужжатни президент ҳам имзолаган тақдирда, у расман эълон қилинганидан кейин 6 ой ўтиб кучга киради.
“Ҳозирги сиёсатни тушунмайдиган раҳбарлар ишдан кетади”
Ижтимоий реестрдаги фуқароларни реестрдан мажбуран чиқариш ҳолатлари яна кузатилмоқда. Бундан ташқари, айрим ҳудудларда ходимлар иш вақтидан ташқари ишлашга, ҳатто дам олиш кунларида ҳам турли топшириқларни бажаришга мажбурланаётгани айтиляпти. Бу ҳақда маълум қилган Меҳнат инспексияси мажбурий меҳнат тақиқланганини эслатди; шунингдек, ватандошни ижтимоий реестрдан асоссиз чиқариб юбориш уни кафолатланган ижтимоий ҳимоядан маҳрум қилишини билдирди.
“Ҳеч қандай топшириқ ходимнинг меҳнат ҳуқуқларини ёки фуқаронинг ижтимоий ҳимоя ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўла олмайди. Мурожаатлар ўрганилиб, ҳолатлар тасдиқланган тақдирда, айбдор мансабдор шахсларга нисбатан қонунчиликда белгиланган чоралар кўрилади”, – дейилади Бандлик вазирлиги баёнотида.
Шу баёнот янграган куни Маҳаллалар уюшмаси раиси Қаҳрамон Қуронбоев лавозимидан олингани маълум бўлди. Шундан кейин Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари – Маҳаллалар уюшмаси раиси лавозими жорий этилиб, унга Ғофуржон Мирзаев тайинланди. Мирзаев шу пайтгача эгаллаб келган президентнинг кадрлар бўйича маслаҳатчиси лавозими эса тугатилди. Мирзаевнинг Администрациядаги ўринбосари, собиқ ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов энди Маҳаллалар уюшмасида унга ўринбосар сифатида фаолиятини давом эттиради.

Мазкур кадр ўзгаришлари – камбағалликни қисқартириш бўйича янги, кучайтирилган чоралар фонида рўй бермоқда. Ўтган ҳафта эълон қилинган янги тизимга асосан, “маҳалла еттилиги” учун масъул раҳбарлар, ҳокимлари ва банклар кучайтирилган иш режимига ўтган. Уларнинг ишини Ғофуржон Мирзаев мувофиқлаштириб боради. Шунингдек, камбағаллик ва бандлик масалалари бўйича маҳаллий штаблар ташкил этилиб, оилавий тадбиркорлик ва ёшлар тадбиркорлиги бўйича имтиёзли кредит ресурсларини бошқариш ваколати штаб бошлиқлари бўлмиш ҳокимларга ўтказилди. Бу тизимнинг амалдаги ифодасини биринчилардан бўлиб Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов кўрсатиб берди:
“Ҳурматли президентимиз айтди: "Тадбиркорлик қиламан деётганларга [кредитни] хоҳласа нақд кўринишда қилиб беринглар, хоҳласа пластигига солиб беринглар, хоҳласа “перечисление” қилиб беринглар" деб. Бундан буёғига тадбиркор бўламан деганга кредит берилишига, бизнесининг юришига, лойиҳасининг натижасига ҳокимлар жавоб беради, деган вазифани юклатган эди. Бугун, мана, Андижонда биринчи қалдирғоч Зулхумор қизимизга 50 млн сўм кредитни нақд пулда қилиб беряпмиз”.
Чоршанба куни президент ҳузуридаги йиғилишда камбағалликни қисқартириш бўйича қўшимча чоралар эълон қилинди. Хусусан, кўп қаватли уйларнинг 1-қаватида сартарошхона, гўзаллик салони, кичик дўкон, ателе каби савдо-сервис фаолиятини ташкил этиш учун хонадонни нотурар жой тоифасига ўтказиш шарт бўлмайди. Шавкат Мирзиёев шу ва бошқа вазифаларни белгилаб бераркан, аҳоли даромадини оширишга масъулларнинг фаолиятига йил охирида баҳо берилишини айтди.
“Яна бир марта огоҳлантирмоқчиман: қайси раҳбар маҳаллага тушмаса, ҳақиқий ҳолатни ўз кўзи билан кўрмаса, “еттилик”ка ўзи бош бўлиб, ким нима билан шуғулланишини кўрсатиб бермаса, иш юрмайди. Ҳозирги сиёсатни тушунмайдиган раҳбарлар ишдан албатта кетади”, – деди давлат раҳбари.

Йиғилишда ҳукумат аъзолари ва ҳокимлар ўтган ҳафтадан бошланган янги тизим доирасида нималар қилаётгани ҳақида ҳисобот берди. Масалан, Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов 6 кун ичида 18 269 та оилада 14 382 та муаммо аниқланганини айтди:
“Биз топшириқ берган кунингизоқ кечаси билан ўтириб штабларни туздик. Ҳар битта шаҳар-туманда 8 тадан ишчи гуруҳ қилдим, ҳурматли президент. [...] Мен сизга ваъда берганман, 20 кунда қўлимда 100 фоиз картина бўлади: Андижонда ким ишсиз, нима хоҳлаяпти, кимни ўқитишим керак, кимга кредит беришим керак, кимга ер беришим керак. [...] Албатта, сиз айтгандек, камроқ ухлаймиз, кўпроқ юрамиз. Худо хоҳласа, юзимиз ёруғ бўлади деб сизни ишонтираман, ҳурматли президент”.
Наманган, Қашқадарё ва Бухоро вилоятлари ҳокимлари ўз ҳудудини йил охиригача камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантиришга яна бир бор ваъда беришди.
“Камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш бўйича имкониятимиз бор – буни бажаришни таъминлаймиз. Туман ҳокимларимнинг ҳаммасини ўзингиз ёшларни қўйиб бергансиз, ҳаммасини ишлатаман, ҳурматли президент. Масала бўлмайди, ҳаммаси ишлайди”, – деди Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов.
“Ҳар бир маҳаллани аудитдан ўтказяпмиз. Топшириққа кўра, ҳар бири билан ишлаб, манзилли ишни ташкил қилдик. [...] Қашқадарё вилояти бўйича ресурсимиз жуда катта, агар биз ишларимизни тизимли йўлга қўйсак, муҳтарам президент, олдинам ваъда берувдик, Қашқадарёни камбағалликдан ва ишсизликдан холи ҳудуд қилишга имкониятимиз ҳам, шароитимиз ҳам етади, ҳурматли президент”, – деди Қашқадарё вилояти ҳокими Муроджон Азимов.
“Бухоро вилоятида камбағаллик ва ишсизликни давлат қарамоғидан ташқари бўлган аҳоли қисми бўйича тўлиқ тугатиш бўйича зиммамизга мажбурият олганмиз. Жорий йил якуни бўйича белгиланган вазифалар тўлиқ бажарилади”, – деди Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов.